Қўшнимнинг “Wi-Fi” кодини биламан, рухсатсиз фойдалансам жоизми? – Қалтис саволларга нозик жавоблар


Сақлаш
15:54 / 17.07.2024 595 0

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази директорининг ўринбосари Ғуломиддин Xолбоев жавоб берди.

 

Менга бир дўстим пул бериб, Буни фалончига бериб қўй, сенга омонат деди. Шу пулни ўз эҳтиёжим учун сарфладим. Лекин дўстим айтган вақтда унинг пулини айтилган одамга етказдим. Менинг ишимда бирор хато бўлмадими?

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Албатта, бу ишда хатолик бор. Яъни, сизга берилган пул омонат, уни омонат эгасининг розилигисиз ўз эҳтиёжингизга сарфлаш хато ва омонатга хиёнат бўлади. Албатта, омонатни эгасининг розилиги билан ишлатиш мумкин. Агар эгасининг розилигисиз ишлатиб юборилган бўлса, бу омонат ҳукмидан чиқиб, тўлаб бериладиган ҳаққа айланади.

 

Бу ҳақида “Фатовои Оламгирий” китобида бундай дейилган:

 

“Бас, унинг (омонатнинг) ҳукми, берилган кишининг ҳузурида сақланиши вожибдир. Ва унинг қўлида омонатга айланади. Ҳамда эгаси талаб қилган вақтда унинг қайтарилиши шартдир. “Шуманий”да ҳам шундай зикр қилинган. Омонат мол бошқага омонатга, орияга (эвазсиз вақтинча бериш), ижарага ва гаровга берилмайди. Агар омонатга олган киши шулардан бирини қилса, тўлаб беради”.

 

– Менга бир илмли киши “Аср намозидан кейин китоб ўқилмайди” деди. Шу тўғрими?

 

Бу ҳақда шариатимизда қатъий бир қайтариқ йўқ. Шунинг учун Аср намозидан кейин ким китоб ўқиса гуноҳкор бўлди, шариатга зид иш қилди дейилмайди. Аммо Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ баъзи кишиларга асрдан кейин китоб ўқимасликни ва бунинг кўзга зарари борлигини айтган. Жумладан, Кашфул хафо ва музийлул илбос китобида шундай келтирилади:

 

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ баъзи дўстларига асрдан кейин китобга қарамасликни ва бу тавсия табибларнинг кўрсатмаси эканлигини айтди.

 

Лекин бу қайтариқни шаръий жиҳатдан эмас, балки тиббий жиҳатдан кўзга зарари борлиги билан изоҳлаган.

 

Бугунги кунга келиб замонавий ёритиш мосламалари кўриш қобилиятига зарар қилмайдиган даражада ёритиб берса, китоб ўқишга тиббий томондан ҳам монелик қолмайди ва бемалол аср намозидан кейин ҳам илм ҳосил қилиш мумкин бўлади.

 

Мен кўпқаватли уйда тураман. Қўшнимнинг “Wi-Fi” (Wireless Fidelity) кодини билиб олиб, ундан фойдаланишим тўғрими? Лекин рухсат сўрамаганман.

 

Қандайдир йўл билан Wi-Fi кодини билиб олиб, рухсатсиз ишлатишингиз тўғри эмас. Албатта рухсат олиб ишлатинг. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деган:

 

Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, магар ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина ҳалол бўлади (Имом Аҳмад ривояти).

 

 

Маълумки, ҳозирги кунда ҳайдовчилар одамларни манзилига элтиш билан бирга баъзи юкларни ҳам ташийди. Уларнинг урфида бу юклар почта дейилади. Улар мазкур почталарни манзилига элтиб бергани учун ҳақ олади. Ушбу ҳайдовчилар мазкур юклар учун масъул ҳисобланадими? Агар ҳайдовчи юкка ўзим жавоб бераман деб хизмат ҳақини кўпроқ олса-чи?

 

Бу ижарага тегишли масала бўлиб, саволдаги ҳайдовчилар шариатда ажири муштарак дейилади. Яъни, одатда ёлланма ишчилар икки турга бўлинади: ажири хос”, яъни махсус бир киши ёки аниқ бир муассаса учун ишлайдиган ходимлар ва ажири муштарак”, яъни умумий ишчилар бўлиб, улар бир киши ёки аниқ бир ташкилотга эмас, балки барча учун хизмат қиладиган такси ҳайдовчилари, тикувчилар ва иморат усталари каби ёлланма ишчилардир. Ажири хос юкка масъул бўлмайди. Чунки юк унинг қўлида омонат бўлиб, омонатга унинг айбисиз талофат етса, тўлаб бериши вожиб эмас. Аммо унинг айби ёки бепарволиги туфайли зарар етса, албатта уни тўлаб беради.

 

Бу борада “Фатҳу бобил иноя” китобида бундай дейилган:

 

“Ажири хос барчанинг ижмоъси билан қўлида ҳалок бўлган ёки одатий иши сабабли талофат етган нарсага зомин бўлмайди”.

 

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ажири муштаракда ҳам ҳукм худди шундай деб айтган. Аммо Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳ “ажири муштарак зомин бўлади, яъни қўлидаги юкка зарар ёки талофат етса, тўлаб бериши лозим бўлади” деб айтганлар. Лекин ғолиб келувчи умумий офат бундан мустаснодир. Яъни ҳайдовчи юкни олиб кетаётган пайтда унга боғлиқ бўлмаган табиий офат ёки унинг айбисиз автоҳалокат, ёнғин, сувга ғарқ бўлиш кабилар туфайли у олиб кетаётган юкка зарар етса, албатта икки имомга кўра ҳам ҳайдовчи зомин бўлмайди.

 

Мен пластик картамга бир кишидан 5 миллион сўм қарз олдим. Ўтказилган 5 миллион сўм устига тўлов ташкилоти (илова) ўзининг 0,5 фоиз ҳақини қўшиб ҳисоблаб, у инсондан 5 миллион 25 минг сўм ечиб олди. Энди мен қарзни қайтариш пайтида 5 миллион сўм устидаги 25 минг сўмни ҳам қўшиб, 5 миллион 25 минг сўм қилиб қайтараманми ёки 5 миллион сўмнинг ўзиними?

 

– Қарз муомаласида қарзни етказиб бериш харажатлари қарз олувчининг зиммасига тушади. Бу борада ал-Баҳрур-роиқ китобида шундай зикр қилинган: “Қарзни беришнинг харажатлари қарз олувчининг зиммасига лозим бўлади (Савдо-сотиқ боби).

 

Шунга кўра пластик орқали ўтказилган қарз учун олинган 0,5 фоиз каби харажатларни қарз олувчи тўлаб беради. Бу худди нақд пулни қарзга олиш учун қарздор йўлкира сарфлаб, келиб олиб кетиши кабидир.

 

– Икки киши бир машинани шерик бўлиб сотиб олса, кейин бири иккинчисига ўз улушини бўлиб тўлашга сотиши мумкин деб эшитдим, шу тўғрими?

 

Тўғри. Икки киши битта машинани ўртага пул ташлаб сотиб олган бўлса, сўнг шериклардан бири ўзининг ҳиссасини сотмоқчи бўлса, хоҳласа нақд савдо билан, хоҳласа насия савдо билан, хоҳласа ўз шеригига, хоҳласа бегона одамга сотиши мумкин. Фақат бўлиб тўлаш орқали насия савдо қилинганда қиймат ва муддат аниқ бўлиши шарт. Бу ҳақда фуқаҳоларимиз шундай дейди:

 

Шериклардан бири ўз улушини хоҳласа ўз шеригига, хоҳласа шеригининг изнисиз бошқа кишига сотиши ҳам мумкин (Дурарул ҳуккам).

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 2-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//