Тақдир ва тадбир: инсонга қанчалик ихтиёр берилган?


Сақлаш
12:11 / 18.11.2021 1513 0

Ахлоқ, маънавият, эътиқод билан боғлиқ масалалар башарият ҳаётининг узвий бўлаги бўлиб келган. Ихтиёр эркинлиги, айниқса, бу борадаги бирламчи масалалардан. Қадим-қадимдан файласуфу алломалар, шоиру ёзувчилар инсон аслияти ҳақида фикр юритганда ушбу тушунчага алоҳида эътибор қаратган. Бугунги қалтис ва долғали даврда эса айни масала янада дозарб аҳамият касб этаётир. Зотан, диний экстремизм, миссионерлик, “оммавий маданият” каби инсоният келажагига таҳдид солаётган салбий ҳодисалар негизида ихтиёр эркинлиги хато талқин этилаётганини таъкидлаш жоиз.

 

Инсоннинг ихтиёр эркинлиги масаласи турли фалсафий йўналишлар ва диний таълимотларда жиддий тадқиқ қилинган. Бу борадаги мунозаралар ҳали-ҳануз қизғин давом этаётир. Ушбу мақолада биз ихтиёр эркинлиги ислом динида қандай талқин қилингани хусусида фикр юритамиз.

 

“Ихтиёр” тушунчаси ислом таълимотида асосан “тақдир” истилоҳига боғлаб ўрганилади. Шу боис аввало “тақдир” атамасига ойдинлик киритмоқ лозим.

 

Ислом таълимотида “тақдир” маънавий жиҳатдан бир-бирига яқин “қазо” ва “қадар” тушунчалари билан ифодаланади. “Қазо” – ҳукм этмоқ, ажрим қилмоқ, қозилик этмоқ, белгиламоқ каби маъноларни англатади (Ан-Наъйм. Арабча-ўзбекча луғат. Тошкент: Абдулла Қодирий нашриёти, 2003. 670-бет). Ислом ақоидига кўра, қазонинг ягона соҳиби – Оллоҳдир. Яъни борлиқни яратган ҳокими мутлақ Зот ҳамма нарсани олдиндан билади. Оллоҳ барча замон ва маконларни бир вақтда кўриб туради. Аниқроқ айтилса, замонни ҳам, маконни ҳам, улар ўртасидаги мутаносибликни ҳам яратган Унинг ўзи. Қиёматда эса Ўзи барча масалалар юзасидан қозилик қилади. “Қадар” сўзи эса миқдор, ҳажм, меъёр, даража маъноларини билдиради (ўша китоб, 650-бет). Мазкур истилоҳ Оллоҳ барча нарсаларни ўлчови, умри, хусусияти, ҳолатлари билан яратган, деган маънода истифода этилади.

 

Қазо ва қадар, бир томондан, Оллоҳнинг азалий илмини, бошқа томондан, борлиқ унинг иродаси-ла мавжуд эканини англатади. Қазо ва қадарга ишониш исломда иймоннинг муҳим шарти саналади. Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда бундай дейилади: Иймон нима? Иймон бу – Оллоҳга, фаришталари, пайғамбарлари, илоҳий китоблари ва қиёмат кунига ҳамда инсон бошига келувчи яхшилигу ёмонлик Оллоҳнинг қазои қадари эканига ишонмоқдир (Ҳадис матни катта бўлгани боис мавзу учун эътиборли қисми олинди – С.А.).

 

Демак, қазо ва қадарга иймон келтирмаган одамнинг эътиқоди бутун бўлмайди. Ушбу ишонч орқали Оллоҳнинг сифатлари, жумладан, илмининг чексизлиги, иродасининг мутлақлиги ва қудратининг мукаммаллигига иймон келтириш назарда тутилган.

 

Ислом ақидасига кўра, оламда рўй берувчи барча воқеа-ҳодисалар тақдири илоҳийда – Лавҳ ул-маҳфузда белгилаб қўйилган. Айни шу асосда қуйидаги саволлар ўртага чиқади:

 

1. Барча воқеа-ҳодисалар, жумладан, инсоннинг амали ҳам олдиндан ёзиб қўйилган, яъни тақдир аввалдан ёзилган бўлса-да, у ўз қилмишига масъул бўладими?

 

2. Инсонга ўз амалида ихтиёр берилганми?

 

3. Тақдирнинг қандай бўлишида инсоннинг иштироки борми?

 

Аллома ал-Хаттобий сунний ақидаларга доир манбаларга таяниб ёзади: “Айримлар қазо ва қадарни Оллоҳ таоло ўзи тақдир қилиб қўйган ишларга бандани қаҳр ила мажбур қилиши, дейди. Бу нотўғри фикр. Қазо ва қадар бандаларнинг келажакда бўладиган ишларини Оллоҳ муқаддам билиб туришидир” (Ал-Хаттобий. Ал-Маъолим. “Дар-ал-кутуб”. Қоҳира, 2011. 7-бет). Олимнинг сўзларига таянган ҳолда масалани икки қисмга ажратиб ўрганиш мақсадга мувофиқ:

 

1. Инсоннинг ихтиёридан ташқаридаги ишлар – унинг ташқи қиёфаси, миллати, ота-онаси ким бўлиши, табиати, мизожи, ҳусн-таровати, қадди-қомати, туғилиш ёки ўлим вақти ва жойи, эркак ё аёллиги, насл-насаби... Инсон буларга масъул эмас. Буларнинг ҳаммаси Оллоҳнинг тақдири бўлиб, шунга қатъий ишониш билангина мўминнинг иймони комил бўлади.

 

2. Инсоннинг бевосита иштирокида юзага келувчи ишлар, жумладан, ўз эътиқодини, яхшилик ёки ёмонликдан бирини танлаши ва ҳоказо. Яъни унинг ўз ихтиёри билан бажарадиган амаллари.

 

Биринчи туркум ишлар бўйича Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Бадбахт онасининг қорнида бадбахт бўлгандир. Бахтли ўзидан бошқадан ваъз олгандир”, деди. Буни эшитган бир киши Ҳузайфанинг олдига бориб, ўша гап ҳақида хабар берди ва “Инсон амалсиз қандоқ бадбахт бўлиши мумкин?” деди. Шунда Ҳузайфа унга “Шундан ажабланяпсанми? Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) “Нутфага қирқ икки кеча ўтса, Оллоҳ унга бир фариштани юборади. Бас, унинг суратини тўғрилайди, қулоғини, кўзини, жилдини, гўштини ва суягини халқ қилади. Сўнгра “Эй Роббим, ўғилми, қизми?” дейди. Роббинг истаганини ҳукм қилади ва фаришта ёзади. Кейин “Эй Роббим, ажали-чи?” дейди. Бас, Роббинг истаганини айтади ва фаришта ёзади. Кейин “Эй Роббим, ризқи-чи?” дейди. Бас, Роббинг истаганини ҳукм қилади ва фаришта ёзади. Кейин фаришта қўлида саҳифа билан чиқади. Унга зиёда ҳам, нуқсон ҳам етказмайди”, деганларини эшитганман”, деди” (Муслим ривояти).

 

Ушбу ҳадисга юзаки қаралса, бандада ихтиёр эркинлиги йўқ экан, деган хулоса чиқиши мумкин. Лекин бу ўринда аввало Оллоҳнинг илми чексизлиги назарда тутилган. У инсоннинг бадбахтлигини онасининг қорнидалигидаёқ, балки ундан-да аввал билган. Одам ўзгалардан намуна, ибрат олиб, яхшиликлар қилиши, ёмонликдан сақланиши туфайли бахтли бўлмоғи мумкин. Демак, буларнинг барини Оллоҳ азалий ва чексиз илми ила билади. Бу эса амалсиз бадбахт бўлиш, дегани эмас. Тақдир битиги ҳеч кимга маълум эмас, бинобарин, у инсон фаолиятига таъсир этмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон охири бахайр бўлишини истайди ва шу йўлда ҳаракат қилади.

 

Бу масалани замондош олимларимиздан Раҳматуллоҳ қори Обидов қуйидагича изоҳлайди: “Ҳар бир инсоннинг тақдири Лавҳ ул-маҳфузда аввалдан белгилаб, ёзиб қўйилган. Аммо Оллоҳдан ўзга ҳеч бир зот бу ёзув мазмунидан хабардор эмас. Шундай экан, бошига бир мусибат тушса, инсон ушбу ҳодиса азалдан Оллоҳнинг тақдири сифатида белгилангани учун сабр қилиши, Яратгандан нажот сўраши жоиз. Бироқ келгусида рўй берадиган воқеалар ҳали бандага номаълум бўлгани учун “Тақдиримда шундай бўлиши ёзилган”, деб даъво қилиши, аслида, унинг ўзи ҳақида фолбинлик қилиши билан баробардир (Обидов Р. Тақдирдан тониб бўлмас // “Тафаккур”, 2004, 4-сон. 49-бет).

 

Тақдир борасидаги саволлар Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) даврида, кейинроқ хулофои рошидин даврида ҳам берилган. Аввалига уларга осон жавоб топилган. Бироқ кейинги даврларда, айниқса, юнон файласуфларининг асарлари араб тилига ўгирилиши, қолаверса, Хитой, Ҳинд, Форс, Марказий Осиё халқларининг исломгача бўлган диний тасаввурлари таъсирида турли ихтилофлар юзага кела бошлади. Таъкидлаш жоизки, антик даврдан то шу кунгача бўлган фалсафий мактабларнинг қарашлари негизида “Фалсафа асосида ҳар бир нарсага шубҳа билан қараш ётади”, деган фикр мавжуддир. Илоҳиётда эса ақидавий масалаларга шубҳа билдириш эътиқодни заифлаштириши таъкидланади. Мана шу икки нуқтаи назар VIII–X асрларда ўзаро тўқнаш келди. Муқаддас манбалардаги хабарлар талқинида ҳам илмий ихтилофлар пайдо бўлди. Оқибатда айрим олимларнинг қарашларида хатоликлар кўрина бошлади. Жумладан, муътазилий деб номланувчи эътиқодий гуруҳ аҳли сунна ақидасига зид ўлароқ қуйидагича хулосаларни илгари сурди: “Олам ёки оламлардаги барча ишлар ҳам Оллоҳнинг изни-иродаси билан амалга ошавермайди. Айрим нарсалар Унинг қудрати ва изнидан ташқарида рўй бериши мумкин; инсоннинг амалига Оллоҳ аралашмайди. Инсон ўз амалини ўзи яратади; Қуръон азалий эмас, уни Оллоҳ яратган”. Бу фикр гўёки одамнинг ўз амалларига бўлган жавобгарлигини оширса-да, бироқ аҳли сунна эътиқодига зид эканини таъкидлаш зарур. Чунончи, Оллоҳ бирор нарсани аввалдан билмаслиги мумкин эмас. Яъни ҳар бир иш Унинг изни-иродаси билан амалга ошади, бироқ Оллоҳ рози бўладиган (яхши) ва У рози бўлмайдиган (ёмон) амаллар мавжуддир.

 

IX–X асрда жабарийлик оқими юзага келди. Улар ҳам бу борада ихтилофларга йўл қўйдилар. Жабарийлар эътиқодига кўра, инсон бирор амални ўз ихтиёри билан қилмайди, балки ҳамма нарса Оллоҳнинг мажбурлаши ила амалга ошади. Тақдирга алоқадор масалаларда қадарийлар, рофизийлар, алавийлар каби ўнлаб оқимлар ҳам шу каби янглиш хулосаларни тарқатди.

 

Ислом оламидаги бундай ихтилофларга барҳам берувчи илмий ечимлар топиш ўша давр талаби эди. Бу борада кўплаб олимлар саъй-ҳаракат қилди. Улар орасида энг мукаммал тадқиқот ва ечим муаллифи буюк аждодимиз Абу Мансур Мотуридийдир. Бу аллома муқаддас матнларга суяниб ақидавий масалаларда янглиш фикрларни кўрсатиб берди ва муаммоли саволларга, бизнингча, энг тўғри жавобларни таклиф этди. Мотуридий ақидасига кўра, инсон ўз ихтиёри билан қилган амаллар ҳам Оллоҳнинг яратмишлари жумласига киради. Чунки оламлар ва улардаги барча нарсаларни Оллоҳ яратгандир. Қуръони каримнинг “Саффот” сураси 96-оятида айтиладики, “Ҳолбуки, сизларни ҳам, сизлар қилаётган амалларни ҳам Оллоҳ яратган-ку”. Лекин бу – инсон ўз амалини мажбуран қилади дегани эмас. Инсоннинг бирор ишни амалга ошириши учун икки нарса муҳим ҳисобланади: ишни амалга ошириш учун лозим бўлган восита ва инсоннинг ўша ишга ўз ихтиёри билан киришмоғи. Инсон ушбу иккинчи жиҳат билан ирода ва ихтиёр эгаси ҳисобланади. Айни чоқда шу ирода ва ихтиёри борлиги учун унга жавобгарлик юкланади. Ташқи омилларни яратиш ва вужудга келтиришга унинг дахли йўқ. Ушбу масалани тўғри англамоқ учун шундай мисол айтиш мумкин. Фараз қилайлик, биз пишган олмани дарахтдан узиб емоқчимиз. Бунда инсон ихтиёридан ташқарида бўлган омиллар қуйидагилар: дарахтда олманинг пишганлиги, уни узиш учун инсоннинг қўл-оёқ, кўзларини ишлата олиши. (Буларнинг барини Оллоҳ яратган, қолаверса, инсоннинг қорни очиши, олманинг ширинлиги ва ҳоказолар ҳам Оллоҳнинг оламларни бунёд этишдаги ҳукми-қазоси саналади.) Лекин инсон ана шу ташқи омиллардан ўз ихтиёри билан фойдаланмагунича олмани ея олмайди. Оллоҳ инсоннинг амалини яратган деганда ташқи омиллар асосида унинг амалини яратгани эътиборга олинган. Зеро, олма пишган бўлса, Оллоҳ инсонни у истаса-истамаса бу ишга мажбурлайди, дейиш нотўғри. Демак, ташқи омилларнинг мавжудлиги билангина олма ейилиб қолмайди. Балки инсон шуни олишни ихтиёр қилиши ва ихтиёрини амалга ошириши керак.

 

“Ҳаракатда баракат” деган ҳикмат ана шу илмий хулосанинг ҳаётий инъикоси деб айтиш мумкин. Шу нуқтаи назардан инсон ўзига берилган ихтиёр эркинлиги доирасида жавобгардир. Айни дамда, “Пешонада борини кўрамиз”, “Тақдир экан-да”, дея ҳаракат қилмаслик, интилмаслик ислом таълимотини нотўғри тушуниш оқибатидир.

 

Юқоридаги таҳлилларни умумлаштириб, бундай хулоса қилиш мумкин:

 

1. Қазо ва қадар (тақдир) барча диний таълимотларда бўлгани каби исломда ҳам иймон-эътиқод доирасига кирувчи муҳим масала ҳисобланади.

 

2. Тақдир масаласида адашган гуруҳлар ҳам бўлиб, уларнинг қарашлари аҳли сунна ва-л-жамоа эътиқодига тўғри келмайди.

 

3. Аҳли сунна ва-л-жамоа олимлари тақдир масаласини иккига бўлиб тадқиқ этганлар: инсонга дахли бўлмаган ва шу боис у масъул саналмаган нарса-ҳодисалар (оламнинг яратилиши, ҳолати, кайфияти, вақт ва макон, одамнинг туғилиши, ўлими ва ҳоказо); инсоннинг ўз ихтиёридаги ишлар ва уларга жавобгарлик.

 

4. Тақдирнинг аввалдан битиб қўйилиши замирида инсоннинг бирор амалга мажбурланиши эмас, балки Оллоҳнинг барча нарсаларни олдиндан билиши – илми азалийси, қудратининг чексизлиги ётади.

 

Тақдир борасидаги баҳслар шуни кўрсатадики, инсон умид билан эзгу амаллар қилиб бораверса, унинг тақдири яхшиликка юз буради. Шу билан бирга, бу ҳар бир инсонни ўз хатти-ҳаракатига масъул этиб, жамиятдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун доирасида амалга ошишига замин яратади.

 

Инсоният тарихидаги барча юксалишу таназзуллар замирида инсонга берилган ихтиёр эркинлиги ётганини унутмаслик, ана шундан сабоқ чиқариб, ҳар дам ёвузликдан тийилиш ва эзгуликка интилиш ғоят муҳимдир. Шу нуқтаи назардан, инсонга берилган масъулият юки ҳар қачон ихтиёр эркинлиги билан чамбарчас боғлиқ. Таъбир жоиз бўлса, ихтиёр эркинлиги инсонга ё шараф, ё тавқи лаънат келтирувчи омилдир.

 

Сарвар АБДУЛЛАЕВ

 

Tafakkurжурнали, 2016 йил 3-сон.

Тақдир, ирода ва ихтиёр” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси