Милтиқ сўзи “туфламоқ” феълидан келиб чиққан – қуролларнинг туркийча номлари қандай бўлган?


Сақлаш
12:42 / 16.07.2024 501 0

Ўқдори – порохнинг Хитойда кашф этилиши секин-аста ўқотар қуроллар эрасини бошлаб берди. Амир Темур даврида манжаниқ, раъдандоз, нафтандоз каби тош ва олов отар қуроллардан фойдаланилгани маълум, аммо милтиқ ёки туфак Темур ўрдусида бўлмаган. “Бобурнома”да эса биз туфак, туфанг, милтиқ, тўп, қазон, улуғ қазон, зарбзан, фарангий каби кўплаб ўқотар қуроллар номларини учратамиз. Демак, Бобур ўз ўрдусини замонасининг энг илғор қуроллари билан қуроллантиришга ҳаракат қилган. Бу даврга келиб Усмонли давлати, Сафавийлар Эронида ҳам ўқотар қуроллар бор эди. Эрон ва Усмонли давлатида фойдаланилган Оврўпо русумидаги тўпларни Бобур “фарангий” деб атайди.

 

“Бобурнома”да ўша давр артиллерияси – тўплар, ўқотар қуроллар бўйича мутахассис бўлган икки шахс номи тилга олинади. Улардан бири – Устод Алиқули, маъдандан қазон, яъни тўп (замбарак) қуювчи уста, иккинчиси – Мустафо Румий, у “Рум дастури била ароба”, яъни Оврўпоча усулда тўп тагига ўрнатиладиган ғилдиракли арава ва фарангий Оврўпо русумидаги тўпларни ясаш бўйича мутахассис. Ана шу икки мутахассис бошчилигида Бобур ўрдусида тўпчи ва милтиқчилардан иборат махсус гуруҳ бор эди.

 

“Бобурнома”нинг 1508 йил воқеалари ҳикоя қилинган боби ҳозирги Покистон ҳудудида бўлган Бажавр қўрғонининг ишғол этилиши воқеаси билан бошланади. Бобурнинг ёзишича, бажаврликлар ўша пайтгача милтиқ нималигини билишмаган: “Бажавр эли, чун туфангни кўрмайдур эдилар, туфанг унидин ҳеч парвойе қилмадилар, балки туфанг унини эшитгач, тамасхур қилиб, муқоболада шаниъ ҳаракатлар қилурлар эди. Ўшал куни Устод Алиқули беш кишини туфанг била йиқди”. Буни қарангки, милтиқ овозини эшитмаган бажаврликлар бу қуролга парво ҳам қилишмабди, ҳаттоки олдинга чиқиб масхаралаб турли қилиқлар ҳам қилишибди, оқибатда, бир қанчаси ўққа ўчиб нобуд бўлибди.

 

Умуман, Ҳиндистон фатҳида Бобур ўқотар қуроллар, артиллериядан ҳам унумли фойдаланган. Агар Россия тарихи билан солиштирсак, Бобур ўрдусидаги бу тўпчи ва туфакчилар – Москва давлати тсари Ёзув Иван (Грозный)нинг Ўқчи қўшинлари (стрелецкое войско)ни эслатади. Фақат Ёвуз Иван Бобурдан ярим аср кейин – 1550 йилги ҳарбий ислоҳотларида махсус ўқчилардан иборат қўшинлар (стрелецкое войско) ташкил этишга қарор қилади. 1552 йили эса ана шу қўшинлар ёрдамида Қозон ишғол этилган.

 

Туфак ёки милтиқ тасвирларини “Бобурнома” қўлёзмаларига ишланган миниатюраларда ҳам кўриш мумкин. Туфаклар Бобурнинг ўз мутахассислари томонидан ясалганми ёки сотиб олинганми, бу ҳақда “Бобурнома”да маълумот йўқ. Аммо бир ўринда: “черик яроғига ва тўп ва туфакчининг дору ва жидоғига (маошига)” хазинадан маблағ ажратиш ҳақида фармон бўлгани айтилади. “Дору” деганда бу ерда “порох” кўзда тутилмоқда. Хўш, “туфак” ва “милтиқ” сўзлари қандай луғавий маънога эга?

 

Ҳозирги ўзбек тилида “туфак” сўзи қўлланилмайди. “Бобурнома”да эса “милтиқ”, “туфак” ва “туфанг” – маънодош сўзлар сифатида ишлатилган. Аммо форс-тожик, озарбойжон тилларида “туфанг”, усмонли туркчасида “tüfek” – “милтиқ” маъносида ҳозир ҳам истеъмолда. “Туфак” рус манбаларида ҳам “тюфяк” шаклида учрайди. Рус йилномаларидаги “тюфяк” ҳақидаги илк қайд XIV асрга оид бўлиб, қизиғи шундаки, 1382 йили москваликлар Тўхтамиш ҳужумини қайтариш учун туфакдан ҳам фойдаланишган экан. Рус тарихчиларига кўра, туфак Москва князлигига туркий халқлар (татарлар) орқали ўтган бўлиши мумкин. М.Фасмернинг “Рус тилининг этимологик луғати”да “тюфяк” чиғатойча (эски ўзбек тилида) эканлиги айтилади.

 

“Бобурнома”да подшоҳ Бобурнинг икки фармони форс тилида келтирилган. Бобурнинг вазирлари томонидан ёзилган мазкур форсча матнларда ҳам: “туфакчилар” маъносида “туфакчиён”, баъзан “туфакандоз” деб ёзилганини кўриш мумкин. Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн”да “туфак” сўзини от эгар-жабдуғи қисмларидан бири сифатида тилга олган.

 

“Туфак” сўзи “Девону луғотит-турк”да шундай изоҳланган: “تُڤَکْ тўwäк – туппак. Тол дарахтининг ва умуман ҳўл шохларнинг пўстлоғини ёрмай, шох, новдадан суғуриб олинади ва учига ғўлакчалар қўйиб, чумчуқларни отилади. Ёғочнинг ичини ковак қилиб ҳам туппак ясалади (чигиллар луғати)”. “Туппак” сўзи 1981 йили чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам: “лой соққани пуфлаб қуш отиш учун махсус тайёрланган қамиш най”, деб изоҳланган. Бу сўз “туфламоқ” феълидан ясалганлиги ҳам англашилади. Пуфлаб отиладиган бу турдаги ибтидойи пневматик қурол Америка ҳиндуларида ҳам борлиги туркий халқларда туфак азалдан мавжуд бўлганлигидан далолат беради.

 

Хуллас, милтиқ тилимизда дастлаб “туфак” деб аталган эди. Кейинчалик у форс ва бошқа тилларга “туфанг” шаклида ўтган. Пистолет яратилгандан кейин эса, бу қурол “калта милтиқ” маъносида турк ва форс тилларида “тўппонча”, “туфангча”, “тубангча” қабилида атала бошлаган.

 

“Тўп” (“замбарак”) сўзи ҳам шаклан “туфак” ёки “туппак”ка ўхшаса-да, этимологик жиҳатдан “копток” маъносидаги “тўп” сўзига бориб тақалади. Бу қуролнинг ўқи – думалоқ тош, тўп шаклида бўлганлиги учун шундай аталган. “Девону луғотит-турк”да: “تُوبْ топ – тўп, копток. Бу сўз топїқнинг қисқарганидир”, деб изоҳланган. “Ўзбек тилининг этимологик луғати” асари муаллифи Ш.Раҳматуллаев эса: “Аслида “топ” сўзи қадимги туркий тилда мустақил ишлатилган ва “думалоқ нарса” маъносини англатган”, деб ёзади. Яъни, тўп – қадим замонлардан қалъа-қурғонларни забт этиш учун қўлланилган манжаниқ оиласига мансуб қуролдир. Бобурнома”да тўп (замбарак), кўпинча, “қазон”, катта тўп – “улуғ қазон” номлари билан тилга олинади. Бундай аталишининг сабаби тўп ҳам қозондай махсус қолипга юқори даражали иссиқликда эритилган маъдан қуйилиб ясалган.

 

“Милтиқ” сўзини эса кўпчилик мутахассислар “пилта” ва “ўқ” (пилта+ўқ, пилтали-ўқ) сўзларидан ясалган деб ҳисоблайди (“пилта”, шунингдек, форсча “фатила”, русча “фитиль” сўзлари аслида арабча “фатил” (فَتِىلٌ) сўзига бориб тақалади). Ўтмишда пилтали милтиқлар бўлганлигини биламиз.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. Т.: “Шарқ” НМАК, 2002, – 336-б.

2. Алишер Навоий. Муҳокамат ул-луғатайн // Мукаммал асарлар тўплами. XVI том. Т.: “Фан”, – 2000.

3. Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит-турк. I−III.Тошкент, 1960−1963. I−500 б. 369-бет

4. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. М.: Рус тили, 1981. Икки томли. II–715-б. 224-бет.

5. Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит-турк. I−III.Тошкент, 1960−1963. III−463-б. 130-бет.

6. Раҳматуллаев Ш. Ўзбек тилининг этимологик луғати (туркий сўзлар). Т.: “Университет”, I т. 200–600 б. 371-бет.

7. Севортян Э.В. Этимологический словарь тюркских языков.М.: Наука, 1974−1989. IVIII т.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//