2024 йилда Чиғатой улуси ташкил топганига 800 йил тўлди. Қизиғи шундаки, қўшни Қозоғистон Республикасида Жўжи улусининг 800 йиллиги кенг нишонланмоқда, конференциялар ўтказилмоқда, китоблар чиқмоқда. Қозоғистон тарихида йирик роль ўйнаган давлат арбоблари Алихан Букейханов, Шокан Валиханов, Ермухан Бекмаханов, Санжар Асфандияров Жўжихон авлодига бориб тақалади. Бизда эса бу тарихий воқеа нимагадир умуман эсланаётгани йўқ, афсуски.
Маълумки, 1224 йилда Чингизхон ўз империясини тўрт қисмга бўлди ва Мовароуннаҳр, Еттисув ва шимолий Афғонистоннинг бир қисмини Чиғатойга улус қилиб берди. Нимагадир, охирги 75 йилда Чиғатой улусига жуда кам аҳамият берилган, тарихий тадқиқотлар йўқсил, ОАВда ва сиёсий тадбирларда Чиғатой улуси ҳақида оз гапирилади. Бунинг асосий сабаби тарихий онгимизда ва тарихий тадқиқотларда Чиғатой улуси ҳақида яхлит ва тушунарли маълумот етишмаслиги ёки Чиғатой улуси ҳақида нотўғри ва ноилмий маълумотлар мавжудлигида, наздимда. Айтиб ўтиш жоизки, Чиғатой улуси расман 1224 йилдан 1370 йилгача мавжуд бўлган. Мазкур улус парчалангандан сўнг Шарқий Туркистонда эса XVII асргача ҳукмронлик қилганлар. Қизиғи шундаки, Чиғатой улуси бевосита ва билвосита Амир Темур фаолияти ва Темурийлар сиёсати, иқтисоди ва маданиятига катта таъсир кўрсатган. Қуйида, қисқача Чиғатой улуси ҳақида фикр билдираман ва тарихимиз ва ҳозирги кунимизда бу улуснинг таъсири ҳақида бир-икки оғиз гапириб ўтмоқчиман.
Чиғатой улусининг тарихимиздаги аҳамияти ҳақида
Машҳур филолог ва блогер Элдор Асанов Чиғатой улуси ҳақида шундай ёзади: “Кўплаб манбаларда Ўзбекистонда ҳукмронлик қилган сулола вакиллари тўғридан тўғри Чингизхон авлодлари хисобланади, улар Чиғатой улуси, Шайбонийлар, Аштархонийлар ва Манғитлар. Бундан келиб чиқадики, қариб 700 йил мобайнида мўғуллар Ўзбекистонни бошқарган”. Ижтимоий тармоқларда бир неча йиллардан бери кўплаб постлар қўйилмоқда, айниқса фейсбукда. Масалан, Рустам Иқбол ёзмоқда: “Чингизхон босқинидан сўнг Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатой (1183–1242) қўл остида бўлгани сабабли узоқ муддат бу мулкни Чиғатой улуси деб атаганлар ва улар гапирган тилни кейинчалик чиғатой деб аташган. Усмонийлар, Сафавийлар, Қожорлар ва бошқа қўшни давлатлар ҳам ўз тилларини фарқлаб туриш учун бизнинг ҳудудимизда ишлатиладиган бадиий тилни “Чиғатой тили” ёки “лаҳжаси” деб номлаганлар. Соҳибқирон даврида 1404-1405 йиллар Самарқандда сафарда бўлган испан элчиси Дон Рюи Гонзвалес де Клавихо ҳам маҳаллий туркий халқларни чиғатойлар деб атаган. ХХ аср бошларида бир гуруҳ ўзбек зиёлилари, жадид боболаримиз тузган адабий-бадиий тўгаракни ҳам беҳуда “Чиғатой гурунги” деб аташмаган. Қўшни давлатларда ҳам Мовароуннаҳр ва Хуросонда қўлланган, Алишер Навоий гўзал асарлар битган туркий тилни чиғатой тили деб аташган”.
Нимагадир, Чиғатой улуси тарихи бизнинг илмий доираларда анча кам тадқиқ қилинмоқда. Махус Чиғатой улуси тарихи мавзуси устида тарихчилар Гулмира Ачилова, Севинч Улашова, Санжар Бекмурадовлар илмий тадқиқот олиб бормоқда. Лекин шунга қарамай, Чиғатой улуси тарихига эътибор анча кам.
Чиғатой улусининг қисқача сиёсий тарихи
Чиғатой вафотидан сўнг Мангу қоон ва Ботухон Чиғатой улусини мулк сифатида тугатиб, уни Тули ва Жўжи ворислари ўртасида тақсимлашга келишиб олишган. 1251 йил империя пойтахти Қорақурумда бўлиб ўтган қурултойда Мангу қоон этиб сайлангач, чиғатой хонзодаларнинг кўпчилиги Ўктой қоон авлодлари қатори қатл қилинган. Чиғатой улусини Мангу қоон ва Ботухон бўлишиб олганлар. Мовароуннаҳр Ботухонга қарам бўлиб қолган. XIII асрнинг 60-йилларида Чиғатойнинг 6 фарзанди Байдарнинг ўғли Олғу (1261–1965) чиғатойлар ҳокимиятини қайта тиклашга эришади. Олғу вафот этгач, унинг ворислари – Муборакшоҳ ва Бароқхон маҳаллий аҳоли билан яқинроқ муносабатда бўлиш мақсадида мусулмон динини қабул қилганлар. 1266 йил Чиғатой улуси хони қароргоҳи Еттисувдан Мовароуннаҳрга – Оҳангаронга кўчирилади. Мовароуннаҳр XIV аср бошларига келиб ўзини ўнглай бошлади, жумладан Андижон ва Қарши шаҳарларига асос солинди, Кебек даврида пул ислоҳоти ўтказилди. У икки хил кумуш танга: йирик – динор ва майда – дирҳамларни зарб эттирди. Динор 2 мисқолга тенг, дирҳам эса мисқолнинг 1/3 га тенг эди. Айни шу даврда мўғулларнинг турклашиши, ўтроқлашиши ва Исломга кириш ҳоллари бутун мамлакат бўйлаб кузатилди. Бароқхон ҳукмронлиги вақтида Хайду кўрсатмасига мувофиқ Масъудбек томонидан Бухоро қайта тикланади. Фарғона водийсида янги шаҳар Андижонга асос солинади. Кебакхон (1318–1326) даврида қароргоҳ Қашқадарёга кўчирилади, қадимий Насаф яқинида Қарши шаҳри барпо этилади. Улус Эрондаги каби маъмурий бирликлар ҳамда солиқ ундирилувчи туманларга (Фарғона ва Қашқарда – ўрчин) тақсимланади, ягона пул бирлиги – кебакийга ўтилади. Аммо мўғул мулкларини бирлаштириш ва марказлаштириш мақсадида ўтказилган маъмурий ва молиявий ислоҳотлар сиёсий тарқоқликка барҳам беришга қодир эмас эди. XIV аср ўрталарида Чиғатой улуси Мовароуннаҳр ва Мўғулистонга бўлиниб кетган. 1370 йил Мовароуннаҳрда Амир Темур салтанатининг ўрнатилиши чиғатоийлар ҳокимиятига барҳам берди.
Чиғатой улуси сиёсий ҳаётида аёллар ўрни
Чиғатой улусида, умуман Мўғуллар Империясида аёлларнинг ўрни юқори бўлган. Асосий диққатни тортадиган жойи шуки, турли мўғул халқлари орасида асл авлод вакиллари бўлган аёллар жамиятнинг сиёсат, иқтисодиёт ёки дин каби турли соҳаларида фаол иштирок этган таниқли шахслар бўлганликларини акс эттиради. Ушбу ҳудудларнинг аксариятида аёлларнинг жамият учун аҳамияти регент сифатида намоён бўлади. Хоннинг меросхўри номи билан сиёсий фаолият олиб борган. Масалан, улуснинг ҳукмдори сифатида бир аёл Ўргина Хотун (1251–1260) сиёсий бошқарувда пайдо бўлади. Жамол ал-Қарший Қора-Хулагунинг завжаси Ўргина Хотун ёш бўлган ўғли Муборакшоҳ IV номидан тахтни бошқаргани хусусида айтади ҳамда унинг ҳукмронлиги – 9 йил ва бир неча ойга қадар давом этгани ҳақида маълумот беради. Мирзо Улуғбек ҳам унга қуйидагича таъриф беради: “У Қора Ҳалокухоннинг хотини эди. Ундан Муборакшоҳ деган бир ўғил қолди. Эри вафотидан кейин ўғли ёш бўлгани учун унинг номидан салтанат ишларининг мутасаддиси бўлди. У ғоятда виқорли, хушхулқ хотун эди. Мусулмонларнинг барча ишларига майл кўргузарди. Мусулмонлар молу жони риояти ва муҳофазасида бирор дақиқа ҳам кечикмасди”. Ўргина Хотун ўн беш йилдан кўпроқ вақт давомида Марказий Осиёда фаол сиёсат олиб борди. Бу вақт ичида у улуснинг олий ҳокимияти сифатида тан олинган, Ўрта Осиёни кетма-кет тўққиз йил давомида ягона ҳукмдор сифатида тинчлик билан бошқарган ва икки фуқаролик урушидан муваффақиятли чиққан бошқарувчи сифатида тан олинди.
Кўп ҳолатларда мўғул ҳукмдорлари онасининг эътиқоди ўғилларининг эътиқодига мос келмаслиги тасдиқланган. Шунингдек, кўплаб насроний бўлган мўғул аёллари баъзан исломий бинолар ва мусулмон уламоларнинг ҳомийси бўлишган. Масалан, Ибн Батута ҳам Ўрта Осиёга бўлган ташрифида мўғул аёлларининг қурдирган хонақоҳлари, масжид ва мадрасалари ҳамда зовиялар ҳақида айтиб ўтади. Уларни олийҳиммат, ҳотамтой деб тасвирлайди. Ҳатто бир сафар Хоразмда бўлганида амирнинг Тўрабека номли завжаси ўзи қурдирган зовияда зиёфат бергани ва турли совға-саломларни туҳфа этгани хусусида ёзиб қолдиради.
Чиғатой улусида миграция ва геосиёсат
Тарихчи Севин Улашова ёзишича, Чингизхон ва ўғиллари Шарқий Туркистонни ишғол этгач, Мовароуннаҳр ва Хуросондаги кўпгина шаҳарларнинг мусулмон аҳолисини шарққа кўчириб, Бешбалиқдан Хонбалиққа (Пекин) қадар чўзилган шимолий Хитой минтақаларига жойлаштирдилар. Шунингдек, Чингизхон ворислари даврида ривож топган Туркистон-Хитой тижорати ҳам Хуросон ва Мовароуннаҳр савдогарларини бу ерга жалб қилди. Натижада, бу ҳудудда Мовароуннаҳрнинг шаҳар ва қишлоқлари номи билан боғлиқ касабалар, хусусан, Пекинга яқин жойда самардандлик муҳожирларнинг “Самарқанд” номли касабаси пайдо бўлди. Мовароуннаҳр қўлга киритилгач, мўғуллар маҳаллий аҳолини, хусусан, тожикларнинг аксариятини Шарқий Туркистон ва шимолий Хитой ҳудудларига кўчирди. Натижада, Мовароуннаҳрда форсийзабон аҳоли камайиб, турклашиш жараёни кучайди.
Хулоса ўрнида
Чиғатой улусида аслзодалар кўпчилиги христиан, моний ёки буддизм динлари намоёндалари бўлиб, диний ва маданий нуқтаи назардан бағрикенг бўлишган. Бу тамойил ҳозирги Ўзбекистон бағрикенглик сиёсатига тўлиқ жавоб беради. Шунингдек, Чиғатой улусида Евроосиё бўйича савдо-сотиқ ривож топган бўлиб, миграция натижасида маданий алмашинув кучайди. Ҳозирги кунда ҳам юртимиз аҳолиси фаол меҳнат миграциясини бошидан кечирмоқда. Яна бир муҳим тарихий факт: айнан Чиғатой улусида Марказий Осиёда турклашиш жараёни кучайди. Айнан ўзлик масаласи биринчи ўринга чиқди. Назаримда, Чиғатой улуси тарихини ҳар томонлама чуқур ўрганишимиз лозим. Чунки, минтақада кечаётган барча мафкуравий, геосиёсий ва иқтисодий муаммоларнинг тарихий илдизларини очиб беришга кўмаклашади. Керак бўлса, Чиғатой улуси тарихи бўйича минтақавий конференциялар ва юбилейлар ўтказилса, Марказий Осиё ёки ягона Турон ғояси амалга ошармиди…
Бахтиёр АЛИМЖOНОВ,
тарих фанлари номзоди
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ