Питер Ген авлодлари – нега одамлар ҳеч ким бўлишни танлашмоқда?


Сақлаш
18:58 / 15.07.2024 378 0

Умрида Жеймс Баррининг машҳур «боқий бола»си – Питер Пен ҳақида эшитмаган инсон бўлмаса керак. Питер ҳеч қачон катта бўлмаслиги, елкасида ҳеч қандай масъулият йўқлиги сабаб инсонда унинг ўрнида бўлиб қолиш орзуси уйғонади беихтиёр. Қизиғи шундаки, бориб-бориб бу орзу-ҳаваслар реалликка айланади, деб ким ҳам ўйлабди дейсиз? 

 

Атрофингизда карьера қилишни истамайдиган, оила қуришдан қўрқадиган, фарзандли бўлиш ҳақида хаёлига ҳам келтирмайдиган инсонлар борми? Бундай инсонлар Питер Пен синдромига чалинган бўлиб, ушбу ҳолат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан касаллик сифатида қайд этилмаган бўлсада, психологларнинг фикрича, келажак учун жиддий хавф туғдириши мумкин экан.

 

 

Ушбу атама илк бор 1983 йил Ден Кили томонидан қўлланган. Ден «Питер Пен» спектакли томошасидан сўнг «Питер Пен синдроми ёхуд улғаймайдиган эркаклар» номли асар ёзиб, унда улғайишни умуман хоҳламайдиган ёшлар жамоасини тасвирлаб беради. Бундай қатлам ҳаётда шунчаки ҳеч ким бўлишни танлашади. Бутун дунёда улар NEEТлар (not in education,employment or training) деб аталиб, уларнинг асосини 15-24 ёшлилар ташкил қилади. Статистик маълумотларга қараганда, З авлод (1997-2012 йиллар)нинг ҳар бешдан бири Петер Пен авлодлари бўлиб, ҳаётдаги ва жамиятдаги ҳар бир нарсага умидсиз қараб, «ўқиб, ишлаб, ривожлансак-да ҳеч нарсага эришолмаймиз» ғояси билан яшовчилардир.

 

Хўш, бу ерда ҳамма айб улардами? Ўзини изоляцияга олиш, ҳамма нарсага қўл силташ шунчаки эринчоқлик ва танбалликданми? Ёки «Берсанг ейман, урсанг ўламан» шахсиятига қандайдир ташқи омилларнинг ҳам сабаби бор деб ўйлайсизми? Афсуски, бу масала чуқур ўрганилмаган бўлиб, асосий сабаб –ижтимоий зўриқиш ва у келтириб чиқарадиган қуйидаги бир қатор оқибатлар бўлиши мумкин:

 

 

Бегоналашув – инсон жамиятдан ва ундаги инсонларга бегоналашади. Масалан, бир вақтлар жуда қадрли маскан бўлган ишхонаси ва касбдошлари аҳамият касб этмай бошлайди. Чунки у ўз меҳнати учун етарлича қадр топмаган, муносиб иш ҳақи олмаган, Юло Вооглайд таърифи билан айтганда, «ўз меҳнатининг мазлумига айланган». Бу эса катта умидсизликка йўл очиб, инсонни ҳаракатсиз ҳолгача келтирган.

 

Узоқлашиш – бу бурчакка тиқилиш, ҳамма нарсадан: оиладан, ишдан, дўстлардан ўз-ўзини четлаштиришдир. Масалан, оиладаги ёки ишда унинг ўрни бўлмаса, бошлиқ «бугун фалончи қарор қабул қилинди, эрта йиғилишда бунисини кўриб чиқамиз» деса, дўстлар усиз учрашув жойини ҳал қилса, ҳеч қайси жиҳатда унинг шахсий фикри билан ҳисоблашилмаса, кишида узоқлашиш пайдо бўлади. Энди унга карьера, яқинлар, яхши яшаш аҳамиятсиздай туюла бошлайди. Тадқиқотларга кўра, мактаблар Питер Пен синдромига олиб борувчи «маънавий заҳарланиш ўчоғи» экани аниқланган. Шу боисдан ҳам таълим масканида муҳит қониқарсиз бўлса, боланинг бир кун «қорни оғрийди», эртаси кун «шамоллайди». Кичиклигидан бўйнидаги масъулиятлардан қочишга ўрганган бола алалоқибат умрининг охиригача шу ҳолда қолади, на ўзи учун, на жамият учун ҳеч нарса қилгиси келмайди.

 

 

Аномия – жамиятда қатъий ишловчи нормаларнинг йўқлиги оқибатида инсонда пайдо бўладиган ижтимоий зўриқиш. Бу дунёни сақлаб турувчи энг олий куч адолат эканини эсга олсак, инсонда унинг борлигига шубҳа уйғонса, қолган ҳеч нарсага нисбатан ишончи қолмайди. Киши учун муваффақиятли карьера, бахтли оила, намунали фарзандлар тушунчалари ўз маъносини йўқотади.  Юло Вооглайднинг ёзишича, аномик зўриқиш, шунингдек, инсон қадриятлари-ю меъёрлари бир-бирига зид келувчи ролларни, масалан, ишхонада золим ички ишлар ходими, уйда эса «меҳрибон» ота ролини бажарганда ҳам вужудга келиши мумкин. Бундан ташқари, инсон бир вақтнинг ўзида иккита лавозимда ишласа ва уларнинг ҳеч биридан воз кечишни истамаса аномик зўриқиш вужудга келиши мумкин. Бу одам психикасига салбий таъсир кўрсатиб, охири бу шахс ҳамма масъулиятни елкасидан соқит қила бошлайди.

 

Роллар уйғунлиги ва зиддияти – жамиятда ҳар бир инсоннинг ўз роллар жамланмаси бор. Масалан, уйда турмуш ўртоғига нисбатан рафиқа, фарзандига она, университетда талаба. Шу ўринда таъкидлаш керак, кимдир ўқитувчи бўлсагина, бошқа бир инсон талаба бўлади. Агар одамлар ролларини яхши адо этмаса, бу албатта, қарама-қарши роль вакилига ҳам салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Роллар механизмининг тартибсизланиши ёки бузилиши ҳам Питер Пен авлодларини етиштириши мумкин.

 

 

Конформизмда инсон жамиятдаги стереотиплар таъсирида мустақил бўлишга журъат қилолмайди ёки кўпчилик каби ўзини тутишни хоҳлайди, ҳамма қатори юришни истайди. Карьера қилиш ёки қилмаслик, оила қуриб уни масъулият билан бошқариб, гўзал ҳаёт тарзи яратиш ёки акси бўлиши тамоман фарқсиздай туюлади.

 

Индолентлик – киши ўзи истаган ва давлат томонидан таъминланиши ваъда қилинган нарсалар реал ҳаётда амалга ошиши имконсиз экани англаб етганда пайдо бўладиган зўриқиш. Бу жараёнда у аслида иштирок этишни истамаётган, аммо бошқалар маслаҳат берган нарсаларни қилмасликка ундайдиган руҳий ҳоллар пайдо бўла бошлайди. Масалан, «Яхши ўқисанг, катта олим бўласан», яшаш учун етарлича пул топасан ҳаётинг фаровон бўлади» каби сўзлар унинг учун «пуч ёнғоқдек» туюлади. «Ватандошлик дастури» китобида бу ҳақида шундай ёзилган: «Йиллар давомида ёшлар учун барча эшиклар очиқлиги сингдирилган, лекин, аслида, ҳеч ким уларни кўзи тўрт бўлиб кутмаётганини аниқлаган университет битирувчилари индолентликнинг маълум бир босқичида бўладилар».

 

 

Питер Пен синдромининг омили сифатида бу каби ижтимоий зўриқиш ҳолатларига кўплаб мисол келтириш мумкин. Аммо ягона ечим Юло Вооглайд айтганидек, «Имон, ишонч, севги». Синдромга чалиниб яккаланган, ҳаётни маъносиздай ҳис қилаётган шахс, назаримда, бутун эътиборини ўзини топишга қаратиши лозим. Агар инсон ўзига нисбатан ғамхўрлик, ҳимоя этилаётганини ҳис қилса, руҳий тушкунликдан қутулиб, келажак томон ҳаракатлана олади. 

 

Меҳриноза ФАРМОНОВА

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10332
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//