“Маънавият фестивали” – нафақат мезбон Қорақалпоқ халқига, балки ижодий жамоа ва ташкилотчиларга ҳам маънавият, маърифат ва албатта, маданий ҳордиқ улашмоқда
“Маънавият фестивали”нинг Қорақалпоғистондаги навбатдаги куни одатдагидан-да сермаҳсул ўтди.
Ижодий жамоа “Маънавият фестивали”ни ўтказиш учун Кегейли тумани томон йўл олди.
Биринчи манзил – тумандаги Ёшлар ишлари агентлиги бўлди. Илк лойиҳа – “Миллий бирдамлик” доирасида хонандалар машҳур қўшиқлари, шоир-шоиралар ажойиб шеърлари, театр актёри ва бошқа ижодкорлар эса байрам табриги, тилаклари ва мамлакат билан боғлиқ илиқ хотиралари билан даврага байрамона кайфият улашди.
Меҳмонлар шунингдек, миллат тарихи, ғурури ва маданияти ҳақида гапириб, эътироф этди.
“...Бир нарсани билдимки, бу юртдаги ҳар бир инсон қаҳрамон экан”, дея гап бошлади биринчилардан сўзга чиққан фалсафа фанлари доктори, шоира Шаҳло Аҳророва.
Тадбирда томошабинлар шўх қўшиқларга рақсга тушиб, фидокорона ёрдам берган ташкилотлар туман ҳокими томонидан эсдалик совға ва ташаккурномалар билан тақдирланди.
“Маърифат соати” Халқобод МФЙдаги кутубхонада бўлиб ўтди. Ушбу манзилда аввалига Қорақалпоқ халқининг бой маданиятини акс эттирган қўл ишлари кўргазмаси билан танишилди. Кейин эса минглаб адабиётлар жой олган кутубхонада шеърхонлик ва самимий суҳбат бўлиб ўтди.
Бинонинг турли тадбирлар учун мўлжалланган файе қисмида эса хонандалар меҳмон ва томошабинларни ўз дилтортат хонишлари билан кутиб олди.
Ижодий жамоа тадбирлардан ортиб, зиёрат ва Қорақалпоқнинг бой тарихини ўрганиш учун Ишанқалъа обидасига борди. Ушбу ёдгорлик билан Қорақалпоғистон халқ шоири Ҳалила Даулетназаров таништирди.
Ишанқалъа бир вақтлар масжид, мадраса, кутубхона, талабалар ётоқхонаси ва карвонсарой вазифасини ўтаган. Бугунги кунда ушбу манзил ҳеч қандай рестоврациясиз, асл ҳолида сақланиб турибди.
Фестиваль якуни доимгидек, гала-концерт билан ниҳоясига етди. Томошабинлар қўшиқларни бирга хиргойи қилиб, рақсга тушди. Бир сўз билан айтганда, “Маънавият фестивали” аҳолининг кўнглини кўтариш ва маънавият улашиш ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш мақсадини аъло даражада уддалади.
“Маънавият фестивали”нинг Наманганнинг энг чекка ҳудудларигача ташрифи
Наманганнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланувчи, қўшни республикадан 500 метрлик масофа ажратиб турувчи “Ҳазратишоҳ” қишлоғи аҳли учун бугун ўзгача кечди.
Боиси “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари қишлоқ аҳли билан учрашувга келиб, самимий суҳбат қуришди. Улар томонидан ўқилган шеърлар, ижро этилган қўшиқлар ёшу қарига бирдек юқори кайфият улашди.
Чортоқ туманида ўтказилаётган “Маънавият фестивали”нинг навбатдаги манзили эса Маданият маркази бўлди. “Уч авлод учрашуви” лойиҳасида Социология фанлари доктори Мавлуда Ғаффорова, шоир Аҳтамқул Карим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мадина Тўхтаева, Меҳриддин Раҳматов, Тошпўлат Маткаримовлар туман аҳли билан миллий ўзлик, оилавий қадриятлар ҳақида суҳбатлашди.
Шунингдек, тарғиботчилар гуруҳи “Маънавият фестивали”нинг “Маърифат тур” лойиҳаси доирасида Тўрақўрғон тумани “Ахсикент” тарихий обидаси ҳамда “Яккатом” маҳалласида қад ростлаётган “Янги Ахси” мажмуасини зиёрат қилишди.
“Маънавият фестивали”да қатнашаётган бир гуруҳ олимлар, шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари фестивалнинг “Маърифатли оила” лойиҳаси доирасида Наманган туманининг “Шўрқўрғон” маҳалласида яшовчи Тўхтахон Раҳимова хонадонида ҳам бўлишди. Тарғиботчиларнинг мезбон билан суҳбати якунида аяга саломатлик тиланиб, ҳадялар берилди ва эсдаликка суратга тушилди.
Наманган вилоятидаги “Нанай” болалар соғломлаштириш оромгоҳида эса унутилмас учрашув ўтказилди. Оромгоҳда бугун 450 нафар бола дам олишмоқда. “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари уларнинг кунлик дастури билан танишиб, қандай китоб ўқишётгани, қайси миллий ўйинларни ўйнаётганлари билан қизиқди.
“Болалар билан гаплашиб, уларнинг ўқиётган китобларининг ҳарбий, техника соҳаси ва шеъриятга қизиқишларини пайқадим. Оромгоҳлар дастурини тузишда биз халқ ўйинларини ҳам киритишни таклиф бергандик. Бугун болалар билан гаплашиб, улар 17 та халқ ўйинларини ўйнашётганини айтишганида жуда хурсанд бўлдим”, дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Зулфия Мўминова.
Фестиваль Наманган вилоятида бугун ҳам давом этди ва “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари яна минглаб юртдошларимиз қалбига зиё улашгани Норин ва Учқўрғон туманларига йўлга чиқди.
Ҳар иккала туманда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари уч авлод вакиллари билан учрашишди.
Катта авлод вакилларининг соҳада эришган ютуқлари, фикрлари тингланди. Тадбирлар сўнггида санъаткорлар томонидан қўшиқлар ижро этилди.
Янги Наманган туманида эса хусусий корхонада “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари ишчи-ходимлар билан мулоқот ўтказди.
Ҳар бир ўзбекистонлик, аввало, ўз юртини яқиндан билиши лозим
Хабарингиз бор, Қашқадарё вилоятига ҳам “Маънавият фестивали” доирасида бир гуруҳ ижодкорлар, хусусан, шоирлар, зиёлилар, санъат соҳаси вакиллари ташриф буюришган.
Фестиваль доирасида ташкил этилган тадбирлардан бирида таниқли актёр Ҳамид Тошпўлатов инсон аввало ўз юртини яқиндан билиши, унинг тарихи билан танишиши кераклигини айтиб ўтди.
“Кўпчилигимиз хорижга сафарга чиқишни орзу қиламиз. Борсак, расмларга тушсак, инстаграмга жойласак ва лайк йиғсак...
Ўзбекистонни-чи?! Ўз юртимизда саёҳат қилиш, уни борича билиш, чет элликлар ҳавас қиладиган табиатини кўз-кўз қилсак-чи? Биз бирлашсак Ўзбекистон номи Швецариядан олдин янграмайдими? Мен бугун юртимизнинг ўзим кўрмаган, бормаган жойлари билан танишдим. Тандир гўшт таъмини ишонсангиз бирор мангал гўштлардан тополмайсизлар. Китобу Деҳқонобод ҳавоси, табиати манзараси-чи?
Умуман мен хорижга чиқманглар, ҳавас қилманглар демоқчи эмасман. Аммо, аввало юртимизнинг тарихи ва бугунини билишимиз керак деб ўйлайман”, дейди актёр.
Вилоятда турли тадбирлар кўтаринки руҳда ташкил этилди. Хусусан, “Уч авлод учрашуви” вилоятнинг деярли барча туманларида ташкил этилди. Унда кексалар ўзларининг ҳаёт тажрибаларини айтиб беришган бўлса, ёш авлод томонидан турли қизиқарли ўйинлар ташкил этилди.
“Аждодларга эҳтиром” лойиҳаси доирасида эса Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий зиёратгоҳига ташриф буюриб, ўтганлар ҳаққига дуолар қилинди.
Шунингдек, Шаҳрисабз туманидаги Мираки санаторийсида ташкил этилган тадбирда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари шоир Бобур Бобомурод, актёр Ҳамид Тошпўлатов, хонандалар Саидакбар Холматов, Бахром Усмонов ва Сардор Бекмуродовлар иштирокчиларга юқори кайфият улашишди.
Муборак, Шаҳрисабз, Қамаши каби туманларда гала-концерт бўлиб ўтди. Уларнинг ҳар бирида мингга яқин аҳоли иштирок этди.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ