“Тай аға”нинг  “тоға”га айланиши – этимология


Сақлаш
18:48 / 12.07.2024 475 0

Биласизми, ўзбек тилида қариндошликни билдирувчи сўзларнинг кўплиги сўзловчи учун анча қулайлик туғдиради. Дейлик, биргина “тоға” дейиш билан гап онанинг ака/укаси ё она томондан эркак қариндош ҳақида эканлиги англашилади. Ота қариндошларни эса “амаки” деймиз. Инглиз, француз, рус ва ҳоказо тилларда бу қулайлик йўқ, яъни уларда “тоға” ва “амаки” бир сўз билан ифодаланади (инглиз: “uncle”; француз: “oncle”; рус: “дядя”).

 

Манбаларга таяниб айтиш мумкинки, илгари туркий тилларда бундай сўзлар яна ҳам кўпроқ бўлган. Лекин, афсуски, уларнинг аксари бошқа тиллардан ўзлашган сўзлар эвазига унутилган. Дейлик, “амаки” ҳам ярим арабий, ярим форсий сўз (ъам+ак+и), бугун биз ота қариндошларни: “амаки ака”, “амаки ука”, “амаки бува”... деймиз. Аммо “амаки” ҳали ҳам шеваларга бутунлай сингиб улгурмаган, айтайлик, ҳозир ҳам шеваларда отанинг ака-укаси ёки амакиларга “ака” деб мурожаат этилади.

 

Хўш, “амаки” тилимизга ўзлашмасдан олдин шу маънодаги бошқа бир туркий сўз бўлганми?

 

Ҳа, бўлган. Қадимги туркийда “аб”, “аба” сўзлари – “ота”, “бобо” маъноларини билдирган. Айтайлик, туғишган ака, укага нисбатан “ака”, “ука”, “оға”, “ини” дейилса, баъзи туркий лаҳжаларда уларнинг олдига “аб” сўзини қўшиб: “абаға” (аб оға), “абака” (аб ака), “авақа” каби сўзлар ясалган. Яъни, бу сўзлар айнан отанинг ака-укалари, ота томондан эркак қариндошларга нисбатан ишлатилиб, бугунги “амаки” маъносини билдирган.

 

Она қариндошларни аташ учун эса махсус “тай” олд қўшимчасидан фойдаланилган. Дейлик, “тай оға” – тоға, “тай ота” – она томондан бобо, “тай она” – она томондан буви, “тай äжä” – онанинг опаси ё синглиси, хола ва ҳоказо. Қирғиз тилида ҳозир ҳам “хола, яъни онанинг опаси ё синглиси” маъносидаги “таеже” сўзи сақланган. “Ўзбек халқ шевалари” китобида келтирилишича, Наманган ҳудудида яқин йилларгача ҳам “она қариндош” маъносида “тай” сўзи ва шу сўз иштирокидаги “тай ɔтǝ”, “тай ɔнǝ” каби сўзлар қўлланилган (ЎХШЛ. Т. 1971. 355-бет). “Этимологический словарь тюркских языков” луғатида турли туркий тиллардаги: “тайаба” (хакас: “она томондан бобо”), тайне (олтой: “тай она”), “дайка” (гагауз: “дай ака”), “тäiнäк” (шор: “она томондан буви”) каби сўзлар келтирилади (ЭСТЯ. III. 128).

 

Мутахассисларга кўра, қадимги туркий ёки прототурк тилида “тай” (“дай”) сўзи – “она” маъносини англатган бўлиши мумкин. Шундай қилиб, “тоға” ҳам “тай” ва “оға” сўзларини қўшиш йўли билан ясалган, деб қаралади. “Ўзбек тилининг этимологик луғати” муаллифи Шавкат Раҳматуллаев бу эврилишни шундай кўрсатади: тай + аға = тайаға > та:ға > тâғä (ЎТЭЛ. I. 352).

 

“Девону луғотит-турк”да бу сўз: “тағай” (تَغاىْ) шаклида келтирилади. (Аммо “Девон”нинг ўзбекча нашрида унинг “амаки” деб изоҳланиши, бизнингча, тўғри эмас, Басим Аталайнинг туркча нашрида эса – “dayi”, яъни “тоға” деб тўғри ўгирилган (ДЛТ. III. 256; DLT. III. 238).

 

“Девон”да “тағай” шаклининг келтирилиши унинг бирламчи кўриниши “тағай” бўлганми ёки “тай”ми? деган савол туғдиради. Агар олмон туркшуноси Герҳард Дорфер мулоҳазаларига таянилса, “тағай” бирламчи бўлиши ҳам мумкин (тағай > та:ай > тай).

 

Биз “тағай” шаклини туркшуносликка оид яна бир муҳим манбада учратдик. Бу манба XIII-XIV асрларда европалик миссионерлар томонидан кумонлар, яъни Қирим яриморолида яшаган туркий халқлар, асосан қипчоқлар ўртасида насронийликни жорий этиш мақсадида тузилган луғат – “Кодекс куманикус”дир. Унда ушбу мақолада мушоҳада этилаётган икки сўз: “абаға” ҳамда “тағай” сўзлари учрайди. “Кодекс”да “абаға”– “abaga” шаклида келтирилган ва лотинчада “auunculuc”, яъни: “амаки” деб, “тағай” (“tagay”) эса  “consanguineus”, яъни “қондош” деб изоҳланган. Бу икки сўзнинг мазкур луғатда келтирилиши XII-XIII асрларда “абаға” ва “тағай” қипчоқ туркчасида фаол бўлгани ва кенг тарқалганини кўрсатади.

 

Шу ўринда яна бир муҳим манба хусусида тўхталиб ўтиш жоиз. Маълумки, XIII асрдан Мисрда келиб чиқиши қипчоқ туркларидан бўлган мамлуклар ҳукмронлиги бошланади ва бир неча аср давом этади. Ўша даврда турк тилини арабларга ўргатиш ёки турк тилли ҳукмдорларнинг араб ерларидаги ҳукмронлиги учун қўлайлик яратиш мақсадида бир неча туркча-арабча луғатлар яратилган. Шундай луғатлардан бири XIV асрда Жамолиддин ат-Туркий томонидан битилган “Китабу булғатул-муштақ фий луғатит-турки вал-қифчақ” (“Турк ва қипчоқ тилларини ўрганишни истовчилар учун етарли даражада бўлган қўлланма”) асаридир. Мазкур луғатда ҳам “тай” (“طاى”) ва “тай езе” (“طاى ازا”) сўзлари келтирилган ва “тай” – “она томондан қариндош” деб, “тай езе” (тайеже) – “хола” деб изоҳланган.

 

“Тай”, “тағай” сўзлари фақат қипчоқ ва қарлуқ лаҳжалари эмас, балки ўғуз туркчасида ҳам кенг тарқалган. Фақат у ўғузларда, жумладан Хоразм шевасида ҳам, “тай” эмас, “дай”, яъни “д”лашган шаклда, “тоға” эса – “да:йи” деб талаффуз этилади. Маълумки, қорлуқ ва қипчоқ шеваларидаги “т” товуши ўғуз шеваларида кўпинча “д”га айланиб, “ғ” товуши баъзан талаффуз қилинмайди. Шу қоидага кўра, “дайи” сўзининг келиб чиқишини мутахассислар шундай тушунтиради: дастлаб “тағай” сўзига учинчи шахс эгалик қўшимча “и” қўшилиб “тағайи” (“тоғаси”) ҳосил бўлган, ўғуз шеваларида “т” товуши “д”лашиб, “ғ”нинг тушиб қолиши натижасида “да:йи” шаклига келган. “Этимологический словарь тюркских языков” луғатида “дай” ўзагидан ясалган қатор сўзлар келтирилади: “да:йы” – “тоға”, “дайка” (дай+ака) – “тоға”, “дайза” (дай+эжа) – “хола”, шунингдек, diyaza, diyeze, deyze, dēze – буларнинг ҳаммаси “хола” маъносида (ЭСТЯ. III. 127).

 

Ўғузча “дайи” кейинчалик форс тилига ҳам “дойи” (دايی) шаклида ўзлашган ва ҳозирги кунда Эронда “дойи” деганда “тоға” тушунилади.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//