2023 йил, август ойи. Янги ўқув йили олдидан ижтимоий тармоқларда сурхондарёлик мактаб директорининг фикрлари катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Айни кунларда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовни тақдирлагани яна эски мавзунинг ёдга олинишига сабаб бўлди. Хўш, нега ҳокимнинг тақдирланиши ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан эътирозларга сабаб бўлмоқда? Гап ўзи нимада? Ойина.уз нашри воқеалар хронологиясини сизга тақдим этади.
Ҳоким ва мактаб директорининг «баҳс»и
Бундан бир йил олдин ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунованинг вилоят ҳокими билан жанжаллашгани акс этган видео тарқалди.
Гап шундаки, видеода Улуғбек Қосимов директорни ўрнидан турғазиб, «мактабдаги муҳитни бузганлик»да, «вилоятни бутун дунёга шарманда қилганлик»да айблаб, изза қилишга уринган. Бироқ раҳбар аёл ҳам гапдан қолмаган.
«Менинг нима айбим борки, ишдан оляпсиз? Муҳитни буздинг, дейсиз, нима муҳитни буздим мен? Мактабнинг томорқасигача сотиб юборишяпти, шунча ёзяпмиз, индамайди ҳеч ким. Аҳволни ўрганадиган одам йўқ, ҳаммасининг тили бир. Ўзи 20 февралда ишга келган бўлсам, нима қилибман мен?», деган мактаб директори.
Вилоят ҳокими эса директорнинг сўзларини эшитишни истамай, бир неча бор «ҳаққи йўқ» эканлигини таъкидлайди.
«Нима учун ҳаққим йўқ экан? Милтиқ бўлса, отиб ташланг мени. Аввал бориб кўринг, мактабнинг нима муаммоси борлигини билинг. Буларнинг ҳаммасининг тили бир, мени судланган деяпти. Қачон судландим мен?…
Жаноб вилоят ҳокими, милтиқни олингда, мени отиб ташланг. Сизга тўғри маълумот киритадиган одамнинг ўзи йўқ экан ёнингизда. Ҳақиқатни энди мен айтаман, шу ерда охиригача ўтираман ва ҳамма гапни эшитаман. Вилоят ҳокимига тўғри маълумот киритиш керак эди», дейди директор.
Гап ўзи нимада?
Ҳеч бир иш бесабаб бўлмаганидек, аёлдаги жасорат ҳам ўз-ўзидан юзага чиқиб қолмаган. Умида Турсунова аслида 2021 йилда ҳам мазкур мактабда директор лавозимида фаолият юритган. Аммо бир гуруҳ ўқитувчилар унинг устидан расмий идораларга шикоят қилишган ҳамда ОАВ орқали суриштирув ўтказишга уринишган. Орадан маълум вақт ўтгач унинг ишдан олиниши ноқонуний деб топилади ҳамда 2023 йил 10 февраль куни қайта лавозимига тикланади. Аммо бу курсини узоқ муддат эгаллай олмади.
Қамоқ ечимми?
Яна мажлислар залига қайтамиз. Мажлисдан аёлни ички ишлар ходимлари олиб чиқиб кетган. Барчаси шу билан тугамаган. Барчага таниш сценарий: ҳокимга қарши гапирган аёл ҳибсга олинади, унинг ортидан турли миш-мишлар тарқатила бошлайди. Шуни таъкидлаш лозимки, қонун устувор жамиятда тортишув сабаб кимдир қамалиши, текширувлар бошланиши каби ҳолатлар ўринли эмас. Боиси ҳоким ҳам қонун олдида тенг. Унинг кимнидир ҳаддини билдириб қўйишга ҳаққи йўқ, аслида.
Ҳилола Умарованинг чиқиши
Шундан сўнг, Мактабгача ва мактаб таълими вазири «уйғонди». Ҳилола Умарова ҳам ҳолатга муносабат билдириб, Умида Турсунова маъмурий қамоқ жазосидан озод қилинганини ва ҳолат шахсан унинг назорати остида эканини телеграм каналида маълум қилган.
«Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори билан боғлиқ вазиятни шахсан ўз назоратимга олдим. Мактаб директори айни дамда маъмурий қамоқ жазосидан озод этилди. Шу ўринда таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир шахс ўз муомала маданияти билан барчага ўрнак бўлиши лозимлигини эслатиб ўтмоқчиман», деб ёзади у.
Воқеадан бир кун ўтгач эса Умарованинг собиқ директор билан телефон орқали мулоқот қилгани акс этган видео тарқалди.
Нимаси ажабланарли?
9 июль куни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовни «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирлади. Тақдирландию, ижтимоий тармоқларда яна директор ҳамда ҳокимнинг суратлари айлана бошлади.
Мактаб директори билан қўпол муомалада бўлган ҳокимни «Таълим ҳомийси» деб эътироф этилиши ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида эътироз ва кенг муҳокамага сабаб бўлди. Бу ҳаракатни педагог, ўқитувчиларга нисбатан ҳурматсизлик, деб баҳолашмоқда. Вазирлик бу масалада ҳеч қандай муносабат билдирмаган.
Тарих
Жараён
Тарих
Жараён
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ