Илгари “малика”, “саида”, ҳозир эса оддий хотин. Бир сўзнинг эврилиш тарихи


Сақлаш
16:02 / 09.07.2024 638 0

Хотин

 

“Хотин” деганда биз ҳозирда “турмушга чиққан аёл” ёки “эр” сўзининг зиддини тушунамиз, “эр-хотин” деймиз, яъни турмушга чиқмаган қизга нисбатан хотин дейилмайди.

 

Айни пайтда, “хотин” – жуда қадимий сўз ва у энг қадимги туркий ёдгорликларда ҳам кўп учрайди, шундай обидалардан бири – VIII асрга оид Култегин тошбитиги, ундан бир жумла келтирамиз: “Отам Элтариш хоқон (матнда: “қаған”)ни ва онам Элбилга қатунни Тангри юксаклигида тутиб (эл устидан) юқори кўтарди” (“kaңым Ilтäрiс kақанық, öгiм Ilбilгä kатунық Тäңрi тöнäсiнтä тутып jöгäрў кöтурмiс äрiнч”. С.Е.Малов. Памятники древнетюркской писменности. 1951. 29).

 

Гувоҳи бўлганимиздек, бу сўзнинг қадимий кўриниши – “қатун” ва у ҳозиргидай оммавий эмас, балки фақат ҳукмдор оила аёлларига нисбатан ишлатилган, яъни “хоқоннинг хотини” ёки “малика”, “ҳукмдор аёл” маъноларидаги УНВОН бўлган. Унвон маъносида бу сўз биринчи-иккинчи, Шарқий-Ғарбий Турк хоқонликларида қўлланган. Шундай қилиб, “Қатун” – бу унвондир.

 

Кўктурклардан бироз кейин – Қорахонийлар хоқонлиги даврига (IXXIII) оид манбаларда ҳам бу сўз айни шаклда учрайди. Хусусан, ўша даврда яшаган бобомиз Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит-турк”да уни шундай изоҳлайди: “قاتوُنْ қатун – Афросиёб қизларидан бўлганларнинг номи. Мақолда шундай келган: хан ïшï болса, қатун ïшï қалïр – хоқоннинг иши бўлса, хотин иши қолдирилар” (ДЛТ. I. 1960. 388). Маълумки, Қорахонийлар ўзларини Афросиёб ёки Тўнга Алп Эр авлодлари деб билганлар, Кошғарийнинг “қатун” сўзига келтирган мазкур изоҳи ҳам шу билан боғлиқ бўлиши мумкин. “Девон”да яна бир шеърда ҳам “қатун” сўзига дуч келамиз:

 

“Тўркäн қатун қутïңа

Тӭгўр мӭндiн қошïғ,

Аjғïл сiзнiң табуғчï,

Отнур jаңï табуғ” (ДЛТ. I. 357)

 

Маъноси:

 

“Малика хотун ҳузурига

Еткур мендан қўшиқ (қасида, мақтов),

Айтгил сизнинг хизматчингиз

Ўтинур янги хизмат (яъни, янги хизмат сўрайди)”

 

Бу шеърда қатун деярли хоқонга, арзларни эшитувчи ҳукмдорга тенглаштириляпти.

 

Яна бир қизиқ жиҳат, қадимда “қатун” сўзидан “қатунланди” шаклида феъл ҳам ясалган экан, аммо у асло ҳозирги тилимиздаги: “қиз хотинга айланди” маъносида эмас, хусусан, “Девон”да унга шундай изоҳ берилади: “Қатунландï: урағут қатунланди – аёл қатунларга ўхшади, улар даражасига етди” (ДЛТ. III. 223). Бу ерда ҳозирги тилимиздаги “хотин”, “аёл” маъносида – “урағут” сўзи ишлатиляпти, унинг “қатунланиши” эса – қуйи табақага мансуб урағутнинг (аёлнинг) ҳукмдор табақага мансуб асилзода аёлга – қатунга тенглашиши, муайян ижтимоий мавқеъга эришганини билдиради.

 

“Хотун” сўзи сўғдчами?

 

Ғарбий Турк хоқонлигида нафақат хоқон оиласига мансуб аёллар, балки уларнинг жойлардаги ноиблари – тудунларнинг аёлларига нисбатан ҳам “қатун” унвони қўлланган кўринади. Хусусан, Ғарбий Турк хоқонлиги инқирозидан кейин Бухорода қисқа муддат ҳокимиятга келган Бухорхудотлар сулоласининг биринчи ҳукмдори – Бидун (Тудун) бўлган бўлса, унинг вафотидан кейин, то араблар истилосигача Бидуннинг хотини – Хутак Хотун Бухорода ҳукмронлик қилган. Бухорхудотларга сўғд тилли сулола деб қаралади, айни пайтда “қатун” сўзи ҳам сўғдча “ҳукмрон аёл”, “ҳукмроннинг аёли” маъносидаги “xwatyn” сўзидан туркчага ўзлашган деган қараш мавжуд. Бошқа бир тоифа мутахассислар эса аксинча, бу сўз туркча этимологияга эга деб ҳисоблайди, “Фарҳанги забони тожики” луғатида эса “хотун” сўзи ҳаттоки “мўғулча” деб кўрсатилган (ФЗТ. М. 1969. 497). Ўйлаймизки, бу баҳсли ҳолатга келажак тадқиқотлари аниқлик киритади.

 

Умуман, кейинги даврларда ҳам “қатун” исми барча туркий ҳукмрон сулолаларда унвон сифатида қўлланганини тарихдан биламиз. Хусусан, Салжуқийлар давлатида барча маликалар “туркан қатун”, “қатун” деб аталган. Ануштегин-Хоразмшоҳлар сулоласидан Муҳаммад Хоразмшоҳнинг онаси, Жалолиддин Менгубердининг бувиси ҳам – Туркан Хотун эди. Бундан ташқари, Ҳиндистон, Миср ҳудудларида ҳукмронлик қилган мамлуклар ёки туркий сулолаларда ҳам бу анъана сақланган. Мисол учун XIII-XIV асрларда Мисрда қипчоқлар (мамлуклар) ҳукмронлиги даврида яратилган муҳим асар – “Ат-туҳфатуз-закияту фил-луғатит-туркия” (“Туркий тили (қипчоқ тили) ҳақида ноёб туҳфа”) луғатида ҳам бу сўз “хотун” шаклида келтирилган ва араб тилида “ҳукмдор аёл, хоним” маъносида: “хотун – саййида” (“خاتون ــ سيده”), деб изоҳланган (“Ат-туҳфа”. Т. Фан”. 1968. 66-бет).

 

Шунингдек, усмонлиларда ҳам султонларнинг хотинларига нисбатан “hotun” деб айтилганини биламиз, айни пайтда, усмонли туркчасида “аёл” маъносида бу сўзнинг “kadin” шакли ҳам сақланган.

 

Ёки мўғулчами?

 

Юқорида биз “Фарҳанги забони тожики”да “хотун” сўзи мўғулча деб нотўғри кўрсатилганини айтдик, аслида бу ҳам бежиз эмас, чунки “қатун” Чингизийлар даврида ҳам фаол истеъмолда эди.

 

Чингизхоннинг келиб чиқиши ҳақида XIII асрда, қадимги мўғул тилида битилган муҳим бир манба мавжуд, бу обида ҳозирда “Мўғулларнинг яширин тарихи” деб аталади. Мазкур асарда ҳам биз “қатун” сўзига кўп дуч келамиз, жумладан, асарда Чингизхоннинг татарлар бошлиғи Йеке Череннинг қизлари опа-сингил: Йесуген ва Йесуйни хотинликка олиши ҳикоя қилинган 155-параграфида уларнинг номлари: Yäsügän-qadun, Yäsüi-qadun деб ёки бошқа ўринда Найман хони Таянхоннинг онаси – Гурбесу қатун (Gürbäsü qadun) деб тилга олинади. Асарда “қатун” сўзи худди Турк хоқонлиги давридаги каби “хоқоннинг, хоннинг хотини” маъносида келган, ҳозирги тилимиздаги “хотин” маъносида эса мўғулча “ämä” сўзи ишлатилган.

 

Умуман, чингизийларга турк оламига четдан кириб келган, деб қараш тўғри эмас, чунки Чингизхон қурган салтанат тўлиқ Турк хоқонлигининг давомидир, дейлик, Кўктурклар даврида ҳукмдор – “қаған” (хоқон) дейилган бўлса, “Мўғулларнинг яширин тарихи”да ҳам Ambaqaï-qahan, Altan-qahan, Činggiz-qahan деб ўқиймиз, шунингдек, кешиктен, қоровул, боронғор, жовонғор, ғул каби юзлаб атама ва анъаналарнинг илдизи Турк хоқонлиги даврига бориб тақалади.

 

“Аёл”нинг туркчаси

 

Савол туғилади: Хўш, илгари “қатун” деб фақат ҳукмдор оила аёлларига нисбатан айтилган экан, оддий аёллар унда қандай аталган? Ёки араб тилидан ўзлашган “аёл” сўзидан олдин туркийда бундай сўз бўлмаганми? Албатта, бўлган, бўлганда ҳам кўп бўлган, биргина “Қутадғу билиг” асарида бобомиз Юсуф Хос Ҳожиб шундай сўзлардан бир эмас, бир қанчасини келтиради. Қуйида шундай сўзлардан баъзиларини кўриб чиқамиз.

 

Эвлик

 

“Қутадғу билиг”да бир боб: “Хотиннинг қанақасини олмоқликни айтади” (“Эвлик нэкү-тэг алмақны айур”) деб номланади ва унда Ўгдулмиш Ўзғурмишга қандай қизга уйланиш маъқуллигини маслаҳат беради. Мазкур бобда “турмушга чиққан аёл”, яъни “хотин” маъносида қўлланган сўзлардан бири – “эвлик” ва боб: “қалы эвлик алмақ тилǝсǝ өзүң”, яъни “агар ўзинг хотин олмоқни истасанг” сўзлари билан бошланади. Бу мисрадаги “хотин” маъносидаги “эвлик” сўзи – “эв”, яъни “уй” ўзагидан ясалган. “Девону луғотит-турк”да ҳам бу сўз бир шеърда: “Ӭwlўк урï кӭlдiрмiшчä...” (“Хотин ўғил туққандек...”) шаклида келган.

 

Киси

 

“Қутадғу билиг”да кўп ўринларда “хотин” маъносида “киси” сўзи ҳам қўлланган: “киси алғу эрсǝң ...” (“хотин оладиган бўлсанг...”) каби. Маҳмуд Кошғарий “Девон”да бу сўзни “кис” шаклида келтиради ва шундай изоҳлайди: “кiс – хотин. اَنِک کِسیِ анïң кiсi – унинг хотини. Бу ерда изофа йўқдир. Баъзилар изофали қилиб: “ол кiсi алдï” – “у хотин олди” деб қўллайдилар” (I. 318). Демак, Кошғарийга кўра, бу сўзнинг асли “кис”, “киси” деганда сўз охиридаги “и” товуши – эгалик қўшимчасидир.

 

Эчи

 

“Қутадғу билиг”да бу сўз бир ўринда: “эчи қулы”, яъни “хотин қули” иборасида ишлатилган. Аслида, бу сўз “эвчи”, яъни “эв” ўзагидан ясалган бўлиб, “уйчи” маъносида. Баъзи лаҳжаларда бу сўз – “авчи”, “абчи”, “апчи” шаклларида ҳам талаффуз қилинган. XIII асрда европалик миссионерлар томонидан кумон-кипчоқ тилларини ўрганиш учун яратилган “Кодекс куманикус” луғатида бу сўз – “epci” (“эпчи”) деб қайд этилган ва “аёл” деб изоҳланган, мазкур луғатда бошқа бир ўринда бу сўз “epic” (“эпич”) шаклида ҳам келтирилиб, “хотин” деб ўгирилган.

 

Тиши

 

“Қутадғу билиг”да “аёл”, “хотин” маъносида қўлланган яна бир сўз – “тиши”, хусусан, унда: “тиши көрки қылқы”, яъни “хотин киши кўрки (чиройи) – хулқи (қилиғи)”, деган отасўз келтирилади. Маҳмуд Кошғарий “Девон”да бу сўзга: “тiшi – ҳар нарсанинг урғочиси” (III. 244) деб изоҳ беради. Бу сўз “аёл киши” ёки ҳайвонларга нисбатан “урғочи” маъносида кейинги даврлардаям фаол истеъмолда бўлган. Хусусан, XIV аср адиби Қутб “тиши” сўзини “Хисрав ва Ширин” достонида “аёл киши” маъносида қўллаган, шу даврда яратилган “Наҳжул-фародис” асарида “аёл киши” ва ҳайвонга нисбатан “урғочи” маъносида, “Кодекс куманикус”да “урғочи” деб келтирилган. Шунингдек, бу сўзни Навоий ҳам ўз асарларида қўллаган бўлиб, “Навоий асарлари луғати”да унга: “тиши – ҳайвон ва қушларнинг урғочиси”, деб изоҳ берилган (НАЛ. 1972. 610). Бу сўзнинг шу маънодаги хитойча “тсичши” (妻子) сўзига алоқаси бор-йўқлиги ўрганилмаган.

 

Ишлар ва иши

 

Қадимги туркий ёдгорликларда “юқори табақага мансуб асилзода аёл, хоним” маъносидаги “иши” сўзи ҳам кўп учрайди. Мисол учун Турфан битикларидан олинган: “Бегкä ишикä иналғил” – “Бекка ва унинг хотинига инонгин”, жумласида “иши” деб бекнинг хотинига нисбатан айтиляпти.

 

“Девону луғотит-турк”да бу сўз “ишлар” шаклида келтирилади ва шундай изоҳланади: “iшläр – хотин; асли اِشيِلارْ “iшijläр” – “хоним” демакдир. Кўп қўлланганидан, енгиллик учун ى ҳарфи туширилган. Бу сўз кўпликдадир, лекин бирликда ҳам қўлланади. Бунинг аталиш воқеаси узоқдир” (ДЛТ.  I. 140). Чамаси, Кошғарий замонига келиб “ишлар” сўзи “хоним” маъносида кўпроқ бирликда ишлатилган, хусусан, “Девон”да бошқа бир ўринда “iшläр билазўкландi – хотин билагузук тақди” мисолида ҳам бирликда келган. “Древнетюркский словарь”да бу сўзнинг учала шакли (иши, ишилар, ишлар) ҳам изоҳланган ва “ишилар”га “Олтин Йаруқ” ёдгорлигидан “эранлар ёки хонимлар” маъносидаги: “эранлар азу ишилар” мисоли келтирилган. Бу сўз “ўртоқ”, “дўст” маъносидаги “эш” ўзагидан эканлиги англашилади, қадимда “эш”нинг “оила”, “турмуш ўртоғи” каби маънолари ҳам бўлган, дейлик, “бекнинг эши” деб “бекнинг турмуш ўртоғи” маъносида айтилган. Ҳозир ҳам усмонли туркчасида “хотин, рафиқа” маъносида “eş” сўзи қўлланади.

 

Урағут

 

“Девон”да бу сўз қисқача: “урағут – хотин” деб изоҳланган бўлса-да (I. 157), бошқа ўринларда ҳам унга кўп дуч келамиз, мисол учун: “урағут сарағучланди – хотин бош ёпинчиқли бўлди”, “урағут қатунланди – хотин хонимларга ўхшади, тенглашди”, бу ҳақда биз юқорида ҳам тўхталдик. “Урағут”нинг юқорида келтирилган “хотин” маъносидаги бошқа сўзлардан фарқи, бизнингча, унинг луғавий маъноси бевосита жинс билан боғлиқ. Ҳозир тилимизда жинсни билдирувчи ҳайвонларга нисбатан ҳам ишлатиладиган “урғочи” сўзи бор, бу сўзнинг қадими кўриниши – “урқачы” бўлган, аслида мазкур икки сўз: “урағут” ва “урқачы” бир ўзакдан – қадимги “уриқ” (“уруғ”) ўзагидан ясалиб, “уруғ, яъни насл ташувчи” маъносига эга бўлган.

 

Аёл

 

Кўрдикки, ҳозирги тилимиздаги “хотин” ёки “аёл” сўзлари ўрнида қадимги туркийда бир эмас, бир қанча сўзлар қўлланган экан. Одатда бошқа тилдан сўз олиш – тилнинг бойиши омили деб ишонилади. Аммо юқорида келтирилган мисоллардан бунинг тескарисига гувоҳ бўлиб турибмиз, яъни араб тилидан ўзлашган биргина “аёл” шу маънодаги барча туркий сўзларимизни тилимиздан сиқиб чиқаряпти. Илгари “малика, саида” маъносида бўлган “қатун” ҳам “тожу тахтидан ажралиб” бугунги кунимизга оддий хотин бўлиб етиб келибди. Унинг ўрнини ҳам арабча “малика” эгаллабди. Хўш, “аёл” қандай сеҳрли сўз ва қандай луғавий маънога эга?

 

Бу сўз арабча: “боқмоқ, қарамоғига олмоқ, ғамхўрлик қилмоқ” каби маъноларни билдирувчи арабча: عول “ъаула” ўзагидан ясалган бўлиб, “эркак кишининг қарамоғидаги шахс” деган луғавий маънога эга. “Оила” сўзи ҳам шу ўзакдан. Дастлаб бу сўз “аҳли аёл” шаклида қўлланилиб, “аҳли аёл” деганда фақат аёллар эмас, балки бирор кишининг қарамоғидаги, оиласидаги барча шахслар, болалар, бутун оила аъзолари тушунилган. Кейинчалик бу ибора “аёл”га айланиб, ўзбек тилида “аёл” сўзи ҳозирги маънода, яъни русча “женщина”, инглизча “woman” маъноларида қўлланилиб кетган. Аслида араб тилининг ўзида “аёл” маъносида “амраъа”, “нисаъ” каби бошқа сўзлар ишлатилади.

 

Хуллас, ҳозирги тилимизда “аёл” сўзи инглизча “woman” маъносида қатъий ўрнашди, “хотин” деганда барча турмушга чиққан аёллар тушуниладиган бўлди. Юқорида келтирилган мазкур маъноларни билдирувчи бошқа барча туркий сўзлар, афсуски, унутилди.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//