Ёзги мутолаа учун энг яхши тўққиз фантастик китоб


Сақлаш
19:20 / 09.07.2024 545 0

Болалигимда фантастик жанридаги асарларни жудаям яхши кўриб ўқирдим. Улардаги биз билган дунёдан ўзгача, янгича воқеликлар ёки келажакда юз бериши мумкин бўлган жараёнлар тасаввур дунёйимни бойитиб, ранг-баранг қилиб юборарди. Бугун ана шундай, ўзим севиб ўқиган ва таъсирланган энг яхши фантастик жанрдаги китобларнинг бир нечтасини тавсия қиламан.

 

1. «Одам-амфибия», Александр Беляев

Аргентиналик доктор ва жарроҳ Сальвадор ўғли Ихтиандрнинг умрини сақлаб қолиш учун унинг танасига акула жабрасини жойлаштиради. Тажриба муваффақиятли якунланади, аммо Ихтиандр энди океандан ташқарида узоқ пайт юра олмасди, аксар вақтини сувда ўтказишга мажбур бўларди. Марварид овчиси Педро Зурита эса Ихтиандр ҳақида билиб қолади ва унинг ғайриинсоний қобилиятларидан фойдаланмоқчи бўлади…

 

2. «Тимелесс: Рубин китоби», Гир Кристен

Лондонда яшайдиган 16 ёшли Гвендолин Шеппард исмли қиз тасодифан ўзининг катта бувисидан мерос қолган ноёб вақт аро саёҳатчи генига эга эканини аниқлайди. Энди қиз ҳар куни ўтмишга саёҳатга отланар ва турли сирларни ошкор қиларди.

 

3. «Сув остида 80 минг километр», Жюл Верн

1866 йил бир неча давлат кемалари номаълум денгиз махлуқни учратишганини айтишади. Натижада АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида махлуқни топиб, йўқ қилиш учун экспедиция уюштирилади. Роман ҳикоячиси профессор Пер Аронакс ҳам экспедицияга таклиф қилинади. Унга канадалик гарпунчи Нед Ланд ва Аронакснинг хизматкори Консел ҳам қўшилади. Ва ҳаммаси шундан кейин бошланади…

 

4. «Доктор Моро ороли», Герберт Уэллс

Роман бош қаҳрамон Эдуард Прендик тилидан ҳикоя қилинади ва унда кема ҳалокатга учраб, сирли оролга тушиб қолиши ҳақида сўз боради. Бу оролда ўзининг ғайри-инсоний тиббий тажрибалари билан донг таратган доктор Моро қўним топган эди. Романда азоб, шафқатсизлик, ахлоқий масъулият, инсон ўзлиги ҳамда одамнинг табиий жараёнларга аралашуви фожиалари маҳорат билан тасвирланган.

 

5. «Омен», Девид Зелсер

У 6-ойнинг 6-куни соат 6:00 да туғилган. Ваҳий китобида башорат қилинганидек, дунёнинг охири, яхшилик ва ёмонлик кучлари ўртасидаги сўнгги тўқнашув келади ва унинг бошланиши шайтон ўғлининг инсон қиёфасида туғилиши бўлади. Асарни ўқиркансиз, бу маълумотларни нега келтирганимни билиб оласиз…

 

6. «Охирзамон нишоналари», Чингиз Айтматов

Роман воқеаси ўта шиддатли психологик можаролар ва тўқнашувлар заминига қурилган. Ер курраси ахлоқий муаммолар синаб кўриладиган полигонга айланган. Инсоният ҳалокат ёқасига бориб қолган. Бу ҳалокат ташқаридан келган эмас, балки бани одамнинг хатти-ҳаракатлари, мунофиқлиги, худбинлиги, ахлоқсизлиги оқибатида юзага келган. Дунё бедаво дардга чалинган, агар инсоният ижтимоий хасталиклардан фориғ бўлмас экан, интиқом муқаррардир. Китобни ўқиркансиз, аламли ўйлар ичингизни кемира бошлайди.

 

7. «Коинот оқимлари», Айзек Азимов

Асар бир халқнинг иккинчи халқ устига бостириб бориши ва ёппасига қул қилиши, уларнинг меҳнатидан фойдаланиб, фақат ўзи «нон ва ёғ»га эга бўлиши ҳақида ҳикоя қилади. Бундай мустамлакачилик охир-оқибатда қандай оқибатларга олиб келишини эса мутолаа давомида билиб оласиз.

 

8. «Рақамли қалъа», Ден Браун

«Рақамли қалъа» деб аталувчи ўта махфий дастур яратувчиси вафотидан сўнг, унга кириш пароли ҳам изсиз ғойиб бўлади. Энди Миллий хавфсизлик агентлиги четдан ёрдам олишга мажбур… Асар инсонларнинг электрон хавфсизлиги ҳақида ҳикоя қилади.

 

9. «Кўмилган дев», Казуо Ишигуро

Ўрта аср. Англия, қирол Артурдан кейинги давр. Кекса жуфтлик – Аксел ва Беатрис кўп йиллар давомида кўрмаган ўғилларини излаш учун йўлга отланишади. Улар яшайдиган қишлоқни қандайдир сирли туман қоплаган, натижада аҳоли ўтмишини унутади ва ҳатто бир соат олдин уларга нима бўлганини ҳам эслай олишмайди. Аммо улар қалбан ўғиллари борлигини ҳис қилиб туришарди. Асар қизиқарли сюжети ва сирлилиги билан ўқувчини «ушлаб» туради.

 

Жасурбек БОЗОРБОЕВ,

bookbloger

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//