Бугун “қуллуқ” деганда бировнинг хизматини қилиш тушунилмайди. “Қуллуқ” ва “қутлуғ” сўзлари таҳлили


Сақлаш
16:08 / 09.07.2024 584 0

– Қуллуқ бўлсин!

 

– Қуллуқ, қуллуқ, – деймиз қўлимизни кўксимизга қўйиб.

 

Лекин “қуллуқ”қа жавобан нега “қуллуқ” дейилишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Бир қарашда биринчи ва иккинчи жумладаги “қуллуқ” бир сўздай, аммо биринчи “қуллуқ” аслида “қутлуғ”, сингармонизм таъсирида кейинчалик “қуллуқ”қа айланган, шеваларда бу сўз “қулли”, “қуллиғ” деб ҳам айтилади, қозоқ ва қирғизларда – “қутты”, унинг ўзаги қадимги туркий сўз – “қут”, Кошғарий бобомиз унга “Девону луғотит-турк”да шундай изоҳ беради:

 

“Қут – бахт, давлат. قُتْلُغْ “қутлуғ” ҳам шу сўздан ясалган. Шеърда шундай келган:

 

Қут қувïғ бӭрсä iżiм қолïңа,

Кўндä ïшï jўксäбäн jуқар ағар, –

 

Маъноси: “Бахту омад берса Эгам қулига, кунда иши юксабон, юқори кўтарилар” (ДЛТ. I. 311). “Девон”да бошқа бир шеърда “қутлуғ” сўзи “баракали, қутли” маъносида келган: “Қïшқа ӭтiн, кӭlсä қалï қутлуғ jаj”, – “Қишга тайёрлан, келса агар баракали ёз” (ДЛТ. I. 111).

 

Умуман, “қут” сўзи илгари ниҳоятда фаол бўлган, ундан “қуталди”, “қутатти” (“қутли бўлди”) каби феъллар, “қутандï” (“қутланган”), “қутадғу” (“қутга элтувчи”) каби сифатдошлар ҳам ясалган. Ҳозир ҳам “қутламоқ”, “қутлов” каби сўзларни қўллаймиз.

 

Хуллас, биринчи “қуллуғ”имиз аслида – “қутлуғ”, энди иккинчи “қуллуқ”қа келсак, унинг ўзаги – “қул” ва “Девон”да унга: “Қул jағï ïт бöрi”, “қул – ёғий, яъни душман, ит – бўри”, мақоли келтирилади. Бу мақол қул ҳеч қачон эгасига дўст бўлмайди, имкон топса унинг молидан олиб, қочиш пайига тушади, ит ҳам ейдиган нарса топса ундан ўзини тия олмайди, деган маънода айтилган (ДЛТ. I. 324).

 

“Қул” деганда дастлаб умуман эркинликларга эга бўлмаган энг қуйи табақа вакили тушунилган, аммо кейинчалик бу сўз фалсафий маъно кашф эта бошлаган, масалан, “Қутадғу билиг”да “қул” – “Аллоҳнинг қули”, “банда” маъносида келган:

 

“Кэрǝк эмди қулқа өзи қуллуқын

Түгǝл қылғу булса байат тавфықын”, –

 

Маъноси: “Банда Тангри тавфиқига эришган бўлса, энди у ўз бандалик бурчини тугал бажариши керак” (ҚБ. 1971. 722).

 

Кейинчалик тасаввуфда “қул” муҳим истилоҳга айланди, хусусан турк машойихлари ва уларга эргашган шоирлар “Аллоҳнинг қули” бўлишни юксак мақом билиб ўзларини, дейлик, Қул Хожа Аҳмад, Қул Убайдий каби атадилар. Бобурнинг бир ғазалидаги: “Шаҳмен элга, вале сенга қулдурмен”, сатри ҳам шу маънода. Навоий асарларида ҳам “Шоҳким матлубиға қуллуқ буюрғай, ишқ эмас”, каби мисралар кўп учрайди. Махтумқули, Қурбонқули, Қулмуҳаммад каби “қул”ни киши отларига қўшиш удуми ҳам Исломдан кейинги даврларда бошланган.

 

Шундай қилиб, ўтган асрларда “қул” сўзи икки қарама-қарши қутбни: тўғри маънода – эрксиз, тутқун шахсни; кўчма, фалсафий-тасаввуфий маънода – юксак маънавий мақомни билдирадиган бўлди, борган сари аввалги салбий маъно кучсизланиб, фалсафий маъно қуюқлаша борди, Аллоҳнинг қули бўлиш – бу шараф, бахт, шу нуқтада “қул” сўзи ҳатто “бахт”, “давлат” маъносидаги қадимий туркий сўз – “қут”га яқинлашиб қолди.

 

“Қуллуқ” сўзининг ҳам дастлабки маъноси – қуллик, эрксизлик, тутқунлик, лекин Аллоҳга қуллик қилиш – бу шараф, кейинчалик бу унинг ижтимоий маъносига ҳам кўчган. “Қуллуқ” аслида “қуллуқ қилмоқ” иборасининг қисқартмаси, яъни ҳукмдор синф вакилига миннатдорчилик билдириш учун “қул бўлиб хизматингизни қиламан” деган маънода “қуллуқ қиламан”, “қуллуғингизни қиламан” дейилган. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да унга шундай изоҳ берилади: “қуллуқ – 1. миннатдорликни ифодаловчи сўз; раҳмат, миннатдорчилик; қуллуқ қилмоқ – қўлини кўксига қўйиб миннатдорчилик изҳор қилмоқ, таъзим қилмоқ: “Ҳасан овчи дарвозагача қуллуқ қилиб, орқаси билан юриб борди ва посбонлар қаршисида ўзини ростлади. Ш.Тошматов. Эрк қуши” (ЎТИЛ. II. 1981. 616). Мазкур мисолни қуллуқ қилиш одоби ёки этикетининг классик намунаси дейиш мумкин.

 

Бугун эса “қуллуқ” деганда кимнингдир хизмати, “қуллиги”ни қилиш тушунилмайди, балки ҳозирда унинг фақат “раҳмат”, “миннатдорчилик” маъноси сақланиб қолган. Энди яна сўзимиз бошида келтирилган мисолга эътибор қаратамиз:

 

– Қуллуқ бўлсин (қутлуғ, қутли, бахтли, баракали, давлатли, муборак бўлсин)!

 

– Қуллуқ (раҳмат, миннатдорман)!

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14920
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//