Кўп асрлар давомида дин Марказий Осиё жамияти маънавий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келмоқда. Минтақадаги диний қарашларнинг асосий хусусияти синкретизм – турли хил эътиқодлар ва қадриятлар уйғунлигидир.
Минтақа ўзининг географик ва геосиёсий ўрни туфайли турли цивилизация ва маданиятлар, шунингдек, диний қарашлар ҳамда эътиқодлар ўртасидаги учрашув ва мулоқот жойига айланган.
Турли маданият ва конфессиялар вориси бўлган Марказий Осиё халқлари бугун ҳам Осиё ва Европа унсурларини ўзида мужассам этган ноёб маданий мозаикани ташкил этади. Минтақада деярли барча динлар, жумладан, зардуштийлик, буддавийлик, монийлик, насронийлик ва ислом ривожланган. Давлат дини қолган таълимот ва оқимларни сиқиб чиқарган бошқа мамлакатлар билан солиштирганда, бу ерда барча динлар тинч-тотув яшаганини кўриш мумкин.
Буддавийлик Марказий Осиё халқлари ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларда катта роль ўйнаб, нафақат ижтимоий тараққиётга, балки фалсафий ғояларнинг тарқалишига ҳам таъсир кўрсатди. Минтақа халқлари буддавийлик динини илк ўрта асрларда, Кушон подшоҳлиги даврида қабул қила бошлаган. Подшо Канишка Биринчи даврида буддавийликка алоҳида эътибор берилди. Бу даврда Кушонлар давлатининг чегараси Шарқий Ҳиндистондан Марказий Осиёгача, шу жумладан, Шарқий Туркистоннинг айрим ҳудудларигача чўзилган (Б.Ғофуров. Таджики. Древнейшая, древняя и средневековая история. Душанбе, 1989. Стр. 214–217).
Ҳудудда буддавийлик билан бир қаторда зардуштийлик ҳам ривожланган. Кўпгина олим ва тадқиқотчилар Марказий Осиё, хусусан, қадимги Хоразмни зардуштийлик ватани деб ҳисоблайди. Археологик тадқиқотлар зардуштийлик таълимоти ва унинг оловга сиғиниш анъаналарини ибтидоий хоразмликларнинг диний қарашлари билан боғлайди. Ушбу динда табиат ва у инъом этган неъматлар юксак қадрланган. Зардуштийликнинг асосий ахлоқий талаби ҳаётни асраб-авайлаш ва ёвузликка қарши кураш эди.
Монийлик зардуштийлик ва буддавийликдан бир қатор қарашларни ўзлаштириб, Марказий Осиёда ўз ўрнини топди. Бу эътиқод икки қарама-қарши тамойил – яхшилик ва ёмонликнинг табиатда ҳамда инсон қалбида ўзаро кураш олиб бориши ғоясини илгари суради.
Марказий Осиё аҳолиси орасида монийликнинг тарқалиши ҳақида кўплаб фактлар мавжуд. Жумладан, Абу Райҳон Беруний ёзганидек, “Мусулмон бўлмаган дунёга келсак, Хитой, Тибет ва Ҳиндистоннинг бир қисми аҳолиси бўлган шарқий туркларнинг кўпчилиги Моний ва унинг таълимотига эътиқод қилади” (Абу Райҳон Беруний. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар. Тошкент, 1957. 213-бет).
Марказий Осиёда шаклланган диний бағрикенглик маконига мазлум насронийларнинг кўчиб келиши ҳам ажабланарли ҳол эмас. Бу ерга келган биринчи насронийлар Шарқий Сурия (несторианлар), Ғарбий Сурия (якобитлар), шунингдек, православ мелкит черковларига қарашли эди. IV-V асрларда улар Византия томонидан таъқиб қилиниб, кейинчалик Шарққа кўчишга мажбур бўлган ва Марказий Осиёда қўним топган. Марв епископлиги ҳақида биринчи эслатма милодий 334 йилга тўғри келади. Сосонийлар ҳукмронлигидаги Эрон маданияти марказларидан бири бўлган Марвда ХI асрда православ митрополити хизмат қилган. Самарқандда эса ХIII асрда несториан митрополитининг қароргоҳи бўлган (В.Бартольд. О христиантстве в Туркестане в домонгольский период. Москва, 1928. Стр. 514).
Марказий Осиёда бошқа диндорлар орасида яҳудийлар жамоаси ҳам ўз ўрнини топди. Яҳудийлар Марказий Осиёга милоддан аввалги V асрда келиб ўрнашган. Уларга оид биринчи археологик далиллар 1954 йилда Туркманистонда – Марв ва Байрамалида олиб борилган қазишмалар пайтида топилган. Улар қадимги ибодатхоналар қолдиқлари ва яҳудий ёзувлари ҳамда исмлари бўлган кулолчилик парчаларидан иборат эди. Бу топилмаларнинг барчаси милоддан аввалги II ва I асрга, яъни Юнон-Бақтрия ва Парфия подшоликлари даврига тўғри келади (М.Дегтяр. Евреи Узбекистана – конец эпохи. https://www.cac.org.ru).
Диний симбиоз ва бағрикенглик ғоялари минтақада ислом таълимотининг шаклланишига ҳам таъсир қилмай қолмади. VIII асрда Марказий Осиёда кенг тарқалган ислом дини маҳаллий ахлоқий меъёрлар, миллий анъаналар, маданият ва турмуш тарзи билан уйғунлашиб, ўзининг бағрикенг таълимоти билан машҳур бўлган ҳанафий мазҳаби шаклида мустаҳкам ўрнашди.
Минтақага ислом динининг кириб келиши илмга туртки берди, унинг қамровини кенгайтирди ва ташқи дунёга тарқатди. Ҳудудда таълим ва фанга алоҳида эътибор қаратилди. Мусулмонлар даврида астрономия, математика, тиббиёт, фармакология ва география бўйича тадқиқотлар юқори чўққига чиқди. Абу Мусо ал-Хоразмий, Ал-Форобий, Ибн Сино, Ал-Беруний каби буюк алломалар ҳамда Бухоро, Марв, Самарқанд, Фарғона каби шаҳарлар ислом оламининг кўзга кўринган тимсолларига айланди. VII асрдан ХV аср охиригача бўлган давр жаҳон тарихида ислом олами ютуқлари даври сифатида қайд этилди (M.Azimov. History of Civilization of Central Asia. London, 1997. Р. 39).
Минтақа тарихида мусулмон ҳукмдорларнинг бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенг муносабати ҳақида кўплаб мисоллар учрайди. Хусусан, тарихий манбалар Х–ХIII асрлар кўплаб ғайриисломий эътиқод вакиллари учун юксалиш даврига айланганидан далолат беради. Яҳудий жамияти вакилларидан бири Р.Бенеман Бухорода биринчи синагога VIII асрда қурилгани, яҳудийлар ўз динига эркин эътиқод қилганини таъкидлаб, бундай ёзади: “Ўрта асрларда Европа ва Византияда қувғинга учраган яҳудийлар Марказий Осиёда бошқа динлар каби ҳуқуқларга эга эди”.
Марко Поло (1254–1324) Самарқанд орқали Хитойга саёҳати чоғида Бухоро ва Самарқандда зардуштийлар билан учрашган. Унга кўра, “Сўғдиёна бутунлай исломий бўлмаган” (J.Farok. Contractor Zoroastrianism and the Search for Identity in Central Asia. Journal Parsiana. Р. 140).
Ислом умумбашарий дин сифатида бутун инсониятга муҳаббат ва меҳр-шафқатни ўргатади. Бу бошқа дин вакилларининг эътиқоди ва урфодатларига аралашишни ман этиб, ҳар бир шахснинг урф-одатлари, шаъни ва мулкини асрашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Бу хусусида Қуръони каримда бундай дейилган: “Динда мажбурлаш йўқдир. Ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Ким тоғутни инкор этиб, Оллоҳга иймон келтирса, у ҳақиқатан ниҳоятда мустаҳкам бир тутқични ушлаган бўлади. Оллоҳ эшитувчи, билгувчидир” (Бақара сураси, 256-оят).
Бошқа бир оятда: “Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида эди, (барча) одамларни бир уммат (бир дин) қилган бўлур эди. (Улар) мудом турлича (ҳар хил эътиқодда) бўлиб борурлар (Ҳуд сураси, 118-оят).
Марказий Осиё мусулмон ҳукмдорлари Қуръони карим билимдони cифатида ўзга дин вакилларига қарши зулм қилмаганлар, конфессиялараро тўқнашувларга йўл қўймаганлар. Таниқли тарихчи олим Бўрибой Аҳмедовнинг таъкидлашича, буюк саркарда Амир Темур бир ҳақиқатни яхши англаган – жамият иймонсиз, динсиз, ишончсиз яшай олмайди. “Темур тузуклари”да “Мен исломни ҳамма жойда ва ҳамиша қўллаб-қувватладим” деган таъкид мавжуд. Амир Темурнинг Қуръонни ёддан билгани, диний баҳсларда улуғ алломалар билан тенгма-тенг баҳслашгани унинг маънавияти, эътиқоди, дини нақадар пок ва мукаммал эканини кўрсатади. Амир Темур ислом динининг энг муҳим жиҳати – мусулмонларни тинчлик, фаровонлик, ижтимоий адолат, эътиқод яхлитлиги ва маънавий покликка хизмат қилишга сафарбар этишида, деб ҳисоблаган.
Демак, конфессионал синкретизм минтақа тарихида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Бу ҳодиса замонавий Ўзбекистонда кузатилаётган ижтимоий-диний ҳолатга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Темур АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва
минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим раҳбари
“Tafakkur” журнали, 2022 йил 4-сон.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ