Эйнштейн даҳосини яратган аёл


Сақлаш
14:07 / 18.11.2021 1491 0

“Ҳаёт бировга меҳрибон, бировга бешафқат:

кимдир омади чопиб, марварид-дурга эга чиқади,

кимдир заҳмат чекиб, қуруқ чиғаноқ-ла кифояланади”.

Милева Марич

 

                                                       “Даҳоликнинг калити – сирларингни ошкор қилмасликда”

Альберт Эйнштейн

 

1987 йили ХХ аср кашф этган даҳо Альберт Эйнштейннинг шахсий буюмлари кўргазмага қўйилди ва мактублари эълон қилинди. Бу воқеа кейинчалик олим ҳақида турли миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлди. Чунончи, олимнинг нисбийлик назариясига ўхшаш донгдор  тадқиқотлари ҳаммуаллифлик асосида қилинган ишлардир, деган овоза ёйилди. Бу гаплар нечоғли рост ёки ёлғон – бугунгача номаълум.

 

Хўш, ким эди у Милева Марич? Ақл-заковатда Эйнштейн билан бўйлаша оладиган бу аёл ҳақида бизга нималар маълум?

 

Милева Марич (1875-1948) Австрия-Венгрия империясининг (ҳозирги Сербия давлати) Тител шаҳрида туғилган. У 21 ёшида – 1896 йили Цюрихдаги политехника институтининг физика-математика факультетига ўқишга киради. Бир йиллик тайёрлов курсини ўтаган 17 ёшли Альберт Эйнштейн ҳам худди шу йили  мазкур институтнинг  физика-математика факультети талабалари сафидан жой олганига нима дейсиз!

 

Шу даврдан уларнинг ўртасида дўстона илиқ муносабат пайдо бўлади. Эйнштейн Маричга ёзган мактубларида яккаю ягона илҳом париси Милева экани, қизнинг кўнглига йўл топай деб охири физикани ҳам севиб қолганини таъкидлайди. Турган гапки, куртак ёзаётган муҳаббат ҳар икки томонга ҳам бирдай фойдали эди. Боиси – Эйнштейннинг математик қобилияти мақтагулик эмасди. Буни олимнинг биографлари, тадқиқотчилари, ҳатто ўзи ҳам эътироф этади. Милева Маричнинг эса, аксинча, математик салоҳияти ғоят юқори бўлган. Яна шуни ҳам айтиш керакки, Марич ўша вақт Цюрих политехника институтида ўқиётган ягона қиз талаба эди. Қизидаги физика-математикага бўлган қобилиятни пайқаган отаси тегишли идоралардан Милева ўғил болалар билан бирга имтиҳон топшириши учун рухсатнома олиб берган. Қиз ҳам отаси билдирган ишончни оқлаб, кириш имтиҳонларини аъло баҳога топширган.

 

XIX  аср охири, ҳатто ХХ аср бошида ҳам  аёллар турли соҳаларда камситишларга дуч келар эди. Ўша даврнинг энг олди фанларидан бўлган физика-математика ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Шу боис, Милева Марич илмни қадрлайдиган, уни қўллаб-қувватлайдиган, тадқиқот олиб боришда елкадош бўла оладиган инсонга эҳтиёж сезган бўлса ажаб эмас.

 

Кўпгина фан тарихчилари ва олимлар Эйнштейн ҳамда Маричнинг талабалик йилларига оид ҳужжат ва хатларини ўрганган. Мазкур тадқиқотларда Милева Эйнштейннинг  том маънода физик-математик олим бўлиб шаклланишига ғоят катта таъсир кўрсатгани қайд этилади.

 

Фақат инженер-механикларни тайёрлашга йўналтирилган Цюрих политехника институтидаги ўқув жараёни Милева Марични қаноатлантирмайди. Замонасининг энг илғор кашфиётларини ўрганишга интилган қиз 1897 йил 5 октябрда  политехника институтидан ҳужжатларини олиб, Германиядаги кўҳна ўқув юртларидан бири – Ҳейдельберг университетида таҳсилни давом эттиради. 

 

Милева бу ерда, кейинчалик  (1905 йилда) Нобель мукофотига сазовор бўлган олим Филипп Ленарднинг фотоэлектрик нурлар ёрдамида ўтказаётган тажрибасига доир маърузалар тинглайди. 

 

Марич 1897 йил 20 октябрда Эйнштейнга ёзган хатида профессор Ленарднинг  молекулаларнинг иссиқликдаги ҳаракатига доир маърузаларидан олган таассуротларини ёзаркан, молекулаларнинг бир тола соч қалинлигича бўлган жойда 400 м/с тезликда ҳаракатланиши тўғрисидаги гипотезадан ҳайратланганини баён этади.

 

Молекулаларнинг иссиқликдаги ҳаракати мавзуси кейинчалик Эйнштейннинг оламшумул мақолаларидан бирига, шунингдек, унинг диссертациясига  асос  бўлади.  Шуни ҳам назардан четда қолдирмаслик керакки, айнан Ҳейдельбергда ўқиб юрган кезларида Марич электродинамика курсидан маърузалар тинглайди. Эйнштейн эса 1905 йили жисмларнинг электродинамик ҳаракати хусусидаги назариясини яратади.

 

Эйнштейн талабалик кезларидаги мактубларида Милеванинг илмий салоҳиятини ғоят юксак баҳолаган. Мисол учун унинг 1899 йилда Милевага ёзган мактубини келтириб ўтамиз: “Сизга нодон бўлиб кўринишдан қўрққаним боис Гельмгольцнинг атмосферадаги ҳаракатларга оид қарашларини ўргандим. Сирасини айтганда, бу мутолаа ўзимни ҳам қаноатлантирди. Қани эди, физика тарихини сиз билан ўқисам. Очиғини айтсам, Гельмгольцни илк бор мутолаа қилганимда, ҳеч нарсага тушунмагандим. Ишонгим келмайди, наҳот ёнимда сиз йўқсиз?! Сиз билан бирга дарс тайёрлаш мен учун қанчалик ёқимли ва фойдали эканини билмайсиз”.

 

1900 йилдаги хатларидан бирида эса Эйнштейн бундай деб ёзади: “Томсоннинг эффект ҳақидаги тадқиқотларини ўқиб, унга бошқача ёндашиш кераклигини англадим.  Қани эди, эртагаёқ сен билан шу ишга киришсак. Сен менинг митти борлиғимсан. Сенсиз ўзимга бўлган ишончим, иштиёқим, умуман олганда, ҳаётим мазмуни йўқолади”.

 

Ушбу хатлардан маълум бўладики, Эйнштейн  айнан Марич ёрдамида  Гельмгольц, Томсон, Герц, Мах каби  физик олимларнинг классик асарлари билан танишган.

 

1898 йилда Марич Ҳейдельбергдан Цюрихга қайтади. Ўша даврда талабаларнинг  университет ва институтларда алмашиниб ўқиши одат тусига кирган эди. Ўқитувчилар бунга қаршилик кўрсатмас, иқтидорли талабаларга илм-фан янгиликларини бошқа олий ўқув юртларида эгаллашга шароит яратилган эди. Аммо бу жараён қизлар учун бирмунча оғирроқ кечган. Ёш Маричга нафақат физика-математика билан шуғулланишга, балки ўша давр хурофотларини енгишга ҳам тўғри келганини тасаввур қилиш қийин эмас. У очиқдан-очиқ аёлларга бўлган камситишнинг қурбонига айланади. 1891 йилдан бошлаб Ҳейдельбергдаги курсларда аёлларнинг эркин тингловчи сифатида иштирок этишига рухсат этилганига қарамай, уларга диплом берилмайди. Шу боис ҳам Милева Марич 1898 йилда диплом олгани Цюрихга қайтиб келади.

 

1903 йил 6 январда  Альберт Эйнштейн ва Милева Марич турмуш қуради. Милева биринчи фарзандига ҳомиладорлиги боис битирув имтиҳонларини топшира олмайди ва алалоқибат мутахассислик дипломига эга бўлолмайди. Эйнштейн тадқиқотчилари “Милева Маричда буюк физик бўлгудек қобилият йўқ эди, у Эйнштейннинг соясида қолиб кетганди ва Эйнштейн учун оддийгина уй бекаси эди”,  дея айюҳаннос солади.

 

Аммо Маричнинг тарафдорлари бу иддаоларни инкор этади. Америкалик тарихчи Кристофер Бьернекс 2002 йили эълон қилган “Альберт Эйнштейн – уддабурон плагиатор”  номли асарида  қуйидагиларни ёзади: “Эйнштейннинг ютуқларини кўз-кўз этишни ёқтирувчилар унинг 1901 йилда эълон қилинган илк мақоласини эслагилари келмайди. Чунки бу Эйнштейннинг илмий ишлари бисотига киритилган энг заиф тадқиқотлардан бири эди. Турган гапки, бу мақола  унинг биринчи хотини Милева Марич ёрдамисиз ёзилган. Сабаби – бу пайтда Милева Сербияда яшаётган эди. 1905 йили эълон қилинган ва Эйнштейнга шуҳрат келтирган тўрт мақоланинг математикага оид барча қисмлари Марич томонидан ёзилган. Зотан, унинг математикадаги беназир иқтидорини Эйнштейннинг ўзи ҳам тан олган”.

 

Милева турмуш ўртоғини ҳар томонлама қўллаб-қувватловчи инсонга айланади. Институтни тамомлагач, Эйнштейн икки йил давомида ишсиз юради. Милеванинг отаси уларни моддий жиҳатдан таъминлаб туради. Бунга Эйнштейннинг 1905 йили қайнотасига ёзган хатлари далил бўла олади: “Мен қизингизга бойлик илинжида уйланмадим. Уни севганим, унга суянганим учун уйландим. Мен ўзим билан уни бир меванинг икки палласи, деб ҳис қиламан. Нимагаки эришган бўлсам, бари Милева туфайлидир, у менинг илҳом паримдир. У мени ёмонликлардан асровчи жонтуморимдир”.

 

1905 йили “Annalen der Physik” журналида Эйнштейннинг кетма-кет учта мақоласи чоп этилади. Айнан шу уч мақолада Эйнштейннинг нисбийлик назарияси, жисмларнинг электродинамик ҳаракати, ёруғлик ҳаракати каби оламшумул кашфиётлари эълон қилинган эди. 

 

XХ аср физика фани тарихида 1905 йил “мўъжизалар йили” дея эътироф этилади.  “Эйнштейнинг “Annalen der Physik” журналида босилган мақолаларини ўқиб, таажжубланган  кишилардан бири Цюрих политехника институти математика ўқитувчиси Герман Минковский бўлди”, дея ёзади математик олим Макс Борн. Борн Минковскийдан эшитганларини қуйидагича баён этади: “Бу мутлақо кутилмаган ҳол эди. Ахир, Эйнштейн ҳеч қачон математикага қизиқмаган. Агар бу Гроссман ёки Вегенер ёхуд анави қиз – Милева  бўлганда ҳам бошқа гап эди”.

 

Милева Маричнинг биографларидан бири Дизанко Трбухович – Гжурич   “Милева Маричнинг Эйнштейн соясидаги фожиавий ҳаёти” асарида қуйидаги мулоҳазани келтиради: “Россиядаги Амалий физика институти директори Абрам Иоффе Альберт Эйнштейннинг 1905 йили эълон қилинган мақолалари қўлёзмасига дастлаб Эйнштейн – Марич имзоси қўйилганини айтади. Ўша йилларда В. Рентген қўл остида ёрдамчи бўлиб ишлаган Иоффе “Annalen der Physik” журнали таҳририяти тақриз учун мақолаларни Рентгенга юборганини эслайди”.

 

Бироқ мақолаларни эълон қилиш арафасида  қандайдир сабабга кўра Марич имзоси олиб ташланади. Айрим олимлар мазкур фактларга таяниб Эйнштейннинг 1905 йилдаги тадқиқотлари Милева Марич билан ҳаммуаллифликда яратилган, дея хулоса ясайдилар. Бундан ташқари, олимнинг биографларидан бири Армин Герман Эйнштейн 1905 йилда Берн университетига олиб борган мақолаларида ҳам айнан Эйнштейн – Марич имзоси бўлганини ёзади.

 

Эйнштейн ва Маричнинг мактубларини  ўрганган олим Эван Харис Уолкер бундай хулоса ясайди: “Ҳар гал гап молекулаларнинг ҳаракати ва нисбийлик назариялари устида бораркан, Эйнштейн рафиқасига ёзган хатларида бизнинг назариямиз, деган жумлани ишлатади. Бошқа кашфиётлари ҳақида ёзганда эса, бу сўзларни қўлламайди. Бу маълумотлардан, табиийки, нисбийлик назарияси Милева билан биргаликда кашф этилган, деган хулоса чиқариш мумкин”.

 

1914 йили Эйнштейн билан Маричнинг ораси бузилади. Бу вақтга келиб Альберт амакиваччаси Эльза Ловинталга кўнгил қўйган эди.  Узоқ давом этган оилавий жанжаллардан сўнг Эйнштейн Милевага ўз талабларини қўяди: “Биринчидан, ётоқ ўрним ва кийимларим ҳамиша тоза ва батартиб бўлиши, хонамга кунда уч маҳал овқат келтирилиши, иш столимга мендан бошқа киши яқинлашмаслигини талаб қиламан.

 

Иккинчидан, бошқалар олдида мендан расмият учун кўрсатиладиган муносабатдан ортиғини талаб қилмайсиз. Айниқса, мен билан уйда ёлғиз қолишни, сизни бирор жойга кузатиб боришимни сўрамайсиз.

 

Учинчидан, мендан дўстона илиқ муносабат кутмасликка ва бунинг учун мендан ўпкаламасликка сўз берасиз. Қачонки, сиздан бирор нима сўрасам, шу заҳотиёқ жавоб берасиз. Мен талаб қилган  ондаёқ  ётоқхонам ва иш кабинетимдан чиқиб кетасиз. Фарзандларимиз олдида мени на бирор сўз ва на бирор хатти-ҳаракат билан ҳақорат қилмайсиз”. (Бу талабнома 1986 йил 18 ноябрда “Le Monde” журналида эълон қилинган.)

 

1919 йили Альберт ва Милева расман ажрашади. Фарзандлари Ганс Альберт ва  Эдвард она қарамоғида қолади. Кейинчалик тадқиқотчиларни Альберт билан Милева ўртасида тузилган никоҳ шартномасининг бир банди таажжубга солади. Унга кўра, Альберт Эйнштейн Нобель мукофотига лойиқ топилган тақдирда, нима бўлишидан қатъи назар, мукофот пулини тўлиқ Милева Маричга бериши шартлиги кўрсатилган. Бу олийжанобликми ёки хизматни муносиб тақдирлашми, бизга қоронғи. Айрим олимлар буни сўзсиз олийжанобликка йўяди, яна бошқалар, бу Милева Марич хизматларининг тан олиниши, дея баҳолайди. Бироқ никоҳ шартномаси 1903 йили тузилганига қараб, шуни айта оламизки, Милева Марич ўзининг ҳам, эрининг ҳам илмий салоҳиятини тўғри баҳолай олган. У ўзининг Эйнштейн учун нафақат турмуш ўртоқ, фарзандлари онаси, балки муносиб илмий маслакдош эканини ҳам исботлаган.

 

1921 йилда Швеция академияси назарий физика фанига қўшган ҳиссаси – фотоэлектроэффект қонуниятини кашф этгани учун Альберт Эйнштейнни Нобель мукофотига лойиқ топади. Олим, никоҳ шартномасида кўрсатилганидек, мукофотдан тушган пулнинг барини Милевага юборади. 

 

 1930 йиллар охирига келиб, Милеванинг кичик ўғли Эдвард руҳий хасталикка чалинади. Аёл то умрининг охиригача ўғлига ёлғиз ўзи ғамхўрлик қилади. Катта ўғли Ганс Альберт эса, отасининг ёнига – Америка Қўшма Штатларига кўчиб кетади. 1948 йили 73 ёшли Милева Марич Цюрихдаги руҳий касалхоналардан бирида вафот этади.

 

Қайдномаларида Эйнштейн “Мен Галилейнинг, Кеплернинг ёки Микеланжелоларнинг хотини қандай бўлганини тасаввур эта олмайман”, деб ёзади. Бироқ ҳаёт йўлига назар солиб, унинг биринчи хотини Милева Марич қандай аёл бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас. Биз ушбу мақола баҳонасида Эйнштейн даҳосини камситмоқчи эмасмиз, асло, бунга маънавий ҳақимиз ҳам йўқ.  Биз турмуш  ўртоғини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган, унинг учун бор куч-ғайрати, салоҳиятини аямаган, эрига илмий маслакдош бўлган, аммо охир-оқибат, ўзи айтганидек, дуру марварид эмас, қуруқ чиғаноқ билан кифояланган аёл меҳнати тан олинишини истаймиз, холос. Гап нисбийлик назарияси ва бошқа кашфиётлар ҳақида бораркан, Милева Марич номи Альберт Эйнштейн билан баробар қўйилиши тарафдоримиз.

 

 Ойгул АСИЛБЕК қизи

“Tafakkur” журнали, 2017 йил 3-сон

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//