Алишер Навоий асарларида жуда кўп юрт ва мамлакатларнинг номи, сиёсий ва ижтимоий ҳаёти, адабий-маърифий муҳити, урф-одатлари, касб-корлари, санъат ва адабиёти, шоир ва фозиллари, уламо ва авлиёлари ҳақида зикр қилинади. Албатта, улуғ шоир бирор музофот, шаҳар ё қишлоқ номини маълум бир сабаб ва мақсад билан тилга олади. Асардаги айрим тимсолларнинг характер ва хусусиятларини ёрқинроқ акс эттириш учун зикр қилинган шаҳар ёки мамлакатнинг жўғрофий, маданий ва маиший жиҳатларига тўғридан-тўғри ё ташбиҳ билан мурожаат этади. Шунинг учун ҳам Навоийни теран англаш ва мақсадини аниқ мушоҳада қилиш учун шоир тилга олган жой номларининг тарихи, қадриятлари ва одамларининг урф-одатларини яхши билиш керак.
Қўзғолиб ҳар навода Туркистон...
Туркистон (Турон) – туркий халқлар яшайдиган ўлкалар. Шўро даврида Марказий Осиёда миллий давлат чегараланиши ўтказилиши муносабати билан Туркистон номи истеъмолдан чиқиб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон термини билан алмаштирилган. Навоий асарларида Туркистон деганда ҳозирги туркий тилли халқлар яшайдиган ўлкалар назарда тутилган.
Туркистоннинг ер юзида довруқ қозонишига у ерда Ўрта асрнинг йирик мутасаввифи, шоири ва яссавия тариқатининг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий хоки қўйилгани ва унга Амир Темур 1398–1404-йилларда қурдирган ҳашаматли мақбаранинг машҳур зиёратгоҳ бўлиб кетгани ҳам сабаб бўлган.
Навоий Хожа Аҳмад Яссавий бутун Туркистонда шуҳрат топганини таъкидлаб, “Хожа Аҳмад Яссавий – Туркистон мулкининг шайхулмашойихидур... Анинг мозори Туркистонда Ясси деган ердаки, Туркистон аҳлининг қиблаи дуосидур” деб ёзган эди.
“Бадоеъ ул-бидоя” девони дебочасида шоир Саккокий ва Лутфийларнинг “ширин абёти иштиҳори Туркистонда бағоят” машҳурлигини ёзганида ҳам туркий халқлар истиқомат қилувчи жойга ишора қилган ва, шунингдек, “Сабъаи сайёр” достонида Туркистонни айни шу маънода қўллаган. Достонда Султон Ҳусайн Бойқаронинг базми мадҳ этилар экан, икки ёндан хонандаларнинг саф тортиб, туркий ва форсий “нағма-ю суруд”лар куйлаганига диққат қаратилади:
Икки ёндин муғанний икки хайл,
Жонға тандин чиқорға солиб майл.
Шунда ўнг томондаги хонандалар шундай туркий ашулалар айтишадики, уларнинг хушовозлиги ва ёқимлилигидан Туркистон аҳли жунбушга келар даражада наволар таралади. Туркона нағма-ю ашулалардан одамларнинг кўзларидан ёшлар оқади.
Ўнгда туркинавоз уруб достон,
Қўзғолиб ҳар навода Туркистон.
Тортқон турк нағмасида суруд,
Оқизиб халқ кўзларидин рўд.
Сўл томондагилар эса форсий куй ва ашулалар айтиб, Ироқу Ажамни ўзига мафтун қилар даражада ўйин-кулгу ясайдилар:
Сўл сори форси суруду нағам,
Фитнаи Форс, бал Ироқу Ажам.
Ўтмишда кўп ҳолларда Туркистон атамаси Турон шаклида ҳам ёзилган. Чунончи, Навоий “Садди Искандарий” достонида ёзади:
Ҳам Эрону Турон, ҳам Оқсойу Чин,
Анга тегруким, ҳадди Машриқ замин.
Навоий “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида Туронзаминни тилга олар экан, аввало бутун туркий халқларни, хусусан, Туркистонни ҳам назарда тутади. Унинг ёзишича, ривоятларга кўра тўфон бўлиб ўтгандан кейин Нуҳ алайҳиссалом билан кемада бирга бўлган саксон кишининг ҳаммаси ҳалок бўлади, улардан насл қолмайди. Нуҳ алайҳиссаломнинг фарзандлари ўзи билан бирга эди. Шунда у Туронзаминни Ёфасқа ва Эронни Сомға ва Ҳиндистонни Ҳомға беради. “Бу мазкур бўлғон мамолик аҳли бу уч кишининг наслидин” экани ва “бу жиҳатдин Ёфасни Абуттурк ва Сомни Абулажам ва Ҳомни Абулҳинд” деб атаганликларини ҳам қайд этади[1].
Навоий “Тарихи мулки ажам”да Турон сўзини 22 марта тилга олади. Турон тарихи билан боғлиқ воқеалар, тахтга ўтирган подшолар, Турон подшоҳи Афросиёб ва эронликлар орасидаги урушлар, ҳатто ўртадаги айрим сарҳадлар ҳақида ҳам маълумот беради. Масалан, зардўштийлик динини қабул қилган Гуштосб подшонинг замонида Самарқанд Эрон ва Турон орасида тўсиқ вазифасини ўтайдиган сарҳад бўлган. Навоий бу ҳақда хабар берадики, “...ва Гуштосб замони осоридин Самарқанд қўрғони ва девориким, Эрон ва Турон орасиға тортилибдур”[2].
Аларнинг мавлиди Тошкандур...
Тошкент (Тошканд) – қадимда Чоч, Шош, Шошкент, Бинкат деб номланган шаҳар. Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Кошғарий асарларида Тошкент шаҳри ҳақидаги дастлабки маълумотлар учрайди.
Бобур Умаршайх мирзо тасарруфидаги вилоятлар ҳақида тўхталар экан, “Тошканд вилояти – китобларда Шош битирлар, баъзи Чоч битирларким, “камони чочий” андин иборатдир” деб ёзган эди.
Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарида Шайх Камол Хўжандийнинг отаси Шошда дафн қилингани хабарини берар экан, Тошкент атамасининг Шош шаклида фаол ишлатилгани маълум бўлади: “неча вақт Шош деган ерда бўлур эрмишларки, аларнинг оталари анда сокин эрмиш”. “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида эса Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг таржимаи ҳолига оид маълумотларда унинг Тошкентда туғилганини қайд этган: “Аларнинг мавлиди Тошкандур ва оталари дарвеш киши эрмиш ва она тарафидин ҳамоноки, Шайхи Тоҳурки, ул вилоятда мутааййин шайх эрмиш, анга етарлар ва ўзларида бу иш чошниси туфулият айёмидин бор эрмиш”.
Насафға бордим ва Мир хизматиға еттим...
Насаф – ҳозирги Қашқадарё вилояти маркази бўлган Қарши шаҳрининг қадимий номи. Бугунги Қарши ва унинг атрофидаги ҳудудлар 2700 йилдан кўпроқ тарихга эга бўлиб, турли йилларда турли номлар билан атаб келинган.
Мўғуллар босқинига қадар бу юртда илму фан жуда ривожланган эди. Мўғуллар истилоси пайтида шаҳар анча хароб бўлган, қўлёзмалар ёқиб юборилган ва баъзи олимлар қатл қилинган. Айримлари Ўрта Осиёни тарк этиб, чет ўлкалардан бошпана топган. Мўғул ҳукмдорлари Кепакхон ва Қозонхонлар Насаф яқинида ўзлари учун сарой қурдирган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида бу сўз ҳақида шундай фикр билдиради: “Яна Қарши вилоятидурким, Насаф ва Нахшаб ҳам дерлар. Қарши мўғулча оттур, гўрхонани мўғул тили била Қарши дерлар. Ғолибо бу от Чингизхон тасаллутидин сўнг бўлғондур”. Лекин “қарши” сўзининг сарой, қаср деган маъноси ҳам борлиги баъзи манбаларда айтиб ўтилган.
Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида ёзишича, Абдухолиқ Ғиждувоний руҳонияти Баҳоуддин Нақшбандга бир қатор насиҳатлар, васиятлар қилгандан кейин у кишига Насафга Амир Саййид Кулол хизматига боришни буюради. Баҳоуддин Нақшбанд айтадики, “Насафға бордим ва Мир хизматиға еттим”.
Навоий мазкур асарида Хожа Муҳаммад Порсо ҳақида ҳам ёзар экан, унинг 822 (милодий 1419) йили, муҳаррам ойида “Байт ул-ҳаром ва Набий зиёрати алайҳис-салавот вас-салом нияти” билан Бухородин чиқиб, “Насаф йўли била Чағониён ва Тирмиз ва Балх ва Ҳирот”нинг табаррук мозоротларини зиёрат қилиш учун йўлга чиққанини айтиб ўтади.
Оти ҳам Шаҳрисабз эрур, ҳам Каш...
Шаҳрисабз – яшил шаҳар демакдир. Шунинг учун ҳам Навоий ўзининг “Сабъаи сайёр” достонида душанба куни Ой сайёрасининг рангига мос яшил қасрда меҳмон бўлиб турган шоҳ Баҳром ҳузурига кирган учинчи иқлим йўлидан келган сайёҳ ҳикоятини махсус Шаҳрисабз шаҳрига боғлаган. Унда шоир Шаҳрисабзни асар персонажлари тилидан шундай таърифлайди:
Дедилар: Кишвари дурур дилкаш,
Оти ҳам Шаҳрисабз эрур, ҳам Каш.
Хизр монанд сабзадин ранги,
Сабзаси суйи кўзгуси ранги.
Мисралардаги Шаҳрисабз ҳақидаги ёрқин тасвирлар 1465–1469-йилларда Самарқандда яшаган Навоий бу шаҳарни ўз кўзи билан кўрган бўлиши мумкинлигига ишора этади. Мусофир ҳикоятни якунлаб, ўзининг Шаҳрисабздан, Саъд авлодларидан бири эканлигини маълум қилгач, шоҳ Баҳром уни Шаҳрисабзга волий этиб тайинлайди.
Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг 6-мажлисида Абулбарака деган кишининг Шаҳрисабзда бир қанча вақт қозилик қилгани ҳақида хабар беради. Шунингдек, тазкирада ёзишича, Кешлиғ ато ва Умар атолар Кеш шаҳридан бўлган.
Ки, бор эрмиш маконингиз Хоразм...
Хоразм – қадимги ва доимий пойтахт шаҳарлардан бири. Мовароуннаҳрнинг шимоли-ғарбида, Амударё қуйи оқимининг чап соҳилида жойлашган бўлиб, X–XII асрларда, хоразмшоҳлар даврида айниқса ривожланган. Навоий асарларида ҳам ўнлаб ўринларда Хоразм топонимига мурожаат қилинган. Хоразм жўғрофий нуқтаи назардан Мовароуннаҳр ва Хуросон давлатлари оралиғида жойлашгани учун ҳам темурийлар тарихида муҳим ўрин тутган. Жумладан, Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонининг 3-мақолотида султонлар ва уларнинг адолатидан баҳс юритиб, 27-бобда Ҳусайн Бойқаронинг мардлик ва адл тариқини кўргузганини ибрат қилиб кўрсатаркан, маълум бўладики, бу воқеалар ҳали у тахтга ўтирмаган вақтларда, Хоразмда юз берган.
Юз, ики юзча киши бирла қазоқ,
Гаҳ ери Хоразм эди, гаҳ Адоқ.
Маълумки, “Сабъаи сайёр” достони Навоий ижодида муҳим ўрин тутувчи асарлардан. Шоҳ Баҳромга Дилоромнинг хабарини олиб келган сайёҳнинг еттинчи иқлимдан келганини таъкидлайди. Демак, Хоразм ўлкаси дунё харитасида етти иқлимнинг бири бўлиб, тарихий-сиёсий мавқеи ниҳоятда юқори бўлган:
Менки, тушмиш буён гузор манга,
Мулки Хоразм эрур диёр манга...
Қилди Хоразм аҳли истиқбол,
Фаҳм қилмоққаким недур аҳвол.
Чун йироқ эрди кишвари Хоразм,
Қилдилар ул тараф азимат жазм...
Хусусан, воқеалар тугуни ҳам Хоразм диёрида маскан тутган Дилоромнинг топилиши билан ечим топади.
Ул тараф жазм қилди азм этмак,
Токи Хоразм ҳаддиға етмак.
Хожаға нома истимолат ила,
Ойға ҳам, лек бас хижолат ила
Ким: “Бу янглиғ хабар эшиттук жазм
Ки, бор эрмиш маконингиз Хоразм.
Яна Хоразм шаҳиға ёзди мисол,
“Буки Хоразмдин бир иллиқ мол,
Хожаға зоди роҳ еткурсун,
Хожа маҳмилни бу тараф сурсун”.
Чунки Хоразм шаҳиға етти мисол,
Важҳ берди хизонадин филҳол.
Навоий ранглар жилосини ва асарга кўрсатадиган таъсирини теран ҳис қилган ҳолда бу жиҳатни достонларига маҳорат билан сингдиради. “Сабъаи сайёр” достонида Дилоромнинг дараги Хоразмдан чиққач, мазкур ўлка тавсифида оқ ранг ва унинг маънодошларига урғу берилганидек, “Садди Искандарий”да ҳам Доро қўшинига келиб қўшилган Хоразм аскарларини оқ либосларда тасвирлайди. Умуман олганда, “Хамса” достонларида Хоразм истилоҳи муайян бадиий-эстетик, адабий-тарихий функция бажарган ҳамда бешликнинг умумий композицион бутунлигини таъминлашга хизмат қилган.
“Лисон ут-тайр” достонида Навоий Нажмиддин Кубронинг Хоразмдан эканига алоҳида урғу беради ва шайх билан боғлиқ тасаввуфий мазмундаги ҳикоят келтириб, “Насойим ул-муҳаббат”да унинг ниҳоятда тақволи, улуғ шайх эканини таъкидлайди. Шоир “Мажолис ун-нафоис”да кўплаб хоразмлик шайх ва тасаввуф аҳлига ўрин ажратади. Хожа Абулвафо қуддиса сирруҳуга бағишланган фиқрада уни кибор авлиёлардан деб таърифлайди. Сўнгра “Хоразм халқи ғоят малакий сифотлиғидин Хожани ер фариштаси дерлар эрди” дея Хоразм халқининг фазилатларини таъкидлаб ўтади.
Улуғ шоир “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида Хожа Али Ромитаний, Маждиддин Боғдодий, Шайх Разиюддин Али Лоло сингари машҳур тасаввуф шайхларига тўхталиб, уларнинг Хоразмда туғилиб ўсганларини таъкидлайди. Навоий, шунингдек, Хоразмда яшаб ўтган ва жаҳоншумул номга эга бўлган Замахшарий ва унинг машҳур “Кашшоф” асарини “Маҳбуб ул-қулуб” асарида тилга олади: “...бамаъни ҳазаёнин Жоруллоҳ битган “Кашшоф” гумон қилғай”.
Кўриб ўтганимиздек, Навоий асарларида келган жой номлари маълум бир мақсад билан келтирилган. Шоир фикр ва мушоҳадаларини бирор ўлка ё унга хос жиҳатлар билан боғлаб ифодалар экан, янада образли, жонли ва ёрқин лавҳаларда тасвирлашга эришган. Шубҳасиз, мазкур юртлар тарихи, адабиёти ва қадриятлари билан боғлиқ маълумотлар Навоий ижодини янада теран ўрганишга ва яқиндан ҳис этишга хизмат қилади.
Сайфиддин РАФИДДИНОВ
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 1-сон.
“Туркистон шаҳарлари Навоий тасвирида” мақоласи
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ