Адабиёт
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Биоорганик кимё институти директори, кимё фанлари доктори, академик Аббосхон Тўраев илмнинг мураккаб, аммо шарафли йўлини босиб ўтаётган фидойи, жонкуяр устозлардан. Унинг йигирмадан ортиқ ихтироси тиббиёт ва қишлоқ хўжалигида кенг қўлланиб келаётир. Ўнлаб шогирди халқаро ҳамжамият томонидан эътирофга сазовор бўлган. Суҳбатимизда домланинг ҳаёт ва илм йўли, институтдаги жараёнлар, режалари ҳақида гаплашдик.
– Домла, сизнинг шахс сифатида, олим сифатида камолга етишингизда кимларнинг, нималарнинг ўрни муҳим бўлган?
– Оилада олти фарзанднинг бешинчисиман. Ишчилар оиласида вояга етдим. Икки акам, икки опамнинг ортидан эргашиб, улардан кўп нарсаларни ўргандим. Ота-онам бизга ҳалол луқма едириб, поклик, тўғрисўзлик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик каби фазилатларни сингдириб ўстирган. Ундай бўлишинг керак, бундай қилишинг керак деб эмас, ўз ҳаракати билан намуна эди улар. Уйимизда бирор марта бировлар ғийбат қилинмас, кўчадаги гап кўчада қолган, доим одамларнинг ибратли томонлари тилга олинган. Уйдаги тарбия тўғри бўлган экан – опаларим ҳам, акаларим ҳам ҳаётда ўз йўлларини топиб кетишди.
Менинг бу соҳани танлашимда опамнинг ўрни катта. У киши ўта саводли, икки тилда равон сўзлашадиган мутахассис эди. “Ўқитувчи” нашриётида муҳаррир бўлиб ишларди. То узатилиб кетгунча, ундан кейин ҳам опам билан жуда иноқ эдик, турли мавзуда қизғин баҳслашардик. Талабалик пайтимдаям опам мен билан фикрлашишни яхши кўрарди, шахсий қарашларимни ҳурмат қиларди. Энди ўйлаб қарасам, аслида мени фанга қизиқтириш учун ҳам муайян мавзуни ўртага ташлаб фикримни сўраб турган экан. Опам кимёдан масалалар тўпламини таржима қилган. Шу жараёнда китобдаги масалаларни биргалашиб ечиб чиқдик ва берилган масалалар шарти тўғри-нотўғрилигини текшириб олардик. Алқисса, шу соҳага иштиёқимни менда опам уйғотган десам ҳам бўлади.
Кичкина опам Мавлуда Исматова ҳам ўта зиёли, таъби нозик эди. Она тили ва адабиётдан дарс берган, яхши ташкилотчи эди. У 1998 йилда “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган. Бу опам тиришқоқлиги, ташкилотчилиги, фаоллиги билан менга мотивация бериб турган. Инсоннинг тарбиясида, етукликка эришишида муҳим учлик – ота-она, мактаб ва атрофдаги муҳитнинг ўрни жуда зарур деган гапни кўп таъкидлайман. Атрофимдаги дўстларим ҳам ҳаммаси ўқимишли, илмга чанқоқ болалар эди. Кимникига борсак, ўша уйда ота-онанинг бир-бири билан самимий муносабати, болаларига меҳрибонлиги, юқори маданиятни кўрардим. Бизни ўз боласидек қабул қилишарди. Ўз ўрнида менинг ота-онам ҳам ўртоқларимни фарзандларидек эъзозлашарди.
Ота-боболаримиз “Етти маҳалла ота-она” деган гапни бежиз айтмаган. Шукур, атрофда ҳамма бир-бирини таниган, бир-бирига қайғурган муҳитда ўсдик. Одам болалигидан характерини шакллантириши керак деб ўйлайман. Чунки ҳаёт йўллари ўнқир-чўнқир, пасту баландликлардан иборат. Доим ҳам ҳаммаси силлиқ кечавермайди, шундай вақтда ирода мустаҳкам, иймон саломат бўлса, синовлардан эсон-омон ўтиб олади.
Мактабни аъло баҳога ўқиб, олтин медалга битирганман. У пайтлари медаллилар олий ўқув юртига битта имтиҳон билан кирарди ва мен Тошкент давлат университетининг кимё факултетига ўқишга кирганман.
Олим сифатида шаклланишимда устозларнинг роли жуда катта бўлган. Уларга эргашиб йўлимни топишга ҳаракат қилдим, ўз устимда қаттиқ ишладим. Илм йўлини танладингми, ҳаммасини пухта, мукаммал қилишга ҳаракат қилиш керак, қуруқ гап, чала билим билан узоққа бориб бўлмайди. Илм мукаммалликни яхши кўради. Шукур, ҳар тарафлама Xудо ёрлақаган одамман. Академик Ҳамдам Усмоновдай домлаларга рўбарў бўлдим. Профессор Шамсиддин Нажмиддинов раҳбарлигида номзодлик иши ёздим. Яқин-яқингача домланинг маслаҳатларини олиб турардим. Раҳматли домлам икки йил бурун ҳам телефон қилиб, “Вақтингиз борми, фалон овқатни тайёрлаб қўйдим, бир келиб кетмайсизми?” деб қўнғироқ қиларди. Бир-биримизга мана шундай меҳримиз бор эди.
Республикамизда кимёгар олимлар кўп. Мен ҳаммасини қадрлайман, шулардек бўлишга ҳаракат қиламан, улардан кўп нарсани ҳанузгача ўрганаман. Худди шундай устозларимиздан яна бири институтимизда ўттиз йил директор бўлиб ишлаган Шавкат Солиҳов домланинг фаолиятимда ўз ўрни бор. Мен у кишидан кўп нарса ўргандим, узоқни кўра биладиган, стратегияси кучли инсон эди. Шу инсонларнинг ҳар бири олим бўлиб етишишимда маслакдош, ибрат бўлишган.
– Аббосхон ака, сиз узоқ йиллардан буён Биорганик кимё институтида директор ўринбосари, директор лавозимларида ишлаб келаяпсиз. Фаолиятингиз давомида қандай илмий кашфиётлар қилинди?
– Илмда бир қатор ютуқларга эришишимда устозлар билан бир қаторда шогирдларимнинг ҳам хизмати беқиёс. Улар бўлмаганда бу натижаларга бир ўзим эришолмасдим. Мана шу шогирдларнинг илмий даражаси, савияси билан кўп ишларни амалга оширдик. Уларнинг кўпчилиги ҳозир нуфузли университетларда, муҳим идораларда ишлайди. Саккизта докторлик диссертациясига, йигирмадан ортиқ номзодлик, PhD диссертациясига раҳбарлик қилдим.
1984 йилда жарроҳлик соҳасида қаторасига бешта кашфиёт қилганмиз. Илк илмий фаолиятим тўғридан-тўғри тиббиёт билан боғлиқ эди. Полимерларни медицинада ишлатиш, уларни қандай қилиб жиловлаш, нима қилса уларнинг хусусиятини ўзгартирса бўлади – илмий ишимиз шу йўналишда эди.
1980 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтининг урология кафедрасида (ҳозир ўша урология кафедраси кенгайиб, катта институт бўлди) ишлардим. Масалан, буйрак рак билан касалланган бўлса, катетер билан кириб, буйрак саратонини имболизация қилиб, қон томирининг ичи махсус модда билан тўлдириларди. Менга мана шу махсус моддани ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Ушбу материал 1984 йилда амалиётда қўлланди ва Тошкентда ишлаб чиқарила бошланди. Барча Совет иттифоқининг барча республикаларидаги шу соҳа шифохоналарига махсус препарат сифатида сотилди. Бу препарат ҳозиргача айрим нозик операцияларда ишлатилади. Кейин 1987 йили қон тўхтатувчи “гелецил” деган препарат яратилди ва уни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу дори ҳам узоқ йиллар давомида амалиётда қўллаб келинди. Қандли диабетда чиққан ярани тузатиш жуда қийин, бу “тропическая язва” дейилади, жуда кўп йиринг чиқади, ярани тозалаб бўлмайди. Шундай модда топиш керак эдики, яранинг устига қўйсангиз ўша йирингни сўриб олиши керак. Бунақа модда биз билан бир вақтда Японияда ҳам яратилди, уларда депрессант, бизда “гелецил” деб номланди. Бу маҳсулотимиз ҳам кўп йиллар давомида амалиётда қўллаб келинмоқда.
Ҳозирги кунда кенг қўлланадиган гемостатик губка, яъни қон тўхтатувчи маҳсулот ва ўзи сўриладиган ва сўрилмайдиган хирургик иплар ҳам бизнинг ихтиромиз бўйича ишлаб чиқарилади. Ҳар бир кашфиёт олдин узоқ ўрганилади: унинг организмга таъсири, заҳарли-заҳарлимаслиги, битаётган ярани яна кучайтириб юбормаслиги – ҳаммаси кузатилади. Институтимизда кўп йиллардан бери дориларнинг фойдали ва зарарли жиҳатлари ўрганилади. Чунки бир дори битта аъзонгизга даво бўлса, бошқасига зарар қилиши мумкин. Буни биз аниқлаб беришимиз керак.
Сил касаллигида ишлатиладиган “изониазид”, “этамбутол”, “рифампицин”, “пиразинамид” каби дорилар бор. Буларнинг ҳаммасини алоҳида-алоҳида ишлатса ҳам бўлади, аммо силда бактерияларнинг шунақа штаммлари борки, битта дори кирса, дарров мослашиб олади. Шунинг учун силни икки-учта дори қоришмасидан ҳосил бўлган аралашма – “майрин” деган препарат билан даволашади. Бу “изониазид”, “этамбутол” ва “рифампицин” аралашмасидир. Шу таркибдаги “изониазид” организмга киргач, 25 фоизигина касалликни тузатишда иштирок этса, қолган 75 фоизи жигарга салбий таъсир кўрсатиб, кейин чиқиб кетади. “Этамбутол”нинг эса ярми таъсир қилади, ярми чиқиб кетади, “рифампицин”нинг эса заҳарли моддаси организмга ножўя таъсир қилади. Мана шуларнинг зарарини камайтириш мақсадида биз “биомайрин” деган дорини ихтиро қилдик. Бир шогирдимиз шу бўйича докторлик иши ҳам ёқлади. Олдинги “майрин” аралашмаси дори бўлса, “биомаирин”да биз уни ипга тизгандек молекулага осдик, у организмда ип бўлиб кезиб юради-да, ўзидан секин-секин моддаларни ажратиб чиқаради. Бояги 25 фоиз деганимиз 100 фоиз таъсир қилади ва жигарга зарари камаяди, заҳарлилиги озаяди. Бу доримиз клиник синовдан ўтди, энди ўзимизда ишлаб чиқараяпмиз.
Онкология соҳасида ҳам ишлатиладиган дорилар кўп, аммо энг зарур бўлган тўрт-беш хил дори бор. Масалан, “доксорубицин” препарати шунақа бемаъни нарсаки, у организмдаги саратоннинг ДНКсига кириб функциясини ишдан чиқаради, яъни ўша ердаги ишни тўхтатади, бу яхши, аммо бу орада препарат бошқа соғлом ҳужайраларнинг функциясини ҳам бузиб юборади. Натижада кимётерапиядан кейин соч тўкилиб кетади ва бошқа органлар ҳам ишдан чиқа бошлайди. “Доксорубицин” ўта кучли дори бўлиб, вазни бир килолик ҳайвонга берилса, уни дарҳол ўлдиради. Биз “доксорубицин”ни ҳам боягидай молекулага ипга тизгандай тизиб чиқдик, шунда унинг заҳарлилиги 100 баробардан зиёд камайди. Аммо бизнинг асосий вазифамиз бу эмасди, муҳими молекулага уланган “доксорубицин” рак ҳужайрасини топиб бориб, унинг ривожланишини тўхтатди.
Ҳали қиладиган ишларимиз, режаларимиз жуда кўп. Ҳозирги тиббиётни нанотехнологиясиз тасаввур қилиш қийин. Кейинги мақсадимиз нанозаррачалар орқали рак ҳужайраларининг ўсишини тўхтатадиган махсус дори ишлаб чиқариш. Рак бўлгач ўша жойдаги ўсимта жарроҳлик йўли билан олиб ташланганда, жойида кичкина бўлса-да ҳужайра қолади ва хоҳлаймизми-йўқми, ўша жойдан олти ойдан кейин яна янги ўсимта ўсиб чиқади. Буни тиббиёт тилида метастаз дейилади. Метастазнинг олдини олиш учун операция қилинган жой, яъни бўшлиқни тўлдириш учун, желега ўхшаш модда ишлаб чиқиш устида хитойлик олимлар билан илмий изланиш олиб бораяпмиз. Бу модда рак ҳужайрасини ўлдиради, аммо организмга зарари йўқ.
– Ҳозирги кунда мамлакатимизда илм-фан ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ва илм-фанни уйғунлаштириш масаласи ҳам кун тартибига қўйилган. Яъни биз илм-фанга эътибор қаратамиз, маблағ ажратамиз, айни пайтда илм-фан ҳам фойдали тадқиқотлари билан иқтисодимизни, қишлоқ хўжалагимизни ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга ҳисса қўшсин. Шу нуқтаи назардан қараганда, биорганик кимё соҳасининг жамиятимизга берадиган нафи нималардан иборат?
– Илм-фан ривожланишига, илмга илмдай қарашга, олимлар жамиятга нечоғли зарурлиги масаласига Ўзбекистон Президенти катта эътибор билан қарайди. Бу эътибордан илм аҳлининг ҳам кўкрагига шамол тегди. У киши 2016 йил 30 декабрда илм аҳлини йиғиб, мамлакатнинг ривожи учун энг аввало илм керак бўлади деб таъкидлади. Бу шунчаки қуруқ гап эмасди. Масалан, 1980-йилларгача Фанлар академиясида кучли, салоҳияти баланд институтлар бўларди, ўз ўрнига эга қатор илмий мактаблар фаолият олиб борарди. Кейин бошқа ташвишлар кўпайиб, илмга эътибор пасайди, бу эса таълимга ҳам таъсир кўрсатди. Қатор институтлар тугатилиб, илмий йўналишлар йўқ бўлиб кетди. Хусусан, геология соҳасида жуда катта йўқотишлар бўлди, аммо Президентимизнинг ташаббуси билан Геология университети ташкил бўлди. Ўшанда академияда 16 та институт қолганди, ҳозир уларнинг сони ўттиздан ошди. Институтлар нафақат академия қошида, балки университетлар таркибида ҳам ташкил этилди.
Институтларда маблағ йўқлигидан қанча илмий ишланмалар қоғозда қолиб кетарди. Ўзим қишлоқ хўжалигида қўлланадиган бир нечта препарат яратганман, уни амалиётда қўллаш имкони бўлмаган, яъни синовдан ўтказиб, ишлаб чиқариш учун маблағ ажратилмаган. Худога шукур, Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан илм-фанга эътибор кучайиб, илм-фанни ривожлантириш, олимларни рағбатлантириш билан боғлиқ бир қанча қарор ва фармонлар чиқарилди. Мамлакатимиздаги ислоҳотларни хорижий ҳамкасбларимиз ҳам эътироф этишаяпти. Энди нима кашфиётингиз бўлса, банклар билан боғланиб, маблағ оласиз ва ишингизни амалиётга татбиқ этаверасиз, кейин банкнинг пулини қайтариб берасиз. Масалан, “биосолвент” деган препаратимизни ишлаб чиқариш учун “Миллий банк”дан пул олиб фойдаланаяпмиз. Бу дорининг афзаллиги нимада? Ўзингиз биласиз, шўр ерларни уч марта ювсак ҳам бутунлай тоза бўлиши қийин, бу препарат билан эса бир марта ювилади: ҳам сув тежалади, ҳам пахта ҳосилдорлиги 11 центнер кўтарилади. Бу маҳсулотдан ҳозир амалиётда кенг фойдаланилмоқда.
Институтимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган бир қанча илмий йўналишлар бор. Қишлоқ хўжалигида зараркунандаларга қарши биологик кураш бўлимида феромон тутқичлари яратилади. 1997 йилдан бошлаб, республика пахтачилик хўжаликларини кўсак қурти, илдиз қуртига қарши феромон тутқичлари билан тўлиқ таъминлаб келамиз. Ҳозирги кунда чигитни экишдан олдин “Дак 1”, “Дак 2” препаратлари билан ишлов берилса, униб чиқиши тезлашади, бақувват бўлади ва ҳосилдорлик 5-6 центнер ошади.
2020 йилдан бошлаб Фанлар академиясининг институтлари базавий молиялаштирила бошланди. Йиллар давомида давлатдан лойиҳа олинарди, икки-уч йил тўс-тўполон, таниш-билиш, сеники ўтди, меники ўтмади каби ғалвалар бўларди. Ўтмаса ўша жамоа қаердан иш топса топди, акс ҳолда маошсиз қоларди. Ўзбекистон Президентининг биринчи навбатда қилган иши шу бўлдики, лойиҳа давлат томонидан молиялаштириладиган бўлди. Бизнинг институтда 160 та илмий ходим бор, 112 тасига давлат маблағ ажратди, бажариш керак бўлган вазифалар белгиланди, агар яна қўшимча лойиҳа олиб бажарсангиз, унинг ҳам пулини олишга ҳақингиз бор.
– Адабиётда авлодлар тўлқин-тўлқин бўлиб келади деган гап бор. Яъни, улуғвор эврилишлар, ижтимоий янгиланишлар даврида янги тафаккурга, дунёқарашга эга катта истеъдодлар гуруҳи шаклланади. Кейин орада маълум муддат танаффус бўлиши мумкин. Ва яна бир давр келади-ю, ўзининг улкан истеъдодларини юзага чиқаради. Илмда ҳам шундай даврийлик борми?
– Тарихга назар соладиган бўлсак, 1965–1970-йилларни мен Ўзбекистон учун шунақа давр деб биламан. Ўшанда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондаги илмий даражани бизники билан солиштириб бўлмасди. Конференция, тадбирларда учрашиб турардик, ҳаммасидан хабардор эдик. Бизнинг олимларнинг салоҳияти, савияси анча баланд эди. Ҳозир баъзан бунинг сабаби нимада бўлган экан деб ўйлаб қоламан ва ўзимча жавоб топгандек бўламан. Уларнинг бахти, ютуғи ўз зиёлисини, илм аҳлининг бошини силайдиган раҳбар, қўллаб-қувватлайдиган ҳукуматнинг борлигида бўлган. Ўша даврда Шароф Рашидов республика раҳбари, Ҳабиб Абдуллаев академиянинг президенти бўлган.
Ҳабиб Абдуллаев жуда курашувчан, ҳақиқатпарвар одам бўлган. Шу феъли туфайли бошида кўп калтак синган ва эллик ёшида оламдан ўтиб кетган. У киши ёшларимизни илмли қиламан деб четга олиб бориб жойлаштириб келаверган. Натижада улар ўқиб қайтгач, фанда жуда катта кўтарилиш бўлган. Ҳозир ҳам шундай ёшларимизни, ёш олимларимизни давлат бепул ўқитиш учун хорижга жўнатаяпти, иншооллоҳ, улар ўрганиб келган тажриба ва илмлари билан мамлакатимизнинг ривожига ҳисса қўшишади. Яна ўшандай авлодлар тўлқини гуриллиб кириб келади. Хорижда илм қилиб, ишлаб юрган ёш ўзбек олимларининг ичида “Ҳирш индекси” 27 бўлганлари ҳам бор. Уларга ҳавас қиламан ва ишонаман, ўзбек илм-фанининг келажаги мана шундай иқтидорли ёшларимизнинг қўлида.
– Ўз соҳангизда қандай муаммоларни кўраяпсиз ва яқин йилларда шунга мос равишда қандай кашфиётлар кутилиши мумкин?
– Бизда ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. Масалан, иммунотерапия деган ибора бор. Оддий ўрик танасида ўсадиган замбуруғнинг ичидан ширага ўхшаган нарсани ажратиб оламиз (полисахарид), шуни ракнинг бошланишида берсак, ўсимтанинг ўсишини тўхтатади. Қандай қилиб тўхтатади? Бу ўзи оддий крахмалнинг бошқача кўриниши бўлса? Шира организмга кирганда у биринчи ўсимтани майдалайди, тармоқланган жойи рак ҳужайрасининг рецепторига бориб ёпишиб олади, организмнинг иммун тизими бегона нарсани қидириб топиб ракни ушлайди ва уни тўхтатади. Яна бир йўналиш – нанотехнологияда катта бурилиш бўлади. Булар илмда яқин келажакда амалга оширилади, бунга ҳамма шароит яратилган. Бу аср биология, биотехнология, биомедицина асри бўлади. Ҳамма табиий фанлар биргаликда буларни амалга оширади ва албатта фанда буюк ўзгаришлар юз беради.
Шаҳноза РОФИЕВА суҳбатлашди
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 1-сон.
“Худо ёрлақаган одам” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ