АҚШ статистикасига кўра, ҳар 10 маҳбусдан тахминан 7 нафари маълумотни бирлаштириш ёки синтез қилишни талаб қиладиган вазифаларни бажаришда қийналади.
Бирон жиноятга қўл урган вояга етмаганларнинг 85 фоизи ўқиш ва тушунишда қийналади, бу эса саводхонлик даражаси пастлиги ва жиноятчилик даражаси ўртасидаги боғлиқликни таъкидлайди.
Мактабгача ёшда эрта ўқиш амалиётига жалб қилинган болаларнинг жиноят оламига аралашиш эҳтимоли камроқ бўлар экан.
Ёшлар ўртасида жиноятчилик, хусусан, болалар беғараз истеъмол қилаётган интернет маълумотлари мазмуни таъсирида ҳам кучайишини тадқиқотлар кўрсатмоқда. Бизнинг болаларни жуда ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатадиган интернет ўраб олган. Бугунги кунда болаларни ахборот оқимидан жисмонан ажратиб қўйишнинг маъноси ҳам, имконияти ҳам йўқ. Илгари телевизор, кино, китоблар, кутубхоналар, мактаблар ва болалар боғчалари бунга масъул бўлиб, болаларга тақдим этиладиган контентни тартибга солар эди.
Бугунги кунда тақиқлар ва тўсиқлар бу муаммони ҳал қила олмайди! Жамият болаларда маълумот компетенциясини ривожлантириши кераклигини тушуниши керак. Маълумот компетенцияси деганда боланинг маълумотларни тушуниш, танқидий таҳлил қилиш ва саралашни ўрганиши ва ундан масъулият билан фойдаланиш қобилиятига айтилади. Инсон маълумотларсиз яшай олмайди.
Савол ва қизиқишларига ота-онасидан кўра интернетдан тезроқ жавоб олиш мумкинлиги сабабли бола кўпроқ интернетга юзланишни бошлайди. У топаётган маълумотлар тўғри ва сифатли эканидан хотиржам бўлсак бўладими? Агар болада керакли даражадаги маълумот компетенцияси ривожланмаган бўлса, у юқори эҳтимол билан интернетдаги унга салбий таъсир этадиган маълумотга дуч келади.
“Болалардан бошлайлик!”, Елла Лепман. Халқаро болалар китоблари конгресси – ИББЙнинг асосчиси урушдан кейинги даврда гўзал мамлакатни фақат болалар яратиши мумкинлигига ишонган.
Айнан китоб болани савол беришга, изланишга, маълумотни саралашга, таҳлил қилишга ва жавоб топишга ўргата олади. Аммо бугун Ўзбекистон болаларида китобдан жавоб топиш ва шунга одатланишга имкон мавжудми?
Биринчи навбатда шундай савол туғилади: Бизда керакли жавобларни бера оладиган китоблар етарлими? Масалан, уруш, муносабатлар, ўлим, севги, ҳис-туйғулар, менга нима бўлди, онамга нима бўлди, нима учун қушлар учади, филга хартуми нима учун керак, нега мен йиғлайман, нега мени урди, қачон қуёш ботади каби саволларга. Ёки бизнинг фарзандларимиз ва уларнинг ота-оналари ўқиганларини тушуниш, китобнинг моҳияти ва ғоясини топиш учун зарур кўникмаларга эгами? PISA натижаларига кўра, бундай кўникмалар бизда йўқ.
Ўқилган нарсани тушуниш, моҳияти ва ғоясини таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантиришни жуда эрта – болалик давридан бошлаш керак. Айнан мактабгача ёшда онаси расмли китоб ўқиб бераётган бола уни онаси билан муҳокама қилиб, тушуниш ва таҳлил қилишни ўрганади. Бу жараён эрта йўлга қўйилса, келажакда у одатга айлана олади. Шунда мажбурий эмас, балки ҳақиқий китобхонлик маданияти шаклланади, бунда бола сифатли материални излашга, танлашга ва ўқишга одатланади. Акс ҳолда, бола шунчаки ахборот ахлатининг истеъмолчиси бўлиб улғаяди.
Болаларга мўлжалланган китоблар боланинг тасаввури, нутқи ва мулоқот қобилиятини рағбатлантириши керак, шунда сюжет улар учун қизиқарли бўлади, яъни уларнинг психологик ва когнитив ривожланишига мос келади. Бу эса боланинг фикрини озиқлантириши, у нима ҳақида гапираётганини тушуниши ва гапира олишига ёрдам беради. Бола ҳарфларни танимаган пайтидан китобни севишга улгуриши керак.
Эрта болалик даврида расмли китоблар билан ишлаган болалар мактабдаги тенгдошларига қараганда анча муваффақиятли бўлади ҳамда тушуниш кўникмаларига эга бўлади (тушуниш кўникмалари – бу ўқувчи матндан маъно яратиш ва маълумот олиш учун фойдаланадиган стратегиядир). Яъни, PISA реадинг тестида баҳоланадиган кўникмалар. Расмли китоблар болалар тафаккурининг энг самарали стимуляторларидан биридир. Юқори сифатли расмли китоблар боланинг когнитив, ҳиссий, ижодий ва тил ривожланишига катта ҳисса қўшади. Ота-оналарнинг болаларга китоб ўқиши боланинг ўзини ўқишга, ҳарфлар ва расмлар, ҳарфлар ва товушлар ўртасидаги муносабатларга, шунингдек, атрофдаги дунёга қизиқишини ўстириб беради. Болаларда таснифлаш, таққослаш, таҳлил қилиш, танқидий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш каби кўникмалар йиғилади, бу шахсият, ўзини ўзи қадрлаш ва тасаввурни шакллантиришда жуда муҳимдир. Айнан болалар китоблари болаларга кундалик ташвишлар, ҳис-туйғулар ва вазифаларни қандай енгиш кераклигини кўрсата олади. Улар болаларга бошқа одамларни ва ўзларини ташқаридан кўришга ёрдам беради. Шунга кўра, айнан болалар китоблари болаликдан бошлаб кучли ва когнитив ривожланган ва ХХI асрда зарур бўлган маълумот компетенциясига эга бўлган шахсни юзага келтиради.
Эртага фарзандларимизни салбий ва баъзан шафқатсиз маълумот ахлатларидан ҳимоя қила оламизми? Саводсиз ёшларимиз кўпаяверса, улар орасидаги жиноятчиликни, камайтира оламизми? Ҳозир 5-6 ёшга тўлган болалар эса 10 йилдан сўнг интернет маҳсулотига айланмасдан, интернет ва бошқа босма материаллардан эркин ва ўзига зиёнсиз фойдалана оладими?
Бизда шундай китоблар борми? Ўзбекистонда “Ўйинчоғимни қайтариб бер”, “Дадам қаерда?”, “Бувим қаерга кетган?”, “Нега дўстим мени боғчада урди?”, “Семизман”, “Чиройли эмасман”, “Нега менинг иккита кўзим бор?”, “Ракета нима?”, “Динозаврлар қаерда яшайди?”, “Панда қаерда яшайди?”, “Нега синфдошим юра олмайди?”, “Нега онам мени уришди?”, “Мен яхшиманми?”, “Мен ёмонманми?” ва ҳоказо яна минглаб мавзулардаги китоблар нашр этиляптими? Ёки яна 50 йил давомида фақат фольклор эртаклари билан қаноатланамизми?
Бизда “Бешик тўй”га тагликлардан торт ясашнинг ўрнига қимматбаҳо болалар китоблар тўпламини совға қиладиган бойлар борми? Боланинг туғилиши учун болалар китобларини совға қилишни ким урфга чиқаради?
Баъзи одамлар хаёлий дунёни излайди, бошқалари ҳақиқий дунёни хоҳлашади. Болалигидан унга тушунарсиз ва қизиқиш уйғота олмаган шеър ёд олишга маҳкум бўлган бола, унинг маъносини тушунмаганлиги учун китобни мутлақо ёмон кўриб қолиши мумкин.
Боланинг психологик, когнитив ривожланишига мос келадиган, унинг тасаввурини, қизиқишини уйғотадиган китобларни танлашда ўқитувчилар ва ота-оналарнинг ўрни катта.
Бугун биз олий таълимга эътибор қаратяпмиз, тренинглар ташкил қилмоқдамиз, интернет ўзбекча материалларга тўлмоқда, аммо агар болалик давридаёқ маълумотни моҳиятини идрок этиш ва англаш, уни тушуниш кўникмаси шаклланмаган бўлса, бугунги яратилаётган материалларнинг барчаси бугунги болалар улғайганида фойдасиз, баъзан ҳатто зарарли бўлиши мумкинлигини тушунамизми?
Китоб арзон эмас. Болалар китоби – янада қимматдир. Чунки у юқори техник ва бадиий сифатни талаб қилади. Масалан, Жанубий Кореяда битта болалар расмли китоби тахминан 10–12 доллар туради. Бундай китоб атиги бир неча марта ўқилиши мумкин, шунинг учун ҳар қандай ота-она ҳар 2 кунда янги расмли китоб сотиб ололмайди. Шу мақсадда Кореяда болалар кутубхоналари фаол ишлайди. Улар жуда кўп ва ҳар бир уйдан пиёда масофада жойлашган бўлиб, болаларга хоҳлаганча китобдан фойдаланиш имконини яратиб беради. Бундан ташқари, болалар боғчалари ва мактабда ҳам кутубхоналар ташкил этилиб, улар мамлакат нашриётларида чоп этилган барча болалар китобларини фондига олади ва болалар орасида тарғиб қиладилар. Болалар адабиётига солиқни бекор қилишган. Кореяда эрта болаликдан (3 ёш) болалар кутубхонадан фойдаланишни ўрганадилар ва китоб танлашни ва ижарага олишни биладилар. Болалар кутубхоналари фонди асосан миллий муаллифларнинг китобларидан ташкил топган. Энг муҳими, Кореяда болаларга китоб совға қилиш зўр одат ҳисобланади.
Масалан, АҚШда кам таъминланган ва ижтимоий заиф оилаларнинг фарзандларини ўқишга жалб қилиш мақсадида педиатрлар бола туғилганда, эмизиш ёки жисмоний ривожланиш бўйича маслаҳатлардан ташқари китоб ўқишнинг фойдаси ҳақида ҳам гапирадилар ва китобхонликка оид тавсиялар берадилар, болалар китобларини совға ҳам қиладилар.
Китобхонлик маданиятини шакллантириш осон эмас, лекин эрта китобхонлик маданиятини шакллантириш осон. Бунинг учун айнан эрта китобхонлик қанчалик муҳим эканлигини барчамиз тушунишимиз керак.
1. Катталар билан боланинг биргаликда расмли китоб ўқиши унинг фикрлашини рағбатлантиради. Бола мутолаани эшитиши жараёнида унинг мия ҳужайралари рағбатланади, нейронлар алоқаси юзага келади, келажакда ўрганиш ва интеллектуал қобилиятлар учун пойдевор яратилади;
2. Болалар ҳаётига китболарнинг эрта кириб келиши уларда ўқиш ва ўрганишга бўлган муҳаббатни кучайтиради, диққатни жамлаш қобилиятини, оғзаки нутқ ва саводхонлик кўникмаларини яхшилайди;
3. Болалар китоби болаларда ижодкорлик, қизиқувчанлик, мустақиллик, ўзига ишонч туйғусини беради, тасаввурни ривожлантиради, эмпатия, муаммони ечиш каби кўникмаларни ривожлантиради;
4. Болаларга расм ва сўзлар реал нарсаларнинг тимсоли эканлигини тушунишга ёрдам беради, уларнинг сўз бойлигини кенгайтиради ва китоб концепциялари билан таништиради;
5. Болалигида эрта китобхонлик амалиёти (ота-оналар билан биргаликда китоб ўқиш, расмли китоблар билан ўйнаш, расмли китобларни кўриш)га жалб қилинмаган болалар кейинчалик ўқиш кўникмалари бўйича ортда қолади ва мактаб йилларида ўрганишда қийинчиликларга кўп дуч келади.
Нима қилса бўлади?
Биз ҳали катта китоб байрамлари, улкан тақдимотлар ва миллионлаб нусхаларга эга китоблар чиқишига тайёр эмасмиз. Болалар китобхонлигини маҳаллий даражада кичик қадамлар билан ривожлантириш самаралироқ.
· Расмли китоблар билан ишлашни мактабгача ва бошланғич мактаб таълими дастурига, педагог кадрларни қайта тайёрлаш дастурига киритиш зарур. Расмли китоблар боланинг кичик ёшидан таълимда интеграллашган ёндашувни ривожлантириш учун ёрдам беради. Масалан, кактуслар ҳақидаги расмли китобни ўқиб, биз буллинг (буллинг ижтимоий термин: бировнинг устидан кулиш, зўзаронлик, ҳақоратлаш) мавзусини ҳам, кактуслар мавзусини ҳам табиатшунослик нуқтаи назаридан муҳокама қилишимиз мумкин.
· Болалар китоблари трендга айланиши керак. Мен китоб дўконига кириб, фарзанди учун китоб сотиб олишдан хурсанд бўладиган жуда кам блогерларни танийман. Миллион кузатувчига эга юлдузлар фарзандларига болалар китоби совға қилишни трендга айлантирсалар, кўпчилик улардан ўрнак олади. Болалар интернет гадосига айланиб қолмасликлари учун катталар бир-бирининг фарзандига қимматбаҳо китобларни совға қилиш одатини киритиши ва бундан мақтаниши керак.
· Телесериаллар ва фильмлар кадрлари фонида ҳеч бўлмаса расмли китобларни ўқиб мазза қилаётган болаларни мунтазам равишда кўрсатиш керак.
· Бешик тўйидаги ёки туғруқхонадан олиб чиқиш байрамларидан чиққан видеоларда нафақат чанг босган ўйинчоқ қаҳрамонларни ёки лентага ўралган тагликларни, балки болалар китобларини ҳам кўрсатиш керак.
· Туман ҳокимлиги, маҳаллалар ҳар йили маҳаллий нашриётлар билан жойларда китоб ярмаркаларини ўтказиши керак. Муаллифларни таклиф қилиш лозим. Бу «Маърифат ва маънавият» бўлими учун қўшимча иш бўлсада, китоб тарғиботи туфайли улар келажакда маълумот компетенциясига эга бўлмаган интернетга ғарқ бўлаётган ўсмирлар билан ишламайди. Китобхон болалардан китобхон ўсмирлар ўсади.
· Давлат даражасида Ўзбекистонда алоҳида «Болалар китоби куни» эълон қилиниши керак, бу кун ҳар ким ўзининг ёки бировнинг фарзандига китоб совға қилади. 1 июнь – Болалар кунида эмас, 1 апрель – Халқаро болалар китоби кунида ҳам эмас, балки алоҳида бошқа бир кунда.
· Болалар боғчаларида ва мактабларда китоб совға қилиш кунларини эълон қилиш. Бу кунда болалар бир-бириларига китоб улашадилар. Бу шунчаки пулни ишлатиш эмас, балки китоб қимматли нарса эканлигини англаб улғаядиган бола учун сармоядир.
· Телеканалларда ҳар куни кеч пайт болаларга расмли китоб ўқиб бериш ва ҳар бир ота-онани шунга ундаш керак.
· Ўзбекистонда фаолият юргазаётган ИББЙ секцияси ҳар йили мамлакатда нашр этилаётган энг яхши китоблар ва таржимасу зарур бўлган китоблар рўйхатини эълон қилиши керак. Бошқа кўплаб мамлакатларда ИББЙ бўлимлари буни амалга оширадилар.
Китобларга пул йўқ деб айта олмаймиз. Талаб таклифни шакллантиради. Бугун, билишимча, масалан, «Академнашр» нашриётида болалар учун 10 минг сўмдан бошланадиган сифатли китоблар бор. Қимматбаҳо китобларни эса биз махсус саналарда яқинларимизга совға қилишимиз мумкин.
Ҳар биримиз китобхон миллатнинг ривожланиши учун масъулмиз. Чунки 12 ёшгача бўлган боланинг фаолиятига биз – ота-оналар, катта ёшлилар жавобгармиз.
Бугун Миллий гвардия мактабда давоматни текширади, лекин оиладаги зўравонлик ёки бошқа воқеалар (сабабчиси саводсиз ота-оналар) туфайли эртага боғчадаги давоматни текширишга ўтишидан кўра болалар китобхонлигини ривожлантириш осонроқ эмасми?
Динара МЎМИНОВА,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ