Тарихдан маълумки, Ватан рамзлари доимо улуғ ва муқаддас саналган. Байроқ ҳамиша инсонларни якдилликка, улуғ мақсад йўлида бирлашишга чорлаган. Давлат рамзлари ор-номус, шон-шараф белгиси сифатида эъзозланган. Зеро, байроқ ҳар бир халқ, миллатнинг шонли ўтмиши ва буюк келажаги, асрий анъана ва урф-одатларини ўзида акс эттирган.
Буюк ўтмиш, шонли тарихга эга халқимизнинг давлат барпо этиш ғояси, умуминсоний қадриятлapга содиқлиги, энг аввало, ўзининг давлат рамзларида акс этган. Ўз рамзларига эга бўлган давлат ўз тақдирини ўзи белгилайди.
Биз учун мустақилликнинг муқаддас рамзи – давлатимиз байроғи доимо азиздир. Шу боис, байроғимизга назар солар эканмиз, байроғимиз баланд-баландларда ҳилпираганда ёки мадҳиямиз янграганда биз руҳий қувватни, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга бўлган ишонч туйғусини ҳис этамиз.
Мустақиллигимиз тимсоли байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Айниқса, миллий байроғимизнинг давлат идоралари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, хориждаги элчихона ва ваколатхоналаримиз биносида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ўзида намоён этиши барчамизга ифтихор бахш этиб, қалбларимизни яйратади.
Юртдошларимиз жаҳон майдонида улкан ғалабаларга эришганда байроғимизни кўкларга кўтарган чоғ, давлат гербини ўпиб, пешонамизга тўтиё этганимизда, давлатимиз мадҳияси янграганда беихтиёр қалбларимиз жумбушга келиб, кўзларимизда севинч ёшлари қалқийди. Албатта, жасур Ватан ўғлонлари юксак ғалабалар нашидасини нишонлашда давлат рамзларига фахр билан қўлларини кўксига қўйиб таъзим қиладилар. Биз учун байроқ озодлик тимсоли, миллий ифтихор рамзидир. Давлатимиз байроғини беихтиёр Ватан суратларига қиёсласак бўлади. Ўзбекистон қуёшли ўлка, буюк тарих, маънавият ва маданият яратган заминдир.
Бугун Янги Ўзбекистон дунё саҳнига кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакат сифатида жадал одимламоқда. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Мамлакатимизда олиб борилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар юртимизда янги даврни – Янги Ўзбекистон даврини бошлаб берди” (Ватанимиз мустақиллиги – биз учун куч-қудрат ва илҳом манбаи, тараққиёт ва фаровонлик асоси. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи). Зеро, бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотлар дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни яна-да ошириб, унинг халқаро майдондаги нуфузини тобора мустаҳкамлашга замин яратмоқда.
Бугун Янги Ўзбекистонни порлаётган қуёшга қиёсласак, ундан таралаётган илму зиё нури кўҳна заминга меросдир. Давлатимиз байроғи халқимизнинг иродасини тоблаб, элни эзгулик, улуғ ва буюк мақсадлар сари бирлаштириб халқимизга руҳий қувват беради. Миллий байроғимиз жуда чиройли, унда улуғворлик, эзгулик, тарихимиз акс этади.
Тарихдан маълум – туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур каби ўнлаб саркардалар ҳаёти бугун бизга катта ибрат. Зеро, Жалолиддин Мангуберди қўлида баланд кўтарилган байроқ тарих саҳифаларини безайди, Шайх Нажмиддин Кубронинг ватанпарварлик жасорати ила озодлик учун “Ё ватан, ё шарофатли ўлим” дея сўзлаган оташин даъвати қалбларни жумбушга келтиради. Амир Темур заковати ва саркардалик маҳорати уйғунлашган байроқда улуғ ватанпарварлик мужассам. Шонли тарихимизнинг залворли саҳифаларида ҳамон Амир Темурнинг буюк қаҳрамонлиги халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка ундайди.
Буюк соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанат довруғи дунёда достон бўлди. Бу давр давлатчилигимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан муҳрланди. Темур салтанатида байроқ эса том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди. Жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида жанг майдонлари узра баланд ҳилпираб турган. Шу тариқа Темур салтанатида байроқ давлатнинг мустаҳкам ва қудратли рамзи эканлигини ифода этган.
Амир Темур давлатида давлат байроғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи сифатида эъзозланган. Жангу жадалларда юксак мардлик ва жасорат белгиси сифатида энг кучли, жасур, ботир ва баҳодирларга ҳадя қилинган. Соҳибқирон давлатида давлат туғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи ҳисобланган. Темур салтанатида жангу жадалларда юксак мардлик ва жасорат белгиси сифатида байроқ энг ишончли жасур жангчилар томонидан қўриқланди. Амир Темур замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Бунга Амир Темур алоҳида эътибор қаратган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган. “Темур тузуклари”да қайд этилишича, душман устидан жасорат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган мартабали амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари – туғ ва ноғора туҳфа этилган.
Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш, юртни севиш, унинг учун жонини фидо қилиш – муқаддас бурчдир. Зеро, мардлик ва буюклик мартабаси акс этган байроғимизга нигоҳ ташлар эканмиз, беихтиёр у ҳар бир ватандошимиз қалбини ғурурга тўлдиради. Шу боис, давлат рамзи сифатида байроқ буюк келажак ва ёруғ истиқболни мужда қилаётгандек залворли ҳилпирайди. Шуни алоҳида ғурур ва ифтихор билан айтишимиз мумкин, жонажон Ўзбекистонимиз байроғи дунёдаги энг чиройли ва кўркам байроқлардан биридир.
Хорижда бўлганимизда ҳилпираб турган байроғимизга чексиз ғурур билан нигоҳ ташлар эканмиз, юрагимизда фахр туйғуси уйғониб, руҳиятимиз кўтарилади. Байроғимиз тимсолида дунёнинг ҳар қайси нуқтасида ҳам Ўзбекистон деган ҳимоячимиз, суянчиғимиз борлигини ҳис этамиз.
Айниқса, мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган кунни байрам сифатида нишонлаш нафақат мамлакатимизда ғурур ва ифтихор билан, балки хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз томонидан ҳам кенг нишонланиб келинмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил март ойида Бирлашган Араб Амирлигига расмий ташрифи шарафига ҳамда 2020 йил Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан Дубай шаҳрида жойлашган дунёнинг энг баланд иморати – “Бурж Ҳалифа” (баландлиги 828 метр)да Ўзбекистон байроғи тимсолининг намойиш этилиши ватандошларимизга чексиз ҳаяжон ва ғурур бағишлагани бежиз эмас, албатта.
Давлат рамзларимизга бўлган ҳурмат ва эътибор кучаяётгани, уларнинг ҳуқуқий асосини, маънавий илдизларини кенг жамоатчиликка тарғиб этиш бугунги кун талабига айланмоқда.
Агар тарихга назар ташласак, байроқ – инсоният тарихини ўзида акс эттирадиган беқиёс тимсолдир. Чунончи, дастлабки байроқлар олис ўтмиш қаърида, эрамиздан аввалги III-II минг йилликда пайдо бўлиб, улар қабилаларни бир-биридан фарқлаб кўрсатувчи белги сифатида қўлланилган. Кейинчалик улар ҳукмдорлар, лашкарбошиларнинг ҳукмронлигини билдирадиган рамзга айланган.
Ҳозирги вақтда эса байроқлар давлат мустақиллигининг асосий рамзи саналиб, унда мамлакатнинг миллий минталитети ва тарихи акс этади. Байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ, миллат учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраган. Байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган.
Мустақил Ўзбекистон байроғи сарҳадимизда қадимдан мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда ватанимизнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Байроғимизда яхшилик, шон-шуҳрат, садоқат, поклик, халқнинг тарихи ва навқиронлиги акс этган.
Ҳозирги тинч ва осойишта даврда давлатимиз байроғи мустақиллик ва миллийликни ўзида акс эттириб ватанимиз ҳудудларида виқор билан ҳилпираб туриши ҳар биримизга қувонч ва фахр бахшида этади. Албатта, мана шундай ширин лаҳзалар ҳар бир ватандошимизда юртга бўлган чексиз меҳр ва садоқатнинг ёрқин намунасини намоён этади. Зеро, давлат рамзлари она Ватан каби азиз ва муқаддас бўлиб унда халқ тарихи, бугуни ва келажаги ўз аксини топади. Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз байроғи халқимиз ор-номусини уйғотувчи беқиёс куч сифатида озодлик, ватанни севишга даъват этиб, миллий ғурур, фидойилик ва ватанпарварликни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мансур МУСАЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий
тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, сиёсий фанлари бўйича фалсафа доктори
Худойназар ҚЎЧҚОРОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти масъул ходими
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ