Кўҳна тарихга назар ташлаб, баъзан ҳайрон қоласиз: одамлар, халқлар, давлатлар, цивилизациялар тарихи шу қадар мураккаб, зиддиятли, қарама-қаршиликларга бойки, тараққиётнинг омили ҳам ана шу муаммоларнинг мавжудлигидадир деган хулосага келасиз киши. Чунки одамзод тараққиётнинг барча босқичларида ижтимоий ҳаёт, турмуш тарзини такомиллаштириш, янгиликларга интилиш жараёнида ўзига хос қийинчиликлар, зиддиятли ҳолатларни тинимсиз енгиб ўтиш, янгиликлар ихтиро қилишга интилган. Натижада бугун барча ҳайрон қоладиган даражадаги цивилизациялар кашф этилган.
Авваллари одамлар ҳаёти кўп ҳолларда бир текис, эволюцион тарзда ривож топган бўлса-да, инсоният тараққиётининг кейинги даврларида илм-фан, таълим соҳаларида эришилган ютуқлар сабаб бу жараён тезлаша бошлади. Дастлабки даврларда инсоният турмуш тарзи, ҳашаматлик ҳолати арифметик ўсиш бўйича яхшиланиб борган бўлса, бугунги кунга келиб, геометрик прогрессия асосида тараққий этиб бормоқда.
Инсон ҳаётини барқарорлаштириш, турмуш тарзини такомиллаштириш учун бугун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Шунга мос тарзда ҳаётимиз ҳам ҳашамлик нуқтаи назаридан, жисмоний меҳнатни енгиллаштириш асносида яхшиланиб бормоқда. Мазкур мақолани ёзиш пайтида жадид бобомиз Исҳоқхон тўра Ибратнинг “Танланган асарлари”даги қуйидаги сатрларни ўқиб қолдим: “Маданият хотирага ўхшаган янги таомил, янги сўз, янги хат жорий бўлиб, эски нимарсалар, диний ишлар, бўлаклари ҳаммаси билкул қолиб, янги юриб кетар эканлар... Уйингизда ҳозир турубдур аён... чунончи: чироқ қолди – ламфа (чиқди), чақмоқ қолди – гургурд (чиқди)... чойжўш қолди – чойнак (чиқди), қумғон қолди – самовар (чиқди) ва ҳоказо янги нимарсалар кўб жорий бўлиб қолган”.
Хўш, биз мазкур иқтибосни нега келтирдик? Бунинг жиддий сабаби бор. Агар биз бугун фарзандларимизга бундан атиги юз йил олдин ўзбек халқининг турмуши, ҳаётида бобомиз санаб ўтган нарсалар янгилик эди, авваллари аждодларимиз бугунги турмушимизда зарур бўлган электр асбоблари, жисмоний меҳнатни енгиллаштирувчи асбоб-ускуналар бўлмаганди десак, улар ҳайрон бўлиши тайин. Ҳақиқатан, ҳаётимиз, турмуш тарзимиз ниҳоятда катта тезликда ўзгариб бормоқда. Инқилобий технологиялар туфайли яна 30-40 йиллардан сўнг бизни нималар кутаётганини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.
Демак, инсониятнинг моддият соҳасидаги ўзгаришлари тинимсиз тараққий этиб бораверади. Бундай тараққиёт, ўз навбатида, маънавият ва тафаккур оламига ҳам жиддий таъсир этмоқда. Бу эса бугун барчамизни ўйлантираётган, инсониятнинг бундан кейинги тақдирида ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган омил – маънавият, маданият, тарбия масалалари долзарблигини янада оширмоқда.
Шахс тарбияси, унинг маънавияти, юксак ахлоқи масалаларига қанчалар кўп диққат қаратганимиз каби кўплаб зарарли таҳдидлар, мафкуравий-ғоявий босимлар ҳам урчиб бораётганини унутишга асло ҳаққимиз йўқ. Инсон шахсиятини бузиш, минг йиллар мобайнида шаклланган эзгу ғоялар, бунёдкор мафкуралар, одамларни фақат яхшилик, ўзаро ҳамкорликка бошловчи тарбия тизимига қарши кураш ҳам янги шакл ва мазмунга эга бўлиб бормоқда. Президентимиз “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобида қайд этганидек, “Янги Ўзбекистон мафкураси – эзгулик, одамийлик, инсонпарварлик ғоясидир. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, жамиятда миллий ва умуминсоний қадриятлар барқарорлигини тасаввур қиламиз. Маънавий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгулик, умуминсоний ғоялар руҳида вояга етказиш, уларда халқимизнинг маънавий ва маърифий идеалларга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши иммунитетини кучайтириш масаласи бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир”.
Ҳақиқатан, кейинги пайтларда ёт ғоялар тобора кўпайиб бормоқда. Эътиқоди суст айрим ёшларимиз эса бу ғояларни таҳлил қилиш, улардан хулоса чиқариш кўникмаси йўқлиги учун мураккаб жараёнда адашмоқда, “оқ билан қора”нинг фарқига бормай, ножўя ҳаракатлар қилмоқда. Бунинг сабаблари жуда кўп. Бироқ, назаримизда, барча соҳаларда бўлгани каби маънавий ҳаётдаги турбулентлик ҳолати миллий тарбия ва минг йиллар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятларимизни очиқдан-очиқ инкор этмоқда.
Хўш, турбулентлик ҳолати нима дегани? Тўғри, турбулентлик гирдобли ҳаракат, жўшқинлик, тартибсизлик каби маъноларни англатган ҳолда кўпинча аниқ, табиий фанлар атамаси сифатида фойдаланилади. Бироқ бугунги кунда мазкур атама ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари, жумладан, мамлакатларнинг ташқи сиёсати, миллий ва умумбашарий муаммоларни ҳал этишда ҳам кенг қўлланилмоқда.
Ҳар қандай жамиятда инсон ривожининг олд шарти, энг муҳим моҳияти, аввало, унинг эркинлиги ва мустақиллигида намоён бўлади. Эркинликдан фойдаланиш имкониятининг зарурий шарти инсондаги ички тартиб ва ўзаро муносабатлардаги тартибга ҳурмат билан қараш ҳисобланади.
Шу маънода таъкидлаш лозимки, эркинлик бу – тартиб. Тартибсизлик шароитида эркинликдан фойдаланиш асло мумкин эмас. Интизом тартибга нисбатан ҳурматнинг намоён бўлишидир. Интизом ҳаётнинг ҳар қандай соҳаси ва тартиботнинг ҳар бир даражасида самарали фаолиятнинг зарурий шартидир. Ҳар қандай шароитда, ҳар бир соҳада тартиб бузилиши умумий жараёнларни ишдан чиқаради, пировард натижада инқирозли ҳолат, беқарорликни юзага келтиради.
Бу, айниқса, маънавият, тарбия соҳаларида жиддий хавф-хатарни пайдо қилиши мумкин. Ҳақиқатан, ижтимоий тараққиётнинг ҳозирги босқичида, глобаллашув авж олган ва инсониятнинг минг йиллар мобайнида шаклланган қадриятлари катта хавф остида турган бир пайтда турбулентлик ҳолати маънавият, тарбия жабҳасида ҳам жиддий муаммолар келтириб чиқармоқда.
Бундай муаммолар кўп ҳолларда маънавиятни тушунишда, одамлар тарбиясида анъанавий қадриятлар, шаклланган меъёрлардан фойдаланишга устувор аҳамият бераётган, бу жараёнга муайян даражада архаик-консерватив муносабатда бўлаётганлар билан масалага инновацион тарзда қарайдиганлар ўртасидаги жарликнинг тобора кенгайиб боришига сабаб бўлмоқда.
Афсуски, бу жарлик кундан кунга кенгаймоқда. Маънавият ва тарбия масаласида консерватив ва инновацион тарафдорларнинг келишмовчилиги, улар ўртасидаги зиддиятли ҳолатлар мазкур соҳалардаги турбулентлик ҳолатининг таъсирини янада кучайтирмоқда.
Маънавият, маърифат, тарбия, умуман, инсон, жамият муносабатларига кейинги йилларда тобора авж олиб бораётган тўртинчи саноат инқилоби ниҳоятда катта таъсир кўрсатмоқда. 1760-йиллардан 1840-йилларгача давом этган биринчи саноат инқилоби темир йўллар қурилиши ва буғ машинаси кашф қилинишига туртки бўлган механик ишлаб чиқаришни бошлаб берган бўлса, XIX аср охири – XX асрнинг бошларида бошланган иккинчи саноат инқилоби электр қуввати ва йиғув линияси яратилишига сабаб бўлган. Учинчи саноат инқилоби 1960-йиллардан бошланди ва у яримўтказгичлар, марказий компьютер (1960-йиллар), шахсий компьютер (1970-1980-йиллар) ва интернет (1990-йиллар) ривожланиши билан авж олди. Бу давр “компьютер инқилоби” даври ҳам деб аталади. Таъкидлаш лозимки, ҳар учала саноат инқилоби ҳам инсониятни умумий тараққиётга бошлади, одамлар тафаккур тарзини кенгайтирди, катта ҳажмдаги ишни қисқа вақт орасида бажариш, ривожланишнинг экстенсив йўлидан интенсив йўлига ўтиш имконини берди.
Тўртинчи саноат инқилоби бошланиш даври эса XXI аср бошларига тўғри келади. Мазкур жараён тенг миқдордаги улкан имкониятлар ва катта муаммоларни келтириб чиқара бошлади. Улар орасида энг эътиборга молиги ижтимоий тенгсизлик кучайиши бўлди. Ўсиб бораётган тенгсизлик туфайли келиб чиққан муаммолар миқдорини ўлчаш тобора қийинлашиб бормоқда.
Ҳозирги саноат инқилоби натижасида намоён бўлаётган янги технологик инқилоб кўлами шу қадар улкан иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ўзгаришларга сабаб бўлмоқдаки, уларни кўз олдимизга келтириш деярли имконсиз. Мазкур саноат инқилоби аввалгиларидан тезлиги, кўламидан ташқари кўп сонли ва хилма-хил соҳалар ҳамда кашфиётларни уйғунлаштира олиши билан ҳам ажралиб туради. Турли технологияларнинг ўзаро бирлашувидан ҳосил бўладиган реал инновациялар энди илмий фантастика эмас.
Масаланинг муҳим жиҳатларидан яна бири шундаки, тўртинчи саноат инқилоби марказида сунъий интеллект турибди. Сунъий интеллект компьютерлар ҳисоблаш қувватининг геометрик прогрессия бўйлаб ўсиши ва улкан маълумотлар базасига таянган ҳолда маданий, маърифий қизиқишларимизни олдиндан айтиб берувчи алгоритмлар каби ҳайратомуз ютуқларга эришмоқда.
Тўртинчи саноат инқилоби, сунъий интеллект инсониятнинг ҳозиргача мавжуд бўлган яшаш стандартларига, шарт-шароитларимизга бир томондан ижобий, бошқа тарафдан салбий таъсир ўтказиш кучига эга. Айрим қурилмалар турли соҳалардаги эҳтиёжларимизни олдиндан айтиб бериш имконига ҳам эга бўлмоқда.
Бошқача айтганда, сунъий интеллект инсоннинг ижодий қобилияти, унинг амалдаги рўёби масалаларини ўз “қўли”га олаётганини тан олишга тўғри келади. Масалан, ёзувчилик ва автоматик ҳикоя яратиш технологиясини олиб кўрайлик. Мураккаб алгоритмлар ҳар қандай китобхонга мос услубда ҳикоя ярата олади. Ҳикоя мазмуни инсон маҳсулига шу қадар ўхшайдики, “New York Times” газетаси ўтказган сўровномада бир-бирига ўхшаш икки хил матн берилганида иштирокчилар улардан қайси бирини одам, қайсисини робот ёзганини ажрата олмади.
Бу технология жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Шу боис, автоматик ҳикоя яратиш технологиясига ихтисослашган “Narrative science” асосчиларидан бири Кристиан Ҳаммонд келажакда янгиликларнинг 90 фоизи алгоритмлар томонидан ёзилишини башорат қилган. Бу алгоритмларнинг асосий қисми одам иштирокисиз ишлайди.
Ҳақиқатан, бундай жаҳоний ўзгаришлар янги Ўзбекистонга ҳам жадал кириб келмоқда. Бугун рақамли технология, сунъий интеллектсиз ҳар қандай давлатнинг на иқтисодий-ижтимоий, на маданий-маърифий соҳалардаги ўзгаришларини тасаввур қилиш қийин. Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 сентябрдаги “Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлаш ўринли.
Унга кўра, 2025-2026 йилларда “Рақамли ҳукумат” дастури доирасида 41 та устувор лойиҳани ишга тушириш, электрон давлат хизматлари улушини 70 фоизга етказиш ҳамда маҳаллаларда 30 дан ортиқ давлат хизматини кўрсатиш, аҳоли ва тадбиркорлар учун 100 дан ортиқ электрон хизмат жорий этиш, шу жумладан, 10 турдаги давлат хизматини проактив ва композит шаклга ўтказиш, 19 та ҳаётий вазиятда фуқароларга автоматик тарзда хабар юбориш чоралари белгиланди.
Рақамли технологиялар тўртинчи саноат инқилобининг вориси сифатида бугун бутун дунёда тараққиётнинг энг ишонарли, арзон ва қулай соҳасига айланди. Биз юқорида ёзувчи ва автоматик сунъий усулда ҳикоя ёзиш масаласини кўриб чиқдик. Ҳақиқатан, ҳикоя, шеър, роман ва бошқа адабий-бадиий асарларни шу тарзда ёзиш мумкин. Аммо масаланинг бошқа муҳим жиҳати бор. Гап ўша асарларнинг ўқувчига руҳий томондан ва миллий ўзликни англашга кўрсата оладиган ижобий таъсири ҳақида кетмоқда. Яна савол туғилади: биз алгоритмлар маслаҳатига қулоқ тутамизми ёки ўзимизни қуршаб олган жамият, оила аъзоларимиз, яқинларимиз, ҳамкасбларимизгами?
Сунъий интеллект, рақамли технологиялар томонидан яратилган “асарлар” қай даражада менталитетимизга, шахс, жамиятга бўлган муносабатларимизга таъсир қилиши мумкин? Умуман олганда, бу ўта мураккаб саволлар.
Келинг, шу ўринда шахс ҳиссиёти, ҳислари ҳақида икки оғиз фикрлашамиз. Одамларда бугунги кунда жадал ривожланаётган глобаллашув, турли ички ва ташқи мафкуравий таҳдидлар туфайли бошқаларнинг дарди, муаммоларини ҳис этиш даражаси тинимсиз пасайяпти. Масалан, кейинги йилларда бошқалар дардини тинглаш ва унга шерик бўлиш даражаси 20-30 йил аввалгидан 40 фоиз камайган.
Бунинг сабаби эса тўртинчи саноат инқилоби оқибатида одамлар, айниқса, айрим ёшларнинг ижтимоий тармоқларга “михланиб” қолиши, пировард натижада уларнинг жамият, оиласидан бегоналашиб боришидаги суръат тезлашишидир.
Бугунги кун одами руҳий ҳолатида энг кўп учрайдиган салбий кўриниш ҳиссизлик ҳисобланади. Аксар одамлар ҳиссизлашган қалби билан атрофидаги одамлар – баъзан турмуш ўртоғи, гоҳо боласи, айрим ҳолларда дўсти, кўчасидаги қўшнисини қийнаётганини, унга азоб бераётганини билмайди. Ижтимоий тармоқларга “қуллик”, назаримда, одамларда бир-бирига муносабатлар қалбнинг эмас, ақлнинг назоратида бўлганга ўхшайди. Кулишимиз, йиғлашимиз, одамлар билан ўзаро алоқаларимиз ичимиздан, юрак-юракдан эмас, кулишимиз лозим бўлгани учун, йиғлашимиз шарт бўлгани учундек туюлади. Бунинг сабаби ҳам бугун айрим одамларимизда соф инсоний ҳис йўқолиб бораётгани, ҳис шахсларнинг ташқи кўринишда борлиги-ю, ички оламида йўқлигидир. Ҳиссизлик эса одамларда ақлий оғишлар, ҳиссиз таассуротлар ва юзаки яшаш одати шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Шубҳасиз, тўртинчи саноат инқилоби инсоният ҳаётини янада гўзаллаштиради, фаровонликни оширади, оғиримизни енгил қилади. Бироқ айни пайтда бу феномен айрим соҳалардаги ривожланишни ҳаддан ташқари сунъийлаштириб юбориши мумкинлигини ҳам ёддан чиқариш мумкин эмас. Масалан, сунъий интеллект, рақамли технология Алишер Навоийни гапиртириши, Амир Темурнинг жанг маҳоратини намойиш қилиши, жадид боболаримизнинг истиқлол, эрк учун курашларини ўзига хос услубда кўрсатиб бериши мумкин.
Бу, шубҳасиз, керак. Аммо масаланинг жиддий томони шундаки, ўша эпизодларни томоша қилган, эшитган одамлар, айниқса, ёшларимизда буюк боболаримизнинг миллий-маданий меросини англашда, мутафаккирлар ҳақидаги тасаввурларида сунъийлик аломатлари учрамасмикан? Ана шундай ҳолатда сунъий интеллект асосида яратилаётган маданият ва санъат асарларида миллийлик, ўзлик масалаларига жиддий эътибор бериш талаб қилинади. Акс ҳолда, биз ёшларимизда буюк бобокалонларимиз, зафарларга тўла тарихимиз ҳақида енгил, жиддий асосланмаган, руҳсиз, ҳиссиз хулосаларга келишига сабабчи бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас.
Энди масаланинг ижтимоий ҳаёт, санъаткорнинг мавқеи билан боғлиқ жиҳатларига эътибор берамиз. Назаримда, тўртинчи саноат инқилоби, унинг натижасида пайдо бўлган, бугун тобора такомиллашиб бораётган томонлари – рақамли технология ва сунъий интеллект, юқорида қайд этганимиз каби инсоният ҳаётини мутлақо ўзгартириб юборди. Яна муайян вақт, дейлик 20-30 йилдан сўнг турмуш тарзимиз, жамиятга, борлиққа нисбатан муносабатларимиз қандай бўлишини тасаввур қилиш жуда қийин.
Бироқ тўртинчи саноат инқилобининг ҳаёт тарзимизни яхшилашига, моддий фаровонликни янада тўкислаштиришига шубҳа қилиш мумкин эмас. Ҳақиқатан, сунъий интеллект, рақамли технология мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқади, ўз навбатида, халқимиз фаровонлиги ҳам тобора яхшиланиб бораверади.
Айни пайтда бу ўзгаришлар силсиласида тарбия, маданият, маънавият масалалари қай аҳволда бўлишини тасаввур қилиш биз учун жуда муҳим. Чунки тўртинчи саноат инқилоби натижасида анъанавий шаклланган турмуш тарзимиз, одамлар ўртасида мавжуд муносабатлар, айниқса, миллий қадриятларимизга қарашларимиз ўзгариб кетмоқда. Бунинг оқибатларини бугун ҳам кузатиш мумкин.
Буларнинг бари маънавий ҳаётимизда турбулентлик ҳолатини пайдо қилмоқда. Шу ўринда маънавият, маданият, тарбия борасида турбулентлик ҳодисасининг айрим кўринишлари ҳақида фикрлашамиз. Назаримда, бундай ҳолат шаклланиши инсон шахсияти бузилиши билан боғлиқ. Шахсият инсоннинг ўзига хослиги, ўзига хос хусусиятлари билан бошқалардан ажралиб туриши ҳисобланади.
Ижтимоий тармоқларнинг ҳаддан ташқари кенгайиб бориши, одамлар, айниқса, ёшларнинг унга муккасидан кетиши, ўз навбатида, эътиқоди суст, миллий қадриятларимиздан муайян даражада бегоналашганларда бирхиллашув жараёнини юзага келтирмоқда. Уларнинг тафаккур тарзи, фикрлаши, одамлар, жамиятга нисбатан муносабатларида яхлитлик аломатлари ҳам кенгайиб, ҳам чуқурлашиб бормоқда.
Бу эса шахсияти бир хил одамлар кўпайишига олиб келяпти. Шахсиятнинг бирхиллашуви ёшларнинг ўз истеъдоди, имкониятларини намоён этишига тўсқинлик қилади, соғлом рақобатни, ташаббусларни сўндиради. Соғлом шахс эса ўзига хос характери, хислатлари орқали шахсиятини шакллантира олган кишидир.
Шахсиятнинг бузилиши инсонда қатор салбий ҳолатлар пайдо бўлишига олиб келади. Бу, биринчи навбатда, инсондаги маргиналлик билан боғлиқ. Маргиналлик бирор шахс ёки гуруҳнинг жамиятда муайян ижтимоий гуруҳ, табақа ва қатламига мансуб бўлмай, улар оралиғида ўрин эгаллаб туришини англатади. Шунингдек, маргиналлик деганда, мамлакат аҳолисининг муайян қисми “аросатда қолиши”, ўз ижтимоий гуруҳидан бегоналашишини ҳам тушуниш мумкин. Ижтимоий-маънавий ҳаётдаги турбулентлик ана шундай салбий ҳолатга олиб келиши мумкинлигини асло эсдан чиқармаслик лозим.
Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатлари аҳолиси ичида ана ўша маргиналлик жуда кучаймоқда. Улар ўз шахсиятидан мосуво бўлиб, жамият, оиласидан тобора узоқлашиб, бегоналашув жараёни кенгаймоқда. Ҳар бир давлат ўз тарбия тизимида ана шу ҳолга эътибор бериши лозимлигини унутиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги бугун ойдек равшан.
Технологик инқилоб оқибатида пайдо бўлиши мумкин бўлган турбулентлик ҳолати айрим одамларда руҳий мувозанат бузилишига олиб келади. Руҳий мувозанат инсон ва турли жамоалар ҳаётининг муҳим шартидир. Афсуски, инсон руҳияти динамик бўлиб, вақти-вақти билан мувозанатни йўқотади – баъзан камроқ, баъзан эса каттароқ даражада. Баъзи ҳолларда инсон руҳияти бутунлай назоратдан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Бунда инсон ўзини ёмон ҳис қилади. Нотўғри ўйланган иш ёки мажбурий фаолият, васвасалар, очкўзлик, заифлик, бепарволик ёки адашиш мувозанатни бузади.
Албатта, инсон руҳий мувозанати бузилиши кўп омилларга боғлиқ. Ҳар бир давлат ўз тарбия тизимида, маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда, одамлар руҳий мувозанатини барқарорлаштиришда жамиятнинг ижтимоий-маънавий жиҳатдан қанчалар даражада барқарорлигига, мамлакатда амалга оширилаётган ишлар, давлат томонидан олиб борилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар, сиёсий жараёнларнинг фуқаролар манфаатларига қай даражада мувофиқлиги каби омилларга алоҳида эътибор бериш лозим.
Биз юқорида санаб ўтган омиллар бугун янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида тўлиқ амалга ошаётганини кўриш қийин эмас. Жамиятда ижтимоий адолат тамойиллари тобора кенг кўламда ўзини намоён этмоқда, давлатнинг коррупция ҳолатларига қарши кураши халқимиз томонидан мамнуният билан қабул қилинмоқда, буларнинг бари пировард натижада одамларда шукроналик кайфиятини шакллантирмоқда.
Бироқ одамларимизда руҳий мувозанатни таъминлашга халақит қилаётган қатор субъектив омиллар борки, уларни эътиборга олмаслик айрим салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин. Шуни қатъий равишда айтиш мумкинки, бугун айрим одамларимизда руҳий мувозанат бузилиши жамиятдаги ижтимоий муаммолар эмас, кўпроқ ижтимоий тармоқлар орқали уларнинг “касалланиши” туфайлидир. Ижтимоий тармоқларда ҳар куни тарқалаётган, инсоннинг руҳий, ахлоқий, ҳиссий жиҳатларига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар одамларда руҳий мувофиқликни издан чиқармоқда. Етарли билимга эга бўлмаган, ота-оналар назоратидан четда қолган, миллий қадриятларимизни назар-писанд қилмайдиган одамларда руҳий мувозанат шаклланиши жуда қийин.
Руҳий мувозанати бузилган шахс одатда ўзини ўзи назорат қила олмайди, у кўпроқ ижтимоий тармоқларда кўрган, билган нарсаларга эргашади, улардан андоза олади, ножўя ҳаракатлар қилаётганини сезмайди. Бундай одамни тарбиялаш ўта қийин. Шунинг учун уларни тарбия қилишдан кўра, бу йўлга кирмаслигининг олдини олиш осонроқ.
Тарбия тизимида турбулентлик ҳолати пайдо бўлишига руҳий мувозанат бузилиши билан бирга “шахсият бурчаги” деган ва Ғарбда алоҳида эътибор бериладиган ижтимоий ҳодиса ҳам сабаб бўлади. Ғарб “шахсият бурчаги” одатда бола шахси, ота-она ва ўқитувчи учбурчагидан иборат. Албатта, бундай учбурчак том маънода фаолият кўрсатса, болаларни, ёшларни турли иллатлардан халос этиш, таҳдидлардан ҳимоя қилиш осон кечади. Бироқ глобаллашувнинг тобора кенгайиб бориши, биз юқорида қайд этганимиз каби ёшларнинг жамиятдан бегоналашуви туфайли бундай учбурчак ҳар доим ҳам самара беравермайди.
Бугунги янги Ўзбекистон маънавий ҳаётида турбулентлик ҳолатининг таъсир кучини камайтиришда Ғарбдаги “шахсият бурчаги”дан фарқли ўлароқ, “ёшлар – ота-она – ўқитувчи – маҳалла” тўртбурчаги кўпроқ самара беради дейиш мумкин. Чунки Ғарбдаги учбурчак, асосан, ёшларни расмий ҳолатларда – оилада, мактаб ва бошқа таълим муассасаларида тарбиялашни назарда тутади. Бундай ҳолатда боланинг жамоатчилик орасидаги тарбиявий ҳолатини назорат қилиш тизими шаклланмаган.
Бизда эса бу жараён янада мукаммаллашган. Ёшларнинг жамоат жойлари, маҳаллада юриш-туриши, ўзини тута билиши билан боғлиқ жараёнлар ижтимоий назорат остида бўлади. Шунинг учун давлатимиз раҳбари масалага алоҳида эътибор қаратиб, “еттилик” бошқарувидан иборат маҳаллани тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғони сифатида эъзозламоқда. Бугун ўзбек маҳалласи маънавиятдаги турбулентлик ҳолатини тартибга келтирувчи масканга айланди.
Бугун маънавиятдаги турбулентлик ҳолати бутун дунёни ўз домига тортиб, одамлар, жамиятлар ва давлатларда ижтимоий муаммоларни кескинлаштириб турган бир пайтда янги технологик инқилобнинг одамларни жамиятдан бегоналашувига, руҳий мувозанат ва шахсият бузилишига таъсирини камайтириш учун ҳамкорликдаги ҳаракатини кучайтиришга жиддий аҳамият бериш талаб этилади.
Масалага шу тахлит муносабатда бўлишнинг сабаблари бор. Масалан, олимлар тўртинчи саноат инқилоби шароитида автоматлаштиришга энг кўп ва энг кам мойил касбларни таҳлил қилди. Натижада ижтимоий иш, маданият, тарбия соҳасидаги ходимлар, руҳшунослар, археологлар автоматлаштиришга энг кам мойил соҳалар сифатида тан олинди.
Демак, тўртинчи саноат инқилоби ортга қайтмайдиган жараён экан, ҳар бир соҳа тараққиёти технологик инқилоблар билан чамбарчас боғлиқ экан, айтиш мумкинки, автоматлаштиришга кам мойил соҳалар ходимларининг ўз иш фаолиятини самарали ташкил қилишига алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Маънавий-тарбиявий, маданий соҳалардаги ишлар самараси пастлиги, ижтимоий тарбия соҳасида ишловчилар фаолиятининг кўпинча архаик-консерватив мазмунга эга экани одамлар, айниқса, ёшларда бу тадбирларга оммавий қизиқишни сусайтираётганига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим деб ўйлаймиз. Бу борада Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан қатор жиддий ишлар олиб борилаётганини таъкидлаш лозим.
Масалан, марказ ҳозирги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда тарғибот усулини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда, рақамли форматдаги лойиҳаларни кўриб, уларнинг таъсирчанлигига қараб, кўнглингиз кўтарилади. Яқин-яқингача ҳам марказ, асосан, анъанавий йиғилишлар, турли кўнгилочар тадбирлар ўтказувчига айланиб қолганди. Энди эса марказ фаолиятининг 70 фоизидан ортиғи ижтимоий тармоқлар воситасида, таъсирчан усулларда олиб борилмоқда.
Охирги пайтларда марказ томонидан замонавий, ёшларни ташаббуслар, ислоҳотларга сафарбар этишга ундайдиган 10 дан ортиқ ижтимоий ролик, сунъий интеллект ёрдамида яратилган анимацион роликларни кўриб кўз қувонади, улардаги йигит-қизларни ватанпарварлик, миллий ўзликка чорлайдиган ғоялар эса барчада кўтаринкилик руҳини шакллантирмоқда.
Яна бир лойиҳани кўриб, очиғи, хурсанд бўлдим: “Ватан” қўшиқлар тўплами яратилиб, ёшларнинг гажетларидан ўрин олган мусиқий платформаларга жойлаштирилибди. Сунъий интеллект ёрдамида ижтимоий роликлар тайёрлаш анъанага кириб бораётганини алоҳида қайд қилиш керак.
Ҳа, бу дунё рақобатли дунё. Замондан ортда қолганни бугун ҳеч ким кечирмайди. Маданият ва маънавият соҳаларида замонавий, илғор, инновацион усулларда ишлаётган мустақил ижодий гуруҳлар пайдо бўлаётгани, улар ўз фаолиятини ёшларнинг тобора ўсиб бораётган маънавий-маданий эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ташкил этаётгани ҳам эътиборга молик. Улар рақамли технологиялардан кенг фойдаланяпти. Натижада давлат ва нодавлат маданият, бошқа ижодий ташкилотлар орасида ўзига хос мусобақа бошланмоқда.
Шу маънода, маданият, маънавият, маърифат ва тарбия соҳасида фаолият юритаётган, юқорида айтганимиздек, автоматлаштиришга кам мойил соҳалар ходимларининг янги технологияларни ўрганишга қизиқишини кучайтириш мақсадга мувофиқ. Мазкур соҳа вакиллари рақамли технология мутахассислари билан ўзаро ҳамкорликда бўлиши керак. Курашиш, рақобат қилиш эмас, айнан ҳамкорлик гуманитар соҳада кутилган самарага яқинлаштиради.
Шуни ёдда сақлаш керакки, ҳамкорлик фақат ишлаб чиқаришга тааллуқли эмас. Ҳамкорлик барча соҳалар учун зарур. Рақамли технологиялар, сунъий интеллект асосида қилинаётган маънавий-маърифий ишлар масалага инновацион ёндашуви билан одамларни ўзига ром қилиши мумкин. Бироқ бу жараёнда соф инсоний қарашлар, ўзаро муносабатлар, одамларнинг бир-бирига дардкашлиги каби сифатларни топиш мушкул.
Бошқача айтганда, том маънодаги сунъий интеллект, технологик инқилоб туфайли яратилган турли дастурлар инсоний ҳиссиёт, қалб кечинмаларидан муайян маънода узоқ туради. Назаримизда, аввало, биз оладиган ахборот, маълумотлар, билимлар, шубҳасиз, тафаккур тарзимизни бойитади, билимимизни кенгайтиради. Аммо ўша жараёнлар инсон қалб ҳиссиётлари билан уйғунлашса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки қалб ҳис қилмай қолса, ақл кучи ортади. Бироқ ақл кучи қалбсиз ортса, донолик йўқолади, киши келажагини кўрмай қолади. Донолик фақат ҳис қила оладиган одамда бўлади, лекин ҳис қилолмаган инсон уни “кўролмайди”.
Шу нуқтаи назардан, сунъий интеллект, технологик инқилоблар туфайли яратилган асарлар, дастурлар соф инсоний ҳиссиётлар, қалб қўри билан бойитилса, шубҳасиз, ёшларимиз бир томонлама “кетиб қолиши”нинг олдини оламиз, турли мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш имконига эга бўламиз.
Биз бугун тан олишимиз шарт бўлган ижтимоий, жаҳоний ҳақиқат шуки, тўртинчи саноат инқилоби натижасида ҳаётимизга жадал, шиддат билан кириб келаётган сунъий интеллект, янги технологик инқилоб барчамизнинг ҳаётга, турмушимиз, қадриятларимизга муносабатларимизни ўзгартирмоқда. Бу ҳали бошланиши. Келажакда юқорида таъкидлаганимиз каби нима бўлишини тасаввур қилиш мумкин. Маънавиятдаги турбулентлик ҳолатини эътиборга олмасак, гирдобга тушиб қолиш, тартибсиз ҳаёт кечириш хавфидан огоҳ бўлмасак, янги технологик инқилоб томонидан яратилган дастурлар, янгиликларни эътироф этмасак, пировард натижада кўп нарсаларни йўқотамиз.
Шунинг учун янги Ўзбекистонда бу масалага давлат томонидан кенг эътибор берилмоқда. Жойларда ёшлар технопарклари, АT парклар, “Рақамли технологиялар” ўқув марказлари ташкил этилиб, “Бир миллион дастурчи” каби ўнлаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Президентимиз айтганидек, бугун ёшларимиз илм-фаннинг барча соҳаларида дадил қадам ташлаб, жаҳонда юз бераётган технологик инқилобда фаол иштирок этмоқда.
Маънан бой, мафкуравий иммунитети мустаҳкам, ҳар бир соҳада анъанавийлик ва замонавийликни уйғунлаштира олиш имкониятига эга ёшлар билан технологик инқилоблар, глобаллашув туфайли муайян маънода пайдо бўлаётган турбулентлик ҳолатини бартараф этиш, турли мафкуравий таҳдидлардан холи бўлиш мумкин.
Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2025 йил 12 декабрь, 257-сон.
Санъат
Тарих
Тил
Тарих
Ватандош
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ