Исми мажбурлаб ўзгартирилган “Турк Геркулеси”


Сақлаш
23:18 / 20.06.2024 380 0

Наим Сулаймонўғли (1967 йил 23 январь – 2017 йил 18 ноябрь) Болгариянинг Киржали вилояти Птичар шаҳрида этник турк оиласида туғилган. Оғир атлетика бўйича етти карра жаҳон чемпиони, уч карра олимпиада олтин медали соҳиби. Қирқ олти бор жаҳон рекордини ўрнатган. Унинг бўйи 147 см. Наим Сулаймонўғлининг паст бўйи ва катта кучи унга Митти Геркулес лақаби қўйилишига сабаб бўлган. 

 

1980 йилларда Болгария ҳукумати “Уйғониш жараёни” деб номланган дастурни жорий қилди. Оқибатда этник озчиликлар славян номини қабул қилиши ва она тилини унутиши талаб қилинди. Натижада Наим Сулаймонўғли 1985 йилда исмини Наум Шаламанов (болгарча: Наум Шаламанов) деб ўзгартиришга мажбур бўлди.

 

1986 йили Мелбурнда бўлиб ўтган жаҳон кубоги финалига сафар қилган Наим Сулаймонўғли Болгария махсус хизматидан яшириниб, Туркиянинг Канберрадаги элчихонасига етиб борди. Элчихона ходимлари вазиятни Турғут Ўзалга билдирганида, бош вазир уни дарҳол олиб келишни буюрди. Истанбулга етиб олганидан сўнг исм-фамилиясини аслига қайтарди.

 

– Тасаввур қилинг, ҳозиргина турк эдингиз, она тилингизни, аждодларингизнинг кимлигини биласиз. Аммо бошқа мамлакатда яшайсиз. Тақдири илоҳий шундай бўлган. Хуллас, кунларнинг бирида олдингизга ниҳоятда жиддий одамлар келади ва уқтиради: “Сен энди турк эмассан”. Бунинг устига бу одамлар сизга болгар эканлигингизни тасдиқлаб имзо қўйиб беришингиз учун олдингизга бир парча қоғоз ҳам қўяди. Демак, сиз энди болгарсиз. Бу зўравонлар икки миллион кишининг исмини зўрлик билан ўзгартирдилар. Бу жуда қийин давр эди. Воқеаларнинг гувоҳи бўлган одамлар билишади. Мен ҳаётимда ҳеч қачон ўша куни қабул қилган қароримни ўзгартирмаган бўлардим. Агар вақт орқага қайтса ҳам Болгариядан қочиб кетардим. Чунки турк халқи сифатида биз Болгарияда жуда қаттиқ тазйиқ остида қолган эдик, – деган эди у “Спорт экспресс”га берган интервьюсида.

 

Сулаймонўғли ўз вазнидан 2,5 баробар оғир тошни кўтарган биринчи ва ягона оғир атлетикачи бўлиб, ўз вазнидан уч баробар кўп юкни силтаб кўтарган етти нафар спортчининг иккинчисидир.

 

У 2001 йил Олимпия ордени билан тақдирланди. 20002004 йилларда Халқаро оғир атлетика федерациясининг “Шон-шараф зали”га аъзо этиб сайланди. У барча даврларнинг энг кучли спортчиси, олимпиада оғир атлетикачиси ва энг буюк олимпия оғир атлетикачиларидан бири ҳисобланади. У Туркия миллий қаҳрамони эди.

 

2017 йил 25 сентябрда жигар етишмовчилиги сабабли шифохонага ётқизилади ва 18 ноябрда вафот этади. Ўлимидан сўнг унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида “Cep Herkülü: Naim Süleymanoğlu” фильми суратга олиниб, Туркияда 2019 йил 22 ноябрда намойиш этилди. Ушбу фильм ўзбекчага “Наим Сулаймонўғли (Турк Геркулеси)” номи билан дубляж қилинган.

 

 

Наим Сулаймонўғлининг БМТда сўзлаган нутқи

 

Бу ҳаётда бор нарсангиздан айрилиб қолишингиз ҳеч гап эмас: уйингиздан, ишингиздан ва ҳатто яқинларингиздан, лекин энг охирида йўқотадиган нарсангиз ўзлигингиздир. Болгарияда яшовчи икки миллион туркнинг исмларини ўзгартиришди. Улар жуда кўп зулм кўришди. Ягона истагимиз дунёдаги қолган инсонларга ўхшаб ўз ҳуқуқимиздан фойдаланган ҳолда туғилган жойимизда эмин-эркин яшаш эди. Агар Болгария коммунистик партияси буни таъминлаб бера олмас экан, у ҳолда Киржалида яшаётган икки миллион турк аҳолисига ўз она ватани – Туркияга қайтишга изн беришсин. Мен, Наим Сулаймонўғли, бугундан бошлаб ҳар бир рекордимдан сўнг, эришган ҳар бир ютуғимдан кейин фақат озодлик, озодлик дея ҳайқираман. Буни фақат зулмга учраган турк халқи учун эмас, инсоний ҳақлари поймол этилаётган бани башар учун қиламан. Бир куни ўлиб кетишим мумкинлигини билсам ҳам жар солишдан ҳеч қачон тўхтамайман...

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади

 

Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 1-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//