Тараққиёт учун нималарни ўзгартиришимиз керак?


Сақлаш
22:46 / 14.06.2024 495 0

Жеймс Жойс. Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили. Тошкент, “Akademnashr”, 2021.

 

“Гапирилган гап ёлғон, рост гап кўнгилда бўлади”, дейди Ғарб файласуфлари. Дилдаги ҳамма рост гапни тилга кўчирсангиз, ё телбага чиқаришади, ёки душманга. Бунга тарих шоҳид. Жеймс Жойснинг асарлари ҳам қарсак билан қарши олинмаган. Уларни ақл эмас, қалб билан ўқиган одамга адиб телбадек туюлади. Чунки унинг асарларида воқеалар ҳам, ровий ҳам мавҳум, сюжет бир неча чизиқда кечади... Сираси, ўқувчисини ақлий меҳнатга мажбур этадиган Жойс ижодига хосларгина ошиқ!

 

Ёзувчи “Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили” автобиографик романи билан катта ижодга қадам қўйган. “Улисс” бош қаҳрамони Стивен Дедалнинг ички олами акс этгани инобатга олинса, “Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили”ни ўша шоҳ асарнинг дебочаси дейиш мумкин. Ёзувчи ҳаётнинг майда икир-чикирларигача, ҳатто айтишга истиҳола этиладиган кечинмаларгача очиб ташлайди, қаҳрамонларга-да шафқат қилмайди. У Стивен тимсолида нозик психологик усуллар орқали онг ва кўнгилдаги хасталикларни муолажа этади. Лекин асар шунчаки Стивен Дедалнинг ҳаёти ва шахс сифатида шаклланишидангина иборат эмас. Оиладан бошланган роман ҳодисалари жамият, ҳукумат даражасидаги масалаларга кўчади.

 

Жойсшунослар ирландиялик адиб дунё адабиётида инқилоб ясаган дейди. Ҳақрост, жаҳон адабиётида бу қадар мураккаб асарлар топилиши мушкул. Жойс ҳар бир қаҳрамони тийнатини дақиқлик билан очади. Айрим жумлалар унчалик аҳамиятли эмасдек туюлади. Ҳолбуки, асардаги ҳар бир сўзнинг ўз юки, миссияси бор.

 

Ҳамма даврда ҳам тезҳазм ва сюжети қизиқарли асарларнинг ўқувчиси кўп бўлган. Катта тафаккур маҳсули бўлган асарларни ўқишга эса маълум тайёргарлик керак. Хўш, биз – ўзбек китобхонлари, Жойсни ўқишга, уқишга тайёрмизми?

 

 

“...Асрлар мобайнида одамлар ҳозир у кузатаётгандай тепаларида учиб юрган қушларни кузатишган. Боши узра тизилган қушлар сафи унга эскидан қолган ибодатхонани эслатади, ҳорғин суяниб турган шумтол таёғи эса Авгурнинг майишган ҳассасини ёдга солади.

 

Ҳорғин вужудида рўё қаршисидаги қўрқув ҳисси ғимирлади – бу тимсоллар, аломатлар қаршисидаги ўзи исмини кўтариб юрган қирғийсифат одам – тол шохларидан ясаган қанотлари ёрдамида тутқунликдан озод бўлган инсон рўпарасидаги қўрқув эди...”

 

Мана, Жойснинг услуби. Бир қарашда тушунарсиз, мураккаб. Айрим гаплардан маъни чиқариш ҳам қийин. Қайта-қайта ўқишга тўғри келадиган жойлари бисёр. Лекин буларнинг ҳаммаси инсоннинг бизга маълум бўлмаган ички дунёсига назар ташлаш мақсадида ёзилган. Аксар кишилар ўзи нима истаётганини аниқ англаб етмайди, мақсадсиз яшайди. Жойс ана шу мавҳумликни қаҳрамонлари тимсолида гавдалантиради, инсоният тушуниксиз ҳис-туйғулар етовида яшашига киноявий ишора қилади. Роман воқеалари тайин макон, аниқ замонда кечмайди. Тарих, бугун ва келажак жамланган Жойс асарларида. Балки шу боис у “топишмоқ ёзувчи” деб аталар.

 

 

Ишонч кўприклари бузилса

 

Вацлав Гавел. Кучсизлар кучи. Тошкент, “Азон китоблари”, 2021.

 

Мутолаа ҳамма муаммоларга ечим дегани эмас. Боз устига, тафаккур фақат мутолаадан бошланмайди. Бунинг учун инсоннинг ўзида уйғоқ руҳ, фаоллик, соғлом фикр бўлиши керак. Мана шулар инсонни ҳақиқий ҳаётга боғлайди, тафаккур сари етаклайди. Инсон ўз қизиқиши, ташвиш-муаммоларига кўра китоб танлайди. Тўғри танлов эса инсонни маънан чиниқтиради, ожизликдан халос этади. Ожиз инсон эса қўрқоқ ва кучсиздир.

 

Демак, энди давлат арбоби, Чехия Республикасининг собиқ президенти Вацлав Ҳавел қаламига мансуб “Кучсизлар кучи” асари ҳақида фикрлашамиз.

 

Мутолаа асносида англашиладики, кучсизларнинг кучи жонли ҳаётдан ажралмаслигида. Аммо кучсизлар ҳал қилувчи қарорлар қабул қилишдан йироқ тутилган. Улар билан давлат ўртасида кўприк йўқ. Бинобарин, улар ҳеч бир жараёнга таъсир ўтказолмайди. Шунинг учун уларни кучсизлар деймиз, аслида улар жуда кучли... Улар қарорлар қабул қилишда иштирок этолмаса-да, ҳақ ҳаётда яшаётир, реалликка давлатдан кўра анча яқин. Улар жамиятнинг энг қуйи қатламидаги об-ҳаводан ҳам хабардор. Мана, уларнинг кучи! Агар ҳукумат тепасида шу каби “кучсиз”лар бўлса, бу давлат аниқ ривожланади. Чунки муаммонинг илдизини билган одам унга ечим ҳам топа олади.

 

Инсоннинг ўзи яшаётган жамият руҳиятидан хабардор бўлиши, ижтимоий-сиёсий воқеликларга ўз фикри, муносабати билан таъсир этиши муҳим. Соғлом ва холис фикр ўз-ўзидан туғилмайди. Соғлом фикрлар жамиятшунослик, сиёсатшунослик каби фанлар орқали тадқиқ этилади. Бу фанлар жамиятни билишга интилишни кучайтиради, онгни ўстиради. Кучли жамият қуриш нечоғли машаққатли эканини ҳисобга олсак, бу фанлар бизга сув билан ҳаводек зарур. “Кучсизлар кучи” – турли назариялар, кучли мулоҳазалар, холис фикрларни жамлаган асар. Унда давлатчилик, элитар қатламнинг танловлари, жамият руҳияти, ижтимоий масалалар, ялпи кайфият, сиёсий онг ҳақида баҳс юритилади. Таржимон Ҳамид Содиқнинг ёзишича, асарда инсонларни манипуляция қилиш устига қурилган барча тузумларнинг асл қиёфаси очиб берилган. Ҳар бир одам – мамлакат фуқароси бўладими, меҳмонми – ўзи билан давлат ўртасида нозик манипулятив чегара мавжудлигини унутмаслиги лозим.

 

 

Умумкайфият ҳар қандай давлат учун барометр вазифасини ўтайди. Ҳукумат халқ билан ўзаро мулоқотни таъминлашни истайди. Буни ҳукумат ва халқ ўртасидаги кўприк дейиш мумкин. Агар кўприк пойдор бўлса, ҳал қилувчи қарорлар қабул қилишда оддий одамларнинг ҳам фикри инобатга олинса, бу робита тобора мустаҳкамланади. Боя эсланган нозик манипулятив чегаралар ҳам аста йўққа чиқади. Халқ ана шундай жонли, самимий, адолатли ва ишончли мулоқотни қадрлайди. Мафкуравий мақсадлар қандай экани халқнинг умумий аҳвол-руҳияси, айниқса, қуйи қатламнинг турмуш даражасида кўринади.

 

“Кучсизлар кучи”да ғайриинсоний тузумлар ҳамда посттоталитар жамиятларда ўзликни сақлаб қолиш, соф ҳаётий қадриятлар асосида яшаш шартлари таъсирли мисоллар билан кўрсатилган.

 

Муаллиф В.Ҳавелга кўра, бугунги кунда кўзга кўринган муқобил сиёсий моделларнинг ҳеч бири, ҳатто энг жозибалиси ҳам “яширин сфера”ни расмана жонлантириш, одамлар ва жамиятни оловлантириш (оловланиш – сиёсий жонбозлик кўрсатиш дегани), реал сиёсий фаолликни вужудга келтиришга қодир эмас. Бунинг учун одамлар ўзи мансуб жамиятдаги жараёнларга бефарқ бўлмаслиги керак. Сиёсий моделлар, ҳатто у муқобил бўлса ҳам, ёлғиз ўзи юксак мақсадларга етказа олмайди. Фаол фуқаро бу – мухолиф фикр эгаси деган қарашдан қочиш керак. Элитар қатлам фаол бўлса, бу табиий ҳол деб қаралади. Агар халқ ичида ўз фикр-қарашига эга одам чиқса, унга ўгай нигоҳ билан қаралади. Ҳолбуки, тангада икки томон бор. Ривожланаётган мамлакатда ҳам қарама-қарши фикрлар, ғоялар тўқнашуви кузатилади ва бу табиий ҳолдир.

 

Анъанавий сиёсий ғоялар жамиятдаги вазиятни ҳақиқий ва узлуксиз ижобийлик томон ўзгартира олмайди. Негаки, анъанавий сиёсатга хос тушунчалар юзаки, эскидир. Ўзгаришлар инсоннинг ўзидан, унинг ҳаёти ва мавқеини тубдан ўзгартирадиган қадриятлардан униб чиқиши, инсоннинг ўзига, бошқаларга, борлиққа мустақил муносабатидан куч олиши керак. Янада мукаммал сиёсий модель жамиятдаги экзистенционал ўзгаришлардан озиқланиши лозим. Китоб ўқувчини ана шундай ўй-хаёлларга бошлайди...

 

  

Қайта ўқилиши керак бўлган асар

 

Рэй Бредбери. Фаренгейт бўйича 451 даража. Тошкент, “Ниҳол нашр”, 2022.

 

Бу асар қайта-қайта ўқилиши керак. АҚШ адабиётининг дурдонаси ёки дунё севиб ўқийдиган роман бўлгани учунгина эмас, балки Рэй Брэдбери юз йилдан кейин ҳам аҳамиятини йўқотмайдиган мавзуни қаламга олгани, биз юзлашишни хоҳламайдиган ҳақиқатлар ва уларнинг оқибатларини кўрсатиб бергани учун ҳам. Биров бизга ҳақиқатни айтса, уни хушламаймиз. “Тўғри гап туққанингга ҳам ёқмайди” дейилади-ку. Адиб эса умрбоқий ҳақиқатларни фантастик жанрда қойиллатиб айта олган. Бизга ҳақиқатнинг ёқмаслиги сабабларидан бири – у нафсимизга хуш ёқадиган машғулотларнинг зиёнини ҳар қадамда эслатади, бизни ҳойи ҳаваслардан тийилишга ундайди. Китобга меҳр қўйган одам эса булардан онгли равишда воз кеча билади. Фикрчан одам жамиятдаги муаммоларга ечимлар таклиф этади, жарликка кетаётган оломонни огоҳликка чақиради. Аммо Брэдбери бундай уйғоқ одамлар эртаси йўқ жамиятни қурмоқчи бўлган валламатларга керак эмаслигини билади. Шу важдан ўз қаҳрамонларига фикрлаш неъматидан мосуво, онгсиз, қалби ва ақли тушовланган махлуқлар ролини беради.

 

Адиб ўз қаҳрамонларига нега бундай сифат берди, нега шафқат қилмади, дейишингиз мумкин. Ахир, фикрламайдиган, онги кишанбанд, ўзи турғунликка маҳкум одамлар билан қандай келажак қуриш мумкин? “Фаренгейт бўйича 451 даража”да тасвирланган маконда истиқбол ҳақида ўйлаш мумкин эмас. Фикрлашув, суҳбатлашиш, айниқса, китоб ўқиш қатъиян ман этилган. Уйидан китоб топилган одам – ёшми ё қарими, зиёлими ё авомми – фарқи йўқ, шафқатсизларча жазоланади. Ҳатто китоб уникими, йўқми – сўраб ўтирилмайди. Брэдбери техникага асир келажакдан хавотирга тушган. У тараққиётнинг салбий оқибати ўлароқ одамзоднинг фикрламай қўйиши, мутолаадан йироқлашиб кетиши ва тирик мурдага айланишини тахмин қилган.

 

 

Техника асрида одамларнинг қалби ҳам “роботлашиб” кетаётгандек туюлади менга. Қалби ўлган кишиларнинг онги бировлар тузган дастур измига тушади. Ҳатто муҳаббат, ишонч, меҳр каби туйғулар йўққа чиқади. Тўғри, аввалига сезилмайди, аммо дийданинг қотиши, меҳрни туймаслик, қалб кўзининг кўрмай қолиши секин-аста кучайиб боради. Барига билим, фикр, ғоя ва уларнинг дояси бўлган китоб нуқта қўйиши мумкин.

 

Соғлом, фикрчан инсон учун энг катта хавф бу – қолоқлик, турғунлик. Турғунлик ва қолоқлик учун эса катта хавф бу – фикрчан, соғлом кишилар. “Фаренгейт бўйича 451 даража” бу фантастика эмас, реаллик, назаримда.

 

Китобни ашаддий душман, уни ёқишни эса шараф деб билган Гай Монтэгнинг мутолаага муносабати Кларисса исмли қизни учратганидан кейин кескин ўзгаради. Эрининг “қинғир йўл”га кириб, уйга яширинча китоб олиб келганини билиб қолган аёли бу ҳақда тегишли идораларга хабар беради. Не тонгки, уйда китоб сақлаш катта жиноят эди! Умрини кайфу сафода ўтказаётганлар учун Монтэг каби шахслар ғанимнинг ўзгинаси. Таассуфки, Брэдбери олис йиллардан туриб башорат қилган келажак тобора яқинлашаётгандек...

 

 

Тараққиёт қайғуси

 

Дарон Ажемўғли, Жеймс Робинсон. Мамлакатлар таназзули сабаблари: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари. Тошкент, “Ҳилол нашр”, 2021.

 

“The New York Times” газетаси энг яхши бестселлер дея тан олган мазкур китобдан “Нима учун айрим мамлакатлар бой-у, айримлари камбағал?” деган саволга жавоб топасиз. Муаллифларга кўра, мамлакатнинг бойиб кетиши ёки камбағал бўлишига асосий сабаб – мавжуд сиёсий ёхуд иқтисодий институтлар, яъни ўша жамиятдаги ўйин қоидаларидир.

 

Янги ғоялар эскисининг ўрнини боса олса ва давлат ўзгаришларга тайёр бўлса, тараққиётнинг бошланиши шу. Сиёсий, иқтисодий институтлар эса бурилиш нуқталарида мамлакатнинг тақдирини белгилаб беради. Биз агар фарзандларимизнинг илғор мактабларда ўқиши, муносиб ҳаёт кечириши, мамлакатда ўлим даражаси паст бўлиши, хуллас, миллат бахтли яшашини истасак, албатта ялпи ички маҳсулот ҳақида қайғуришимиз керак. Чунки орзумиздаги ҳаёт иқтисодий кўрсаткичлар билан чамбарчас боғлиқ. Ҳаёт даражасини яхшилашни истайдиган давлатлар иқтисодий тараққиётни биринчи ўринга қўяди. Сиёсий ва иқтисодий институтлар эса мана шу тўкин ҳаётнинг асосий омилидир.

 

Иқтисодий тараққиётнинг универсал модели йўқ. Муаллифлар илгари сурган бош ғояга кўра, ҳаммаси иқтисодий ва сиёсий институтларга боғлиқ. Аммо уларнинг фаолияти қандай йўлга қўйилади деган савол очиқ қолган.

 

Асарда “бурилиш нуқталари” деган истилоҳ қўлланган. Муаллифлар таъкидича, Европада ўлатнинг тарқалиши бирлашув, инклюзив институтларнинг ташкил этилишига сабаб бўлган. Бурилиш нуқталари тараққиёт сари ўтишни осонлаштирар экан, ундан унумли фойдалана олиш ҳам ҳал қилувчи вазифа саналади.

 

 

Кўпчилик, ҳатто иқтисодчи олимлар жуғрофий жойлашув мамлакат ривожида катта аҳамиятга эга дейди. Асарда эса бу ҳол тараққиёт ёки таназзулга сабаб бўлмаслиги аниқ мисоллар орқали кўрсатиб берилган. Дейлик, Ногалес шаҳри девор орқали иккига бўлинган – бир қисми АҚШнинг Аризона штатида, бошқаси Мексиканинг Сонора штатида. Мексикага қарашли қисмда аҳолининг даромади биринчисига қараганда уч баравар кам, одамларнинг аксари мактабни ҳам тамомламаган, болалар ўлими ва жиноятчилик даражаси юқори, умр давомийлиги қисқа, инфратузилма хароб, амалдорларнинг салоҳияти паст, коррупция чуқур илдиз отган... Деворнинг у томонида эса бунинг буткул тескариси. Ногалес феномени тараққиёт географик жойлашувга боғлиқлиги ҳақидаги қарашни йўққа чиқаради.

 

XVI асрда Америка қитъасини мустамлака этиш бошланди. Испанлар Жанубий Америка аҳолисини аёвсиз талади, олтин-кумушлар қўлга киритилгач, маҳаллий аҳолини эксплуатация қилишга қаратилган институтлар таъсис этилди. Ҳиндуларнинг ери олиб қўйилди, ўзи қулдек ишлатилди, солиқлар оширилди, улар яратган маҳсулотлар тортиб олинди... Зулм сиёсати Лотин Америкасини қолоқ бир минтақага айлантирди.

 

Инглизлар назоратидаги Шимолий Америкада эса вазият бошқачароқ кечди. XVIII аср аввалидаёқ Буюк Британиянинг Америкадаги колонияларида ер мулкдорлари раҳбарлигида ассамблеялар ташкил топди. Мустамлакачилар маҳаллий аҳолига қараганда кўпроқ ҳуқуққа эга бўлса-да, айнан шу ассамблеялар негизида дунёнинг энг қудратли давлатларидан бири – АҚШ пайдо бўлди.

 

Ажемўғли ва Робинсон “Портга яқин бўлиш жуда муҳим” деган қараш юзаки эканини уқтиради. Чиндан ҳам, нима учун денгиздан узоқ мамлакат ривожланмайди деб ҳукм чиқариш керак? Тўғри, мамлакат ҳудудига товарлар денгиз орқали келмаса, у бошқа қиммат транспорт хизматларидан фойдаланади, чегара оша йўл олислашади, бож-хирож миқдори ошади. Лекин, барибир, мамлакатнинг жойлашуви, географик характеристика тараққиётга ёрдам беради ёки тўсиқ бўлади деган фикр ҳар доим ҳам ўзини оқламайди. Давлат ўзига бож, чекловлар каби сунъий тўсиқлар қўйиб олиб, қолоқликка географик жойлашувни важ-корсон қилиб кўрсатиши мантиқсизликдир, дейди муаллифлар. Китобда, шунингдек, мамлакат тараққиётида иқлим, генетика, маданият, дин ва яна бошқа омилларнинг деярли аҳамияти йўқлиги қатъий таъкидланади.

 

2012 йилдан бери дунёнинг 40 дан зиёд тилига ўгирилган китоб ўзбек тилида ҳам чоп этилди. Муаллифлардан бири Жеймс Робинсон МДҲнинг кўплаб давлатларида меҳмон бўлган. У 2023 йил март ойида Ўзбекистонга ҳам келди. Тошкентдаги учрашувда мен ҳам қатнашдим. Олимнинг маърузасида жамиятнинг турли қатлами: иқтисодчилар, сиёсий элита вакиллари ва ҳатто талабалар иштирок этгани, мавзуга қизиқиш юқори эканини кўриб, шунчаки томошабин эмаслигимизни ҳис этиб, тўғриси, қувондим. Демак, биз тараққиёт қайғусидамиз, муаммоларга бефарқ эмасмиз, таклиф этилаётган ечимлар ҳам диққат-эътиборимизда. Лекин қизиқишнинг ўзи билан мурод ҳосил бўлмаслигини ҳам биламиз. Жамият, одамлар ўзини тафтиш қилиб, “Тараққиёт учун айнан нималарни ўзгартиришимиз керак?” дея савол бериш вақти келди. Кўпчилигимиз шу ҳақда қайғуряпмиз ҳам. Муаллифлар айтган “бурилиш нуқтаси” ҳам шу бўлса ажаб эмас.

 

Нигора ҲАСАНОВА,

тележурналист

 

“Tafakkur” журнали, 2024 йил 1-сон.

“Бурилиш нуқтаси” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//