“Улар Германияда ўқиган эдилар” – отув ҳукми ва 27 йилдан кейинги оқлов


Сақлаш
16:09 / 17.11.2021 1573 0

 

ХХ аср бошларида Туркистонда маданий-маърифий ислоҳотчилик ҳаракати жонланиб, янги усул мактаблари, миллий матбуот, адабиёт ва театр санъати майдонга келди. Жаҳондаги илғор мамлакатларнинг тажрибаларини, илм-фан ва техника соҳаларида эришилган ютуқларни ўрганиш учун кўплаб маърифатпарварлар турли давлатларда бўлдилар. Лекин ўлкани ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий қолоқликдан чиқариш ва уни чор истибдодидан қутқариш учун таҳсил олишнинг ўзигина кифоя қилмади.

 

1917 йил рус “Феврал инқилоби”дан сўнг чор ҳукумати ўрнига келган Муваққат ҳукумат ва Октябрь тўнтаришидан кейин Россиядаги инқилобий воқеалар таъсирида ўлкада вақтинча бўлса ҳам, имконият вужудга келган эди. Вазият сабабли мамлакат ривожи учун бир нечта давлатларга бир қанча иқтидорли йигит ва қизларни ўқишга юбордилар. Аммо уларнинг тақдири кутилганидек бўлмади.

 

Бугун 17 ноябрь – Халқаро талабалар куни муносабати билан Германияга ўқишга юборилган маърифат ва илм шайдоси, фидойи ватанпарварларнинг ҳаёти ва фаолияти, кейинги аччиқ қисматлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

 

Руқия Хўжаева (Раҳимова)

Руқия Хўжаева (Раҳимова) 1908 йил Қримда савдо иши билан шуғулланувчи, маърифатли Қаюм Раҳимов оиласида таваллуд топади. 1913 йилда у ота-онаси билан бирга Туркиянинг Истанбул шаҳрига кўчиб кетишади. Руқия ҳам ўша ердаги машҳур турк адибаси Холидахоним номидаги мактабда ўқийди. Биринчи жаҳон уруши бошланганидан кейин Германиядаги мусулмон ҳарбий асирларига ёрдам кўрсатиш жамиятида ишлаб турган Олимжон Идрисий Истанбулга келади. У Гулсум ва Руқиянинг отаси билан учрашиб, у билан мулоқотда бўлади. Қаюм Раҳимов Туркиядаги аёллар таълимидан етарли қаноатланмагани учун ўз қизларини Германия каби тараққий этган Европа мамлакатларида ўқитиш орзусини айтиб, ундан бу борада ёрдам беришни сўрайди. Олимжон Идрисий ҳам унга мусулмон ҳарбий асирларга ёрдам фондлари орқали мадад қўлини узатишга ваъда беради. Ва шу тарзда Руқия опаси Гулсум билан 1918 йилда Германияга ўқишга боради.

 

Улар дастлаб икки йилча Берлинда яшайдилар. Сўнг 1920-1921 йилларда Дрезден шаҳрига бориб, у ердаги мактабгача таълим-тарбия билим юртида ўқийдилар. Гулсум Раҳимова моддий қийинчилик орқасида немис тупроғини тарк этиб, Финляндияга боради ва 1923-1924 йилларда ўша ердаги татар мактабида дарс беради. У моддий-маиший аҳволини ўнглаб олгач, синглисини бу ерга келиб дам олиб кетишга таклиф этади ва бунинг учун унга пул ҳам юборади. 1925 йилда Гулсум Раҳимова ўқишни тугатиб, СССРга қайтади. Кўп ўтмай, Руқия ҳам ўқишни якунлаб, 1926 йилда СССРга қайтиб келади ва опаси билан бирга бир мунча фурсат Қримда ота-онасининг бағрида яшайди.

 

Орадан тахминан икки ой ўтгач, Руқия опаси билан бирга отасининг яқин танишларидан Бадри Сайфулмулюковнинг таклифи билан Тошкентга келади. Сўнгра дастлаб Бухорога бориб, ўша ердаги интернатда таълим-тарбия ишлари билан шуғулланади. Бу ердаги қисқа муддатли хизматдан кейин яна опаси Гулсум билан бирга Самарқандга боради ва у ерда ҳам шу соҳа бўйича хизмат қила бошлайди. У 1927 йилда Тожикистон автоном республикасининг пойтахти ҳозирги Душанбе шаҳрига боради ва Тожикистон Марказий Ижроия Қўмитаси қошида очилган маҳаллий машинист кадрлар тайёрлов курсида дарс беради ҳамда лотин алифбосини ўрганувчи тожик хотин-қизларини ҳам ўқита бошлайди. Руқия Раҳимова 1932 йилда Тожикистон халқ маориф нозири Нисор Муҳамедовга ўз соҳаси бўйича ишга ўтказишни сўраб ариза беради. Руқия опа немис тилини яхши билгани учун унинг илтимоси қабул қилиниб, Самарқанддаги Ўзбекистон Олий педагогика институтига немис тили ўқитувчиси қилиб юборилади. Руқия опа у ерда бир йилча ассистент вазифасида ишлаб, 1932 йилда Самарқанд Медицина институтига ўқишга киради ва 1934 йилгача шу ерда ўқиб, ўша йили Тожикистон республикасининг Москвадаги ваколатхонасида раҳбар бўлиб хизмат қила бошлаган Иса Хўжаевга турмушга чиқади, у билан бирга Москвага кўчиб бориб, 1937 йилгача ўша ерда яшайди.

1937 йилнинг январь ойида Иса Хўжаев Москвадан Душанбега зудлик билан чақириб олинади ва у Душанбедан қайтиб келмайди. Бундан ташвишланган Руқия Хўжаева (Раҳимова) ёш чақалоғи Гулнаҳор билан Душанбега келиб, эрининг қамоққа олинганидан хабар топади. У шаҳар қамоқхонасидан эри ҳақида бирор хабарни билмоқчи бўлганида НКВД ходимлари унга эри ҳақида маълумот бериш ўрнига унинг ўзини ҳам қамаб қўядилар.

27 май куни Тожикистон ССР НКВДси ходими А. уни тинтув қилиб, қўл ва чўнтак соатларини, паспортини, 50 сўмлик заёмини, 4 та фотосурат ва қўл чемоданини тортиб олади. 29 май куни зудлик билан Самарқанд шаҳридаги университет ётоқхонасининг 10-корпусида яшовчи қариндоши Искандарованинг уйида тинтув ўтказилиб, Руқия Хўжаеванинг ёзишмалари, чет элдан келтирган китоблари қидирилади. Унга алоқадор бўлган икки чемоданнинг калити бўлмаса ҳам ётоқхона коменданти ва Руқия опанинг қариндоши Искандарова олдида бузиб очишади ва 14 дона немис тилидаги китоблар, 33 та откритка, 30 та конвертсиз, 22 га конвертли ёзишмалар ва бошқа материаллар олиб келинади. Уларни ҳам Тожикистон НКВДси қамоқхонасидаги Руқия Хўжаеванинг айблов ишига ашёвий далиллар сифатида тиркаб қўядилар. Руқия Хўжаева «халқ душмани»нинг хотини бўлишидан ташқари, Германияда ўқиган йилларида у ердаги советларга қарши Туркистон мустақиллиги учун курашувчи аллақандай миллатчилик ташкилотининг фаол аъзоси бўлганлик, Германиядаги Олимжон Идрисий, шунингдек, у ерда ўқиб, Тошкентга келган Бадри Сайфулмулюков ва бошқалар билан алоқада бўлганлик, Германия манфаатига жосуслик ишлари билан шуғулланганликда айбланади. Терговчилар уни шу «айблар»ни бўйнига олишга мажбур қиладилар.

 

Руқия Хўжаева ҳақиқатни мардонаворлик билан ҳимоя қилишга, ўзига қўйилган айбларнинг мутлақо туҳмат эканлигини исботлашга ҳаракат қилади. Лекин шунга қарамай, терговчилар ўз сўроқномаларида унинг бу жавобларини ўзлари билганларича, айбларини қисман ёки асосан бўйнига олди қабилида расмийлаштирадилар.

 

Шундай сўроқномалардан бири 1937 йил 26 июлга оид бўлиб, унда қуйидаги савол-жавобларнинг қайд этилганини кўрамиз:

«САВОЛ: СССРга қайтаётганингизда сизни Берлин вокзалидан ким кузатиб қўйган?

ЖАВОБ: Мен ўзим жўнаб кетганман. Мени ҳеч ким кузатмаган.

 

САВОЛ: Ёлғон гапиряпсиз, терговдаги маълумотларга қараганда, СССРга қайтаётганингизда сизни кузатувчилар бўлган, ўша кузатувчиларнинг кимлар бўлганини айтиб беринг.

ЖАВОБ: Ҳа, эсладим, мен билан бирга ўша вақтда оиласи билан курортга бораётган Берлиндаги муҳожир миллатчиларнинг раҳбари Олимжон Идрисий ҳам борган эди...

 

САВОЛ: Сиз яна ёлғон гапираяпсиз. Терговга шу нарса маълумки, СССРга қайтаётганингизда Идрисий сизга бир қанча топшириқлар берган.

ЖАВОБ: Ҳа, эсимга тушди, Идрисий менга Тошкентдаги Сайфулмулюковнинг адресини берган ва унга салом айтишни ҳамда Идрисийга хат ёзиб туришни тайинлаган эди. Идрисий (шахсан) менга ҳеч қандай топшириқ бермаган.

 

САВОЛ: Сиз Германиядаги танишларингиздан яна кимлар билан учрашгансиз?

ЖАВОБ: 1927 йилда Германиядаги талабалардан Тўлаган Мўминов, Саттор Жаббор, яна бир киши (фамилиясини билмайман) Самарқандда ишлаб турганимда мени кўриш учун интернатга келишган.

 

САВОЛ: Сайфулмулюков билан яна қаерда ва қачон учрашгансиз?

ЖАВОБ: Мен у билан 1936 йил июль ойида Железноводскда, курортда учрашганман, суҳбатимиз фақат оилавий характерда кечган. Шундан кейин мен Сайфулмулюковнинг қамалганини эшитдим-у, сабабини билмадим».

 

Руқия Хўжаеванинг «Ҳа, эсладим» деган сўзларига эътибор берган киши унинг терговчининг мазкур саволларига дастлаб ижобий жавоб бермагани, кейин қийноқ остида у тузган сўроқномага қўл қўйишга мажбур бўлганини сезади. Руқия Хўжаеванинг Бадри Сайфулмулюковнинг 1936 йилда курортда кўрганлиги ҳақидаги жавоби эса терговчилар томонидан тўқиб, қўшиб қўйилган. Чунки, Бадри Сайфулмулюков 1930 йил Тошкентда ОГПУ ходимлари томонидан Германия жосуси сифатида қамоққа олиниб, 1935 йилдаёқ тергов қийноқларидан ўлган ва буни Руқия опа билар эди.

 

Тергов ҳужжатларини варақлар эканмиз, Германия ва Туркияда ўқиб қайтган кўплаб бухоролик ва туркистонлик талабалар каби Руқия Хўжаеванинг орқасидан ҳам анча аввалроқ айғоқчилик ишлари олиб борилганини сезамиз. Бизнинг бундай хулосага келишимизга 19061909 йилларда Германияда ўқиб, 1926 йилдан то 1935 йили қамалгунига қадар Тожикистоннинг Тошкентдаги ваколатхонасида ишлаган, асли германиялик Гофман Гуго Иосифович (1888 йилда туғилган)нинг 1935 йил 16 октябрдаги Тожикистон НКВД терговчиларининг саволларига қуйидаги жавоблари ҳам асос беради.

 

«САВОЛ: Германиядан Совет Иттифоқига қайтиб келган шасхлар билан Хўжаеванинг алоқалари ҳақида нималарни биласиз?

ЖАВОБ: Иса Хўжаев ва унинг рафиқаси билан танишлигим вақтида уларнинг уйида бошқа бирор шахсни учратмаганман ва шу вақт ичида Иса Хўжаевнинг уйига фақат хизмат юзасидангина борганман ва унинг рафиқаси билан беш марта кўришганман, холос. 1931-32 йиллар бўлса керак, Сталинободга Германиядаги социалистик газеталарнинг икки мухбири келиб, Иса Хўжаев хонадонида бўлишган. Мен буни Иса Хўжаевнинг ўзидан эшитганман ва у менга уларни «Роте-Фане» газетасининг мухбирлари, деб айтган. Менга фақат шу нарса маълумки, улар икки киши, яъни бири эркак, иккинчиси аёл бўлиб, ўзларини фотомухбирлар деб таништиришган.

 

САВОЛ: Сиз мазкур мухбирлар билан Иса Хўжаевнинг уйида учрашганмисиз?

ЖАВОБ: Учрашганман. Ўша учрашувда Иса Хўжаев, унинг рафиқаси ва менга нотаниш бир нечта меҳмонлар ҳам иштирок этишган. Мазкур мухбирларни мен бир оз билганим учун улар билан, айниқса, муҳим ган (масала)ларда гаплашганим йўқ. Улар Сталинобод шаҳарининг кўриниши, саноатини расмга туширишган, ҳукумат аъзолари уларни ҳукумат машиналарида олиб юрган, зотан, уларнинг келиши расмий равишда бўлган эди. Уларни, шунингдек, Ваҳш қурилишига олиб боришди, ҳукумат номидан уларга ўртоқ Перский (у Тожикистон Халқ Комиссарлари Кенгашида ишларди) биркитилиб қўйилган эдики, балким у киши улар ҳақида батафсилроқ гапириб берар. Улар Москвага қайтишда бир неча кун Тошкентда ҳам бўлишган ва у ердаги Тожикистон ваколатхонасининг ётоқхонасида яшашган».

 

Мазкур савол-жавобдан шу нарса аён бўладики, Тожикисгон НКВДси 1935 йилдаёқ гарчанд совет давлатининг расмий рухсати билан 1931-1932 йилларда СССРга келган ва Тожикистондаги социалистик ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилувчи суратларни олган бўлсалар-да, ҳар ҳолда чет эллик журналистларнинг Иса Хўжаевнинг уйида бўлгани, унинг рафиқаси Руқияхоним билан учрашгани, у билан ҳамсуҳбат бўлгани ҳақида Руқия ва Иса Хўжаевларга қарши материалларни тўплай бошлаган. Ва бундай материаллар 1937 йилда Руқия ва Иса Хўжаевлар қамоққа олинишлари билан уларнинг «жиноий ишлари»га тиркаб қўйилган.

 

Руқия Хўжаеванинг тергов материалларига тиркалган ҳужжатлар ичида, бундан ташқари, Ўзбекистон НКВДсининг 1936 йил 26 октябрда Москвадаги СССР НКВД раҳбарининг ўринбосари Горбга ёзган бир хати ҳам борки, уни ўқиб, ёқа ушлайсан киши. Мазкур махфий хатда Германияда ўқиб СССРга қайтган ўртаосиёлик маҳаллий йигит ва қизларнинг қанчаси қайси шаҳарларда яшаётгани, улардан Б.Сайфулмулюков, А.Муродий, Тўлаган Мўмин, Султон Матқул, Хайриниса Мажидхонова, Шераҳмедов, Саттор Жаббор каби Гулсум ва Руқия Раҳимовалар изидан «Аҳмадбек», «Шарқ», «Ҳамид» каби лақабли айғоқчилар қўйилганлиги ва улар ҳозир Германиядан ўқиб қайтган мазкур талабалар орқасидан фаол яширин кузатув олиб бораётганликлари, бу ҳақда Ўзбекистон НКВДсининг махсус бўлимлари Москвадаги СССР НКВД раҳбарларига ойда икки марта хабар етказиб туражаклари ёзилган. Бундан ташқари, ўта махфий ҳисобланган мазкур хатда Германияда ўқиб қайтган Гулсум ва Руқия Раҳимоваларнинг СССРга қайтгач, Германиядаги Олимжон Идрисий билан шубҳали ёзишмалари, сўнгги даврда Руқиянинг германпарастлик руҳида гаплар юрита бошлаганлиги алоҳида қайд қилиниб, унинг ҳозир Тошкентдаги опаси Гулсум Раҳимованинг уйида эканлиги ва аниқ адреси шипшитилиб: «Руқия Раҳимова кейинги вақтларда Германияга нисбатан хайрихоҳлик руҳидаги сўзларни гапириб, германпарастлик кайфиятини кўрсата бошлади. Ҳозирги вақтда Руқия вақтинча Тошкентда бўлиб, опаси Гулсум Раҳимованинг уйида (Тошкентдаги Шёлковичний кўчаси, 18-уй, 3-хонадонда) меҳмон бўлиб турипти», деб ёзилган.

 

Шундай қилиб, мазкур иғво ва туҳматлар, айғоқчилик материаллари асосида Германияда ўқиб ватанига қайтган кўплаб маҳаллий ўзбек, тожик, қозоқ ёшлари каби эндигина 29 баҳорни кўрган Руқия Хўжаева (Раҳимова) ҳам 1937 йил 16 октябрда Тожикистон НКВДси қошидаги «учлик» қарори билан судсиа, гувоҳларни чақирувсиз олий жазо отувга ҳукм қилинади ва 5 ойдан кўпроқ НКВД зиндонларида кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган қийноқлар остида соғлиғидан ажралган, оғир касал ҳолдаги Руқия Хўжаева (Раҳимова) 21 октябрь куни кечаси соат 24 да отиб ташланади. Лекин бу мудҳиш воқеа унинг оиласидан узоқ йиллар давомида сир сақланади, ҳақиқий аҳвол улардан яшириб келинади. Руқия опанинг ота-онаси ва қариндош-уруғлари буни мутлақо билишмай, ҳаёт бўлса, бир кун чиқар, деган умид билан уни оқлаш борасида елиб-югурадилар. Унинг кекса отаси Қаюм Раҳимов ҳар икки қизи Гулсум ва Руқияларнинг, куёвлари Ҳайдар ва Исабекларнинг бегуноҳликларига ишонган ҳолда Тожикистон ва Ўзбекистон НКВДси раҳбарларига шикоят хатларини ёзади.

Лекин бу ташкилотлардан рад жавоби келади. Чунончи, унинг 1940 йилда Тожикистон ССР прокуратурасига қизи Руқия Хўжаеванинг айбдорлигига ишонмаслиги, шунинг учун унинг тергов ҳужжатларини қайта кўриб, қамоқдан озод қилиш ҳақида йўллаган аризасига 1940 йил 29 апрелда Тожикистон ССР прокурори ёрдамчисининг махсус ишлар бўйича ўринбосари Ф.Дубцов рад жавобини юборади:

«Раҳимов Қаюм Собирович ўз шикоятида, деб ёзади у, қизи Руқия Хўжаеванинг жиноий иши ҳужжатларини қайта кўриб, унинг қамоқдан озод этилишини сўрайди, унинг фикрича, қизи ҳеч қачон халқ душмани бўлмаган ва совет ҳукуматига қарши ҳеч қандай миллатчилик ташкилотида иш олиб бормаган.

 

Шикоятчи хатда бошқа далилларни келтирмайди. Ҳужжат материаллари билан танишилгандан сўнг маълум бўлдики, Хўжаева Руқия ҳақиқатан ҳам Берлин (Германия)да ўқиган ва халқ душмани Олимжон Идрисий билан алоқада бўлган. У 1927 йилдан бошлаб Тожикистоннинг Сталинобод шаҳрида яшай бошлаганида немис муҳожирлари Лоби Якоби Эрнст ва бошқалар билан алоқада бўлган ва бунга айбдорнинг ўзи ҳам иқрор бўлган. Мазкур фактлар асосида бундай қарорга келинди:

Ички Ишлар Халқ Комиссарлиги қошидаги учликнинг қарорини ўз кучида қолдириб, жазо муддати ҳақидаги ҳукм тергов ҳужжатларига мувофиқ фуқаро Раҳимов Қаюмнинг шикояти оқибатсиз қолдирилсин».

 

Шундан сўнг Қаюм Раҳимов ва унинг қариндошлари Руқия Хўжаевани оқлаш ҳақидаги уринишларининг бефойдалиги ва ҳатто хавфли ҳам эканлигини ўйлаб, шу ҳақда оғиз очмай келдилар. Улар ҳатто Сталин вафотидан кейин ҳам шу ҳақда юрак ютиб бирорта юқори доирага мурожаат қилмадилар.

 

Ниҳоят, узоқ вилоятларга кетиб, тасодифан омон қолган қизи Гулнаҳор Исаева 60-йилларнинг бошларида марказқўм қошидаги партия контроль қўмитаси раиси Н.М.Шверник номига хат ёзиб, отаси Иса ва онаси Руқия Хўжаевларнинг тақдири ҳақида хабар беришни сўрайди. Шундан кейин Тожикистон ССР Олий суди жиноят ишлар бўйича суд коллегиясининг 1964 йил 26 январда Душанбе шаҳрида С.Қурбонов раислигида ўтказилган ёпиқ мажлиси Руқия Хўжаева иши бўйича Тожикистон ССР НКВДси қошидаги «учлик»нинг 1937 йил 16 октябрдаги ҳукмини қайта кўриб, уни бекор қилади. Ўша йилнинг 8 февралида Руқия ва Иса Хўжаевларнинг Самарқанд шаҳрида яшаб турган қизи Гулнаҳор Рақимова Тожикистон ССР Олий суди раиси С.Ражабов имзоси билан шу ҳақдаги оқлов қоғозини олади.

 

Руқия Хўжаеванинг расман оқланиши гарчанд совет даврида, 60-йилларнинг бошларида бўлган бўлса ҳам, унинг ҳақиқий миллат фарзанди, бегуноҳ инсон сифатида қадрқиммат топиши 1991 йил Ўзбекистон ва Тожикистон мустақилликка эришганидан кейин рўй берди. 30-йиллар охирида сталинча қатағон қурбонлари бўлган ўзбек ва тожик халқларининг кўплаб бегуноҳ фарзандлари қатори Руқия Хўжаеванинг ҳам тамомила бегуноҳ эканлиги аниқланиб, унинг тоталитар тузум давридаги аччиқ қисмати холисона ўрганила бошлади.

 

Биз шу муносабат билан яқинда Руқия опанинг ҳозирда Тошкентда истиқомат қилаётган қизи меҳнат фахрияси Гулнаҳор Исаевна билан учрашиб, онасининг қисмати ҳақидаги хотираларини сўрадик. У киши бизга шу ҳақда бундай ҳикоя қилди:

«Мажруҳ этилган ёшликдаги ҳаётим ҳақида бирор нарса дейишим жуда оғир. Ота-онам қамалгач, мен ота-онасиз қолдим. Мени ажойиб ва саховатли инсон бўлган онамнинг оталари Қаюм бобом тарбиялаб ўстирдилар.

 

Биз 1934 йили Москвага бориб, Горький кўчасидаги уйларнинг бирида яшай бошлаган эдик. 1937 йил январида отамни Сталинободга чақириб қолишди ва у ердан отам қайтиб келмадилар. Шундан сўнг уйимизда кетма-кет тинтув бошланди. Кечалари форма кийган кишилар уйимизга келишиб, онамни ҳам сўроқ қила бошладилар. Ўша йилнинг декабрь ойида эса уйимиздан ҳайдаб чиқаришди ва биз Самарқанддаги Ўзбекистон Давлат университетида ишлаётган қариндошимизникига паноҳ излаб келдик. Онам шу ерда ишга кириб, отам ҳақида Москва ва Душанбега ариза ёза бошладилар. Биз май ойида отам ҳақида бирор хабар топиш мақсадида Душанбе шаҳрига бордик.

 

Онам бир куни: «Бу сафар отангни кўрамиз», дедилар. Эрталаб НКВД идорасига бордик. Улар бундан аввалроқ хабардор бўлган бўлсалар керакки, бизни яхши кутиб олишди. Лекин ичкарига онамнинг бир ўзларини киритиб, мени остонада ушлаб қолишди ва «у ерда томоша кўрсатилади», дейишди. Мен шу ерда онамни кечгача кутдим. Лекин онам НКВД идорасидан қайтиб чиқмадилар. Амаким мени Самарқандга олиб бориб қўйди. Бобом қизи ва куёвининг озод этилишини сўраб, турли идораларга мурожаат қилса ҳам натижа чиқмади. Кимдир унга энди бошқа ёзмасликни, мени эса узоқ ерга яшириб қўйишни маслаҳат берди. Чунки, «халқ душмани» бўлиб қамалганларнинг болаларини ҳам 16 ёшгача етимхонада асраб, сўнг уларни ҳам қамаб юбора бошлаган эдилар.

 

Шундан сўнг биз бирор жойда қўним турмай, турли жойларга Қорадарёга, Хатирчига, Самарқандга, яна қандайдир кичик бир станцияларга бориб, бекиниб яшадик. Ва мен шу йиллар давомида, яъни 1956 йилгача бирор кишига ота-онам ҳақида тўғри гапни айтмай яшириб юрдим. 1949 йили Хатирчида ўрта мактабни тугатиб, Самарқанд Медицина институтига ўқишга кирдим. 6 йил ўқиб, Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида ишладим. Шубҳасиз, шу йиллар давомида онамнинг эркалаб суйишлари ва отамнинг эса меҳр-мурувватларини соғиниб яшадим.

 

Онам ниҳоятда камтар ва мулойим, маълумотли аёл бўлиб, мени ниҳоятда севар ва ардоқлар эдилар. Мен ахир онамнинг яккаю ягона фарзандлари бўлганим учун мени балки ҳаддан зиёд севардилар. Онам Туркиядан Германияга кетган вақтларида бор-йўғи 10 ёшли қизалоқ эдилар. Шунинг учун ҳам қандай қилиб немисларнинг жосуси бўлсинлар. Менинг фикримча, онамнинг терговда берган кўргазмаларининг ҳаммаси ҳам терговчи жаллодларнинг уйдирмаси ёки қийноқларнинг натижасидир. Онам бегуноҳдан-бегуноҳ жабрланганлар, онамнинг умрларини ёшлик чоғларидаёқ хазон қилдилар. Онам, ахир, ҳали 30 ёшга, отам бўлсалар, эндигина 35 ёшга кирган эдилар. Мустабид тузум мени ота-онадангина эмас, оддий бир болалиқдан ҳам маҳрум қилди.

 

Ота-онам менинг хотирамда ҳамиша ёш, бегуноҳ, ҳаётсевар, ватанпарвар, ўз даврининг энг илғор кишилари бўлиб қоладилар».

 

Гулсум Раҳимова-Ашрафий ва Руқия Хўжаева (Раҳимова) сингари Германияда таҳсил кўрган талабалар ўз ватанларининг гуллаб яшнаган, иқтисоди ва маданияти ривожланган мамлакат бўлишини орзу қилиб, шу йўлда ҳалол яшаган ва фидойиларча ишлаган эдилар.

Шерали ТУРДИЕВ,

“Улар Германияда ўқиган эдилар” китоби, 131–140-бетлар

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//