Ҳақиқат вақти-соати билан ҳар бир хонадонга сўроқсиз кириб келади


Сақлаш
15:06 / 13.06.2024 254 0

Ўз истакларингиз билан яшаш худбинлик эмас. Бошқаларнинг сиздек ўйлаш, фикр юритиш ва яшашини исташ, шунга мажбур этиш чинакам худбинликдир.

Оскар Уайльд

 

***

Ҳақиқат вақти-соати билан ҳар бир хонадонга сўроқсиз кириб келади. Чақирилмаган қўноқ ҳеч кимни аямайди. Яширинишга, қочишга уринамиз, аммо у энди аввалгидек яшашимизга йўл қўймайди.

Андрей Бильжо

 

***

Зиёлилик ва хушмуомалалик фазилатлари сурбетлик, одобсизлик ва зўравонлик иллатлари билан юзма-юз келганда гоҳида ожиз қолади. Чиндан ҳам, тарбиясиз ва разил кимсаларга қандай муомала-муносабатда бўлмоқ керак? Улар қўллаётган усулдами? У ҳолда ёмонлардан фарқимиз қолмайди-ку?! Бу муаммо оммавий тус олганидан хабари ҳам бўлмаган бувим қўшнилар унинг уйидан ўғирлаб олган чойшабларни қуритгани дорга ёйганда ташқарига чиқмоққа уяларди.

Владимир Буковский

 

***

1980 йили 48 ёшимда мени СССРдан ҳайдаб солишди, фуқароликдан ҳам маҳрум этишди. “Қайта қуриш” бошлангандан сўнг 1989 йили қувғиндан Москвага қайтдим. Ёнимда олмон паспорти. Мамлакатга киришда анкета тўлдириш лозим экан. Сўровномада “Аввал Совет Иттифоқида бўлганмисиз? Неча маротаба? Қанча муддат?” деган саволлар бор экан. Мен бундай деб ёздим: “Ҳа, бўлганман. Бир марта. 48 йил”.

Владимир Войнович

 

***

Бизни идора этаётганларда на ҳақиқат, на ақл, на адолатга таянган куч ва на соғлом ғоя бор. Шундай экан, улар нимага таяниб бизни бошқармоқда? Албатта, бизнинг нодонлигимизга таяниб!

Василий Шукшин

 

 

***

Зиёли деганда кўз олдимизга кўп китоб ўқиган, бадастир таълим олган, чет мамлакатларга саёҳат қилган ва бир неча тилни биладиган инсон келади. Бироқ одам шуларнинг барига эга бўлатуриб ҳам зиёли бўлмаслиги ва, аксинча, ўшалардан мосуво инсон ич-ичидан зиёли бўлиши мумкин. Зиёлилик фақат кенг билимда эмас, балки бошқаларни тушуниш иқтидоридадир.

Дмитрий Лихачёв

 

***

Етмиш ёшдан ошиб саксонга яқинлашган дўстимнинг мактубидан парча: “Осмонни елкамда ушлаб турмаганимни англаб етдим... Ўтаётган кунимни умримнинг сўнгги лаҳзалари деб билмоқни ўргандим. У ҳақиқатан ҳам ёруғ дунёдаги охирги куним бўлиши мумкин”.

Энтони Ҳопкинс

 

***

“Нега мени ёқтирмай қолди? Ахир, унга бирор ёмонлик қилмадим-ку?” дея ҳайрон бўлиб юрган одамларни кўп учратасиз. Унутмангки, сиз ўз самимиятингиз ва аъло хулқингиз билан ўша кимсанинг қабоҳатга тўла борлиғини инкор этарак уни “ҳақорат” қилгансиз.

Андре Моруа

 

***

Отлар кечувда алмаштирилмайди. Аммо аравакаш алмаштирилса фойдадан холи бўлмайди.

 

***

Ёшликнинг романтизми ўрнига албатта қариликнинг ревматизми келади.

Леонид Шебаршин

 

***

Не тонгки, нокаслар ўз кирдикорини барча замонларда дин, ахлоқ ва ватанпарварлик билан ниқоблайди.

Ҳейнрих Ҳейне

 

***

Одамларга қучоғингизни қанча кенг очсангиз, сизни чормихга тортмоқ шунчалар осон кечади.

Фридрих Нитше

 

***

Чан Кайшининг ўғли Хитой раҳбари Мао Цзэдуннинг қатағон сиёсатини қоралаб, миллатдошларига йўллаган мактубида “Шундай мамлакатда яшамоқдасизки, сизларга ҳатто сукут сақлаш ҳам тақиқланган” деб ёзган экан.

 

***

Франция императори Наполеон III нинг яқин қариндошлари бир жиноий ишга аралашиб қолади. Император Олий суд раисини ҳузурига таклиф қилиб, “Бир хизмат қилиб юборинг” дея, хеш-ақрабосини жазодан қутқариб қолишни сўрайди. “Суд хизмат кўрсатмайди, ҳукм чиқаради”, дейди судья.

 

***

Худонинг биру борлигини рад этган, Россияда совет ҳокимиятини ўрнатган инқилобчи, давлат ва сиёсат арбоби Николай Бухарин 1937 йили ўлимидан олдин жаллоднинг оёғи остига йиқилиб, шафқат сўраб илтижо қилади, инсоний ор-номусини ер-ла яксон этади. Сўнгги рус подшоси Николай Иккинчи оила аъзолари билан бирга қатл учун ертўлага олиб тушилганда эса ўзини вазмин ва мардонавор тутади... Қиссадан ҳисса: “Сиёсатчи учун ўлим ҳаётдан кўра ҳам муҳим бўлиши керак!”

Эдвард Радзинский

 

***

Тарас Шевченко кундалигига ёзиб кетган қуйидаги ҳодисадан мутаассир бўлганман: “Декабрь ойининг қаҳратонида анҳор бўйлаб кетиб борардим. Қаршимдан бир ялангоёқ чиқиб, садақа сўради. Узун чакмонимнинг боғичини ечиб пул олиб беришга эриндим. Сени худо сийласин, деб йўлимдан қолмай кетаётган эдим, бирдан сувнинг шалоплаган овози эшитилди. Ортимга қайтдим. Бояги тиланчи муз ўйиққа тушиб, чўкиб кетибди... Шу кундан эътиборан йўлимда учраган ҳар бир сойилга хайр-садақа қилмоққа одатландим. Тиланчи айнан менда инсонга хос шафқатсизлик чегарасини ўлчаб кўришга қарор қилган бўлса-чи, деб ўйлардим...”

Сергей Довлатов

 

***

Ҳалокатга учраган “Титаник” кемасида миллионер Жон Жейкоб Астор IV ҳам бор эди. Бисоти “Титаник” каби ўттизта кема қуришга етарди. Ўлим хавфи билан юзма-юз келган 47 ёшли ишбилармон қутқарув қайиғидаги ўрнини икки болакайга бўшатиб беради. Америкадаги “Macy’s” дўконлар тармоғининг эгаси Исидор Штраус ва унинг рафиқаси ҳам қайиқдаги жойини бошқаларга туҳфа қилади.

 

Бу одамлар маънавий тутумларидан чекинмоқдан кўра бойлигу ҳаёт билан видолашмоқни афзал кўрган. Улар танлаган йўл инсонийлик қанчалар улуғ қадрият эканини тасдиқлайди.

 

***

Африканинг қай бир мамлакатида шерлар суллоҳ итлар тўдаси ёрдамида овланади. Кучуклар шиддат билан чийиллаб акиллайди ва шер... ҳалок бўлади. “Ўрмон ҳукмдори” қўрқувдан эмас, балки нафрат ва жирканишдан жон таслим этади.

Эдвард Радзинский

 

***

Билиб қўйингки, ҳали-ҳамон шаънингизга мақтов ёғилаётган бўлса, демак, роҳи ростни топмагансиз. Аксинча, маддоҳларга мақбул йўлдасиз.

 Фридрих Нитшe

 

***

Ахборот урушида ҳақиқатни гапираётган томон енгилади. Чунки тўғрисўз одам фақат ҳақиқат билан чекланади. Ёлғончи эса оғзига келганини айтаверади.

Роберт Шекли

 

***

Барча мавжудотлар ичида инсонгина кулиш қобилиятига эга. Ҳолбуки, унинг кулмоқ учун важ-сабаблари қанчалар оз!..

Эрнест Ҳемингуэй

 

***

Тарихнинг энг аччиқ сабоқларидан бири шуки, бизни узоқ вақт мобайнида аҳмоқ қилиб, алдаб келган бўлсалар, ёлғоннинг ёлғонлигини исботловчи далилларни-да рад этишга мойил бўлиб қоламиз. Бизга энди ҳақиқатгўйлик бегона. Ёлғон бизни ҳар томондан қуршаб олади. Содда ва лақма бўлганимизни тан олиш – ҳатто ўз-ўзимизга – ғоят аламли ва азобли кечади.

Карл Саган

 

***

Ўзингизга жафокаш, қурбон этилган одам мақомини нисбат беришдан қочинг. Аҳволингиз қанчалик ёмон бўлмасин, бунга ташқи кучларни: тарихни, давлатни, раҳбариятни, ирқингизни, ота-онани, болаликни, тарбиянгизни (бу рўйхат тугамайди!) айблашдан тийилинг. Айбни бировнинг гарданига юклаган чоғда ишончу қатъиятингизни барбод қиласиз... Сираси, ҳаётни фақат ҳузур-ҳаловати учун эмас, қийинчиликлари учун ҳам қадрланг. Ҳар сафар мушкул аҳволга тушиб қолганингизда, тамоман умидсизлик сизни қуршаб олганда, кўнгилсизлик ёки қийинчиликлар гирдоби ўз домига тортганда эсда тутинг: ҳаёт сиз билан ўзи яхши биладиган ягона тилда гаплашаётир.

Иосиф Бродский

 

***

Мен муваффақиятга эришиш сир-асрорини билмайман, бироқ муваффақиятсизлик “формуласи”ни яхши биламан, бу – ҳаммага ёқиш истаги.

Эрнест Ҳемингуэй

 

***

Ўз фикрингизга эга бўлмоқ учун жасур, уни яширмоқ учун эса донишманд бўлинг.

Алан Рикман

 

***

Кимки оломонни тўғри йўлдан адаштиришнинг уддасидан чиқса, осонгина унинг хўжайини бўлади. Кимки оломонни эс-ҳушини йиғиб, ақл-идрок билан иш тутишга ўргатишга чоғланса, унинг қурбонига айланади.

Гюстав Лебон

 

***

Одамлар бўладики, қалби уммон тубидек тоза ва чуқур – шўнғиб кетгингиз келади. Одамлар борки, сассиқ кўлмакка ўхшайди – энгил-бошингизни булғамаслик учун айланиб ўтасиз.

 

***

Билимли инсонни нега кўпчилик хушламайди? Гап шундаки, китобхон, кенг билимли инсон ёмон харидорга айланади: у кир ювиш машинаси, автомобиль каби матоҳларни ҳадеб харид қилавермайди, улар ўрнига Моцарт ёки Ван Гог ёинки Шекспир асарларини афзал билади. Бундан эса истеъмолчилик иқтисодиёти зарар кўради, бозор эгаларининг даромади камаяди. Шу боис улар одамларнинг билимли ва маданиятли бўлишига тиш-тирноғи билан қарши. Зеро, интеллектдан маҳрум тўдани манипуляция қилиш осон.

Владимир Арнольд

 

***

Америкалик ёзувчи Марк Твен ҳали танилмаган чоғида кечки зиёфатлардан бирида ёнида ўтирган хонимга “О, нақадар гўзалсиз!” дея хушомад қилади. “Сиз ҳақингизда бундай дея олмайман!” дейди хоним беписандлик билан. “Менга ўхшаб ёлғондан бўлсаям лутф қилсангиз бўлади-ку!” дейди ҳозиржавоб адиб.

 

***

Ўз оилангни яхши кўриш учун бегона оилалардан нафратланишнинг ҳожати йўқ. Ватанпарварлик билан миллатчиликнинг фарқи катта. Биринчисининг моҳиятида Ватанга муҳаббат мужассам бўлса, иккинчисида бошқа халқларга нисбатан нафрат мавжуд.

Дмитрий Лихачёв

 

***

Бизнинг бутун фазилатимиз – тафаккур қилиш лаёқатимизда намоёндир. Бизни макон ва замон эмас, фақат фикр юксакка кўтаради, чунки макон ва замон наздида биз арзимас заррамиз, холос.

Блез Паскаль

 

***

Дунёнинг ишларини тузатмоққа киришишдан аввал ўз уйингдаги аҳволга уч карра назар сол.

 Хитой мақоли

 

***

Хаста бўлмас соғлом вужуд, кетмас бойлик ва абадий ҳокимият йўқ. Буларнинг барчаси омонат! Ўз ҳаётини ўткинчи матоҳларга бағишлаган инсон қўрқув, ҳаловатсизлик, азоб ва қайғу оғушида яшашга маҳкум.

Эпиктет

 

***

Тарихий тажрибадан маълумки, маънисиз, аниқроқ айтганда, телбавор, аҳмоқона ғоялар омманинг қалби ва онгини осонликча эгаллайди.

Владимир Войнович

 

***

 Устрицалар (денгиз моллюскаси) чиғаноқларини ой тўлганда очади. Ўша паллада қисқичбақа устрицага тош отади. Ичига кириб қолган тош сабабли чиғаноқ қайта ёпилмайди. Шу тариқа устрица қисқичбақанинг енгил ўлжасига айланади. Сергапларнинг қисмати ҳам шундай...

Леонардо да Винчи

 

***

Бирор миллатга устунлик берилган ёки маълум бир миллатга мансублик гуноҳ саналган мамлакат – бахтсиздир!

Роберт Рождественский

 

***

Киши руҳан ва қалбан қандай бўлса, олам ва одамда ҳам ўша характер, тарбия ва тийнатни кўради.

Антуан де Сент-Экзюпери

 

***

Одатда айбсиз одамлар виждон азобида кўпроқ қийналади.

Эрих Мария Ремарк

 

***

Она Заминимизга хавф солаётган, инсониятни, балки бутун тирикликни жисмонан маҳв этадиган энг даҳшатли офат – атом уруши ҳам, ҳароратнинг кескин кўтарилиши ҳам эмас. Инсонийликни йўқотиш улкан антропологик ҳалокатдир.

Чингиз Айтматов

 

***

Қадимги юнонларда фикрлаш лаёқати буюк инъом саналган. Сўнг у бахт тимсолига, кейинчалик эса касалликка айланди. Бугунга келиб у... баайни жиноят ҳисобланади.

Эрих Мария Ремарк

 

***

Маънавий юксак бўлмоқ – руҳан эркин ва озод бўлмоқ демакдир. Ҳис-туйғуларини жиловлай билмаган, мудом ғазаб ва қўрқувга асир инсон ҳеч қачон руҳан озод бўлолмайди.

Конфуций

 

Рус тилидан Жалолиддин САФОЕВ таржимаси

 

“Tafakkur” журнали, 2024 йил 1-сон.

“Чақирилмаган қўноқ”

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

12:07 / 19.07.2024 0 127
Ўзидан йироқлашаётган миллат оғриғи





Кўп ўқилган

Барчаси

//