Ўқитувчиларни энг “одобли” ва “қаноатли” фарзандлар деб билишади. Собиқ адабиёт ўқитувчиси билан очиқ суҳбат


Сақлаш
23:34 / 12.06.2024 836 0

Инсониятни юксалтирувчи, дунёқарашини кенгайтирувчи туйғуларнинг тарбиясида адабиётнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам аксаримизни адабиёт билан илк бор таништирадган кишилар – ўқитувчилар елкасидаги масъулият катта, дейиш мумкин. Биргина унинг маҳорати ва севгиси билан ўқувчига умуман янги бир дунё эшиклари очилади. Хўш, ана шундай катта вазифани ортмоқлаб бораётган адабиёт ўқитувчисининг бугуни қандай? Бозор иқтисодиёти ўзининг қонун-қоидаларини яратган. У билан ҳисоблашмаган замондошнинг умри унади, лекин йўли унмайди! Бугун адабиёт ўқитувчиси замон билан қандай келишяпти?Уни қандай муаммолар қийнаяпти? Шу каби саволлар атрофида касбини севган, аммо вазият тақозоси билан хорижда мигрант сифатида ишлаётган собиқ адабиёт фани ўқитувчиси Ойбек Маматалиев билан очиқ суҳбатга киришдик.

 

– Жамиятимиздаги аксар соҳаларда асосий ишлар қолиб, декорация учун вақт олишдек бузилмас анъана шаклланган. Ёки ишга қабул қилишда тажриба ва маҳорат қолиб, хорижий тил сертификати, узоқ йиллик иш стажи, ижтимоий аҳвол каби талаблар бирламчи омил сифатида кўрилади. Бу вазиятлар таълим соҳасига ҳам бегона эмас. Айтингчи, бугун адабиёт ўқитувчиларини қандай муаммолар қийнамоқда?

 

Ижозатингиз билан бу саволга батафсил жавоб берсам. Ютуқларни бошқалар гапириб бўлишган. Улар гапирмасак ҳам ўзимизники бўлиб қолаверади. Аммо хатоларимизга назар солиш бизни кучайтиради. Адабиёт ўқитувчилари бир неча йилдан бери она тили ва адабиёт фанининг бўлиб ўқитилиши ҳақидаги қарорни кутишади. Чунки у қийинлик даражаси юқори фанлардан бири ҳисобланади. Устига устак, миллий тил ва адабиёт давлатнинг асосий белгиларидан бири бўлгани учун бу фанга давлат сиёсати даражасида қаралиши шарт. Аммо амалда инглиз ва рус тили ўқитувчиларига берилган кўплаб устунликлар, имтиёзлар она тилимизни ўргатадиган педагогларда йўқ. Қолаверса, бу фанлар синфни иккига бўлган ҳолда ўқитилади. Она тилимиз эса 40–50 та болани бир хонага тўплаб ўтилади. 30–40 та ўқувчи билан сифатли дарс ўтиш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Сўзларим бироз кескинроқ янграётган бўлиши мумкин. Лекин ҳақиқий ҳолат шундай. Айниқса, Тошкент шаҳрида бу яққол сезилади.

 

Имтиёзлар ҳақида гап очилса, жиддий силжиш бор деб айтолмайман. Авваллари ҳам чет тили фани муҳимроқ ҳисобланарди ва яхшироқ устама тўланарди. Ҳозир ҳам шундай. 2-3 йил илгари ҳар ой бир нечта ўқитувчи яхши ишлаётгани учун моддий рағбат оларди. Энди эса у ҳам бекор қилиниб, ўрнига қуруқ раҳмат қолди. Миллий сертификат имтиҳонларига кам вақт берилганлиги учун саноқли педагог сертификат олишга улгурди. Лекин бу умумий ўсишни англатмайди.

 

Кейинги муаммо бу иш жойи учун танлов ёки фан ўқитувчисини баҳолайдиган мезон масаласи. Яхши биласиз, университетларда она тили ва адабиёт фани мутахассислигига бошқаларга нисбатан анча кўп квота ажратилган. Шу боисдан битта иш жойи учун рақобатлашадиган университет битирувчилари ва ишсиз бўлган номзодлар етарлича топилади. Хўш, кўплаб мактаблар қандай йўл тутади, деб ўйлайсиз? Битириб келган кадрда катта эҳтимол билан тажриба ҳам, тоифа ҳам бўлмайди. Талабалик вақтидан ишлаб келганлар жуда кам. Директор гўёки ёш кадрни ишга олиб, ўзининг мулкига айланган мактабни тажриба майдонига айлантириб қўйгиси келмайди. Чунки ундан ҳам тоифали педагоглари нечталиги сўралади. Эшик ортида эса синфхонага адабиёт руҳини сингдириб юборадиган ёш кадрлар қолиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Энг қўрқинчли вариант – вакант ҳақида эълон бериб, биринчи қўнғироқ қилган одамни ишга олиш. Буниси жуда кўп учрайди. Вакант ҳақидаги эълон жойланганига беш дақиқа бўлмай, қўнғироқ қилганингизда “кадр олиб бўлдик” деган жавобни эшитишингиз мумкин. Директор беш дақиқада телефон орқали адабиёт фани масаласини ҳал қилиб қўя қолади. Ҳеч қандай танлов ўтказилмайди. Шунинг учун ҳам ишга қабул қилиш жараёнини бироз тартибга солиш зарур. Энг яхши номзод тоифаси ёки тажрибаси йўқлиги, кимдандир тестни камроқ ишлагани ёки бироз кейинроқ қўнғироқ қилгани туфайли мактаб ташқарисида қолиб, муҳим фан соҳадан узоқ кишига топширилиши керак эмас.

 

 

Адабиёт ўқитувчисининг билими асосий ва баъзи ўринларда ягона талабга айланиб қолгани ҳам бор гап. Алалоқибат, дарслик ва тестларни ёдлаб олган репетиторлар адабиётни ҳис эттирадиган мактаб ўқитувчисидан афзал кўрилмоқда. Бу биз учун ёмон сигнал. Ўзим ҳам репетиторлик билан шуғулланиб келаман. Аммо атрофимдаги инсонлар мени репетитор сифатида эмас, ўқитувчи сифатида қабул қилишини истайман. Чунки адабиёт ўқитувчисининг вазифаси юксакроқ. У жамиятнинг ҳисларини, дидини, қалбини тарбиялайди.  Бундай педагогнинг салоҳиятини тестлар, сертификатлар тўла намоён этиб беролмайди. Афсуски, бизнинг таълим шуни мезон қилиб ушлаб олган. 

 

8-9 йил муқаддам мен ҳам адабиёт устози дарсликни нуқта-вергулигача ёддан билиши шарт, деб ҳисоблардим. Чунки ўзимиз барча синф дарсликларини “сув қилиб ичиб” ўқишга киргандик. Кейинчалик “дипломли бўлиб олсам бўлди, органга ишга кириб оламан” деб режа қилган ва умиди пучга чиққач она тили ва адабиёт фанидан дарс соати олиб, “мактабдан қўним топган” адабиёт устозлари кўпайиб қолганига гувоҳ бўлдик. Ўша пайтдаги энг асосий талаб шу бўлиб қолди. Навоийни калака қиладиган, китоб кўтарган одамга масхараомуз оҳангда “ақлли”, “ботаник” деб ном қўйиб оладиган, битта ҳам шеър ёд олмаган “бегона”лар сафи анча кенгайди. Баъзи директорлар 2-3 та номзодни тест ишлатиб кўриб ишга олишарди. Шундай танловларда тестни бошқалардан кам ишлаган адабиётсевар, шоиртабиат кадрларнинг юзига эшик қаттиқ ёпилиб, “тўтиқушлар” ишга олинган ҳолатларга шоҳид бўлгач ва 2-3 йил ўқувчилар дунёсида яшагач, адабиёт ўқитувчиси учун дарсликни ўзлаштириш биринчи талаб бўлиши керак эмас, адабиётни ҳис этиш ва буни ўқувчига юқтира олиш асосий мезон бўлиши керак, деган хулосага келдим. Саволингизга узоқдан олиб келиб жавоб беришимнинг боиси шуки, таълимга нисбатан бундай нотўғри ёндашув бугун ҳам кўплаб мактабларга ижодкор, адабиётсевар, китобхон муаллим кириб боришига тўсиқ бўлмоқда.

 

– Бугун яна бир оғриқли томонимиз – дарсликлар. Буни ижтимоий тармоқларда кунора трендга чиқаётган янги “қовунлар” сотиб турибди. Ўқитувчи сифатида бугунги дарсликлар ҳақида ҳам мулоҳазаларингизни билдирсангиз. Масалан, мен ўқувчилигимда 7-8-синф дарсиликлари эди, адашмасам, “Баҳор қайтмайди”, “Ўткан кунлар”дан берилган парчаларни ўқиб, доскага чиқиб гапириб беришга уялганман. Кейинчалик бу асарларнинг тўлиқ вариантини ўқиганимда ватанпарварлик, инсонийлик балқиб турган саҳналари бор экан-ку, шу парчалардан ҳам қўйишганда бўларкан-ку, деган эътирозларим бўлган.

 

– Дарслик тузилаётганида боланинг ёш хусусияти, қизиқишлари инобатга олиниши шарт. Демак, бугуннинг ўқувчисини яхши ўрганган, у билан доимий мулоқотда бўлган, содда қилиб айтганда, айни пайтда мактаб ҳавосидан нафас олиб турган инсонлар дарслик яратиш устида бош қотирсалар яхши бўлар эди. Лекин бизда дарсликни асосан олийгоҳларда фаолият юритадиган олимлар тузади. Улар эса яқин кунларда мактаб ўқувчисига дарс бермаган. Табиийки, боланинг эҳтиёжларидан бехабар, асосан талабанинг онгига мослашган. Бутун республика мактабларининг адабиёт ўқитувчилари ўзлари ўқитадиган дарсликни тузишда бамаслаҳат қатнаша олишмайди. Буни ҳам адабиёт муаллимларини қийнаётган муаммолар рўйхатига қўшиб қўйсангиз бўлади. Ахир, бола нимани севиб ўқишини у билан ҳар куни гаплашадиган устозлари яхшироқ билади.

 

Мен ҳар бир чорак ва йил якунида ўқувчилар билан дарсликдаги энг ёрқин асарлар бўйича сўровнома ўтказаман. Савол оддий: эсингизда қолган асарларни ёддан айтинг. Болалар ёдида қолган асарларни санайди. Кимдир 10 та, кимдир 5 та, яна кимдир 15 та асарни эслайди. Булар орасида 2-3 таси барча учун бирдек севимли асар ҳисобланади. Саид Аҳмаднинг “Қочоқ”, А.Қаҳҳорнинг “Даҳшат”, Ў.Ҳошимовнинг “Урушнинг сўнгги қурбони”, Одил Ёқубовнинг “Музқаймоқ” ҳикояси, Асқад Мухторнинг “Чинор” романидан олинган парча, “Асрга татигулик кун” романи кабиларни ўқувчилар чексиз ҳаяжон билан ўқиб чиқишган. Тўғри, ўқувчига хуш келмайдиган, у англаёлмайдиган, аммо адабиётнинг сара асарлари ҳам кўп. Лекин дарслик – бу ўқувчига тегишли ҳудуд. Агар бола қалбидан жой олмаса, унинг руҳиятига ҳамоҳанг келмаса, манаман деган классик асарга ҳам дарсликда жой йўқ, деб ўйлайман.

 

 

Масалан, Эрнест Ҳемингуэй дунё тан олган адиб. Унинг “Чол ва денгиз” қиссаси дунё адабиёти дурдоналаридан ҳисобланади. Аммо 7-синф учун тузилган янги дарсликда бу асардан берилган парчани кўриб таъбим хира бўлди. Чунки бу қиссани ўқувчи ҳазм қила олмайди. Асар сюжети бугунги ўқувчи учун ҳаддан зиёд зерикарли ва оддий туюлади. Бугунги ўқувчи ўткир сюжетнинг шайдоси. Болани адабиётга ошно қилишда дастлаб у билан ҳисоблашишга мажбурмиз. “Чол ва денгиз” мактабда дарс бермайдиган мутахассис томонидан дарсликка киритилгани шундоқ сезилиб турибди. Бир неча хатбошидан сўнг асар бўйича битта савол бериб кетилиши эса асар матнини ўқиётган болани чалғитади. Изоҳлар саҳифанинг ён томонида эмас, тагида бўлса анча қулайроқ бўларди. Ўқувчи мутолаа пайтида чалғимаслиги лозим.

 

Бундан ташқари, 7-синф дарслигида бадиий жиҳатдан ўта бўш, ҳаваскор адиб даражасидаги 2-3 та ҳикоя киритилган. Ўқувчилар бу мавзулардан тезроқ ўтиб кетишни интиқлик билан кутишди. Бу ҳикояларни ўқиб ҳеч қандай таассурот уйғонмагани, юраги жиз этмагани ҳақида очиқ айтишди. Дарсликни варақлаб кўришингиз билан булар қайси асарлар эканлигини дарҳол тушунасиз. Зўрма-зўраки, сунъий ҳикоялар. Абдулла Қаҳҳор худди шу даражадаги ҳикояларни ўз мақолаларида  аёвсиз “савалаган”. Бугун эса бундай хом-хатала нарсалар дарслигимиздан ўрин эгаллаяпти.

 

Баъзи муаллифларнинг асарлари шундай кулгили тарзда алмаштирилганки, беихтиёр дарслик тузувчиларнинг мақсадини тушунолмай хуноб бўласиз. Эски дарсликда Асқад Мухторнинг 2-3 та сара шеърлари берилган эди. Ўқувчилар бу шеърларни ҳайрат ва ҳаяжон билан ўқиб ёд оларди. Янги дарсликда эса бу мисралар ўрнини шоирнинг ўртамиёна шеърлари эгаллаган. Асқад Мухтор шеърларига нисбатан ўртамиёна сифатини ишлатиш, балки, одобдан эмасдир. Бироқ бу шеърлар шоирнинг ҳақиқий даражаси эмас. Мен адабиёт фанидан ҳар бир ижодкорнинг энг юксак ижод намуналари ўрин олиши керак, деб ўйлайман. 6-синф дарслигида Одил Ёқубовнинг ҳамма учун севимли бўлган “Музқаймоқ” ҳикояси ўрнига “Яхшилик” ҳикояси киритилибди. “Музқаймоқ” ҳикоясидан парча келтирилиб, давомини CR кодни сканерлаш орқали ўқиш мумкинлигига изоҳ берилган. “Музқаймоқ” ҳикояси иккинчи планга тушган. Ота-она фарзандидан телефонни олиб қўйиб, дарс тайёрлашни буюрмоқда. Боласи китобни қўлига олиб, ўқиши керак. Лекин китобда Одил Ёқубовнинг энг яхши ҳикояси бўлмиш “Музқаймоқ” йўқ.

 

9-синф дарслигидан Абдулла Ориповнинг жўшқин шеърлари ғойиб бўлиб, асосан катта ёшдаги китобхонларга мўлжалланган “Соҳибқирон” драмасининг ўрин олиши ўқувчилар онгида шоир сиймосининг хира тортишига сабаб бўлиб келяпти. Абдулла Орипов ижодининг чўққиси мазкур драма эмаслиги ҳаммага маълум. Қолаверса, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” қиссасидан берилган парчалар ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Тўғри, катта ёшдаги китобхон учун “Дунёнинг ишлари” қиссасидаги ҳар бир ҳикоя қадрли. Аммо бола барча асарнинг қаймоғига муносиб. Ҳатто умуман ўқимайдиган ўқувчи ҳам дарсликни илк бор қўлига олгач, бир неча дақиқа варақлаб, титкилаб кўради. Ана ўша дақиқалар болани адабиётга қизиқтириб олиш учун бизга берилган муҳлатдир. Агар бола китобни очиши билан “Чол ва денгиз” ёки “Ота” ҳикоясини кўрса, у китобни батамом ёпиб қўйиши тайин.

 

 

6-синф дарслигидаги Ленгстон Хюзнинг “Раҳмат сизга, хоним” ҳикояси ҳам омадсиз танлов, деб айта оламан. Менимча, таржима маромига етмаган бўлса керак. Бу ҳикояда бадиий тил жозибаси йўқ. Китобда бундай ортиқча асарлар кўплаб топилади. Муса Жалилнинг ўқувчилар қалбини забт этган шеърлари дарсликдан олиб ташланиши эса ўқувчининг қадрли нарсасини тортиб олишдан бошқа нарса эмас. Буям майли, “Оқ кема”нинг дарсликдан чиқариб ташланганига нима дейсиз?! “Сусамбил” эртаги 5-синф адабиётининг безаги эди. Менимча, дарсликларда “тегиниб бўлмайдиган” шеърлар, ҳикоялар бўлиши шарт. Уларни барча авлод вакиллари ўқиши керак. Нега менинг жияним “Оқ кема” асаридан баҳра олмаслиги керак? Миллатнинг ўзлиги бўлган “Равшан” достони нега адабиёт китобидан юлиб олинди? Менимча, баъзи асарлар адабиёт дарслигида муқим қолиши шарт.

 

Ўқувчилик кезларимизда ҳар ўқув йилининг бошида янги дарсликлар олишимиз билан адабиёт китобини варақлаб кўрардим. Деярли ҳар бир саҳифада ўзимга таниш бўлган шеър, эртак ва ҳикояларни кўриб ҳайратимни яширолмасдим. У ердаги баъзи шеърлар 3-4 йил аввал акаларим ёдлаб юрганида қулоғимга сингиб қолганди. Қайсидир эртакни эса аллақачон дадам ёки онамдан эшитган бўлардим. Бошқа бир ҳикояни эса бобом гапириб берган. Биз ўқиётган асарларни катта авлод ҳам ўқигани учун бемалол муҳокама қилолардик. Бир қарашда арзимас туюлган бу жиҳат орқали авлодлар ўртасида умумий руҳ, ҳамоҳанглик пайдо бўлиши аниқ. Устига-устак бу омил машҳур социолог Аннет Ларо томонидан илгари сурилган “Биргаликда ривожланиш” моделига тўла мос келади. “Биргаликда ривожланиш” таълимдаги энг самарали модел ҳисобланиб, у ота-она ва фарзанд ўртасидаги уйғунликка асосланади. Кўряпсизми, ноёб асарларни бир неча авлод ўқиши ва муҳокама қилиши орқали қандай уйғунлик ҳосил бўлишини?!

 

7-синфлигимизда бошқа фан ўқитувчиси адабиёт дарсида бизни “тинчлантириб туриш учун” кириб қолди. Доскага Абдулла Қаҳҳорнинг “Даҳшат” ҳикояси деб ёзди ва асарни шавқ билан сўзлаб берди. Бутун синф ҳикояни мириқиб тингладик. Ўқитувчимизнинг асар ҳақидаги хулосаси эса бир умрга хотирамга муҳрланди: “Ёзувчи асарни номлаганида зим-зиё қабристон даҳшатларини эмас, Унсиннинг тўрт девор орасидаги эрксиз ҳаётини назарда тутган. Инсон учун ҳақиқий даҳшат – оддий буюм каби қадрсиз ва эрксиз яшашдир”. Эҳтимол, бизнинг қалбимизда аёлларга нисбатан раҳм-шафқат туйғуси ўша дарсдан куртак ота бошлагандир. Бу воқеадан иккита хулоса чиқариш мумкин:

 

1. Ўқитувчи оддий метод билан ҳам ўқувчиларда асарга нисбатан қизиқиш уйғотиб, уларнинг қалбини ўзгартира олди.

2. “Даҳшат” ҳикояси устозимиз ўқиган дарсликка ҳам, бизнинг дарсликка ҳам киритилгани боис у бошқа фан ўқитувчиси бўла туриб ўқувчиларни асар ичига олиб кира олди.

 

Қисқаси, ўзбек халқининг севимли, юксак асарлари барча авлод дарслигида бўлса бундан фақат ютамиз. Бу билан янгиликлар киритилмасин, демоқчи эмасман. Янгиликлар ҳам киритилсин, бироқ “Оқ кема” ва “Урушнинг сўнгги қурбони” ўрнига эмас. Буларни бизлар, фарзандларимиз, набираларимиз ҳам ўқиши зарур. Бу орқали авлодлар бир-бирига руҳан боғланиб ҳалқа ҳосил бўлади. Халқ эса мустаҳкам ҳалқалардан ташкил топади.

 

Кези келганда бир нарсани айтиб қўяй: адабиёт китобларидаги таржимаи ҳоллар ярамайди. Янги дарсликларда шоирларнинг таржимаи ҳоллари жуда қисқариб кетган. Лекин мен ярамайди, деганда асосан уларнинг ёзилиш услубини кўпроқ назарда тутдим. Болаликда акамларнинг дарслигида ўқиганим ижодкорларнинг таржимаи ҳоллари биринчи шахс тилидан эди. Тўғри, ҳамма ижодкордаям ўзи ёзган таржимаи ҳол топилавермайди. Аммо борларини жамласак ҳам дарсликларимиз гул-гул яшнаб кетарди. Менга Абдулла Ориповнинг, Эркин Воҳидовнинг таржимаи ҳоллари қаттиқ таъсир қилган (У дарсликлар ҳозир мен учун орзудаги дарсликлар бўлиб қолди). Агар муаллифларнинг ўзи ёзган таржимаи ҳолларни киритсак, ўқувчилар Билл Гейтс ва Стив Жобсларнинг муваффақият ҳақидаги ҳикоясини ахтариб юрмасди. Буюкларнинг ҳикояси, саргузаштлари болаларни кўпроқ мафтун этади.

 

Яна бир гап: дарсликлар чоп этилиши зинҳор-базинҳор хусусий нашриётларга топширилиши керак эмас. Бизнесменларнинг дарсликларга “баковул” бўлишининг оқибатларини кўрдик ҳаммамиз. Ҳатто таълимдан йироқроқ ота-она ҳам китоблардан нуқсон топиб, интернетда намойиш қилди. Дарсликлар реклама жойланувчи эълон тахтасидек кўрина бошлади. 10-синф ўқувчилари янги адабиёт дарслигини кўрмасдан 11-синфга ўтди. Мен йил бўйи уларга мавзуни “ҳаводан олиб” ўтдим. Фақат мен гапираман, улар эшитади, ўқиб келиши учун дарслик йўқ.

 

Инсонлар роботга айланиб бораётган бугунги кунда адабиёт ўқитувчисининг вазифаси ва унга қўйиладиган талаблар ҳақида гаплашсак. Сиз бугуннинг ҳақиқий адабиёт ўқитувчисини қандай тасаввур қиласиз?

 

– Назаримда, ҳар қандай жамиятга, аввало, адабиётни биладиган эмас, ҳис қиладиган ўқитувчилар керак. Ҳақиқий адабиёт ўқитувчиси деганда менинг кўз олдимда шундай устоз гавдаланади: У аудиторияга кириб келиши билан мутлақо бошқача атмосфера пайдо бўлади. Ўқувчилар ундан “яна бирор қизиқарли асарни гапириб беринг”, деб сўрашни канда қилмайди. Улар адабий қаҳрамонларнинг исмини ўзига лақаб қилиб олиши, ҳатто Робинзон Крузонинг саргузаштларини ўз талқинида ёзиши ҳам мумкин. Тортинчоқ ўқувчилар ҳам доска ёнида, мактаб саҳнасида тез-тез кўрина бошлайди. Ўқувчиларда юмор ҳисси кучаяди. Фантазияси кенгайиб, кундалик ва хотира дафтарлар тута бошлайди. Умуман бирон сатр ёзмаган ўқувчи ота-онаси ҳақида нимадир қоралаб қолади. Маҳоратли муаллим туфайли уларнинг қалби уйғонади. Ўқувчилар шеъру ҳикоялар, эртаклар ёзиб қолиши шундан. Бир сўз билан айтганда, бутун синф адабиёт руҳи билан яшай бошлайди. Қайсидир адабиёт ўқитувчиси келгач, ўқувчилар романтик бўлиб қолдими, демак, яхши устоз келибди, деб ҳисоблайверинг. Менинг дўстларим орасида шундай педагоглар бор.

 

 

Профессионал адабиёт ўқитувчисининг ўқувчилари олимпиадада ўрин эгаллай олмаслиги мумкин, лекин мактабни битириб кетгандан кейин ҳам фарзандлари билан биргаликда китоб ўқишни канда қилмайди. Унинг ўқувчилари инсоний фазилатлари, дунёқараши ва савияси билан бошқалардан ажралиб туради. Мактаб дарслигида ўқиган асарлари, устозининг ўгитларидан тортиб шеър ўқишларигача хотирасида муҳрланиб қолади. 

 

– 2-3 йилдан бери педагогнинг аҳамияти ҳақида гапирилаётган илиқ гаплар кишини қувонтиради. Бироқ ўқитувчиларни танқид қилиш, ҳатто унга қўл кўтариш ҳам авж олди. Мактабларимизда истаган киши дарсни бузиб кириши, ўқувчи олдида устозини мулзам қилиши-ку оддий ҳол. Бугун педагогнинг турли муҳокамаларга нуқта қўйишига кимлар ёки нималар тўсқинлик қилмоқда?  

 

 – Нималар тўсқинлик қилиши кимлар тўсқинлик қилишига боғлиқ. Айрим одамлар кемадаги ёриқларни ўқитувчилар билан беркитишга ўрганиб қолган. Иқтисодий муаммолар борми – марҳамат, педагоглардан тежаш орқали ёпамиз. Қисқартириш керакми – таълим соҳасидан қисқартириб қўя қоламиз. Ўқитувчилар давлатнинг энг “одобли” ва “қаноатли” фарзандлари. Ҳамма жойга “ўқитувчига ярашмайди” деган қизил ҳошия тортиб қўйилган. Шу боисдан устозларнинг дарди ичида. Охирги йилларда ўқитувчининг мақомини ошириш ҳақида қанча гап гапирилган бўлмасин, бунга моддий ўлчовларсиз етиб бўлмайди. Аччиқ ҳақиқатни тан олайлик: ХХI аср кишиси қуруқ раҳматга ишламайди. Бундай анойи одамлар анқонинг уруғига айланиб боряпти. Қачонлардир севимли касб туфайли оила, рўзғор иккинчи даражага тушган бўлиши мумкин. Аммо бугун эмас. Бугун Ватан – бу оила, ҳар бир инсон ўз оиласи ободлигига масъул деган қараш чуқур илдиз отган. Энди сиз 50 йил олдинги қадриятлар билан ўқитувчини ишлатолмайсиз. Шарафли касб деган сўзнинг ўзи педагогни мактабда бир умр ушлаб туролмайди. Бугун инсоннинг шарафини белгилашда моддий ўлчовлар ҳам ҳакамлик қилмоқда.

 

 

Эркак киши сифатида вазиятга асосан эркак ўқитувчиларнинг нигоҳи билан қараяпман. Кеча бутун умрини мактабга бағишлаб, ҳеч нарса орттиролмаган устоз улуғланган бўлиши мумкин. Лекин бугун кимдир шундай яшаса, бу одамдан, аввало, оиласи ранжийди. Жамият эса у ҳақида ўз қадрига етмаган, оиласини абгор ҳолатда қолдирган деган хулоса чиқаради. Ва кўп ҳолларда унга ўз меҳнатини, вақтини, салоҳиятини атиги 3 миллионга баҳолаган инсон деб қаралади. Мантиқан ўйлаб кўрайлик: фарзандларининг тўла-тўкис улғайиши, оила фаровонлигини 3 миллион сўм билан чеклаб қўйган эркак ўқитувчи кимдандир ҳурмат талаб қилишга ҳақлими? Ахир, бугун оиланинг моддий таъминоти учун имкон қадар кўпроқ даромад топаётган, фарзандларига шарт-шароит яратиб бераётган инсон кўпроқ қадрланади-ку?! Шундай ҳолатимизда ҳам бугун ўқитувчиларни бир неча омил мактабда ушлаб турибди:

 

1. Касбга ва болага бўлган телбаларча меҳр;

2. Шунча йиллик меҳнати, танлаган касбини ташлаб кетишга кўзи қиймаётгани;

3. Бундан бошқа иш тополмаслик, топса ҳам эплолмаслик қўрқуви;

4. Шунча салоҳият билан савдо-сотиқ ёки киракашликда “ғимирсиб” юришдан уялиш ҳисси.

 

Ҳозир бу тўртта катта омил тобора ўз кучини йўқотишни бошлади... Шу сабаблар ҳам заифлашса ва педагог ҳақиқатга тик боқишни ўрганиб олса,  мактабда ҳеч ким қолмайди. Энди ҳукумат сергак тортиши керак: касбини оиласидан устун қўймайдиган, моддият қониқтирмаса, бошқа соҳага ҳеч тортинмай ўтиб кетадиган, бошқа иш топа олишга кўзи етадиган авлод олийгоҳларни тамомлаб келмоқда. Бу авлод  фарзандлари учун ҳар қандай касбдан воз кечишга тайёр. Бу авлод молиявий мустақиллик бермайдиган жойда бир кун ҳам қолмайди. Чунки бу гуруҳ бугунги кунда инсоннинг очилмаган қирралари молиявий мустақилликдан сўнг очилишини яхши англайди. Фарзандингизга компьютер керакми, унда сиз кўпроқ пул топишингиз керак. Балки, унга алоҳида хона, туғилиши билан Толстой, Ремарк, Даниел Дефолар билан суҳбатлашиб улғайиши учун шахсий кутубхона керакдир. Унда ҳам сизга кўпроқ даромад зарур бўлади. Агар сизнинг маошингизнинг чўғи кам бўлса, фарзандларингиз яхши боғча, олий, хусусий мактабларда ўқиши ҳақида ўйламасангиз ҳам бўлади. Бугун фаровон оиланинг ўлчовлари шу қадар ошиб кетганки, ўқитувчининг маоши уни қувиб етолмаяпти. Оқибатда ўқитувчига ўқувчилари: “Бошқа яхшироқ иш қилсангиз бўлмайдими, устоз?” деб савол бера олиши табиий ҳол. Педагоглар шундай даҳшатли босим остида ишламоқда. Шундай сабаблар билан бир дўстим магистр дипломи бўла туриб, таълим тизимидан буткул безди ва курерликни афзал билди. Магистр даражасини олган йигитга курерлик қилиш осонмас. Лекин мактаб тизими унинг салоҳиятини кўриб кўрмаганга олди. Олийгоҳда кимнингдир жияни ишга олинаётганини очиқ айтиб, узр сўрашди.  Бир оздан сўнг Россияга кетди. Афсуски энди у салоҳиятининг улкан қисмини рус ўрмонларига кўмиб қайтади.

 

 

Педагоглар моддий рағбат бобида давлатнинг ўгай фарзандига ўхшаб туриши керак эмас. Яна бир эътиборли жиҳат бор: кам пул топаётган инсоннинг кун сайин ўзига нисбатан ҳурмати ва ишончи пасайиб боради. Ўқитувчиларнинг видеосини тарқатиб, ғарб педагогларини мисол келтирадиган ота-оналарга сўзим: сизнинг болангизга 3 миллион сўм оладиган муаллим дарс бермоқда, Европадаги каби 3-4 минг доллар олаётган педагог эмас. Қанчалик кескин эшитилмасин, асл вазият шундай. Бундай шиддатли даврда ҳақиқатни пардозлаб, қоғозга ўраб айтишга ҳам вақт йўқ. Сиз айтишингиз мумкин, 1000 доллар олаётган устозлар ҳам бор деб. Мен эса сиздан сўрайман: улар нечта? Неча фоизни ташкил қилади? Биз камчиликка қараб хулоса чиқарсак, адашамиз. Умумий манзара минглаб одамларнинг қисматидан келиб чиқиб чизилади. Умумий хулоса озчиликка эмас, кўпчиликка қараб чиқарилади.

 

Саволингизга узоқдан олиб келиб, атрофлича жавоб беришимнинг боиси – бугунги манзара тасвирланмаса, масаланинг туб моҳиятига етиб боролмаймиз. Ўқитувчи салоҳиятини тўлиқ намоён қилишига моддий етишмовчилик халал беради. Пиёзни қайси растадан олса арзонроқ тушишини ўйлаётган инсон буюк келажак яратолмайди. ХХI асрда рўзғор ташвишларига ўралашиб юрган кишидан олий мақсадларни ва юксак натижаларни кутманг. Муаллимлар картошканинг нархи ошганидан ҳам сиқиляптими, демак, уларга яхши маош керак. Ўқитувчининг ойлиги шу қадар яхшиланиши керакки, нарх-наво ошганида ҳам пинаги бузилмасин. Шунда унинг асаблари тинч бўлади. Хаёли қимматлаган гўшт билан эмас, эртанги дарс режалари билан банд бўлади. Афсуски, ҳолат ҳозирча кўнгилдагидек эмас.

 

– Адабиёт фанини ўқитишнинг самарасини ошириш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

 

– Менимча, китоб ўқитишни ўргатишнинг энг самарали усули шахсий намуна бўлиш – ўзингиз китоб ўқишингиз керак. Кейинчалик болани китоб дўконларига, кутубхоналарга олиб борасиз. Ҳар ой унинг китобига пул сарфлайсиз. Ҳар куни у ўқиётган нарсалар ҳақида суҳбатлашасиз. Секин-секин мусобақа руҳида мутолаа қила бошлайсиз. Ўқиганларингизни оила даврасида саҳналаштирасиз. Мушоиралар уюштирасиз. Буларнинг деярли барчаси бизнинг оиламизда бор эди. Ва яна албатта, ҳар бир ўқувчининг китоб жавони, мутолаа вақти бўлиши керак.

 

Яна Машрабнинг руҳини етказишда чиройли ғазал ўқишдан кўра Хуршид Расулов ижросидаги “Ёрга етар кун борму, ёронлар” қўшиғини биргаликда тинглаш ва куйлаш анча самарали деб биламан. Ҳар тугул, дарсларимизда синаб кўриб, бунга бир неча бор амин бўлганмиз. Шу маънода Лутфий, Бобур, Атойи ғазалларига мурожаат қилган Озодбек Назарбеков эса мумтоз шоирлар ижодини кенг жамоатчиликка тарғиб қилишда жамийки адабиётшунослардан кўра салмоқлироқ иш қилди, дейиш мумкиндир. Демак, адабиёт ўқитишни тубдан яхшилаш масаласида ҳамма юк фақат ўқитувчилар зиммасига тушиши керак эмас. Бу барчамиз бел боғлаб, биргаликда бажарадиган улкан иш.

 

Адабиёт муаллими Назарбековнинг Лутфийхонлик, Бобурхонлик концертларида фойдаланиб дарс ўтса, биргаликда ижро қилинса, адабиёт том маънода санъат дарсига айланади. Асар асосида фильм ёки кино ишланган бўлса, унга, албатта, мурожаат қилиниши керак. Телеканалларда китоблар рекламаси ҳам йўлга қўйилса, яхши бўларди. Марҳум сўз устаси Ҳожибой Тожибоев иборасини бироз ўзгартириб айтадиган бўлсак,  “У каналга олсанг ҳам китоб, бу каналга олсанг ҳам китоб, ўчириб қўйсанг ҳам китоб” бўлиши керак. Энг муҳим жиҳат эса бу халқнинг адабиётга бўлган эътиборидир. Халқ қанчалик саёз нарсаларга ружу қўйса, арзимас инсонларни қаҳрамон қилиб бошига кўтарса, бу халққа мингта шоир, мингта адабиёт ўқитувчиси ҳам ёрдам беролмайди...

 

Наргиза ОДИНАЕВА суҳбатлашди.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17318
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//