Нормурод аканинг характерини билган одам унинг асарларини ўқиса, ундаги қаҳрамонлар ёзувчининг ўзими, ўзини ёзганми, деб ўйлаб қолади. “Четдаги одам” ҳикояси гапимнинг исботи. Ҳикояда бир персонаж бор. Аслида персонаж деб ҳам бўлмайди, чунки ҳикояда унинг исми келтирилмайди, “четда сақланади”, ўртага олиб чиқилмайди. Бу одам эрта вафот этган дўстининг болаларига моддий кўмак бериб туради, лекин буни дўстининг онасидан бошқа ҳеч ким билмайди. “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” нақлига амал қилади. Ўша исми йўқ “четдаги одам” Нормурод Норқобилнинг ўзи десам, ким ишониб, ким ишонмайди. Истеҳзо билан куладиганлар ҳам бўлиши мумкин. Бу табиий. Чунки бундай одамлар, айниқса, бугунги шиддатли замонда анқонинг уруғидай гап. Улар эски одамлардек туюлади бугуннинг нигоҳида.
Кўпчиликка маълум, Нормурод Норқобилов узоқ йиллар Ўзбекистон телевидениесида фаолият юритган. Ўша машҳур “икки дарё оралиғида” кўрсатувининг муаллифи, бошловчиси бўлган. Дилором Каримова, Рустам Ҳолиқназаров, Тоҳир Эргашев каби режиссёр ва операторлар, ўз касбининг усталари билан кўрсатувни тайёрлаган. Ижодий жараёндаги қийинчиликлар, машаққатлар, тортишувлар алоҳида мавзу. Бизнинг ҳозирги гапимиз бошқа. Кўрсатув ижодкорларидан бири, маҳоратли режиссёр (Исми шарифини айтишни лозим топмадим, чунки билмайман) отаси вафотидан қаттиқ таъсирланиб юраги кўтаролмайди ва ўзи ҳам бевақт вафот этади. Уч нафар фарзанд етим қолади. Аввалдан ижарада яшаган, эндиликда боқувчисиз қолган оила янаям танг аҳволга тушади, бунинг устига ота томон қариндошлар ҳам болаларни беэътибор қолдиришиб, ўз кунингни ўзинг кўр қабилида иш тутишади. Хуллас, қаровсиз, уйсиз-жойсиз қолган бу оилани Нормурод Норқобилов ўз қарамоғига олади, шаҳар четроғида жойлашган икки хонали уйини уларга яшаш учун беради. Бунинг учун у ерда яшаб турган жиянларини чиқаришга мажбур бўлади. Натижада жиянларнинг олдида “оқибатсиз” тоғага айланади. Кейинчалик, улар вазиятни тушуниб етгунларича ўртадаги совуқчилик аримайди. Етим болалар бугун катта бўлиб, ўзларини эплайдиган бўлиб қолишди. Дўстнинг вафотига йигирма йиллар бўлди-ёв, менимча. Лекин уй олишга имкониятлари етмайди. Ҳануз ўша уйда истиқомат қилиб туришибди. Нормурод ака шу пайтгача ўша уйга бирон марта бормади, лекин ҳар мактаб очилишида, қиш киришидан олдин дўстининг тўнғич фарзандини “Қўйлиқ” бозоридаги тураргоҳга чақиради ва йиққанини, харидини ундан бериб юборади. Ўзи бормайди. Четда туради, “четдаги одам” бўлиб.
Ёзувчининг “Ака-укалар” деган ҳикояси бор. Унда ҳам айнан ёзувчининг ўзи қаҳрамон десак янглишмаймиз. Нормурод ака шундай эслайди. Кўп қаватли уйда тураман. Болалар қишлоққа кетишган. Уйнинг аҳволи ҳам ўзига яраша, таъмир талаб, абгор ҳолатда. Таъмирлашга ҳафсала йўқ, қоғоз-қаламни қизғонаман. Сурхондарё вилоятига сафарга кетишга тайёргарлик кўриб турган кунларимда дўкондан келаётсам, кўчада бир йигит билан учрашиб қолдим. Кайфияти йўқ, секин суриштириб, қайсидир институтда сиртдан ўқишини, яшаш учун ижара уй излаб юрганини, ҳозирча борадиган жойи йўқлигини билиб олдим. Мен билан юринг-чи, деб уйга олиб келдим. Шу куни сафарга чиқадиган бўлганим учун унга калитни ташлаб вокзалга шошилиб жўнадим. Сафарда ўн кунлардан ошиқ қолиб кетдим. У ерда Абдиназар бахшиникида турдим. Сафарим қариб, уйга қайтадиган кунларда Абдиназар бахши: “Сиз эл одамисиз, уйингизга келди-кетди кўп, уйни таъмирлатиб олинг. Кўрган кўзга уят”, деди-да, қўлимга бир даста пул тутқазди. Мен “хўп” дедим-у, кетар чоғимда унинг кўзини шамғалат қилиб, биз ўтирган сўри-токча ёнидаги дарахтга осиб қўйилган тузхалтага пулни солиб, устини туз билан ёпиб қўйдим. Бахши мени уйини таъмирлашга пули йўқ деб ўйлаб, ошна-оғайниларидан шунча пулни тўплаб қўйган экан.
Тошкентга қайтдим. Уйга келганимда уй қулф экан. Тақиллатиб турсам, қўшни татар кампир чиқиб қолди. Қўлида калит ва бир парча қоғоз. “Шуни сенга бериб қўйишимни ойтишди”, деди-да, қўлидагини менга тутқазиб, эшигини ёпиб уйига кириб кетди. Уйга кирдим, кирдим-у, бошқа бировнинг уйига келиб қолдимми, деб ўйлаб қолдим. Уй чиройли қилиб, дид билан таъмирланган эди. Беихтиёр туздонга солиб қолдирганим пул ёдимга тушди. Қўлимдаги парча қоғозга “Яхшилигингизни унутмайман, танимаган одамга жой бердингиз. Уйнинг таъмирланганига келсак, бир ука акасининг уйини таъмирлаб берса бунинг айби йўқ” деган сўзлар ёзилган эди. Ҳикоя ҳам “Ака-укалар” деб номланган.
Нормурод Норқобилов ана шундай ёзувчи, у алдам-қалдамни билмайди. Қаҳрамонлари ҳам ўзига ўхшаган тўғрисўз, чўрткесар, оқибатли.
Нормурод аканинг характерида, феълида яна бир ўзига хослик бор. Бу одам биров билан оғайни тутиндими, ўзига яқин олдими – қўлини маҳкам ушлаб олади. Икки кун қўнғироқ қилмасангиз ўзи қўнғироқ қилиб аҳволингизни сўрайди. Кўп гапирмайди ҳам, овозингизни эшитгач кўнгли жойига тушгандек тез хайрлашиб гўшакни қўяди. Хуллас, оқибатни унутмайди.
“Четдаги одам”, забардаст, меҳридарё, оқибатли, сермаҳсул ёзувчимиз халқимизга янги-янги асарлар туҳфа қилаверсин. Биз ўқувчилар “четда туриб” асарлари сеҳридан баҳраманд бўлаверайлик.
Даврон УЛУҒМУРОДОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ