Инсонийликнинг “пропискаси” бўлмайди


Сақлаш
17:33 / 10.06.2024 481 0

Азалдан жаҳонгирларнинг бир қоидаси бор: “Бўлиб ташла ва ҳукмдорлик қил!”. Бу шафқатсиз қоида даврлар ўтса-да, ўз аҳамиятини йўқотмай келади. Кўпинча ўз халқимиз вакиллари орасидан “шаҳарлик ва қишлоқлик”, “водийлик ва воҳалик” сингари айирмачилик кайфиятидаги гап-сўзлар қулоққа чалинганда, юқоридаги машъум қоида эсимга тушаверади.

 

Яқинда бир қизнинг ўйлаймай-нетмай гапирган сўзлари ортидан ижтимоий тармоқларда яна “собиту сайёралар” ҳақида баҳслар болалади. Бир томон “шаҳарликлар ўзи шунақа, вилоятдан келганларни кўролмайди” деб чиранса, иккинчи томон “ўша ҳурлиқонинг ота-онасиям ғирт келгинди экан-ку” деб луқма ташлайди.

 

Тўғри, бу икки тоифа орасида бир-бирига нохуш қарайдиганлар кўп. Шаҳарликлар орасида вилоятдан келиб, ўқиб, ишлаб юрганларга паст назар билан қараш бугун ё кеча пайдо бўлмаган. Пойтахтга келиб, шу ернинг нон-тузини еб, туб аҳолини хушламайдиганлар ҳам топилади. Шу билан бирга қишлоқдан кеча келиб, икки-уч кунда “шаҳарлашиб” олгач, қолганларга кўз қирини ташлагиси келмайдиганлар ҳам...

 

Шу ўринда икки воқеани эслаб ўтсам.

 

Биринчи воқеа: Талабалик пайтимизда бир курсдошимиз бошқа тошкентлик дўстларимизга қараганда ўта калондимоғлиги билан ажралиб турарди. Юриш-туриши, соч турмаги, кийим-кечак, хуллас ўша йилларнинг энг сўнгги “мода”сида. Бошқаларни, айниқса, вилоятликларни назарига илмайди. Кўпгина курсдошларга қараб “санлани вилоятингдаям институт бор-у, ўшатта ўқимийсанлами?” деб очиқ мазаммат қилган пайтлари ҳам бўлган. Унинг айирмачилиги ҳатто бошқа тошкентликларнинг ҳам ғашига тегарди. Иккинчи курсда бир таҳририятга ишга кирдим. Бўлим бошлиғимиз биз билан бир тумандан экан, отамни, қариндошларимизни ҳам таниркан. Қаерда ўқишимни билгач, “Ие, улимди курсдоши экансан-ку деб қолди. Билсам, бўлим бошлиғи ўша ғирт тошканлик курсдошимизнинг отаси экан. Жуда самимий, жайдари инсон. Қизиғи, бу устозимиз умуман одам ажратмас, ҳамма билан бирдек чиқишиб кетаверар, ҳеч кимдан ёрдамини аямасди (Кўпчилик таниши мумкин бўлгани учун устозимизнинг исмларини ёзмадим). Хуллас, эртаси куни ўша “крутой” курсдошимиз мени бир четга чақириб “Ўртоқ, адам силани туманийладан эканла, сани адейниям биларканла, фақат илтимос, буни бошқалага этиб юрмагин” деб шипшиб кетгани ҳалигача эсимда...

 

Иккинчи воқеа: Ҳали ўқишни тугатмай уйланганман. Дарсдан чиқиб, ишга бораман. Кўпайиш арафасидаги ёш оиламиз, Қорақамишдаги бир онахоннинг уйида ижарада турамиз. Хонадон бекасининг исмлари эсимда йўқ, аммо кўринишлари, бўй-бастлари раҳматли бувимга жуда ўхшаркан. Битта ўғли қамоқда, қизи хорижда бўлгани учун бизни ўз болаларидек кўрарди. Икки хонали уйнинг балконида кечки пайт роса гурунглашардик, Ёшлик чоғларидаги “Эски шаҳар ҳангомалари”ни кула-кула бизга айтиб берар, унинг ҳикоя айтиш услуби менга жуда манзур эди. Онахон кечаси билан хамир қорар, эрталаб сомса пишириб, Чорсуга сотгани олиб кетар, бизга ҳам иккитагинасини ташлаб кетар, пулини берсак олмасди. Ижара пули ҳам гоҳида ойларга чўзилиб кетар, “Хола, узр сал харажатлар кўпайиб қолди” десам, “Э болам, ман санладан пул сўравомманми, топганингда берарсан” деб қўярди. Бир куни ишдан кечроқ қайтсам, уй қулф. Тўлғоқ эрталаб бошланган экан. Онахон ўзи “скорий” чақириб, ўзи бирга олиб кетибди... Туғруқхонага етиб борсам, холамиз худди ўзи набира кўргандек қувонч билан қарши олди: “Моро бўсин, болагинам, қизчали бўлдиларинг, умри билан, ризқи билан берган бўлсин...”

 

...Орадан йиллар ўтиб, ўша файзли хонадонга холамизни кўргани бордим. Уйни ўрта ёшли эркак очди. Онахоннинг ўғли қамоқдан қайтибди. Аммо ўзи бир йилча аввал бандаликни бажо келтирибди.

 

Хуллас, нима демоқчиман? Битта бемаъни одамнинг гап-гуфторига қараб, у туғилган ҳудуднинг ҳамма одамларига баҳо бериш ҳам бемаънилик аслида. Инсонийликнинг “пропискаси” бўлмайди, меҳр-оқибат жой танламайди. Шу билан бирга нодонлик, жаҳолат ҳам... Фақат ожиз, худбин, калтафахм инсонларгина ўз туғилган жойи, зоту зурёди билан фахрланади, бошқаларни ерга уриб, ўзини осмон чоғлайди. Бундай кимсалар қанча кўпайса, миллат шунча майдалашади, бошқаларнинг қўлида ўйинчоқ бўлади.

 

Ўтмишда ана шу бўлинишлар, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик сабаб халқимиз бошига не-не кўргиликлар тушмади. Учта ўзбек давлатига бўлинган бир бутун миллат, хонлару амирлар узоқ йиллар қирпичоқ бўлди. Оқпошшо Туркистон томон от чоптирган кезларда Бухоро амири Қўқонни қонга ботирди. Бухоро амири Самарқандни ўрисларга бой берган онда, Қўқон хони Оқпошшога мактуб битиб, уни ғалаба билан қутлади. Бу икки ўзбек давлати эркини қўлдан бераёзган дамда, учинчи давлат хони ўз хобгоҳида маишатдан бўшамади. Натижа эса маълум бир юзу ўттиз йиллик истибдод.

 

Аммо ҳануз кўзимиз очилмаяпти. Талаблик пайтимизда ётоқхонада “СурҚаш”, “СамБух”, “ФАН” сингари гуруҳларга бўлиниб, бир-бирига тиш қайрайдиганларни кўп учратганмиз. Афсус, бу иллатлар ҳамон йўқолмаяпти. Ижтимоий тармоқларда “қуруқ”, “ҳарип”, “индеец” сингари ҳақоратомуз сўзлар билан бир-бирига тош отаётганлар ҳам аслида бир-бири билан қирпичоқ бўлиб, охир-оқибат ўрис босқинчисига қул бўлган боболаримизнинг бугунги авлодлари-да?

 

Дунёнинг энг қудратли давлатларидаги тараққиёт сири ҳам шундай иллатларнинг йўқлигида эмасмикин? Германияда немислар “мен берлинликман”, “сен мюнхенликсан” дея ёқа бўғишишини, Францияда парижлик марселликка душман кўзи билан қарашини, Японияда токиолик префектурадан келган ҳамюртини “ҳарип” деб камситишини тасаввур қилолмайман. Аксинча, бундай иллатлар бизга ўхшаган қўшни ва қардош ўлкаларда кўзга ташланади ва улар ҳам бу нуқсоннинг азобини кўп тортишган.

 

Тожикистонда олти йил давом этган биродаркушлик уруши ҳам асосан маҳаллийчилик туфайли, “ғармлик, “кўлоблик”, помирлик”, хўжандлик” сингари қарашлар ортидан келиб чиққан, натижада ўн минглаб бегуноҳ одамларнинг қони тўкилганди. Афғонистонда қирқ йилдан ортиқ давом этган қирғинбарот замирида нафақат сиёсий, миллий ёки диний, балки ҳудудий қарама-қаршиликлар, маҳаллийчилик унсурлари ҳам бор эди. Аллоҳ кўрсатмасин...

 

“Эс борида этакни ёп”, дейди халқимиз. Битта халқ, битта юрт вакилимиз. Қорни тўқ, калласи бўш олифталарнинг ўринсиз валдирашларига эргашиб, бир-биримизга тош отишдан маъни йўқ. Бирлашмас эканмиз, бизни четда туриб, ҳар қадамимизни пойлаётган қашқирларга ем бўлиш қисмати кутади, холос.

 

Рустам ЖАББОРОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//