Ўйлаб кўрсам, ёзувчи аҳлининг аксари қаламини аввал журналистикада чархлаб, сўнг ёзув столига астойдил ўтирган ва катта асарларга қўл урган экан. Унгача эса ҳаловатдан холи, саргузаштларга бой ҳаётнинг аччиқ-чучугини обдан татиб, маҳоратини оширган. Мухбирлик уларга тезкорлик, тартиб-интизом, қисқа-лўндаликни ўргатган.
Китоб жавонимда ижодини журналистикадан бошлаган ана шундай номдор адибларнинг асарлари бисёр.
“Энди адашсанг гар қайга боргайсан?!”
Олим Тошбоев. “Ойболта остидаги оломон”. Тошкент, “Илм-Зиё-Заковат”, 2022.
Бу китобни ҳаяжонланмасдан ўқишнинг иложи йўқ. Аввало, қамровнинг кенглиги, таҳлилнинг теранлиги, далилларнинг мустаҳкамлиги ҳайратга солади. Бордию китоб муаллифи таниқли адабиётшунос, адиб ва журналист эмас, дейлик, адвокат бўлганида, на бирор прокурор ва на бирор судья унинг далилларини рад эта оларди деган хаёлларга борасиз. Маҳкамада фикрини рад этиб бўлмас далиллар билан “михлаб”, ҳаммани жой-жойига ўтқазиб қўярди!
Муаллиф – тилга тушган “Ултонтоз” романи, адабиётшуносликда ўзига хос янгилик бўлган “Абадий замондош” монографияси ва “Ботиндаги бўрон” китобларининг муаллифи Олим Тошбоев. Илм, бадиият ва публицистика чорраҳасидаги асарини ёзмоқ учун у нақадар кўп заҳмат чекканини фақат тасаввур қилиш мумкин. 1981–1991 йиллари Ўзбекистонда кечган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий жараёнларни синчиклаб ўрганиш ва таҳлил қилиш, Москвада чоп этилган етакчи босма нашрлардан то вилоят ва республика оммавий ахборот воситаларигача – юзлаб номдаги газета-журналларни, видео ва аудио тасмаларни бирма-бирма варақлаб, ўқиб, кўриб ва эшитиб чиқиш осонми?! Қани эди шунчаки варақлаш, ўқиш, томоша қилиш ёки тинглаш билан иш битса! Саҳифа-саҳифа кўчирмалар, таржималар ва таҳлиллар... сарғайиб, илвираб қолган ботмон-ботмон чанг босган қоғоз, хира тортиб кетган плёнка деганлари... Бунинг учун тадқиқотчига кенг билим, катта ғайрат-шижоат, чўнг сабр ва мустаҳкам ирода керак, албатта. Аммо булардан ҳам аввал ўз халқига, Ватанига, энг муҳими, адолатга меҳр-садоқат, шунинг баробарида журъат ва жасорат зарур.
Мен одатда китобни ўзимга ёққан жумлалар, факт ва рақамлар остига чизиб, ҳошияга белгилар қўйиб мутолаа қиламан. Олим Тошбоевнинг романи ва монографияси каби бу асарининг ҳам чизилмаган саҳифаси деярли қолмади.
Ҳаяжоним боиси – қаламга олинган ҳодисаларнинг аксарига ўзим гувоҳ бўлганим эмас, қирқ йил нари-берисида ўтган ўша воқеалар силсиласида муаллиф юзимизга тутган кўзгудаги тасвирлар ва фикрларнинг, надоматлар бўлсинким, аччиқлиги!
Бу китоб нима учун ёзилди ўзи? Каттароқ илмий даража ёки унвон илинжидами? Балки мукофоти нақд буюртма асосидадир? Йўқ!
Муаллифнинг жавобига эътибор беринг: “1991 йил августининг 31-кунигача бўлган беш-ўн йиллик давр, табиийки, ўй-фикри бор одамни қизиқтиради. Менинг ҳам кўнглимда талай саволлар бор эди. Лекин кимдан сўрамай, тайинли бир жавоб ололмадим. Ҳа, бор-йўғи кечаги кун – Мустақиллик арафасидаги ҳаёт бирпасда кўпчиликнинг ёдидан кўтарилибди”.
Эътироз билдириш қийин.
“Ярми коммунист, ярми комсомол, қолган ярми эса пионер ва октябрят” бўлган, даҳрийлик байроғини баланд кўтарган республиканинг ўша замондаги кечмишлари бугунги ёшларни қўятурайлик, ҳатто “тирик гувоҳлари”нинг ҳам хаёлидан фаромуш бўла бошлагандек. Эсласак, шу даражада омилигимиздан уялиб кетишимиз тайин.
Ўша долғали давр ҳақида гап очилганида билгичлар Ўзкомпартиянинг 1984 йил 23 июнь куни бўлиб ўтган XVI пленумини тилга олишни хуш кўради. Кейинчалик муаррихлар миллатимизга қарши навбатдаги қатағонга “фатво” берган бу тадбирни “Ўзбекистонга КПСС ниқобидаги фашистлар босқинининг дебочаси” деб таърифлади. Йўқ-йўқ, Ўзбекистон тўплар, танку самолётлардан эмас, ягона ва қудратли фирқанинг шапалоқдеккина низомидан “ўққа тутилади”. Мақсад аён: буюк бир миллатни жоҳил оломонга айлантириш. Ўша ҳужумдан ўн саккиз миллионли халқнинг маънавий дунёси вайрон бўлади...”
Муаллиф тўғри таъкидлаганидек, янги “уруш”нинг йўналиши учта эди: динни ва мусулмонларни таъқиб қилиш; миллий анъана, урф-одат ва қадриятларга қарши ўт очиш; малакали миллий мутахассислар ва раҳбар кадрларни маҳв этиш.
Исломий никоҳдан ўтиш, марҳумларга жаноза ўқиш, Оллоҳ деган улуғ каломни тилга олиш, Наврўздек қадимий байрамни нишонлаш баайни жиноятга тенглаштирилади. Алқисса, компартия серқуёш ўлкани худосизлар маконига айлантирмоққа киришади.
Маънавий-маърифий истилонинг тезпишар “мева”ларидан бир-икки мисол. Истиқлолгача “Қишлоқ ҳақиқати” номи билан чоп этилган газетанинг “Атеист” саҳифасида эълон қилинган “Ишонтириш кучи” мақоласида Булунғур тумани партия қўмитасининг котиби В.Усмонов бундай ёзади: “...коммунистларнинг диний маросимлар, расм-русумларда иштирок этиши каби ҳоллар учрамоқда. Жумладан, “Сельхозхимия” бирлашмаси ишчиси, КПСС аъзоси Б.Норматов ота-онасини Пайариқ районидаги Хўжа Исмоил мақбарасига зиёратга олиб борган. Бу кўнгилсиз ҳолга муносиб баҳо берилди: район партия комитети бюроси Б.Норматовга ҳисоб карточкасига ёзиш шарти билан қаттиқ ҳайфсан эълон қилди”.
Истиқлолдан кейин обод масканлардан бирига айлантирилган Имом Бухорий қадамжосига бугун бутун дунёдан келаётган минглаб зиёратчилар куни кеча ушбу даргоҳга қадам қўйганлар таъқиб қилиниб, не бир кўргиликларга гирифтор этилганини билмайди, албатта. Ҳозир бул табаррук қадамжо зиёратига келаётганлар орасида ўша собиқ коммунист Б.Норматов ва унга фирқавий жазо тайинлаганлар ёки уларнинг фарзандлари дуои фотиҳалар қилиб юрган бўлса не ажаб!
“Тошкентмрамор” ишлаб чиқариш бирлашмаси бош технологи, партия ташкилоти секретарининг ўринбосари М.Кучакбоев уйида худойи қилгани учун партия сафидан бадарға қилинади. Партия сафидан кетдингми, капанг куйди дегани! Қамалмасанг ҳам, эгаллаб турган лавозимингдан мосуво бўласан ва кўчада қоласан. Одамлар сени кўрса етти чақирим наридан айланиб ўтади. Не тонгки, савоб-садақа қилганнинг ҳам куни шундай бўлган!..
Совет сиёсатининг энг аянчли жиҳати – адолатнинг юзига тупурилгани, ёлғон ва кўзбўямачилик авж олгани, рўё давлат сиёсати даражасига кўтарилгани... Эътибор берилса, етмиш йил ҳукмфармолиги давомида шўро салтанати раҳбарлари тирикликда олқишларга кўмилган, таъбир жоиз эса, халқ уларга сажда қилган. Кўзи тупроққа тўлиши билан эса кеча мақтаб, кўкларга кўтарганлар энди ўша “доҳий”ларга тавқилаънат ёғдирган.
“Одам қиёфасидаги ваҳший терговчилар тирик жонни эмас, балки темирни ҳам эритишга ва синдиришга қодир эканини ўз бошимдан кечирдим”. Бу – боя эслаганимиз XVI пленумда маъруза қилган ва мустабид Марказдан кадрлар масаласида расман ёрдам сўраган Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Иномжон Усмонхўжаев “Ёш ленинчи” газетаси мухбири Зиёвуддин Ортиқхўжаевга 1991 йили берган интервьюдан бир иқтибос. Москва им қоқса, салланинг ўрнига каллани ҳам олишга тайёр иродасиз авбошларнинг касрига ўша йиллари Ўзбекистондан тўрт ярим мингдан зиёд раҳбар ҳибсга олинган. Қамалганларнинг ўрнига Марказдан минглаб “юксак салоҳиятли” кадрлар юборилган. Чигирткадек ёпирилиб келган “десантчилар” юртни ғорат қилиб, чўнтагини қаппайтирган. Мансаб-мартабаси ошиб, елкасидаги “юлдуз”лари сони ортган.
1984–1990 йиллари Ўзбекистон ва ўзбек халқи ҳақида Марказ матбуотида чоп этилган ҳақоратомуз мақолаларнинг фақат сарлавҳасини санаб чиқиш учуноқ неча ой фурсат керак. Афсуски, сўнгги йилларда империяпарастлар ичида яна эски хасталик хуруж қила бошлади. Москвада ўзбекка таъна тошини отганки бор, яна шон-шуҳратга бурканмоқда...
Китобда дарж этилган воқеалар бугун кимларгадир аянчли ҳақиқат, бошқаларга узоқ ўтмишдаги чўпчакнамо гап, яна бировларга кулгили латифа бўлиб туюлиши мумкин. Большевиклар хунтаси қўлида ўйинчоқ ва қурол бўлган авом эса нафрат эмас, ачинишга лойиқ, назаримизда.
Гўё огоҳлик қўнғироғи бўлиб жаранглаётган тадқиқотдан чиқадиган хулоса: энди адашмайлик, ўзганинг бўйига қараб тўн бичиб, саробга маҳлиё бўлмайлик. Янада аҳил ва ҳушёр бўлайлик. Зеро, халқимиз озодлиги, давлатимиз мустақиллигига таҳдидлар камайгани йўқ. Муаллиф бу борада энг ишончли қуролимиз, аввало, илм-маърифат, жамиятнинг очиқлиги ва сўз эркинлиги эканини уқтиргандек бўлади. Буюк шоир Абдулла Орипов огоҳ этганидек: “Энди адашсанг гар қайга боргайсан?”
Бир яғмо тарихи
Габриэль Гарсиа Маркес. “Известие о похищении”. Харьков, “ИНАРТ”, 2001.
Гарчи барча машҳур асарлари, жумладан, публицистикаси билан яхши таниш бўлсам-да, фусункор (магик) реализмнинг йирик намояндаси сифатида донг таратган колумбиялик адиб, Нобель мукофоти соҳиби Габриэль Гарсиа Маркеснинг ушбу китобини кўриб, очиғи, ажабланган эдим. Негаки, адабиётда янги йўналишга асос солган машҳур ёзувчининг ҳужжатли романга қўл уриши кутилмаган ҳодисадек туюлган.
1996 йили эълон қилинган “Бир яғмо тарихи” – ғайриоддий репортаж, публицистик руҳи, очиқ-ошкоралиги, кескин шиддати билан ажралиб турадиган, аянчли ҳаёт инъикос этган залварли асар.
Роман инсониятнинг соғлом танасида саратон хасталиги каби тобора кенг ёйилиб, томир отаётган гиёҳвандликнинг фожиали оқибатлари ҳақида. Бу дарди бедаво адибнинг ватанини тамомила фалаж қилиб ташлаган. Авомдан то ҳукумат мулозимларигача – барча-барчаси шафқатсиз қотилликлар, таҳдид, ваҳима ва қўрқув исканжасида қолганига йигирма йилдан ошган. Қонли диктатура ўрнатган наркомафия қироли Пабло Эскобарнинг буйруғи билан ҳар куни ўнлаб одам – сиёсатчилар, журналистлар, давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларининг қатл этилиши одатий ҳолга айланган.
Ана шундай мураккаб вазиятда наркобароннинг шотирлари таниқли журналистларни ўғирлаб кетади. Мақсад – Эскобарнинг АҚШга топширилиши (экстрадиция) масаласида Колумбиянинг жиноий гуруҳлар билан чатишиб кетган ҳукуматига тазйиқ ўтказиш ва шу йўл билан муқаррар жазодан қутулиб қолиш.
Китоб мутолааси сердиққат, бироқ қизиқарли. Адиб жиноят дунёси вакилларига раҳм-шафқат назари билан қарамайди, айни чоқда, уларни йиртқич ҳайвон қиёфасида тасвирлаб, лой ҳам чапламайди. Ёзувчининг бу тахлит холислиги ўз вақтида айрим мунаққидларнинг эътирозига сабаб бўлган. Аслида, Маркеснинг маҳорати ҳам шунда: ҳаётни майда-чуйдасигача аниқ, холис ва ҳаққоний тасвирлашида! Мухбирликни “ёруғ оламдаги энг гўзал касб” деб билган адиб эътирозлар янграшини аввалдан сезган чоғи, бундай деб таъкидлаган: “Журналист ва ёзувчи сифатида мен ўзимнинг энг муҳим вазифам – таъбимга мос жанрни белгилаб олишим зарур эди. Ва мен энг ҳаққоний ва ҳозиржавоб жанр деб билганим репортажни танладим. Репортаж... ҳикоя ёки қиссага ўхшаши мумкин, бироқ унинг муқаддас ва дахлсиз бир хусусияти бор: муаллиф қисса ва ҳикояда орзу-хаёлларига эрк бериши мумкин, репортаж эса энг сўнгги нуқтагача, ҳатто биров ишонмаса ҳам, ҳаққоний ва аниқ бўлиши шарт”.
Сўзбошида қайд этилганидек, Маркес асарни қарийб олти ой тутқунлик азобини тортган ҳамкасбларининг илтимосига биноан уч йил деганда ёзиб тугатган. Бош қаҳрамон, таниқли сиёсатчи Альберт Вильямисарнинг рафиқаси, журналист Маруха Пачон ва қайнсинглисининг аҳволи нақадар аянчли: гоҳ озод бўлишидан умидвор, гоҳ бор ишончи чиппакка чиқиб, умидсизлик домида...
“Машинага яқинлашар экан, елкаси узра ўгирилиб, атрофга бир қур назар ташлади: ортидан кузатиб келаётганлар йўқми? Боготада соат еттидан беш дақиқа ўтган эди. Демак, оқшом тушганига бир соатдан ошибди. Миллий боғ ғира-шира ёритилган. Яланғоч дарахтлар юракни сиқадиган қорамтир осмон остида беҳад ваҳимали кўринади. Бирор хавф сезилмади... Ҳайдовчи орқа эшикни очди: Маруха орқа ўриндиқда ўтиришга одатланганини яхши биларди. Беатрис Маруханинг ёнидан жой олди. Иккаласи ҳам ғоят толиққан: тушдан кейин кетма-кет ўтказилган зерикарли учта мажлисни деб қарийб бир соат ушланиб қолишди. Айниқса, Маруханинг бўлари бўлган: кеча оқшом у эри билан меҳмон кутган, нари борса, уч соатгина мизғий олган, холос”.
Роман хавф-хатардан дарак берувчи ана шундай сатрлар билан бошланади ва бу хавотир мутолаа сўнгига қадар китобхон кўнглини тарк этмайди: охири нима бўлар экан?
Наркомафияга қарши урушга дахли бўлмаган журналист аёллар ўғирлаб кетилганидан сўнг гўё бутун мамлакат оёққа туради. Уларни қутқариш ватанни, адолатни ва тинчликни ҳимоя қилишдек масъулиятли ишга айланади. Жидди жаҳд асносида халқнинг кўргиликлари, ҳукуматнинг ожизлиги фош бўлади.
Асарнинг кўламдорлиги эътиборни тортмай қолмайди: оддий ҳайдовчидан мамлакат президентигача, мубталолик қабр ёқасига олиб бориб қўйган бангидан давлатнинг бўғзига пичоқ тираб турган наркобаронгача – ҳамма-ҳамма қамраб олинган.
Маркес инсоний туйғу, кечинмаларни дақиқлик билан тасвирлар экан, китобхон шуурини тамомила забт этади. Бу дафъа адиб мафтункор Макондо эмас, қонунлар оёқости қилиниб, аҳолиси адолатсизлик қурбонига айланган Колумбия ҳақида сўз юритади. Ўзингиз ҳам ўша давр муҳитига тушиб қолгандек, жиноий тўданинг хунрезликларини кўриб, асирларнинг инграшларини эшитгандек бўласиз. Муаллиф қўлидаги кинокамера билан бирга сизни ҳам эргаштириб кетаётгандек туюлади. Кўрганларингиздан, эшитганларингиздан, ҳис қилганларингиздан онгу шуурингиз азобда, аммо муаллифга эргашишдан ўзингизни тия олмайсиз.
Қарийб 250 саҳифага жо бўлган романда давлат ва халқ, фуқаролар хавфсизлиги ва осойишталиги каби ҳаётий масалалардан баҳс боради. Қирқ ёшли Пабло Эскобарнинг кимлиги дунёга аён: ёвуз, айни чоқда тақводор, ўта ақлли ва эҳтиёткор, ўзига бино қўйган, золимлиги хасталик даражасига етган шахс. У таслим бўлишдан аввал ҳукумат олдига минг бир шарт қўяди. Ожиз қолган маҳкама жиноятчининг шартларига рози бўлади. Ким кимга таслим бўлди ўзи деб ўйлаб қоласиз. Ҳибсга олинган Эскобар учун қамоқхона обдан таъмирланиб, беш юлдузли меҳмонхонадагидан ҳам қулай шароит – серҳашам ишратхона муҳайё этиладики, бу шармандаликдан Колумбия ҳукумати салкам 300 кун ўтиб хабар топгани қизиқ. “Одил ҳукумат”дан сўрагингиз келади: бир ваҳшийни тутиб қамабсизлар, отангизга раҳмат! Лекин тергов қани? Суд-чи?
“Эл қатори” турмага кўчирилишини эшитган ва бундай “таҳқир”га чидай олмаган наркобарон соқчиларнинг бурнига бир чертиб қочади-кетади! Отиб олиш ҳам, тутиб олиш ҳам осон жиноятчини яна икки йил излайдилар ва ниҳоят, 1993 йил 2 декабрь куни қўлга туширадилар. Инсонни ўлдирмоқ мумкин, лекин тўйдирмоқ мушкул...
Маъюс табассум
Симон Кармиггелт. “Несколько бесполезных соображений”. Москва, “Радуга”, 1985.
Симон бобога ихлосим баланд. 1987 йили саҳҳофлик дўконида бир китобни қўлимга олиб, муқовадаги суратга тикилиб қолганим ва “Қодир аканинг худди ўзи экан!” деган гап хаёлимдан ўтиб, жилмайиб қўйганим ёдимда. Китоб муаллифи ҳам босмахонамизнинг газета саҳифаловчиси (метранпаж) Қодир Қодирович Қодировдай қотма, кекирдаги бўртиб чиққан, чапани ва гажирроқ одамлиги кўриниб турарди. Гажир бўлмаса, Қодир акага ўхшаб қирқ беш йил – умрининг охиригача бир жойда, бир лавозимда, яъни Амстердамдаги “Het Parool” (“Минбар”) газетасида оддий мухбир бўлиб ишлармиди! “Сабрингга балли-эй!” деб юборгингиз келади.
Нидерландиялик адиб Симон Кармиггелтнинг (1913–1987) ўттиз етти йил бурун харид қилганим ўша “Несколько бесполезных сображений” (“Айтдим-қўйдим-да”) ҳикоялар тўплами ҳалигача қўлимдан тушмайди. Қайта-қайта ўқигим келаверади. Баъзан нашъаси тутганида икки-учта ҳикояни таржима қилиб ташлаганимни сезмай қоламан.
Ҳикоялар қисқа, айримлари бир ярим саҳифадан ошмайди. Бундай митти асарда нимани тасвирлаш, уни китобхонга қандай манзур қилиш мумкин? Қарангки, қаловини топган қорни ҳам ёқаркан! Симон бобо – совуққон кузатувчи, ўзи тасвирлаётган ажабтовур воқеаларга аралашиб, кимнидир олқишлаб, бошқасининг биқинига мушт солмайди.
Навбатдаги ҳикояга сюжет излаб “овга чиққан” адиб боши оққан томон юради. Кўчада тасодифан кимнидир учратиб қолади. Кафега “томоқ ҳўллагани” кирса, ёлғиз ўтирган хўрандани гапга солади. Оқшом бехосдан чалинган қўнғироқ – яна бир мавзу. Барчасининг марказида албатта инсон – эркагу аёл, ёшу қари, ўртамиёна амалдору иши орқага кетган тадбиркор, орзулари ушалмаган онахон... Ҳаётнинг ўзи каби ранг-баранг, мураккаб – қувончу фожиа, садоқату хиёнат, бойлигу ночорлик... Ўзбекнинг ҳаётидан фарқи кам.
Қаламга олинган воқеалар оламшумулликдан хийла йироқ, ҳатто хийла жўн. Бир замонлар машҳур ўзбек совет журналистига “Осмонга отилган гугурт тушган жойни гиёҳ ўсмайдиган қилиб фельетон қила олади” деб таъриф бериларди. С.Кармиггелт ҳам ҳар қадамдан мавзу-материал топади. Топиши шунчалик “осон” бўлганки, мингдан ортиқ (!) ҳикоя ёзган, митти ҳикоялар устаси сифатида кенг танилган. Озиб-ёзиб таътилга чиқса, ўша ойда “Het Parool” газетасининг адади ўттиз-қирқ мингга тушиб кетган. Аввалига унинг асарларини писанд қилмаган адабиётшунослар алалоқибат мақташга тушган: Кармиггелт – юксак сўз санъатини вақтли матбуотга дадил олиб кирди; гоҳо қувонч, гоҳо маъюслик уфуриб турган ҳикояларида миллий характерларни, инсонни кўзгудаги каби бутун бўй-басти, улуғлиги ва ожизликлари билан акс эттира билди...
Китоблари кетма-кет чиқиб, Нидерландиянинг адабиёт соҳасидаги юксак мукофотларига муносиб кўрилгани – хайрихоҳ ҳамкасбларининг, мухлисларининг хизмати. Чунки у шуҳрат қозонмоқ учун ўзини ўтга-чўққа уришни, ҳафтасига беш марта чоп этиладиган газетада муттасил чиқиб турган ҳикояларини йиғишни ўзига эп кўрмаган.
Бир вақтлар коммунистик салтанат мафкурачилари Абдулла Ориповни шеърларидаги маҳзунлик сабаб танқид қилган: бахт ва шодликка йўғрилган шўро жамиятида ғам-андуҳга асло ўрин йўқ! Симон Кармиггелт – ёлғизлик куйчиси. Асарларидаги ҳазинликнинг боиси шу. Балки шунинг учун ҳам унинг ҳикоялари ўзбек шоирининг шеърлари каби мафтункор ва бетакрордир.
“Қайиқ” ҳикоясини олайлик. Мўъжазгина қаҳвахонанинг деразаси олдидан ўтган анҳорда дид билан безатилган моторли қайиқча сузиб юрибди. Ушбу фусункор манзарадан кўпчилик қатори дераза олдида ўтирган башанг кийинган ёши улуғроқ жаноб ҳам кўз узмайди. У бир умр шундай қайиғи бўлиши ва уммонда балиқ каби эркин сузишни орзу қилган. Шу мақсадда ўсмирлигидан ишлаб пул йиға бошлаган. Бироқ энди қайиқ сотиб оламан деб турганида бир қиз юрагидан уради. Унаштирув, уйланиш, фарзанд, рўзғор ташвишлари... ўз-ўзидан бўладими! Қайиқ орзуси хаёлдан кўтарилади. Орадан анча йиллар ўтгач, яна пул йиғишга тушади. Бу вақтга келиб, қайиқ деганнинг нархи осмон эди. Кутилмаганда хотини дардга чалинади. Шундай қилиб, йиққан-тергани билан яна хайрлашади... Сўнг хотини оламдан ўтади. Ўғли Канадага кўчиб кетади. Қарабсизки, ўзи кексалик фаслига қадам қўйибди. Орзуманд қария омади келиб, шаҳарнинг марказидан ижарага ҳужра олади.
Ишдан қутулганидан кейин танҳо қайиқ тағин унинг хаёлини банд этади. Боз уриниб кўрмоқчи бўлади. Энди унга кичикроқ қайиқча бўлса бас. Қўл учида яшашга ўрганган, умрида ҳашамату тўкинлик кўрмаган одамга мўъжазроғи ҳам бўлаверади-да. Раҳматли отасининг гапларини эслайди: “Муҳтожлик бизни доим ўз чангалида эзғилаб туради, болам”.
Шундай қилиб, орзуманд чол ўзини яна ҳамма нарсадан тияди. Ейиш-ичиш дейсизми, кийим-кечак... ҳаммасидан! Оз эмас, кўп эмас, уч йил чидайди. Чекишни – сигарани яхши кўрарди – бас қилади. Гўшт – икки ҳафтада бир луқма. Кафелардан оёқ узади. Иш, азоблар билан бўлса-да, жойидан силжий бошлайди. Лекин яна...
“Ўтган ҳафта оқшом пайти шаҳарнинг нариги бурчида яшайдиган синглимникидан қайтаётган, трамвай пулини тежаш учун яёв бориб келмоқда эдим. Йўл узоқ эмасми, тинкам қуриб қолди. Уйга етай деганимда, хилват кўчада, чироқ тагида нафас ростламоқ учун тўхтадим. Ёнимдан бир одам ўтиб қолди. Чайқалиб юришидан дурустгина отиб олгани кўриниб турарди. У менга бир зум тикилиб турди-да, чўнтагини пайпаслади ва қўлимга чақа тутқазди: “Ма, ол, бечора чол”. Олдим!”
Тиланчидан фарқи қолмаганини англайди шунда. Кўнглида исён уйғонади. Эртаси куни бор пулини олиб, шаҳарга тушади. Кўйлакдан костюм-шимгача – янги либослар сотиб олади. Рангли телевизорнинг ҳам, сигаранинг ҳам энг зўридан харид қилади. Бир хирмон пиво. “Алвидо, моторли қайиқча!”
Адибнинг бисотида ёлғизлик ва ночорлик комига тушиб, орзулари ушалмай қолган инсонларнинг аянчли қисмати нақл этилган бундай мунгли ҳикоялар кўп.
Қулман ОЧИЛ
“Tafakkur” журнали, 2024 йил 1-сон.
“Орзу билан хайрлашув” мақоласи
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ