Рассом бир асарини бир ой, бир йил ёки ундaн кўпроқ вақтда чизади. Бир инсон ортидан яхши ном қолдирмоқчи бўлса ўз қиёфасини яратиш учун умр бўйи ҳаракат қилади. Чекилмиш захмат яратилаётган нарсанинг қийматига яраша бўлади. Миллат, юрт қиёфасини яратиш, доғ туширмай ўз ҳолида сақлаш эса ибтидодан интиҳога қадар миллат фарзандларининг масъулияти.
Ашхобод сайлгоҳида текин музқаймоқ ортидан келиб чиққан машмаша миллатни уйғотиши, мулоҳазага чорлаши, қайғуга солиши керак. Ор-номус деган мерос олдида жони кўзига кўринмаган аждодларнинг авлодлари қачон бу қиёфадаги миллатга айланди? Миллат маданиятини кўтариш учун нима қилиш керак? Oyina.uz шу мавзу атрофида зиёлилар ва ижтимоий фаоллардан муносабат олди.
Алишер НАЗАР, журналист:
Уят йўқолиб қолган
Инсоннинг ичи иймон билан, илм билан нурланмас экан, у ҳеч қачон тўғри яшай олмайди. Инсонни инсонийлик чегарасида ушлаб турадиган куч илм ва иймондир! Бусиз инсоннинг ҳаётида мувозанат йўқолади! Мувозанати бузилган одамдан эса ҳар нарсани кутиш мумкин. Агар бутун бошли жамиятда бу мувозанат бузилса-чи, бу энди жуда хатарли. Афсуски, биз бугун бузилган бир мувозанат ичида яшаяпмиз. Одамларимизда иймон билан боғлиқ туйғу – уялиш ҳисси йўқолиб бормоқда. Албатта, бунинг маънавий, ижтимоий сабаблари бор.
Биринчидан, одамларимиз омматан диндан, илмдан узоқлашиб қолди. Ҳалол-ҳаром масаласи кун тартибидан тушди. Нима бўлса ҳам қўлга киритсам бўлди, деган тушунча онггига ўрнашиб қолди. Иймон шунинг учун керакки, у доим инсонни тергаб туради:
– Уялмайсанми, бировнинг нарсасини текин олишга? – дейди. – Балки сендан ҳақлироқ одамлар бордир?
Инсонни ичидан назорат қилиб турадиган бундай “қўриқчи” йўқолиб қолса, нафс билан якама-якка қолган инсон барибир мағлуб бўлади.
Иккинчидан, давлатнинг ўзи одамлар орасида боқимандалик кайфиятини шакллантириб қўйди. Битта ҳаётий мисол келтираман. Ижтимоий тармоқларда бир видео тарқалди. Ёши элликларни қоралаган бир аёл тўшакда ўтирибди. Қаршисида маҳаллий ҳокимият вакилларидан уч-тўрт киши қўл қовуштириб турибди.
– Мен касалман, эрим ҳеч қаерда ишламайди, бешта боламни қандай боқаман? – дейди аёл важоҳат билан.
– Маҳаллада “темир дафтар”да турасиз, ҳокимият 2-3 марта ёрдам пули ажратди, имтиёзли кредит берамиз деяпмиз, яна нима қилишимиз керак? – дейди ҳокимият вакили. – Вояга етган фарзандларингиз бор экан, иш ўринларига таклиф қилдик, нега боришмади?
– Ҳокимият ажратган 2-3 миллион сўм нима бўлади? Қизимга таклиф қилинган иш узоқ жойда, қатнаб ишлай олмайди...
Сўнгги пайтларда бунақа воқеаларга тез-тез дуч келадиган бўлиб қолдик. Энг ёмони, бу ҳол сўз эркинлиги, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш, адолат учун кураш, деб таърифланадиган бўлди. Аслида эса бу халқимизнинг маънавий аҳволи қай даражага келиб қолганидан дарак беради. Ҳатто ночор одамнинг ҳам ҳадеб нолиши, имкон қадар давлатдан фойдаланишга уриниши, фақат имтиёз олиш пайида бўлиши, яхшилик аломати эмас. Ваҳоланки, туппа-тузук одамлар маҳаллаларда жорий этилган “темир дафтар”га кириб олишни омад санай бошлади. Ғурур ва ҳамият ўлди! Одамларда “керак бўлса давлат мени боқади”, деган тушунча ўрнашиб олгандек... Ўз навбатида ҳукумат “темир дафтар”ларнинг жорий қилиниши аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўлидаги энг муҳим қадам, деб ҳисобот бера бошлади. Ваҳоланки, одамларни “темир дафтар”га киритиш эмас, “темир дафтар”дан чиқариш муҳимроқ эмасми? Чунки ҳаммани “темир дафтар”га киритиб боқиб бўлмайди.
Хулоса шуки, биз фақат қайсидир паркда текин “марожний” оламан, деб ур-йиқит қилаётган оломонни кўряпмиз, холос. Ҳаётга тикилиброқ қарасангиз, шон-шуҳрат, мансаб-мартаба учун ўзини не кўйларга солаётган, халқнинг кўзига бақирайиб туриб ёлғон айтаётган “зиёлинамо”ларимизнинг текин “марожний” талашаётган оломондан нима фарқи бор? Фарқи йўқ! Уларни бирлаштириб турган хусусият эса битта: уят йўқ! У йўқолиб қолган!
Ҳилола НАЗИРОВА, “Янги Ўзбекистон” университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори:
Текин китобга ҳам шундай талатўп бўлармиди?
Албатта бу нохуш ҳолат. Ҳар бир тадбир режалаштирилишдан олдин уни қаерда ўтади, одамлар сиғими қанча ва қайси оқимда келиб, қайси оқимда кетади деган савол туриши керак эди. Авваломбор, ҳар тадбирнинг бошида турган ташкилотчи бу нарсани ўзига белгилаб олиши лозим эдики, ҳозир энди “яхшилик қиламан деб ёмонлик қилинди” деган иддао айтилади.
Болалар билан вақтини ўтказётган ота-оналар фарзандининг хавфсизлиги учун асосий маъсул одам ҳисобланади. Халқимизнинг болажонлиги бундай пайтда бизга фақатгина панд беради, яъни яхши ниятда боласини кўчага айлантиришга олиб борган ота-она тахминий ҳолатни кўрган бўлиши керак. Умумий ҳолатда навбат кутиш одобимизнинг сустлигини таъкидлаш лозим, бу борада ота-оналар болалари учун ўрнак бўлиши шарт.
Халқнинг маданияти авваломбор ҳар ота ва ҳар она орқали шаклланади, то ўзимиз миллат келажаги – ёшларга ўрнак бўлмас эканмиз, бошқалар ўрнак бўлади. Текин китобга ҳам шундай талатўп бўлармиди, деган саволни ўртага ташлаш ҳам керак. Биз фарзандларимизнинг ўқимишли ва ўқиши учун ҳам текин китобга талатўп бўлиб йиғилармидик, шундай ҳолат бўлармиди?
Барно СУЛТОНОВА, журналист:
Болага рад қилишни ҳам ўргатиш керак
Ўшанда ижарада икки оила яшардик. Биз ва ҳовлининг у бурчида яна бир оила. Товуғимиз кунда 2-3 та тухум қилар, болаларим уларни челакчага солиб қўярди. Бир куни қўшнимизнинг ўсмир ўғли, болаларимнинг тухумни қўяётганини кўриб ҳайрон қолди: “Нега йиғиб қўясизлар буни, евормайсизларми?”, деди.
Мен айтдим:
– Бир жойга йиғилиб туради, ҳар куни эрталаб ўзларига пишириб бераман.
– Бизда унақа эмас, укам ва мен товуқнинг катагини пойлаб талашамиз, қайсимиз биринчи топсак, ўша пишириб ейди.
– Агар сен уч кун тухумни топсанг, уч кун ҳам ўзинг ейсанми, бошқаларга-чи, – дейман.
– Ээ, бошқалар билан нима ишим бор...
Текин нарсага одамларнинг талашиши биз учун жуда оддий ҳолга айланди. Болалар кунидаги текин ўйинчоқ ва текин музқаймоқ машмашаси ҳаммасидан ошиб тушди. Талашиш, текин нарсага ёпишиш – буларнинг барчаси болалик билан боғлиқ. Болаликда деярли кўпчиликнинг ота-онаси болаларини “талашиб катта бўлади-да” деб ўз эркига қўйган. Ҳақингни берма, юлиб ол, деб ўстирган. Уйида бу акангники, бу опангники, бу укангга дейилмаган. Бола бўлгандан кейин талашади-да, деб гўёки майда қилиқлардан кўз юмилган.
Эътибор берсангиз, кичкина болачалар бир-бирининг қўлидан нарсани тортиб олади – ўзиники қилгиси келади. Яна эътибор берган бўлсангиз, болачалар доимо бирон нарсага биринчи бўлиб эришишга интилади. Онгида “мен олмасам қуруқ қоламан” деган тушунча бор ва бу доимо катталар томонидан рағбатлантирилган. Кўпинча болалар уйга биров билан уришиб келса, ота-оналар “сен ҳам солмадингми айлантириб, ҳақингни ҳеч кимга берма” деб қайта-қайта уқтиради. Жуда камдан кам учратганман, бировнинг қўлидан нарсани тортиб олиш нотўғри эканлигини тушунтирадиган ота-оналарни. Ҳаммаси мана шу тортиб олишларнинг, уни кўриб турган катталарнинг “бундай қилиш одобсизлик” демаслиги оқибати. “Текин бўлса мих ют”, “Берганнинг бетига қарама” деган мақолларимиз ҳар доимгидек актуал. Берса ҳам олмайдиган, оч ўтирсаям керакмас деб, ғурури баланб келадиган одамларни жуда кам учратдим. Болаларга РАД қилишни ҳам ўргатиш керак...
Зафаржон ПЎЛАТОВ:
“Союз”дан қолган васваса
Россияда юрган пайтларим турк фирмада ишладим. Душга суюқ совун қўйиларди – теппа-текин, яшил, қизил, сариқ, кўк рангдаги. Ишчилар суюқ совунни “баклашка”га қуйиб оладиган бўлди: бирор қора кунга – фирманинг суюқ совуни тугаб қолса ишлатаман, борингки, ана, уйга олиб кетаман деб. Совун (мен бошида шампун деб ўйлагандим, бош ювса бўлади-ку) тез тугаётгани учун катталар гумонланиб текширади деб, сумкамизга солмай кўчага кўмиб қўярдик.
Турклар ҳафсаламизни пир қилди, на текширди, на совун тугади. Ҳар куни идишни тўлдириб қўяверди, қўяверди – фирманинг каттаси совун заводи директорининг қизини олганми, билмадим, хуллас тугатолмадик. Охири совуннинг таги мўллигини, тугамаслигини, уйга обкетмоқчи бўлсак, магазинда сувтекин туришини тушуниб етдик. Кимдир яширган совунини қайтариб олиб келиб идишга солди, кимдир ялқовлик қилиб кўмган жойини қайта очмади, хуллас совун бошқа ўғирланмади.
Асли интернетда тарқалган музқаймоқ мавзуси ҳақида ёзмоқчийдим, гапни айлантирдим-да. Биласизми, халқимизда союздан кейин “тугаб қолса-чи?”, “етмай қоса-чи?” деган васваса мавжуд, бу талатўплар, шармандаликлар асли шундан. Тошкентда бой камми, ҳамма паркда ўнтадан, йигирматадан, боринг ана, ўттизтадан текин музқаймоқ тарқатадиган жой қилиб ташласин эди, шу шармандалик бўлармиди...
Санжар НАЗАР, ношир:
Халқни айбламаслик керак
Дунёнинг ҳамма жойида, энг ривожланган мамлакатларда ҳам бирор нима текин тарқатилса ва ташкилий ишлар тўғри қилинмаса шунақа ҳолатлар бўлади. Интернетда видеоматериаллар жуда кўп бу ҳақда. Текин ошда шундай муаммо бўлганда тадбиркор Зафар Ҳошимов қандай қилиб оломонни бошқариш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш мумкинлиги ҳақида яхши пост эълон қилганди. Халқни айбламаслик керак, хуллас. Тепароқдан, чуқурроқдан – бошқа жойдан асл сабабни топиб, ўша билан курашган маъқулроқ.
Илёс САФАРOВ, журналист:
Жамиятимизда жуда кўп нарса хато кетяпти
Биз гапирамиз, ёзамиз, лекин ўша беш минг сўмлик музқаймоқ, ўйинчоқ учун ўзини, ўзига қўшиб болаларини олoмон ичига ураётганлар, арзони дея ур-йиқит ташкил қилаётганлар бизни ёки шу каби муаммоларни кўтараётган сайтларни ўқимайди-да барибир. Қани ўқисалару ўзлари ҳақида ёзилаётган гаплардан уялишса, кейинги ҳаракатларига хулоса қилишса. Афсус, ўқишмайди, ўқишса ҳам арзон каналларнинг савияси, арзон маҳсулотига ўрганишган.
Кундалик турмушида кунига ҳеч бўлмаса, 5–10 бет китоб ўқийдиган, миллат, давлатчилик демайлик, майли, гапларимиз баландпарвоз бўлиб кетмасин, лекин ғурур, ор, уят, инсонийлик каби ҳар бир кишининг ўзигагина тегишли бўлган масалалар, муаммолар ҳақида ёзилган китоб, мақолаларни ўқиётганлар бундай шармандагарчиликни қилмайди, менимча.
Тармоқ фойдаланувчилари ўша ур-йиқитда кўпроқ пулсиз, камбағал кишилар бўлгани ҳақида гапиряпти. Йўқ, қўшилмайман, у ерда фақат камбағаллар эмас, моддий тўқлар, қиммат машинасини парк атрофида қолдириб кирганлар ҳам бўлган. Гувоҳларнинг сўзларидан эшитдик. Демак, бу ўринда ур-йиқитни маънавий камбағаллар ташкил қилган дейиш ўринли. Инсон молк-мулкли бўлиши мумкин, лекин мол-мулк ундаги маънавий қашшоқликни тўлдиролмас, тўйинтиролмас экан-да. Умуман, ҳам моддий ва ҳам маънавий камбағаллик бугун ўзбек жамиятида жуда урчиб кетди. Бу жамият ҳеч тарбияси, маданияти, инсонийлиги, ор-номуси, ғурури билан мақтана оладиган жамият бўлмай қолди. Одамлар бу нарсалар ҳақида ўйламай қўйди. Борган сари чўкиб, қуйилашиб бораётган миллатдекмиз.
Энди шу текин музқаймоқ машмашасига, шу кунларнинг бошқа бир машмашаси – пойтахтлик бўлгани учунгина вилоятларда яшовчиларни “харип” дея ҳақорат қилаётганлар, шундайлар жазоланса, жазоланганнинг тарафини олиб чиқаётганлар кўплиги масаласини қўшиб кўринг-чи? Билмадим, жамиятимизда жуда кўп нарса хато кетяпти, хато ишлаяпти.
Наргиза ОДИНАЕВА,
Oyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ