Ижодкорнинг умри унинг бу фоний дунёда яшаган йиллари билан ўлчанмайди. Бу гап, шубҳасиз, бошқа касб эгаларига ҳам тегишли, аммо қалам аҳлига кўпроқ дахлдор. Чунки ёзувчининг маҳорат билан битилган асарлари мустаҳкам қасрлар, маҳобатли иморатлардан-да кўпроқ яшайди. Тош емирилиши, ғишт кўчиши, пойдевор нураши мумкин, аммо мукаммал санъат асари, мағзи тўқ бадиий адабиёт намунаси асрдан асрга, даврдан даврга ўтганида ҳам маъно-моҳиятини йўқотмайди. Аксинча, ҳар бир авлод ундан ижодий тафаккури даражасида баҳраманд бўлиб, ўзи учун янги маъно, янги хулосалар топа олади. Улуғ Навоий бобомиз бош бўлиб қурдирган иморатлар, қаздирган ариқлар, боғ-роғлар ўрнини бугун аниқ топиш қийиндир, лекин бу табаррук зот қаламига мансуб асарлар бизга, келгуси авлодларга ҳам маънавий ҳамроҳлик қилиши, нажот йўлини кўрсатиб туриши, комилликка ундаши ҳақрост.
Ўзидан буюк маънавий мерос қолдирган, бадиий тафаккур бобида ХХ асрнинг ёрқин сиймоларидан бири – ёзувчи, давлат ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовдир. Унинг ҳаёти, бошқа ижодкор тенгдошлари қатори, собиқ тузум тамойиллари барча-барчанинг қон-қонига, ўй-фикрига сингиб кетган йилларга тўғри келди. Буни адибнинг ўзи ҳам такрор-такрор айтган. У ҳукмрон фирқа мафкураси ягона олий қадрият сифатида кўкларга кўтарилган бир даврда адабиётга қадам қўйди. Миллий мавзуда ёзилган тоғ ва дашт қиссалари унга мислсиз шуҳрат келтирди. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида эса адиб дунёнинг турли минтақаларида, жумладан, ўз Ватанида юз бера бошлаган ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий зиддиятларга, тузум таназзулига, кутилган ва кутилмаган талатўпларга гувоҳ бўлди. Кўз ўнгида “зўр билан барпо этилган иморат” − шўролар салтанати қулади.
Айни шу йиллари адибнинг қисса ва романлари билан бирга, жамият ҳаётининг илгари мутлақо қаламга олинмаган, бошқалар ёзишга журъат этмаган қирралари тўғрисидаги ўткир публицистик мақолалари, танқидий-таҳлилий эсселари эълон қилинди. Улар таъсирчан ва кучли мантиқий мушоҳадага асослангани, ҳаётга, одамларнинг ўй-хаёлларига вобасталиги билан ажралиб турарди. Муаллиф журъат ва дадиллик билан ўзи гувоҳ бўлган, бошидан кечирган, кузатган, кўнглида исён уйғотган мавзуларни қаламга олди. Ёзувчилик виждони, инсонийлик бурчи жим туришга, бефарқ бўлишга йўл бермади ва бу ҳолатни у ўқувчига ҳам юқтирди. Айтматовни мутолаа қилган ўқувчининг мудроқ кўзлари очилгандай, виждони уйғонгандай, фикрларида тиниқлик, кўнглида бедорлик юз кўрсатгандай бўлади.
Айтматовшунос олим Абдуллажон Ақматалиев бундай ёзади: “Қирғиз шоири Жўмарт Бўканбоев шеърларининг бирида “Шундай вақт келадики, қирғиз адабиёти юрт ҳудудидан чиқиб, Европага етиб боради, дунё бўйлаб қадам ташлайди, дунё адабиётининг кичик бўлса ҳам муносиб таркибий қисми бўлиб қолади”, дея башорат қилган эди. Кўриб турибмизки, у ҳақ бўлиб чиқди. Лекин ўша кезлар шеър муаллифининг орзу-умидларини китобхонлар шунчаки шоирона ширин хаёл деб ўйлагани аниқ. Орадан бор-йўғи бир неча йил ўтди, бу орзу-умидлар Айтматов мисолида тўла-тўкис рўёбга чиқди. Қирғиз адабиёти адабий Олимп сари шиддат билан кўтарилмоқда. Ҳаққоний, аччиқ ва айни пайтда, некбин бадиий сўз турли мамлакатлар ва қитъалар оша китобхонлар юрагида акссадо топмоқда. Айтматовдек истеъдод эгасини тарбиялаб вояга етказган халқ бахтиёрдир”.
Адиб сўнгги асари “Қулаётган тоғлар”да ҳам ижодий принципига содиқ қолиб, уруш ҳақида, инсоният ва ер юзида тирикликнинг тақдири хусусида бош қотиради, ўқувчини бу мангу жумбоқнинг ечими ҳақида ўйлашга даъват этади: “Ўлдир-ўлдир” деган гап одамларнинг оғзидан тушмайди. Душман бизни ўлдираман, дейди. Биз душманни маҳв этмоқни истаймиз. Кейин дунёда ким яшайди? Ер юзида фақат одамкушлар қоладими?..”
Чингиз Айтматовнинг бадиий олами, ижтимоий-сиёсий, диний-фалсафий қарашлари, эстетик принципларини тушуниш учун унинг асарлари билан бирга турли нашрларда эълон қилинган интервью ва суҳбатлари, ОАВдаги чиқишлари, мактубларидаги фикр-мулоҳазалар билан ҳам чуқур танишмоқ лозим бўлади. Муаллиф юзага олиб чиққан муаммолар бир ҳудуд ёки бир миллатга тааллуқли бўлмаганидек, унинг ўй-қарашлари, фалсафий мушоҳадаларида ҳам ана шундай кенглик, умуминсонийлик кўзга ташланади.
Ёзувчининг матбуотда тўлиқ эълон қилинмаган суҳбатлари ҳам бор. Уларда адолат, эркинлик, ошкоралик сингари масалаларда ижодкор қалбини безовта қилаётган ўй-хаёллар билан бирга қизил мафкура кирдикорлари ҳам ўз ифодасини топган. Ўша суҳбатлардан айрим парчаларни муҳтарам журналхонлар ҳукмига ҳавола этамиз.
* * *
– Марказий Осиёда диний ва сиёсий экстремизм билан боғлиқ воқеаларнинг ривожланиш эҳтимоли хусусида нима дея оласиз?
– Мен бу масала фақат Марказий Осиёгагина хос деб ҳисобламайман. Мулоқотимиз шу мавзуга бурилган экан, айтақолай: “совуқ уруш” сиёсати ниҳоясига етганидан кейин, ХХ аср адоғида цивилизациялар ва динлар тўқнашуви юз бериши мумкин деган аввалги тахминлар, таассуфки, тўғри бўлиб чиқди. Тарихнинг бугунги мураккаб вазияти вайрон қилувчи ёвуз кучларга қарши маънавий ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқишни тақозо этади.
– Чингиз Тўрақулович, Сиз “Уруш маданияти ўрнини тинчлик маданияти эгаллайди”, деган фикрни ўртага ташлагансиз...
– Маданият дин билан ҳамиша ҳамоҳанг бўлган, буни такрор уқтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Масалан, классик тасвирий санъатнинг кўплаб мавзулари Библиядан олинган. Юксак мусиқа эса диний ибодатлар, тўй ва дафн маросимларида ҳозир. Бугунги “оммавий маданият”нинг дин билан ҳамоҳанг бўлишини тасаввур қилиш қийин.
– “Оммавий маданият”нинг маданиятга алоқаси борми?
– Поп маданият таъсирчан кучининг сири оддий: юлдузлик касаллиги, “кумир”ларнинг шахсий ҳаётига бўлган қизиқишни сунъий равишда ошириш. Кўзланган мақсад – имкони борича кўпроқ пул ишлаш. Бундай жиловсиз пойгани ҳозирча биргина жиддий адабиёт рад этиб турибди. Характерли жиҳат шундаки, мумтоз ва ҳатто авангард маданият ҳам воқеаларни қаҳрамонлик даражасига кўтаришга асосланади: уруш қаҳрамонлари, уларнинг жасорати, шафқатсизлиги тараннум этилади. Буларнинг ҳаммаси юксак фазилат, ифтихор сифатида кўрсатилади. Дунёдаги кўпгина пойтахтларда ўрнатилган ҳайкалларга қаранг: ҳарбий саркардалар от устида савлат тўкиб турибди. Урушга алоқаси бўлмаган, тинчликни сақлаш, унинг қадрига етиш йўлида фаолият олиб борган кишилар эса бундай мартабага муносиб кўрилмаган... Қозоғистон ва Мўғулистонда Чингизхон образи яна кўкларга кўтарилмоқда. Бугунги замонавийликка асосланиш ўрнига, бутун эътибор ўтмишга қаратилмоқда... Тинчлик маданияти – инсоний эҳтирос ва эҳтиёжларни куч ишлатиш, тўқнашув ёки босиб олиш билан эмас, тинч йўл билан ҳал қилиш деганидир...
– Дунё ахборот тўри ҳаётимизга тобора мустаҳкам кириб бормоқда. Эндиликда оддий қирғиз қишлоғида яшайдиган мактаб ўқувчиси ҳам компьютер ёнига ўтириб, европалик ёки шимолий америкалик тенгдоши каби ўйлаши, фикр қилиши мумкин. Глобаллашув жараёнларининг бугунги шиддатида маданиятларнинг ўзига хослиги, анъана ва дунёқарашнинг ноёблигини сақлаб қолса бўладими?
– Менимча, бўлади. Бугун, масалан, Европа маданияти маҳсулларидан баҳраманд бўлган Ўзбекистон Ўзбекистонлигича, Қозоғистон Қозоғистонлигича қолмоқда. Қирғизистонни ҳам Европа билан адаштириб бўлмайди. Аммо замонавий цивилизациядан узоқда турибгина миллий ўзига хосликни сақлаб қолиш мумкин деб ўйлаш – хато. Ғарбий Европа мамлакатлари фуқаролари узоқ йиллардан бери бир хил ошхона жиҳозларидан фойдаланса-да, турли тилларда сўзлашади, турлича қўшиқларни куйлайди, турли мавзудаги кино асарларини маъқул кўради...
– Европада яшаш Сизга нима беради?
– Тақдир шундай кечдики, менинг ХХ асрим совет замонига тўғри келди. У кезлар ҳаётимиз анча чекланган эди. Бу даврда ҳатто эътиқодимиз ҳам маҳдуд бўлиб, ҳамма ҳақиқат фақат бизнинг тарафда деб ҳисоблар эдик. Бугун менда совет замонида эришганларимиз билан дунёда нималар мавжудлигини ўзаро чоғиштириш, таққослаш имконияти мавжуд. Англаш ва тушуниш диапазони, табиийки, кенгайди. Бу кенгайишнинг инсонга кераги борми? Бор, албатта! Айниқса ижодкорга... Шундай бир шароитда ҳам мен миллий туйғулардан узоқлашиб кетаётганим йўқ...[1]
* * *
– Чингиз Тўрақулович, “Кассандра тамғаси” романингиз чиққанидан бери орадан ўн йил вақт ўтди...
– Ҳа, танаффус чўзилиб кетди. Шундай ҳолат адабиётда ҳам, кино ва санъатда ҳам юз берди. Ҳаммасини қайтадан бошлашимга тўғри келди. Баъзи нарсаларни қоғозга туширай дейман, аммо улар ҳануз ўй-фикрлигича турибди. “Қулаётган тоғлар”ни тўрт ой ичида ёзиб тугатдим. Танаффус бўлгани рост, аммо мен унинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қиламан.
– Асарда глобаллашувга нисбатан танқидий мулоҳазалар кўп. Қизиғи, бу жараёнга хайрихоҳлар сифатида америкаликлар эмас, европаликлар ҳам эмас, cаудиялик икки шаҳзода тасвирланади. Айни шулар, кўпларнинг назарида, глобализмга қарши турганлар эмасми?
– Менинг глобаллашувга танқидий муносабатим сир эмас. Аммо мен бу жараённи бутунлай қораламоқчи эмасман. Глобаллашув реал дунёвий жараён, ҳаммамиз унинг иштирокчиларимиз. Аммо у бирлаштириш факторлари билан бирга маълум салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқаради. Мен бу жараённинг ўз мамлакатимга қандай кириб келаётганини кўрсатмоқчи бўлдим. Глобаллашув олис қишлоқларгача етиб борди. Қадим одатларимиздан бири – ёввойи ҳайвонларни овлашни ҳам ўз домига тортди. Эндиликда оддий чўпонлар ҳам имкониятдан фойдаланиб, бойликка эга бўлиб қолиш пайида...[2]
* * *
– Чингиз Тўрақулович! Келинг, суҳбатимизни Сизнинг ижодингиз тўғрисида такрор-такрор тарқалаётган бир янгиликдан бошласак. Чингизхон тўғрисидаги қисса жиддий мунозараларга сабаб бўлган “Асрга татигулик кун” романингизнинг совет маъмурларидан яширилган бир қисми экани ростми?
– Ҳа, шундай. Таассуфки, биз ўйлаган нарсамизни ҳамма вақт ҳам тўлиқ ёзиб бўлмайдиган даврда яшадик. Иштибоҳ устунлик қилди чоғи, романни тўлиқ нашр эттирганим йўқ. Матнга баъзи тузатишлар киритилди, Чингизхон қисми эса бутунлай олиб қўйилди.
– Шундай қилганингиздан афсусланмайсизми?
– Афсусланиб юрадиган одатим йўқ. Бу менинг ёшимга ҳам тўғри келмайди. Асарни расмий доиралар ҳам, танқидчилар ҳам яхши кутиб олди. Мукофотларга сазовор бўлди, бир неча марта қайта нашр қилинди.
– Демак, матнга тузатишлар киритилгани тўғри бўлган экан-да?
– Тузатишлар ўзига хос аҳамиятга эга бўлди, аммо асар сюжети ўзгарган эмас. Чингизхон ҳақидаги қисмдан ташқари қўшимча матнларни мен “эркин тафаккур ҳосилалари” деб атаган бўлур эдим...
– Сиз учун қай бир Айтматов маъқул: қирғизча ёзадиганими ё русча ёзадигани?
– Менинг ўйимча, иккови ҳам бир хил. Гап шундаки, рус тили кучли адабий қатламлар кўринишидаги пойдеворга эга бўлгани учун ҳам менга катта имкониятлар беради. Балки шу боисдир баъзи асарларим қирғиз тилига ўгирилганида недир жиҳатларини йўқотади ҳам. Аммо бундан менинг қирғиз тилидаги китобларим заиф деган фикр келиб чиқмайди.
– Бродский Нобель мукофоти нутқида “Шоирнинг (ижодкорнинг) Ватани – унинг тили”, деган эди. Яна маълумки, она тили – инсон фикрлайдиган лисон ҳисобланади. Сиз қайси тилда фикрлайсиз?
– Вазиятга қараб ҳар иккисида ҳам. Мен бу тўғрида кўп ўйладим, чин сўзим шуки, уларнинг бирортасига бутунлай боғланиб қолмабман.
– “Қиёмат” романингизни ўқиган кўплаб мухлислар бу асар билан Михаил Булгаковнинг машҳур романи ўртасида маълум умумийлик борлигини таъкидлайди. Сизнингча ҳам шундайми?
– Менимча, бундай эмас. “Қиёмат”ни ёзаётганимда Булгаков етти ухлаб тушимга кирмаган. Ижодий жараён мени ўзига шу қадар боғлаб ташладики, китобхонлар қандай фикр билдириши хаёлимга ҳам келмабди. Қолаверса, Исо Масиҳнинг чормих қилиниши – ҳаммага маълум факт ва уни ҳар бир ёзувчи ўзича талқин этиши мумкин. Ҳатто Гёте ҳам “Фауст” мавзусини фольклордан олган. Бунинг устига ўша кезлар айни шу мавзунинг уч юздан ортиқ талқини мавжуд эди.
– Машҳурлик, шон-шуҳрат Сизни четлаб ўтгани йўқ. Замондошларингиздан қайси бирини бундай эътиборга лойиқ деб ҳисоблайсиз? Қай бирларини унутиб қўйдик?
– Биринчи навбатда, Фозил Искандарни. Назаримда, ҳозир у аввалгидек фаол ўқилаётгани йўқ. Таассуф! Аслида, у чинакам классик. Яна Ўлжас Сулаймоновни айтишим мумкин. Грузинларда ҳам яхши ёзувчилар бор эди. Жаҳон адабиётини оладиган бўлсак, Маркес, Жойс, Пруст... Ҳэмингуэйни жуда ёқтираман. Унинг “Чол ва денгиз” қиссасини ХХ асрнинг энг яхши асарларидан бири дегим келади. Яқинда Бонн шаҳрида менинг “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” асарим асосида опера қўйилди ва у “Бола ва денгиз” деб аталди. Таржима учун ўнғай бўлсин деб шундай йўл тутилибди. Мен эса операнинг номи Ҳэмингуэй асари номига уйғун келганидан хурсанд бўлдим.
– Мен билан радиода ишлайдиган танишим бор эди. Кўзни қамаштирадиган даражада сулув. Бир гал кимнинг кимга ўхшаши тўғрисида гап кетганда у ҳаммамизни ҳайратга солиб, “Мен Акбараман!” деса бўладими! Бу билан у мустақиллиги, кучли характерини таъкидламоқчи бўлди чоғи...
– Мен бошқа бир воқеани айтай. Москвада бир аёл олдимга келиб қуюқ саломлашди. Таниш бўлса керак деб ўйладим. Аёл менга янада ёвуқ келди-да, “Мен Акбараман”, деди. “Нега энди Акбара бўлар экансиз?” демоқчи эдим, улгурмадим, жимгина кетиб қолди.
– Агар сизга ваколат берилса, Нобель мукофотига кимни муносиб кўрган бўлардингиз?
– Дипломат бўлганим важидан бу саволингизга жавоб қайтармаганим маъқул. Чунки кимдир номини айтмаганим учун мендан ранжиши мумкин. Аммо бу мукофотни олишга арзийдиган ёзувчилар бор ва улар озчилик эмас. Аммо, унутмангки, Нобель мукофоти – деярли ҳамиша сиёсий акт бўлган.
– Кейинги ўн йилликлар давомида ҳаётингиз доимий сафарларда ўтмоқда. “Кўчманчилик” жонингизга тегмадими?
– Яна икки йилдан кейин Қирғизистонда муқим яшаб, ўтроқлашиб қолсам керак. Тинчроқ турмуш тарзига ўтмоқчиман. Болалар, набиралар, қариндошлар билан бирга бўлсам дейман...
– Ўтроқлашганингиздан кейин ҳам ёзиб турсангиз керак?
– Албатта! Ғоялар кўп. Илло, ўйлаганларингизни рўёбга чиқармоқ учун жуда катта ақлий меҳнат, вақт талаб этилади. Адабиёт сургун меҳнатидан қолишмайди... Машҳур бўлиш осон, аммо вақт синовидан ўтиш оғир.
– Парадокслар театри асосчиси Сэмюэл Беккетнинг бир гапи бор: “Ҳақиқий ижодкор энг яхши асарини ёзишга улгурмайди”. Сиз ҳам шундай фикрдамисиз?
– Бу фикрга юз фоиз қўшиламан. Ахир, қоғозга тушган асарлардан ташқари ёзувчи ўй-хаёлида ўнлаб, юзлаб, ҳатто минглаб микро ва [3]макро ғоялар бўлади. Аслида, ҳар бир ёзувчининг тақдирига неларгадир улгурмаслик битилган.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ
тайёрлади.
“Tafakkur” журнали, 2024 йил 1-сон.
“Айтматов айтадики...” мақоласи
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ