«Болам ўзбекча китоб ўқимайди, чунки болалар адабиёти бизда камайиб кетган», деган гаплар тез-тез қулоққа чалинади. Бу каби фикрларнинг кўпайишига бизда болалар адабиётининг рекламаси нисбатан кам бўлгани сабабми ёки чиндан ҳам кичкинтойларга аталган китоблар чиқмай қўйдими? Шу саволга жавоб топиш мақсадида охирги йилларда нашриётларимизда чоп этилган болалар адабиётига доир асарларни ўрганиб чиқдик. Қарангки, уларнинг сони биз кутгандан кўпроқ экан. Албатта, уларнинг айримлари таржима асарлар, бироқ ҳолат анчайин қувонарли. Oyina.uz 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан фарзандларингизга сотиб олиб беришингиз мумкин бўлган ўзбек тилидаги асарлар ва улар ҳақидаги тавсияларни бир жойга йиғди.
Анни Шмидт, «Мушуклар маликаси Минуш»
Бир ўтиришда ўқиб тугатадиган даражада каминани ўзига жалб этадиган китоблар кам учрайди. Кеча алламаҳалда бирон нима ўқишга тутиндимда, «Минуш хоним»ни қўлимга олдим. Таржима жуда силлиқ, асар оҳанрабодек ўзига тортадиган ва иллюстрациялар кўзни қувонтирадиган даражада ишланганидан саҳарга қолмай китобни хатм қилибман денг. Муаллиф Анни Шмидт Нидерландияга ва дунёга машҳур болалар ёзувчиси, Андерсен мукофоти соҳиби. Қолаверса, нидерланд олимлар уни Рембрандт, Ван Гог ва Анна Франк қаторида Ҳолландистон тарихидаги муҳим шахс сифатида «Cанон ван Недерланд» дарслигига киритишган. «Мушуклар маликаси Минуш» (1970) адибанинг энг машҳур асарларидан ҳисобланади.
Мазкур асар кўплаб тилларга таржима қилинган, китоб асосида яратилган фильм (режиссёр Винcэнт Бал, 2001) ҳам дунёда ўзига хос шуҳрат қозонди. Сюжет ҳақида ҳам қисқача: Минуш хоним мушукдан инсонга айланиб қолади ва шаҳарча рўзномасида мухбир бўлиб ишлайдиган йигитча Тиббе билан йўллари кесишади. Тиббе мушукпарвар, ҳайвонларни хушлайдиган бўлса, Минуш одамларни ёқтирадиган хонаки мушук эди. Минуш мухбир йигитчага шаҳардаги мушукларнинг оғзидан эшитган янгиликларини етказиб, ишини сақлаб қолишда жонига оро киради. Йигитча ва мушукларнинг ҳамкорлиги ҳосиласи ўлароқ газетга шундай шов-шувли мақола ёзиладики, буёғини ўқиганда билиб оласиз. Қиссадаги мушукларнинг номлари ҳам, характерлари ҳам ажойиб. Масалан, дайди Сассиқпишак, бензокалонкада яшовчи Бензин-пишак, нонвойхонадаги Бўлка-пишак, мактабдаги Муаррих-пишак ва ҳоказо. Муаллиф асосий юкни мана шу пишакларга юклаган. Дейлик, Сассиқпишак дайди мушукларнинг одамзодга нисбатан нафратини ифодалаши керак бўлса, эси кирди-чиқди бўлган Муаррих-пишак эса асарга юмористик кайфият бағишлайди. Юмор эса болалар адабиёти учун энг муҳим унсурлардан бири, албатта. Қиссадаги антигонист образ — атир-упа фабрикаси раҳбари, жониворларни муҳофаза қилиш жамияти раҳбари, иккиюзламачи ва бешафқат жаноб Эллемейтни ҳам айнан мушуклар енгади. Мушукларни ички кечинмаларини ўқиш орқали сизда уларга нисбатан меҳр уйғонади, қачондир бирорта мушукка озор бериб қўймаганмиканман деган хаёлга борасиз. Айниқса, китобни мутолаа қиладиган болаларда жонзотларга нисбатан шафқатли бўлиш ҳисси пайдо бўлиши жуда муҳим.
Бу китобни кичкиналарга ҳам, катталарга ҳам тавсия қилган бўлардим. Қолаверса, келажакда таржимон бўлишни истаганларга ҳам. Боиси асарни мен севган, ўзимга устоз санайдиган таржимон Шарифжон Аҳмад нидерланд тилидан юксак маҳорат билан ўгирган. Ундан ташқари иллюстрациялар ҳам алоҳида санъат! Хуллас, китоб ҳар қанча тавсияга арзийди. Кўпинча, таомилга кўра, тақризлар сўнгида ўқилган асарга ўн баллик ёки беш юлдузлик тартибда баҳо берилади. Лекин мен буни сизга қолдирмоқчиман. Яхшиси, китоб ҳақидаги фикрларим сизни қизиқтирган бўлса, мутолаадан сўнг ўзингиз баҳо беринг.
Шоҳрух УСМОНОВ
Саъдулла Қуронов, «Галактикада бир кун» — I-II
«Галактикада бир кун» илмий-фантастик қиссаси гарчи бадиий тўқима маҳсули бўлса-да, мутолаа қилган болалар ва ўсмирларга илм-фан ҳақида, айниқса астрофизика ҳақида қизиқ маълумотлар бера оладиган пухта асар сифатида маъқул келди. Асарда қаҳрамонларнинг бошдан кечирган саргузаштлари асосида муаллиф мутолаачини коинотнинг мислсиз улкан сарҳадлари бўйлаб фикрий саёҳат қилдира олган. Воқеалар эса физика қонунлари асосида, аниқ фактлар билан ёритилган. Менимча, асар асосида жуда қизиқарли мультфильм ва кинофильм сценарийси ҳам ишлаб чиқиш мумкин.
Музаффар ҚОСИМОВ
саноатни автоматлаштириш (кибернетика) муҳандиси,
orbita.uz сайти асосчиси
Қобилжон Шерматов, Толқонботир (ёхуд пақир кийган рицарь) китоби.
Кунларнинг бирида Офтобистон деган мамлакатни Шавлашоҳ исмли золим подшоҳ эгаллаб, халқини итдай талайди. Юртда очарчилик бошланади. Мана шундай қийин вазиятда тўсатдан Толқонботир исмли пақир кийган рицарь пайдо бўлиб, келгиндилар пойтахти Ҳузуровия сари йўлга равона бўлади. Шундай қилиб, у ўз яловбардорлари ҳамроҳлигида ажойиб-у ғаройиб, кулгили саргузаштларни бошдан кечиради.
Қобилжон Шерматов, «Бувамнинг ошқозонидаги мамлакат» китоби.
Кичкинтой китобхонлар аудиториясига мўлжалланган асар (лекин мен ўқидим, кўнглим болада), услуби ҳам шунга яраша содда, равон. Муаллифнинг ҳали ёшлиги ва илк китоби (билишимча) экани сезилади. Лекин ғоя қизиқ, фикрлар мағзи тўқ! Болаларни эзгуликка ундаб тарбиялаш доим долзарб, лекин методлар сийқаси чиқиб кетган; «Бувамнинг ошқозонидаги мамлакат» эса янги қадамлардан бири.
Болалар адабиётида янгилик танқис бўлган бу даврда муносиб тақдим. Фарзанд тарбиясида панд-насиҳатни қуруқ сўз билан эмас (бу ҳолатда акс реакция кузатилади кўпинча), бадиий адабиёт тарзида, қизиқарли саргузаштлар фонида етказиш самаралироқ! Шу ўринда дизайнер ва рассомга алоҳида таҳсин айтиш керак, китобни чиройли ишлашибди, ўқишга қулай, бу эса болалар учун муҳим жиҳат.
Ирода УМАРОВА
Астрид Линдгрен, «Узунпайпоқ Пеппи» китоби
Китоб мутолаасини бошлар экансиз, қандай қилиб тугатиб қўйганингизни билмай қоласиз. Чунки бу қисса Пеппининг саргузаштлари, унинг кулгили гаплари, туширган «қовун»лари, қилган шўхликларию қаҳрамонликлари билан сизни зериктириб қўймайди. Ўғриларни тавбасига таянтирган, устидан кулган йигитчаларнинг додини берган, циркда от ўйнатиб томоша кўрсатган 9 ёшли Пеппи ҳақидаги асар ўқилишини кечиктирманг. Бу китоб «Забаржад Медиа»нинг илк ижтимоий лойиҳаларидан бири бўлиб, китобдан тушадиган маблағнинг бир қисми оқ қон (лейкоз)га чалинган болажонларимиз саломатлигига сарфланади.
Эрик-Эмманюел Шмитт — Оскар ва Пушти хоним
Асар саратон касалига чалинган болакайнинг Худога ёзган мактубларидан иборат. Болалар шифохонаси ҳамшираси Оскарга Худога хат ёзишни тавсия қилади ва биз бу хатларда Оскарнинг болаларча тасаввури билан ҳаёт, ўлим, ҳаёт маъноси ҳақидаги фикрлари билан танишамиз. Унинг фикрларини ўқиб, сиз ҳам беихтиёр бу мавзуларда фикр юритасиз, биз ҳар доим ўйлашдан қочадиган, аммо кўп тўқнаш келадиган мавзуларни қайсидир маънода қабул қиламиз. Асар кичик ҳажмига қарамай, бир олам ҳислар беради. Яқин орада биронта асар устида бунча кўп кўз ёш тўкмагандим. Оскар қисқа умри давомида атрофидагиларни кўп нарсага ўргатади. Шу билан бирга ўқувчини ҳам дунёга бироз бошқача қарашга ундайди.
Қолган 12 кунлик умрини ҳар бир кунини 10 йил деб қарашга қарор қилган Оскар шу кунларини энг мазмунли шаклда яшайди. Мана шу қисқа вақт давомида унинг улғайиши, атрофдагилар билан муносабат ўрнатиши, хатолари, уларни тўғрилаши, ҳаётга теран нигоҳлар билан боқиши, қисқа қилиб айтганда бир инсон умрига татигулик кунларига гувоҳ бўламиз. Оскарнинг Худога ёзган хатлари асосан пушти кийимли ҳамшира — Роза буви билан суҳбатларидан ташкил топган. Уларнинг суҳбатларини ўқиркан, катталар ва болаларнинг бу ҳаётга бўлган муносабатидаги улкан тафовутларни кўриш мумкин. Биз катталар ҳаммасини жуда жиддийлаштириб юборганмиз. Бироз тўхтаб, нафас ростласак, ортидан югураётганларимизнинг кўпи арзимас эканлигини тушунамиз. Оскар биз катталарнинг дунёмизга кўзгу тутади, нафас ростлаб олишга имкон яратади. Тўпламда ёзувчининг яна 2 та асари ўрин олган, уларни ҳам ўқишни давом эттираман. Сизга эса «Оскар ва Пушти хоним» ни тавсия қилиб қоламан.
Дилдора РУСТАМОВА
Чарос Раҳимқулова, «Мен иккига киргунча» асари.
Китобнинг яхши-ёмони бўлмайди экан-ку, аммо жудаям яхшиси бўлар экан. Гап «Мен иккига киргунча» китоби ҳақида кетяпти. Ростдан китоб жуда фойдали, айниқса мен каби шўринг қурғур, ўзича қаттиққўл ва боласини ҳарбийчасига тарбиялайдиган оналар учун. Тўғрисини айтсам, китобни ўқиб жуда уялдим. Жажжигина Баҳора тилидан ҳикоя қилинган ушбу китоб болалар тилидан ҳикоя қилинган.
Шоҳиста ЎРИНОВА
Тозагул Жуманова, «Мумкинистон мамлакатига саёҳат» китоби.
Жажжи қаҳрамонимиз Аброржон шунақанги тўполончи, унинг устига, компьютер ўйинларига муккасидан кетганки, асти қўяверасиз. Унга қолса, дарсга ҳам бормай, уй юмушларида онасига ёрдам бермай кун бўйи ўйиндан кўз узмаса, ота-онаси ва ўқитувчилари уни тергамаса. Буни қарангки, кунларнинг бирида шундай ҳам бўлди: тушидами ёки ўнгида ғаройиб бир мамлакатга бориб қолди…
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ