Эйнштейн илҳомланган файласуф – Кант ўлими олдидан нега “Бу яхши” деганди?


Сақлаш
14:56 / 31.05.2024 418 0

Ҳайратомуз...

 

Олимнинг ҳаёти ва фаолияти ҳозирга қадар мутахассислар билан бирга кенг жамоатчиликни ҳам қизиқтириб келади. Бинобарин, унга муносабат ҳам турлича: баъзилар Кантни майдакаш, зерикарли файласуф деб баҳоласа, бошқалар унинг ҳаёт йўли барчага ибрат бўла олади, деб ҳисоблайди. Чунки олим ўз ҳаётини ҳайратомуз тамойиллару, қатъий талаблар асосида ташкил қилган эди (В. Асмус. Иммануил Кант. Москва, “Наука”, 1973. Стр. 7).

 

Ўзингиз ўйлаб кўринг, деярли бутун умр ҳар куни бир вақтда – соат 5.00 да уйғониш ва 22.00 да уйқуга кетиш, бу тутумни бузмай яшаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Кант кўп уйқуни “касалликлар уяси” деб билган, фақат тунда ухлашнигина фойдали ҳисоблаган. Нонуштадан сўнг уч соат танаффуссиз ижод қилган, уч соат университетда маъруза ўқиган. Олим жуда оч қолгандан кейин тамадди қилган – унингча, овқат ана шунда танага яхши сингади. Ёлғиз ўзи овқатланмаган, ҳар доим ҳазил-мутойибага ўч, ўткир зеҳнли, ҳозиржавоб суҳбатдошлар билан бирга ўтирган. “Қовун тушириб” қўядиган савияси ҳаминқадар кимсалар даврага минбаъд таклиф этилмаган. Тушликдан сўнг ҳар куни битта хиёбондаги сўқмоқ бўйлаб сайр қилгач, бир вақтда уйга қайтган (ўша хиёбон ҳозир Кант хотирасига “Файласуф хиёбони” деб аталади). У қўшнилар учун “тирик соат” эди. Ишга ҳам ҳар куни бир вақтда яёв қатнагани боис шаҳардаги бинолар пештоқига ўрнатилган соатлар ҳам Кантнинг ўтиб-қайтишига қараб тўғриланган. Бундан ўта таъсирланган буюк Ҳейне “Кёнигсберг ибодатхонаси пештоқидаги соат ҳам кундалик вазифасини Кантчалик аниқ ва бир маромда бажара олмаган бўлса керак”, дейди.

 

Олим ёлғиз яшаб ўтмоқни ихтиёр этган. Ҳаётини темир тартибга бўйсундира олгани боис бўлса керак, ўта нимжон ва касалманд бўлган Кант оз эмас-кўп эмас 80 йил умр кўрди. Бутун умрини туғилган шаҳридан бир қадам ҳам ташқарига ҳатламай ўтказди. Бу билан у дунё кезмасдан туриб олим бўлиш қийин дейдиган замондошларимизнинг фикрини чиппакка чиқарди.

 

Кант барча даврларнинг буюк файласуфи сифатида Афлотун ва Арастулар қаторида туради. Бизнингча, у ўз таълимоти билан инсоният дунёқарашини ўзгартира олди ва тараққиётга кўплаб қироллару ҳарбий қўшиндан кўпроқ фойда келтирди.

 

 

Маърифат – машаққат демак

 

Иммануил Кант 1724 йил 22 апрелда Шарқий Пруссиянинг Болтиқ денгизи бўйида жойлашган Кёнигсберг (ҳозирги Калининград) шаҳрида туғилган. Ҳунарманд ва диндор, аммо ўта камбағал оилада вояга етган. Насронийликнинг ўша даврда кенг тарқалган пиетизм оқими анъаналари руҳида тарбия топган. Бу – ахлоқий меъёрларни устун қўядиган диний йўналиш эди.

 

Ўта қизиққон, хаёлпараст ва ўйинқароқликдан йироқ Иммануилда ўқиш ва илм олиш истаги жуда кучли бўлган. Соддадил деҳқон бўлмиш онаси Анна Регина Рейтер хоним боласидаги бу фазилатларни рағбатлантирган, унинг пухта таълим олиши учун қайғурган. Аёл болаларига табиат тўғрисида ҳаяжон билан сўзлаб берган, уларнинг “нега”, “нима учун” қабилидаги беҳисоб саволларига Инжилдан иқтибослар келтириб эринмай жавоб қайтарган.

 

Отаси Йоҳанн Георг эгар-жабдуғ ясовчи ҳунарманд-саррож эди. Олим меҳнаткаш оила муҳитида вояга етганидан доимо фахрланиб гапирган. Нимжонгина фарзандининг соғлиғидан хавотирга тушган онаизор боласининг ҳунармандчилик билан шуғулланишига монелик қилган. Теология доктори, оиланинг қадрдон дўсти бўлган Ф. Шульц билан обдан маслаҳатлашгач, ота-она ёш Иммануилни Фридрих диний коллегиясига ўқишга беради. У гимназиядаги маърузалар билан бирга руҳоний Шульцнинг панд-насиҳатларини ҳам катта қизиқиш билан тинглайди. Кант эзгулик, донишмандлик, абадийлик каби ҳаётий тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини, амалсиз эътиқод ўлик эканини илк бор шу инсондан ўрганади ва бунинг учун бир умр устозидан миннатдор бўлиб юради.

 

Табиатан эркинликни ҳамма нарсадан устун қўйган Кантга гимназиядаги темир интизом ёқмайди. Аслида таълимда зарур натижага эришишда қаттиққўлликдан кўра ўқитувчи шахси муҳимроқдир. Акс ҳолда, Кант мантиқ ва математика ўқитувчиларини болаларда фанга қизиқиш уйғотиш ўрнига истеъдод учқунларини ҳам йўқ қилишди, дея хотирламаган бўларди. Етти йиллик таҳсил даврида руҳоний Шульцдан ташқари фақат лотин тили ўқитувчисигина унда ижобий таассурот қолдирган, холос.

 

Мактабда тинмай теология билан шуғулланиш ёш Иммануилнинг тез жонига тегади ва у ўзида ўша вақтда гимназияда ўргатилмайдиган физика, табиатшунослик каби фанларга кучли қизиқиш сезади. Аслида бунга атоқли инглиз олими Исаак Ньютон асарлари билан танишиш туртки берган эди. Айнан Ньютон асарлари кейинчалик Кант томонидан Қуёш системасининг дастлаб туман ҳолатдан пайдо бўлгани тўғрисидаги машҳур гипотезасининг яратилишига асос бўлди.

 

Моддий етишмовчилик, камбағаллик ёш изланувчини муттасил таъқиб қилган, 13 ёшида онасидан ҳам жудо бўлган. Кант мушкул синовларга файласуф нигоҳи билан боқиб, “Мен ўзимни нарсаларга эмас, нарсаларни ўзимга бўйсундирмоққа интилганман”, дея ўзига таскин бергани маълум.

 

1740 йилда Кёнигсберг университетига ўқишга киради. XVIII асрда Европа университетларидаги машғулотлар, математика, мантиқ, фалсафа сабоқлари ҳам асосан руҳоний муаллимлар томонидан олиб борилган. Дастлабки йилларда маърузаларни иштиёқ билан тинглаган Кантда кўпроқ табиатшуносликка қизиқиш устун келган. Айтиш мумкинки, университетдаги таҳсил ундан келажакда буюк файласуф чиқишидан дарак бермаган.

 

Талабалик йиллари отасидан жудо бўлгач, моддий аҳволи янада оғирлашади. Ўқишдан воз кечишга мажбур бўлади, магистрлик диссертациясини ҳам ҳимоя қилишга имкон топа олмайди. Рўзғор тебратиш ва сингилларини боқиш мақсадида бадавлат оилалар фарзандини ўқитиш учун ёлланма уй ўқитувчиси сифатида ишлайди. Ҳунарманд тоғаси Рихтер рўзғорга қарашиб туради. 1755 йилдагина метафизик билим тамойиллари тўғрисидаги диссертациясини ҳимоя қилиб, университетда дарс ўтиш ҳуқуқини берган докторлик даражасини олади. Бироқ бу имконият ҳам осонгина келмайди. Кафедрада профессорлик лавозимини эгаллаш учун берган аризаси жавобсиз қолдирилади ва яна 15 йил кутишига тўғри келади! Ёш олим тирикчилик важидан приват-доцент сифатида маълум ҳақ эвазига тингловчиларга маъруза ўқийди. Сабоқлар қизиқарли бўлиши учун соатлаб вақтини кутубхонада ўтказади.

 

1770 йилга келибгина 46 ёшли И. Кант Кёнигсберг университетининг логика ва метафизика профессори лавозимига тайинланади. Европадаги бошқа университетлардан ҳам таклифлар бўлган, бироқ она шаҳрини тарк этишни истамаган файласуф барчасига рад жавоби берган эди. Кант мазкур университетда қарийб ўттиз йил фалсафа, метематика ва физика фанларидан дарс беради. Уни бутун дунёга танитган асосий фалсафий асарлари ҳам ушбу даргоҳда ёзилган.

 

 

Балоғат фасли

 

Кантнинг ҳаёти “танқидгача” (1770 йилгача) ва “танқид” (1770 йилдан умрининг охиригача) даврларига бўлинади. Уларнинг ҳар иккисида файласуф қарашларининг муҳим хусусиятлари мужассамлашган.

 

Илк даврдаги илмий изланишлари марказида табиат фалсафаси муаммолари турган. Бу даврдаги инобатли асари ҳам “Умумтабиий тарих ва осмон назарияси” бўлиб, унда коинот ибтидоси ҳақидаги гипотеза илгари сурилган. Сайёралар тизимининг дастлаб туманликдан пайдо бўлгани ҳақидаги фараз коинот сир-асрорларини англаш ва астрономия илми тараққиётида улкан бурилиш ясади. Кант, шунингдек, Ер сайёраси тарихи ва унинг истиқболи, ҳаракатнинг хусусиятлари, зилзилалар, сув кўтарилиши-пасайиши сабаблари ва таъсири масалалари устида ҳам илмий изланиш олиб борган, булар ҳақда қизиқарли фикрларни баён қилган. Кант Ердаги ҳаётнинг бошланиши Олий Ақлнинг иродасига боғлиқ эканига қаттиқ ишонган. Унинг таъкидлашича, материянинг мавжудлиги Худонинг борлигидан далолатдир. Шунинг учун барча моддий нарсаларнинг ортида Яратувчи Парвардигор туради, деб ҳисоблаган. “Худонинг мавжудлиги далили” асарида шу масалалар ёритилган.

 

Кант фаолиятининг илк даврида табиатшунослик илми ривожига улкан ҳисса қўшди. “Ҳаракат ва сокинликнинг янги назарияси” (1758) рисоласида ҳаракатнинг нисбийлиги тўғрисидаги Рене Декарт фикрини ривожлантириб, жисмнинг ҳар қандай ҳаракати унинг ўз жойини ўзгартириш жараёнидан иборат, деган хулосага келади. Бу борада Кант Декартдан ўзиб кетади: мутлақ сокинлик ва ҳаракатсизлик бўлиши мумкин эмаслиги, ҳаракат табиатнинг универсал ҳодисаси эканига оид ғояни асослайди. Бу даврдаги Кант қарашларида Готфрид Лейбниц рационализми таъсири ҳам яққол сезилиб туради. Гап шундаки, Лейбниц қарашлари предметни билиш асослари предмет борлиғининг асосларидан фарқ қилмайди, деган тезисга таянган. Кант эса, ундан фарқли ўлароқ, билиш асослари билан борлиқ асослари ўртасида фарқ мавжудлиги ғоясини илгари суради. Унинг фикрича, нарсаларнинг моҳиятини билиш уларнинг асл моҳиятини билишдан фарқ қилади. Бошқача қилиб айтганда, билиш ва унинг асосида олинган билимлар ўз объектидан тубдан фарқ қилади, улар субъектив ҳодисалардир. Бундай фарқни топиш файласуф ижодининг кейинги – танқидий даври учун замин бўлиб хизмат қилди.

 

1770 йилдан Кант фаолиятида янги босқич – “танқидий давр” бошланади. Бу вақтга келиб олим “Барча фалсафий изланишлар танқидга асосланиши зарур” деган тамойилга таяниб ижод қилади. У қолган умрини инсоннинг билиш қобилияти ва билимлари қамраб оладиган чегараларни танқидий тадқиқ этиш лозимлигини асослаш учун сарфлаган. Бу даврда у гносеология, этика, эстетика муаммоларини ўта синчковлик билан ўрганди ва “Соф ақлни танқид” (1781), “Амалий ақлни танқид” (1788), “Муҳокама қобилиятини танқид” (1790) каби асарларни яратди. Буларнинг ҳар бири инсоният тафаккури тарихидаги қимматли асарлар қаторидан жой олган.

 

 

Кантча тўнтариш

 

Кантгача фалсафа “фанларнинг маликаси”, “донишмандлик илми” ҳисобланган бўлса-да, бироқ антик даврдаёқ Афлотун ва Арасту томонидан аниқланган муаммолар тўғрисида бош қотириш билан банд эди. Кант эса инсон ақлининг энг нозик жиҳатларини англаш бобида унгача ҳеч кимнинг эътибори тушмаган жиҳатларни кўра олган илк файласуф бўлди. Унинг бутун таълимоти “нима учун” ва “қандай қилиб” деган саволларга берилган жавоблардан иборат дейиш мумкин. Нима учун бизнинг олам тўғрисидаги билимларимиз мавжуд? Қандай қилиб инсонда янги билим ҳосил бўлади? У нимага асосланади? Билиш жараёни қандай бошланади ва унинг моҳияти нимадан иборат?.. Кантнинг тафаккур тарихидаги асосий хизматларидан бири билиш назарияси ҳақидаги таълимот бўлган гносеологияни фалсафий фан даражасига кўтарганидир. Фалсафий фикр ривожида бутунлай янги даврни бошлаб берган бу таълимотни “коперникона тўнтариш”га қиёслаш мумкин. (қаранг: С. Катречко. Кантовский “коперниканский переворот”: синтез эмпирического реализма и трансцендентального идеализма. “Вопросы философии”, 2022, №6. Стр. 131 – 141).

 

Билишда ҳақиқий билим чегараларини ўрганиш муаммолари, агар шундай дейиш жоиз бўлса, Кант таълимоти учун умумий махраж ролини ўтайди. Олим ақл ва инсон тажрибасининг ўзаро боғлиқлигини тушунтириб беришни мақсад қилади ва бундан ташқарига чиқишни анъанавий фалсафа ва метафизиканинг хатоси деб ҳисоблайди. Бу билан у инсон тажрибаси тўғрисидаги самарасиз ва қуруқ муҳокамаларга асосланган қарашларга барҳам бермоқчи бўлади.

 

Билиш жараёнида инсон ақли имкониятларига турлича баҳо бериш Кант фаолиятидаги икки даврнинг туб тафовутини ташкил қилади. Агар файласуф танқидгача бўлган даврда инсон ақли ёрдамида билиш имкони бўлмаган нарсаларга ҳам эришиш мумкинлигига ишонган бўлса, танқидий даврга келиб ақлнинг билиш борасидаги имкониятларига бўлган ишонч ўрнини ишончсизлик эгаллайди. Натижада Кантнинг билиш назариясида агностицизм – дунёни билиш мумкинлигини инкор этиш ғояси ҳукмронлик қила бошлаган. Унинг таъкидлашича, олам ва бизни ўраб турган воқеликни билиб бўлмайди.

 

Кантнинг ўтмишдошлари оламни билиш мумкин эмаслигини унинг чексизлиги ҳамда муттасил ўзгаришда экани, бундай мураккаб моҳиятни билишда инсон сезги аъзоларининг имкониятлари чеклангани билан изоҳлаган. Жумладан, инсон аъзолари ёрдамида ультрабинафша ва инфрақизил нурларни пайқашнинг иложи йўқ, ультратовушларни эшитиш мумкин эмас, қуролланмаган кўз билан микродунёни кўришнинг имкони йўқ...

 

Кант эса ўзгача фикрни илгари сурган: билишнинг сабабини билимда акс этган объектга эмас, балки субъектнинг ўзига қаратиш лозим деб ҳисоблаган. Унга кўра, билишдаги қийинчиликларнинг сабаблари ташқи воқелик, яъни объект билан эмас, балки билиш жараёнининг асосий субъекти бўлган инсон, аниқроғи, унинг ақли билан боғлиқ. “Агар бизнинг ҳиссиётларимиз предметларнинг хусусиятларига мувофиқ бўлса, мен ушбу хусусиятлар ҳақидаги априор нарсаларни қандай билишим мумкин; аксинча, агар предметлар (ҳиссиёт объектлари сифатида) бизнинг ҳис қилиш қобилиятларимизга мувофиқ бўлгандагина мен априор билимлар мумкинлигини бемалол тасаввур қила оламан”, деб ёзади у (Immanuel Kant. Critique of Pure Reason. Cambridge University Press, 1998).

 

Файласуфнинг хулосасига қараганда, ақл имкониятлари чекланган бўлиб, инсон ундан ташқарига чиқиш билан ҳал этиб бўлмас зиддиятларга дуч келади. Бундай зиддиятларни у антиномиялар деб атаган. Масалан, макон ва замонда чекланганлик, яъни олам замонда бошланиш муддатига эга ва маконда эса чексиз; олам замонда бошланғич даврга эга эмас ва чексиздир... Бир-бирини истисно этадиган бундай зиддиятларни тасдиқлаш ҳам, инкор этиш ҳам мумкин эмас.

 

Файласуф агностик қарашларини асослаш учун уч хил турдаги билимларни ажратиб кўрсатган: априор – тажрибагача бўлган билим, у аввал-бошданоқ инсон ақлида мавжуд бўлади ва тажриба ёрдамида исботлаш талаб этилмайди. Масалан, Худонинг мавжудлигини тажриба ёрдамида исботлаш мумкин эмас. У ҳар қандай тажрибадан аввал маълум бўлган билимдир. Шунинг учун априор билим – ишончли ва умумийдир. Апостериор – тажриба ёрдамида ҳосил қилинган билим, тахминий бўлганидан уларнинг ҳар бирини текшириб кўриш керак. Тажрибада ҳосил қилинган билимда хатолар учраши мумкин, бинобарин, уни ишончли ва умумий билим деб бўлмайди. “Нарса ўзида” кўринишидаги билим. Кант талқинидаги “нарса ўзида” предметнинг ички моҳияти бўлиб, инсон ақли етиб боришга қодир эмас ва у одамзод учун англанган нарсага айлана олмайди. Ана шу тарзда “нарса ўзида” тушунчаси Кантнинг нафақат билиш назариясида, балки бутун фалсафасида ҳам энг асосий категорияга айланган.

 

Файласуф оламни билишга бундай ёндашув орқали дунёни иккига ажратган: “нарса ўзида”дан иборат дунё ва “биз учун нарсалар”дан иборат дунё. Кант таълимотида ноумен деб аталган “нарса ўзида” дунёси бизнинг онгимиздан ташқарида ва унга боғлиқ бўлмаган ҳолдаги объектив воқеликни англатади. Мазкур дунёга хос нарса ва предметлар аъзоларимизга таъсир қилиб сезги уйғотади. Ақл эса ушбу сезги ва ҳиссиётларни тизимлаштиради ва шу тариқа инсон ақлида ташқи дунё ҳақида яхлит манзара ҳосил бўлади. Бироқ, Кант фикрича, бу дунё ҳақиқий дунё билан ҳеч бир умумийликка эга эмас. У фақат зоҳирий дунёдир.

 

“Биз учун нарсалар”дан иборат дунё эса ташқи дунё образларидир. Кант бу дунёни феноменлар дунёси деб атаган. Инсон фақат феноменлар дунёсинигина била олади, реал дунёни эса ақл томонидан мутлақо билиб бўлмайди. Кант бу каби 30 та янги фалсафий категорияни илмий муомалага киритди.

 

Олим априор билимларнинг турли типларини ҳам тушунтириб берди. Улардан макон ва замонни ҳиссиёт дунёсига дахлдор бирламчи билимлар қаторига киритди. Яъни макон ҳам, замон ҳам инсондан ташқарида мавжуд эмас, улар инсонсиз бор бўла олмайди, улар кўзойнак мисол оламни кўриш ҳамда уни яхшироқ англашда қўлланадиган нисбий воситалардир. Улар орқали инсон дунёни яхшироқ кўради, англайди ва ҳис қилади. Кант фалсафасига кўра, агар ҳиссийликнинг априор шакли математик билимларнинг ишончлилик шарти ҳисобланса, табиатшуносликнинг ишончлилик шарти мантиқийликнинг априор шаклидир. Масалан, математик тенгламалар ўрганилаётган предметни ёки фазони соф ҳис қилиш (геометрия) ёки вақтни соф ҳолда мушоҳада этиш (арифметика) натижасида намоён бўладиган билишдир.

 

Кантнинг уқтиришига кўра, макон ва замон – оддий интуиция шаклларидир, улар тажриба асосида қурилади ва шу боис ҳам тажрибага ҳисса қўшади; шунга қарамай, тажриба объектларидан фарқ қилади. Бундан шундай хулоса келиб чиқади: тажриба объектлари – оддий кўзга шарпасимон ташланиб турадиган нарсалардир ва, демак, нарсаларнинг табиати ўз-ўзида нарса бўлгани боис биз уни била олмаймиз. Кантнинг макон ва замонга хос хусусиятларни ана шу тарзда изоҳлаши улуғ олим Альберт Эйнштейнга нисбийлик назарияси тамойилларини асослашда илҳом бағишлаган.

 

Кант ҳиссиёт объектлари интуициямизнинг макон ва замон шаклларига мос келиши зарурлиги тўғрисидаги ва, бинобарин, ҳиссиёт объектларига оид априор билимларга эга бўлишимиз мумкинлиги тўғрисидаги фикри билан фалсафада чинакамига тўнтариш қилди. Чунки унга қадар барча билимлар предметларга мос келиши билишнинг асосий мезони деб ҳисобланар эди. Бироқ предметларга нисбатан улар ҳақидаги билимларни кенгайтириши мумкин бўлган тушунчалар орқали бирон бир априорликни ўрнатиш борасидаги уринишлар муваффақиятсизликка учраб келаётган эди. Предметларнинг бизнинг билимларимизга мослиги ҳақидаги тахминларга таянсак, метафизикадаги муаммоларни ҳал эта олишимиз мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилсак, бу предметлар бизга маълум бўлмасдан олдинроқ улар ҳақидаги априор билимлар берилганини аниқлаш имконини туғдирган бўлар эди. Кантнинг айнан шу фикрини коинот илмида инқилоб қилган Коперник мушоҳадаларига таққосан равшанроқ англаш мумкин. Коперниккача оламнинг марказида Ер туриши мутлақ ҳақиқат эди. Поляк олими фикрича, заминдан кузатилганда барча самовий жисмлар тинч ҳолатда турган Ернинг атрофи бўйлаб ҳаракатланаётгандек туюлади. Бироқ Коперник барча юлдузларнинг гўёки кузатувчининг атрофи бўйлаб ҳаракатланаётгани ҳақидаги гипотеза осмон ёритқичларининг ҳаракатланишини етарли даражада тушунтириб бера олмайди, деб ҳисоблади. Бунинг ўрнига кузатувчининг ўзи ҳаракатланаётганини эътироф этиб, юлдузлар тинч ҳолатда турибди деб тасаввур этилса, кўпроқ муваффақиятга эришса бўлади, дейди. Масалага ана шундай ноанъанавий ёндашув пировардида олимга гелиоцентрик назарияни яратиш йўлини очди. Кант ҳам тахминан шундай йўл тутди, яъни предметларни ҳис этиш учун шунга ўхшаш позицияни метафизикада ҳам синаб кўрди ва инсоннинг билиш қобилиятларини танқидий ўрганиб чиқиб, ўзига хос гносеологик таълимот яратди.

 

Мақоламиз лисон-услуби анча мураккаблашиб кетганини сезиб турибмиз. Азиз журналхонлар буни маъзур тутадилар деган умиддамиз. Улуғ файласуф илмий меросининг мазмун-моҳиятини очиб бериш истаги ана шуни тақозо этди. Кантнинг уммон каби бой ва теран фалсафасига доир мулоҳазаларимизни якунлаб, олимнинг умр шоми ҳақида ҳикоя қиламиз.

 

 

“Er ist Gut”

 

XVIII аср охирларига келиб, кексайиб қолган Кант университетдаги сабоқларни тўхтатди ва умрининг қолган қисмини осуда уй шароитида кечиришга қарор қилди. Зотан, унинг умри ҳам, ижодий имкониятлари ҳам поёнига етиб борар эди. 1802 йилдан хотираси заифлаша бошлади, кейинги йил ўз исмини ҳам ёзолмаслик, таъм сезгисини йўқотиш каби нуқсонлар бўй кўрсатди... Олим 1804 йил 12 февралда вафот этди. Файласуфнинг ўлими олдидан айтган охирги гапи “Бу яхши” (“Er ist Gut”) бўлди. Бу жумла замирида, эҳтимол, олимнинг сермазмун умр учун шукроналик туйғуси яшириндир. Эҳтимол, инсоннинг қандай яшаши лозимлиги тўғрисида бутун башариятга қарата айтилган хитобдир...

 

Буюк олим ёруғ дунё билан ҳам камтарона хайрлашишни ихтиёр этди: унинг васиятига кўра, мутафаккирнинг жасадини ими-жимида, яқин қариндошу ёр-биродарлар иштирокида, дабдабаларсиз тупроққа қўйиш лозим эди. Бироқ амалда бунинг мутлақо тескариси рўй берди – 16 кун давомида буюк ватандоши билан видолашиш учун келиб турган ҳамшаҳарларнинг қадами узилмади. Шундан сўнггина у оркестр садолари остида миллат қаҳрамони сингари мангулик манзилига кузатиб қў­йилди.

 

Кант мураккаб фалсафий таълимот қолдирди. Унинг қарашлари ўз даврида шов-шув уйғотди. Мутафаккир асос солган таълимот, гарчи турли мунозара ва танқидларга сабаб бўлса-да, фалсафий фикр ривожига катта таъсир кўрсатди ва бутун инсониятнинг маънавий мулкига айланди. Унинг ҳамфикрлари дастлаб кантчилар, кейинчалик эса неокантчилар мактаблари теграсида бирлашдилар.

 

Афсуски, бугун “тиши ўтмаслик” важидан Кант қарашларини ўрганиш ва ўргатиш ачинарли аҳволга келиб қолган. Унутмайликки, наинки олмон миллий фалсафасини, балки бутун жаҳон фалсафасини Кантсиз тасаввур этиб бўлмайди. “Кант бўлмаганида Фихте ҳам, Шеллинг ҳам, Ҳегель ҳам бўлмас эди” деган фикр бежиз айтилмаган. Ҳозирда мураккаб даврни бошдан кечираётган ўзбек миллий фалсафаси ривожи учун “Кантдан қочиш” ўрнига “Кантга қайтиш” фойдалироқдир. Зеро ўқиб, мағзини чақиш қанчалик қийин ва мураккаб туюлмасин, олмон мутафаккири меросини пухта ўрганмай туриб ҳақиқий файласуф бўлиш мумкин эмас.

 

Исматулла ТЎХТАРОВ,

Фарғона Политехника институти доценти,

фалсафа фанлари номзоди

 

Tafakkurжурнали, 2024 йил 1-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//