Юсуф Хос Ҳожиб ичишдан қайтарган пиво – фарангларда “bière”, олмонларда “bier”, инглизларда “beer”... туркийларда “бор”ми?


Сақлаш
00:32 / 16.11.2021 1526 0

Ушбу мақоладан мақсад ичишни тарғиб этиш эмас, балки тил нуқтаи назаридан баъзи сўзларни таҳлил этишдир. Гап пиво ҳақида. Тушунарли бўлиши учун, кундалик луғатимизда русча бўлса-да, “пиво” сўзини қўллаб турамиз, чунки ҳозирги ўзбек тилида шу сўз қабул қилинган: “пивохона”, “Қибрай пивоси” деймиз.

 

Бу ичимликнинг инглизча номи – “beer”, французчада – “bière” ва бошқа кўпгина оврўпа тилларида ҳам шунга яқин (олмон: “bier”, итальян: “birra”, юнон: “býra”  турк: “bira”). Бу яқинлик тасодифий эмас, кўпинча бир тилда пайдо бўлган сўз бошқа тилларга ҳам ўтганда шундай ўхшашлик бўлади. Хўш, мазкур ичимлик ва унинг номи дастлаб қаерда пайдо бўлган?

 

Бу савол, албатта, кўпчиликни қизиқтирган. Шу нуқтаи назардан англиялик олима, эски инглиз тили (Old English) мутахассиси Кристина Е.Феллнинг “Қадимги инглиз беори” (“Old English Beor”. 1975) номли мақоласи диққатга сазовор. К.Фелл ушбу мақоласида ҳозирги инглиз тилидаги “beer” эски инглиз тилидаги “beor”га бориб тақаладими ёки улар бошқа-бошқа ичимликларми? – деган масалани эски инглиз (Old English) ва унга қариндош эски скандинав (Old Norse) тилларида XI асргача битилган шеърий асарлар, тиббиётга оид қўлёзмалар асосида ўрганади.

 

Гап шундаки, ўрта асрларда ҳам англосаксон ва скандинав-викингларда сархуш қилувчи “beor” (ёки “bjor”) деган ичимлик бўлган экан. К.Фелл ўз мақоласида “beor”ни ўша даврларда асалдан тайёрланган ширин ичимликлар: “medu” (ҳозирги инглизчада “mead”) ва “ealu” (ҳозирги инглизчада “ale”) ҳамда узумдан олинадиган “win” (ҳозирги инглизчада “wine”, яъни, шароб, вино) билан қиёсан ўрганади. К.Фелл қадимги қўлёзмалар асосида мазкур тўрт спиртли ичимликни ўрганар экан, “win” (шароб) ўрта аср қўлёзмаларида жуда кўп ишлатилганига, “medu” ва “ealu” номлари “win”га нисбатан икки-уч баробар кам, “beor” эса янада камроқ қўлланганига эътибор қаратади. Эски битикларда “beor” сўзининг кам учраши сабаби – бу ичимликни англосаксонларнинг ўзлари тайёрламаган, балки четдан келтирилган, деган хулосага келади К.Фелл.

 

Албатта “win” (шароб)нинг қўлёзмаларда кўп учраши табиий, чунки Таврот ва Инжилда ҳам кўп тилга олинган бу ичимлик насронийлар учун деярли муқаддас, ҳатто уларнинг диний маросимларида ҳам шароб ичилади. К.Фелл тадқиқотига кўра, мазкур ичимликларнинг ҳаммаси узум суви, асал, мева шарбатларидан тайёрлангани учун ширин бўлган.

 

Аммо “beer”, яъни пиво ҳамда туркий халқларнинг бўза ичимлиги, кўпчиликка маълумки, ширин эмас, қолаверса, улар асалдан эмас, ундирилган арпа, тариқ, жўхори каби дон маҳсулотларидан тайёрланади. Шу боис К.Фелл ўз тадқиқотида “beer” ва қадимги “beor” битта ичимлик эмас, деган хулосага келади. Муаммо шундаки, XIX асрда тузилган бир инглизча луғатда (BosworthToller's Anglo-Saxon Dictionary): “beor” сўзи – “beer” деб нотўғри изоҳланади ва бу кейинчалик кўпгина чалкашликларга олиб келади. Аслида эса қадимда инглизларда ундирилган арпадан ичимлик тайёрлаш тажрибаси бўлмаган. Шу нуқтаи назардан XVI аср инглиз ёзувчиси Эндрю Бурд (Andrew Boorde)нинг ушбу сўзлари диққатга сазовор: “Эл (ale) – инглизлар учун табиий ичимлик... бер (bere) эса – ундирилган арпа, қулмоқ (хмель) ва сувдан тайёрланади ва у олмонлар (Dutche) учун табиий ичимликдир” (“Ale for an Englysshe man is a naturall drynke... . Bere is made of malte, of hoppes and water: it is a naturall drynke for a Dutche man”). Ушбу иқтибосда гувоҳи бўлганимиздек, XVI аср инглиз ёзувчиси  “beer”ни “beor” эмас, балки “bere” деб ёзади. Қолаверса, Э.Бурд эътирофича, “bere” инглизлар учун эмас, герман қабилалари учун табиий ичимлик бўлган.

 

Ҳозирги кўпгина этимологияга оид луғатларда “beer” сўзи инглизча эмас, балки протогерман тилларидаги “beuwoz” ёки “beuzа” сўзидан келиб чиққан, деб қайд этилган. Протогерман тилларида бу сўз қандай пайдо бўлган? – деган саволга аниқ жавоб йўқ. Баъзилар бу сўз этимологиясини прото ҳинд-оврўпоча “bheusóm” сўзидан, баъзилар лотинча “ичмоқ” маъносидаги “bibere”дан деб билса, баъзилар қадимги инглизча “beor” кейинчалик “beer” шаклида ҳозирги пивога нисбатан ишлатила бошлаган, дейди. Шунингдек, инглизча “barley” (“арпа”) ва “beer” бир ўзакдан деган қараш ҳам бор.

 

Хуллас, “beer” охир-оқибат протогерманча “beuzа”га бориб тақалар экан, бу эса бизга асосан туркий халқлар ичида кенг ёйилган бўза ичимлигини эслатади. “Қомус.инфо” сайтида бўзага шундай изоҳ берилади: “бўза – тариқ, оқшоқ, арпа, сўли ва буғдой каби донлардан тайёрланадиган, кайф берадиган ичимлик. Ўрта Осиё халқлари жуда қадим замонлардан бўза тайёрлаган. Тариқдан қуйидаги усулда бўза тайёрланган: тариқ ивитилиб, халтага солинади ва иссиқ жойга (кўпинча кепакка кўмиб) қўйилади. Тариқ димланиб етилгач, майсалагач, ўғирда янчилади, кейин хумга солиб ачитилади ва докадан ўтказилиб бошқа идишга солинади, тингач, ичишга тайёр бўлади. Таркибида 4-6% этил спирти, оқсил, ёғ, витамин, минерал моддалар бор”. Бўзага берилган ушбу таъриф ва XVI аср инглиз ёзувчиси Эндрю Бурднинг “ундирилган арпа, қулмоқ (хмель) ва сувдан тайёрланадиган” олмонларнинг “bere” ичимлиги ҳақидаги сўзларини қиёслаб, аслида улар бир хил ичимлик эканлигини англаш қийин эмас. Айни пайтда, бу таъриф бугунги пиво ишлаб чиқариш технологиясига ҳам айнан мос келади. Қолаверса, оврўпалик тилчилар инглизча “beer” протогерман тилларидаги “beuzа”га бориб тақалади, дейишмоқда. Хўш, унда ўша протогерман тилларидаги “beuzа” ва бизнинг “бўза” бир сўз эмасмикан?

 

“Бўза” сўзини Навоий ўз асарларида ишлатган, аммо “Девону луғотит-турк”, “Қутадғу билиг” каби асарларда бу сўз учрамайди. Аммо “Девону луғотит-турк”да инглизча “beer”га яна ҳам ўхшаб кетувчи бошқа бир сўз – “бор” (“بُورْ”) мавжуд бўлиб, Кошғарий бобомиз унга шундай изоҳ беради: “بُورْ  бор – бўза. Мақолда шундай келган: бор болмазїп сiркä болма – шароб бўлмай туриб, сирка бўлиб қолма” (ДЛТ. III т. Т. 1963. 133-б). “Девон”да бу сўз араб имлосида بُورْ  шаклида ёзилган, яъни у инглизча “beer”га яқин “бў:р” шаклида талаффуз этилган бўлиши мумкин. “Бор” сўзи қадимда нафақат бўза, балки шароб, умуман, спиртли ичимлик маъносида ҳам ишлатилган. Шу боис ичишга ружу қўйган одамга нисбатан “борчы” дейилган.

 

“Бор” сўзига биз, айниқса, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида кўп дуч келамиз. Асарда кўплаб байтлар ичимликнинг зарарлари, ичишдан қайтаришга бағишланган. Бир байтда, жумладан, шундай дейилади:

 

“Бор ичмә айа борчы боғзы қулы,

Бор ичсә ачылды чығайлық йолы”, –

 

Мазмуни: “Ичимлик ичма, эй майпараст, бўғзининг қули, май ичсанг, сенга гадолик йўли очилади” (ҚБ. Т. 1971. 350-бет).

 

Юқорида ҳинд-оврўпача деб қараладиган “bheusóm” сўзи ҳам тилга олинди. Баъзи мутахассисларга кўра, протогерманча “beuzа” ана шу сўзга бориб тақалади. Аммо “bheusóm” номи ҳам бизга “Девону луғотит-турк”да келтирилган “бухсум” ичимлигини эслатади. “Девон”да унга шундай изоҳ берилган: “بُخْسُمْ бухсум – тариқ, сўклардан қилинган ичимлик, бўза” (ДЛТ. I т. 1960. 447-бет).

 

“Бухсум” ва “bheusóm” бир сўзми ва улар “бўза”га алоқадорми, бу ҳақда бир нарса дейиш қийин, аммо туркий халқларда “бухсум” ҳозир ҳам “мақсим”, “мақсима” шаклларида сақланиб қолган. Хусусан, Қирғизистондаги “Шоро” компанияси 90-йиллардан бошлаб “мақсим” ичимлигини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Қирғиз, қозоқ ва бошқа қардош халқларда ҳозир ҳам уй шароитида бу ичимликни тайёрлаш анъанаси бор ва уни “жарма”, “мақсим” каби номлар билан аташади. Кавказдаги туркий халқлар бу ичимликни “мақсима” деб билишади.

 

“Бўза” сўзи форс тилидан туркий ва бошқа тилларга ўтган, деган қараш ҳам бор. Аммо туркшунос олим Г.Дёрфер “бўза” сўзи, аксинча, форс тилига туркий тиллардан ўзлашган, деган қатъий фикр билдирган. Айни пайтда, баъзи форсий луғатларда “бўза” (بُوظَة) арабча сўз деб изоҳланган. Яъни, эронлик олимларнинг ўзлари ҳам “бўза”га форс тилига четдан кирган сўз сифатида қарашади.

 

Араб тилига бошқа тиллардан ўзлашган сўзларни арабча луғатлардан тезда илғаб олиш мумкин. Аксарият арабча от ва масдарлар, албатта, бирор феъл бобидан ясалган ва луғатда ўша феълга боғланган ҳолда келади. Х.К.Барановнинг “Арабско-русский словарь” луғатида “бўза” (“بُوظَة”) сўзининг ўзидан олдин келган феълга боғланмасдан, алоҳида келиши унинг араб тилига бошқа тилдан ўзлашганлигини англатади (АРС. М. 1989. 92-бет). Қолаверса, бу сўз фақат Мисрда қўлланилар экан, шу боис кўпчилик туркшунос олимлар бу сўз мамлуклар даврида араб тилига турк тилидан ўтган, деб ҳисоблайди.

 

Бизнингча, бўза Осиё кенгликларида яшаган кўчманчи халқлар, хусусан, туркийларга хос ичимлик. Чунки иссиқ минтақаларда ўтроқ қабилалар узум ва бошқа мевалардан ичимлик тайёрлашган, қимиз, бўза каби ичимликлар эса, бизнингча, иқлими бироз салқин ҳудудларда яшаган кўчманчи халқлар маданиятига яқинроқ.

 

Хўш, “бўза” сўзи “Девону луғотит-турк”, “Қутадғу билиг” каби манбаларда тилга олинган “бор” (ёки “бўр” – “بُورْ”) билан этимологик жиҳатдан бир манбага бориб тақалиши мумкинми? Унда қандай қилиб “бор” сўзидаги “р” товуши “з” товушига айланган? Ёки, аксинча, агар инглиз тилидаги “beer” – протогерманча “beuzа”дан келиб чиққан бўлса, қандай қилиб “beuzа” сўзидаги “z” – “r”га айланган?

 

Умуман, тилшуносликда сўзлар бир тилдан бошқа тилга ўтганда ёки бир тилнинг ўзида даврдан даврга кўчганда товуш алмашинуви ҳодисаси бор. Айтайлик, баъзи қадимий сўзлардаги “р” товуши кейинчалик “л”, “й”, “з” каби товушларга ўзгарган, бу ҳодиса тилшуносликда ротацизм деб аталади. Ёки сўзларда “з” товушининг ўзгаришига нисбатан зетацизм дейилади ва ҳоказо. Шу нуқтаи назардан туркшунос олим И.Г.Добродомовнинг “Славян тилларига булғорчадан ўтган сўзларда икки хил ротацизмнинг ифодаланиши” (“Отражение двух видов разновидностей ротацизма в булгарских заимствованиях славянских языков”) номли мақоласи диққатга сазовор. Бу ерда ҳозирги славянлашган болгар тили эмас, балки VII асрда Шарқий Оврўпа, ҳозирги Украина ҳудудида Буюк Булғор хонлигини барпо этган соф туркий қавм – булғор турклари тили кўзда тутилмоқда. Қадимги булғор туркчасида бошқа туркий лаҳжаларга нисбатан ротацизм, яъни баъзи сўзлардаги “з” ёки бошқа товушнинг “р”га айланиши ҳодисаси мавжуд бўлган. Қадимги  булғор туркчасига энг яқин тил – ҳозирги чуваш тили ҳисобланади. Шу боис чуваш тилида ҳам бу ҳолатни кузатиш мумкин, айтайлик, бошқа туркий тиллардаги “қиз” сўзи чуваш тилида “хер”, яъни “з” товуши “р”га айланган.

 

И.Г.Добродомов мазкур мақоласида булғорчадан славян тилларига ўтган сўзлардаги ротацизм ҳодисасини ўрганар экан, бошқа турк тилларида “бўза” деб аталувчи ичимлик булғор туркчасида “*бура” дейилганлиги ҳақида ёзади. Олимга кўра, бу сўзнинг булғорча аслиятга энг яқин шакли – “buræğ” (бурағ, бураға) ҳозир ҳам осетин тилида сақланиб қолган. Кейинчалик бу сўз рус тилига “брага”, Шарқий Оврўпадаги бошқа тилларга: румин тилига – “braga”, поляк, ҳунгар, молдован тилларига: “braha”, “bráha”, осетин тилига – “buræğ” шаклларида ўзлашган. Шунингдек, олим мазкур булғорча сўзнинг фин-угор тилларида ҳам излари борлиги, хусусан, мордовия тилида бу сўз – “пурé” шаклида сақланганлигини ёзади.

 

“Брага” деб ҳозирги рус тилида уйда тайёрланадиган хонаки пиво турига нисбатан айтилади. Шунингдек, бу сўздан “бражник” (“ароқхўр”), “бражничать” (“ароқхўрлик”), “сбраживать” (“ачитмоқ”) каби сўзлар ҳам ясалган. Эски рус тили, славян тилларида “брага”, “квас” деганда айнан ундирилган арпа, тариқ каби дон маҳсулотларидан тайёрланган ичимлик – бўза тушунилган. “Пиво” эса славянча “ичмоқ” маъносидаги “пити” феълидан ясалган бўлиб, дастлаб барча спиртли ичимликларга нисбатан ишлатилган.

 

Макс Фасмер ҳам “Этимологический словарь русского языка” луғатида “брага” сўзининг келиб чиқишига доир юнонча, келтча, ҳинд-оврўпача каби барча фаразларни рад этиб, бу сўз айнан қадимги туркийдаги “бърага” сўзининг рус тилига ўзлашгани, деб таъкидлайди (М.Фасмер. ЭСРЯ. М. 1986. Т-I. 205-бет). “Этимологический словарь тюркских языков” (ЭСТЯ) луғатида “брага” – “бўза”нинг Олтой ва Шимоли-Шарқий тиллардаги кўриниши эканлиги айтилади.

 

Бизнингча, “Девону луғотит-турк”даги “бор” (“бў:р”) ва қадимги булғор туркчасидаги “бура” (бурағ, бураға) бир ўзакка бориб тақалади. Кейинчалик бу сўз зетацизм ҳодисасига учраб “бўза”га айланган. Тарихдан маълумки, эрамизнинг IV асрида содир бўлган Халқларнинг буюк кўчиши арафасида ва ундан кейинги даврларда герман қабилалари: қирим готлари, остготлар, вестготлар Шарқий Оврўпада туркий қавмлар билан қўшни бўлиб яшашган. Айниқса, қирим готлари туркий қавмлар ва оврўпа халқлари ўртасида воситачилик вазифасини ўтаган. Гот қабилалари кейинчалик жуда кўп оврўпа халқлари этногенезида иштирок этган. Готларнинг туркий қавмлар билан кўп асрлик қўшничилиги даврида тил ва турмушда, албатта, баъзи ўзлаштиришлар бўлган. Ўйлаймизки, оврўпа тилларидаги “beer”, “bière”, “bier”, “birra”, “býra”, эҳтимол, “beor” ҳам, ўша даврларда “р”ловчи шимолий туркий лаҳжалар, хусусан, булғор туркчасидаги “бура”нинг оврўпа тилларига ўтган кўринишидир.

 

Шу билан бирга, болқон ярим оролида яшовчи халқларда “боза” сўзи ва ичимлиги ҳозир ҳам мавжуд. Бу эса “бўза” сўзининг усмонли туркчаси орқали Шарқий Оврўпа тилларига иккинчи иммиграциясидир.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//