Суюқ олтин. Ўзбекистонни ҳам кутиб турган сув танқислигини қандай бартараф қилиш мумкин?


Сақлаш
14:12 / 31.05.2024 579 0

Шубҳасиз, ХХI асрда сув дунёдаги энг муҳим маҳсулотга айланди. Инсоният тамаддунига асос бўлган, миллионлаб кишилар тирикчилиги узвий боғланган сув, афсуски кундан-кунга камайиб бормоқда. Баъзи давлатлар ва инсонлар келажакдаги сув инқирозини англаган ҳолда, унинг олдини олишга интилаётган, турли йўллар қидираётган бўлса, аксарият мамлакатлар яқинлашаётган жиддий муаммога беэътибор бўлмоқда.

 

Ўзбекистондаги сув инқирози: башоратлар, муаммолар ва омиллар

 

Жаҳон ресурслари институти(World Resources Institute)нинг 2015 йилги ҳисоботида Ўзбекистон 2040 йилда сув танқислиги кузатилиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатида 29-ўринни эгаллаганди. 167 мамлакат қайд этилган ушбу ҳисоботда Ўзбекистон сув танқислиги хавфи «ниҳоятда юқори» бўлган давлатлар тоифасига киритилган.

 

Яна бир халқаро ташкилот, Жаҳон банки ўрганишларига кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистонда сувга бўлган талаб 59 куб кмдан 62-63 куб кмгача ошади ва мавжуд сув ресурслари 57 куб кмдан 52-53 куб кмгача камаяди, бу эса сув танқислигини янада кучайтиради.

 

 

2022 йилда «Ўзсувтаъминот» АЖ бош мутахассиси Анвар Муҳаммадалиев, мамлакатдаги сув танқислиги, ўз навбатида, тоза ичимлик суви танқислигига олиб келаётгани, сўнгги 15 йил ичида аҳоли жон бошига йиллик сув ҳажми 3048 куб метрдан 1589 куб метргача камайганини ёзди.

 

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан 2023 йилда ўтказилган тадқиқотларда Ўзбекистонда 2030 йилга бориб 7 миллиард куб метр сув тақчиллиги кузатилиши аниқланган. Ўзбекистон бу пайтда дунёдаги сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиш мумкинлиги қўшимча қилинган.

 

Турли халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, мутахассислар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёни сув тақчиллиги кутаётганини таъкидламоқда. Улар минтақадаги сув ресурслари номутаносиб тақсимлангани (асосий сув манбалари Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудида), глобал исиш, аҳолининг тез кўпайиши, суғориш тизимида замонавий, тежамкор технологиялар суст жорий қилинаётгани, сувдан оқилона фойдаланиш тарғиботи етарлича олиб борилмаётгани каби омиллар муаммони янада ўткирлаштиришидан хавотир билдиряпти.

 

 

Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларида аллақачон сув инқирози кўланкаси кўрина бошлаган.

 

«Шаҳар аҳолисининг тўхтовсиз кўпайиши ва пойтахтнинг жадал ривожланиши туфайли корхона ичимлик суви етказиб беришда муаммоларга дуч келди. Натижада 2023 йил 28 мартдан бошлаб корхона сув босимини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни жорий этишга ва уни узатиш бўйича график белгилашга мажбур бўлди», дейилади Қозоғистон пойтахтини ичимлик суви билан таъминловчи «Остона сув арнаси» корхонасининг 23 майдаги баёнотида.

 

Остонадан ташқари, Қирғизистон пойтахти Бишкекда ҳам сув таъминотидаги узилишлар сабаб митинглар бўлиб ўтди. Шаҳар ҳокимлиги фуқароларни сувни тежаш, уй шароитида сувдан камроқ фойдаланиш, томорқа ва яшил майдонларни суғоришда ичимлик сувидан фойдаланмасликка, бизнеси кўп миқдорда сув истеъмол қилувчи тадбиркорларни бир муддат сувни камроқ сарф қилишга чақирди.

 

 

Бутун дунё тўқнашиши тахмин қилинаётган сув тақчиллиги муаммоси, иқтисоди ҳалигача аграр хўжаликка асосланган Марказий Осиё давлатларида, айниқса, анча оғирроқ кечади. Чунки минтақадаги сув ресурсларининг қарийб 90 фоизи ерларни суғориш учун ишлатилади. Сувнинг камайиб бориши ўз-ўзидан уни энг кўп талаб қилувчи қишлоқ хўжалигига жиддий зарба беради. Бунинг ортидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва, албатта, ичимлик суви нархи кўтарилади. Марказий Осиё учун муҳим бўлган мева, сабзавот ва бошқа экинлар экспорти қисқаради.

 

Ечимлар

 

Глобал исиш ва инсоният сонининг жадал ортиши оби ҳаёт масаласини янада долзарб қилмоқда. Ҳар куни мингдан ортиқ 5 ёшгача бўлган болалар ифлосланган сув, ёмон санитар шароит туфайли келиб чиқадиган касалликлардан вафот этади. Сайёра бўйлаб 703 миллион, яъни ҳар 10 кишидан бири тоза сув манбасига эга эмас.

 

Кўплаб ривожланган давлатларда сувдан унумли фойдаланиш мақсадида тежамкор тизим ва технологиялар жорий қилинмоқда. Сув ресурслари устидан қаттиқ давлат назорати ўрнатиш, сувни қайта ишлаш, оқова сувларни тозалаш каби чоралар ҳам айнан шу мақсад йўлида амалга ошириляпти.

 

 

Қолаверса, сувни кўп талаб қилувчи қишлоқ хўжалигида сув истеъмолини камайтириш учун томчилатиб суғориш тизимидан кенг фойдаланилмоқда ва бу соҳага катта инвестициялар киритиляпти.

 

Жаҳоннинг ярмидан кўпроқ аҳолиси яшовчи шаҳарлардаги носоз сув қувурлари исрофини қисқартиришга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Биргина АҚШъда носоз маиший канализация туфайли ҳар йили 3,7 триллион тонна сув исроф бўлади.

 

Марказий Осиё давлатлари сув инқирозининг олдини олиш учун қандай чоралар кўриши керак?

 

1. Ўзаро ҳамкорлик.

 

Марказий Осиёда сув тақчиллигини бартараф қилишнинг асосий йўлларидан бири минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликдир. Ўлкадаги Амударё ва Сирдарё каби сув ресурслари трансчегаравий ҳисобланади ва биргаликда бошқаришни талаб қилади. Давлатлар сув ресурсларидан адолатли ва самарали фойдаланишни кўзда тутувчи, ҳар бир тарафни қониқтирувчи қўшма ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиши ва уларни амалиётга жорий қила олиши лозим.

 

Айни пайтда сув масалалари билан шуғулланувчи минтақавий тузилмалар чекланган имкониятларга эга. Томонлар ўртасида ўзаро ишонч йўқ.

 

 

Жаҳон банки томонидан ташкил қилинган «Марказий Осиё сув-энергетика дастури» доирасида минтақада сув-энергетика хавфсизлигини ошириш учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ҳар йили турли даражадаги форумлар ва учрашувлар ўтказилмоқда. Бироқ айни дамда сув соҳасида ҳамкорликни яхшилаш бўйича аниқ қадамлар жуда кам.

 

Ўлкадаги деярли барча давлат чегарадаги сув иншоотлари бўйича қўшнилари билан келишмовчиликларга эга. Масалан, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида жойлашган Кампиробод сув омбори узоқ йиллар икки мамлакат зиддиятига сабаб бўлиб келди ва фақат яқиндагина бу баҳс ўз ечимини деярли топди. Қайроққум, Чордара сув омборларидан фойдаланиш масаласи ҳам шундай тарихга эга.

 

Шу боисдан минтақа мамлакатларининг сув инқирози бўйича биринчи қиладиган иши – ўзаро тушунмовчиликларга чек қўйишдир.

 

2. Сув ресурсларидан фойдаланишда самарадорликни ошириш.

 

Марказий Осиё мамлакатларидаги ирригация тизимларининг аксарияти катта исрофгарчиликка йўл қўювчи эски технологиялар билан жиҳозланган. Масалан, Ўзбекистонда эскирган инфратузилма туфайли 40 фоиз суғориш суви шунчаки исроф бўлади.

 

 

Вақти ўтган технологияларни тежамкор ва самарадор янгиларига алмаштириш, соҳада илғор технологиялар ва сувни бошқариш усулларини жорий этиш минтақа давлатлари учун ҳаётий заруратга айланган.

 

Бундан ташқари, ёмғир сувини йиғиш ва сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш ҳам тақчиллик кўламини камайтиришга сезиларли ёрдам беради.

 

3. Муқобил сув манбаларини излаш.

 

Марказий Осиёдаги сув инқирозини ҳал қилишга ёрдам берувчи омиллардан яна бири янги сув манбаларини топишдир. Масалан, ерости сув ресурсларини ўзлаштириш ва денгиз сувидан фойдаланиш альтернатив вариант бўла олади.

 

 

Бироқ минтақа денгиздан узоқда жойлашгани боис логистика ва молиявий масалаларни ҳал қилиш вақт, қатъий ирода ва бирдамлик талаб қилади.

 

4. Аҳолига сув истеъмоли масъулиятини етказиш

 

Ҳозирда қурғоқчилик ва тақчиллик ҳақида қанча гапирилмасин, Марказий Осиё аҳолисининг катта қисми ҳали сув танқислигини ўз танасида ҳис қилмагани сабаб муаммога жиддий ёндашгани йўқ. Минтақадаги деярли барча шаҳарларда майсаларга эмас, тротуар ёки автомобиль йўлларига сув сепаётган қувурлар, назоратсиз оқаётган кранлар, ичимлик суви билан томорқа ёхуд иссиқхона суғораётган инсонларни кўриш мумкин.

 

Сув муаммосини аҳоли иштирокисиз бартараф қилиш имконсиз. Мамлакатлар ҳукуматлари сув исрофини минималлаштиришда фақатгина юқори нархлар, катта жарималарга эмас, тарғибот ишларига ҳам эътибор қаратиши лозим. Маълумотларга кўра, Марказий Осиё мамлакатларида бир йилда сув тежамкорлиги билан боғлиқ атиги 2-3 видеоролик ёки кўрсатув ишланади. 2040 йилга бориб, жиддий сув танқислигини бошдан кечирувчи ўлка учун бу умуман қониқарсиз рақам. Шунинг ўзи ҳам ҳукуматлар ва жамият сув муаммосига етарлича эътибор қаратмаётгани, унинг хавфларини баҳоламаётганини кўрсатади.

 

 

Давлатлар бундай турдаги ташвиқот лойиҳалари қўллаб-қувватлаши, аҳолига нега сув исрофгарчилиги учун қаттиқ жазолар қўлланиши кераклиги, сув инқирози оқибатларини тушунтириши лозим. Зеро, одамлар муаммони ўз танасида тўлиқ ҳис қилганда анча кеч бўлган бўлади.

 

Муҳаммадқодир Собиров

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16596
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//