Монополия йўқолмагунича, дарсликларни чаласаводлар ёзишни бас қилмагунича бозор иқтисодиётини танқид қилавераман – Раҳимжон Раҳмат


Сақлаш
21:08 / 29.05.2024 392 0

Кузги райҳон

 

Уч-тўрт кундан буён Абдулла Ориповнинг ўзбек қиз-аёлларига бағишланган “Кузги райҳондайин маъюс ўсдинг сен...” мисраси бот-бот хотирамда уйғоняпти. Боягина даладан қайтиб ҳовлининг четида қўлимни юваётиб, шундоқ оёғим остида шабадада заифгина силкиниб турган кузги райҳонга кўзим тушди. Абдулла аканинг бояги мисрасини яна эсладим. “Кузги райҳондайин” ташбеҳи нозиклиги, ноёблиги ва шоирнинг мақсадига мувофиқлиги билан диққатни тортади.

 

Қўл юваётиб кўзим тушган танаси заиф, барглари юпқа ва нозиккина райҳонни июль ойи охирида эккан эдим. Кузги райҳон деганимиз асли шу. Август ойида ҳаволар салқинлагани, қуёш нури камайгани боис у вояга етмай, хастаҳол ўсди. Абдулла Орипов бундан олтмиш йил илгари ғоят катта жасорат ила ўзбек қиз-аёлларини ёруғликка, қуёш нурига тўймаган заиф, шохлари (қўллари) ингичка, жимитдек барглари (юзлари) сарғимтил... кузги райҳонга қиёс қилган. Аҳволи ночорлиги, турмуши нурсиз бўлганини шу ўхшатиш орқали ифодалаган.

 

Нозик хилқат соҳибаларининг гулга, райҳонга менгзалиши шеъриятда янгилик эмас. Аммо “кузги райҳондайин” жумласи – шоирнинг кашфиёти.

 

Карл Юнг ва узум

 

“Биргина одамнинг психологияси бутун халқнинг психологиясига мувофиқ бўлади. Халқ нима қилса, ўша одам ҳам шу ишни қилади ва айни вақтда бу ишни халқ ҳам қилади. Ўша одамнинг ўзгаришидан бутун миллатнинг ўзгариши ибтидо олади”.

 

Швейцариялик олим Карл Юнгнинг мана шу фикри ҳақида мулоҳаза қилиб кўриш керак. Битта инсоннинг ўзгариши ортидан бутун миллат ўзгаради! Яна айтяптики, бир инсоннинг психологик танлови барчанинг психологиясига мос бўлади. Соддароқ айтсак, катта арава қайси йўлдан юрса, кичик арава ҳам ўша йўлдан юради. Яъни узум узумдан ранг олади.

 

Шунчаки “Ўзгардим!” деб ҳайқириш билан мурод ҳосил бўлмайди.

 

Жамиятимизда иллатлар йўқолмаяптими, демак, орамизда биронта одам ўзгармаган, ўзгариш ва қадриятларни тарғиб қилаётганлар эса алдаяпти.

 

Ҳаммамиз битта аравадамиз, ҳеч йўқ биттамиз ўзгарайлик – миллат ўзгаргуси!

 

Фозил мамлакат қура олдикми?

 

Мустақилликнинг дастлабки йиллари талабалар, аспирантлар, ёш домлалар орасида Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асари машҳур бўлган. Шу асар мазмуни кўп гапирилар, баҳслар бўлар эди. “Маърифатли, фозил одамлар яшайдиган мамлакат қурамиз”, дерди бўлажак олимлар, бўлажак мансабдорлар, бўлажак сиёсатчилар.

 

Афсуски, мен Форобийнинг бу асарини ўқимаган эдим, шу боис қанақа давлат қуришимиз ҳақида тасаввурим йўқ эди.

 

Мана, орадан ўттиз йил ўтди. Фозил одамлар шаҳрини қура олдикми?

 

Рости, рисолани ўқимаганим учун фозил одамлар шаҳри қанақа бўлишини билмайман. Балки ўшандай жамият яратгандирмиз. Мен эмас, Форобийнинг асарини ўқиганлар гапирса тузук.

 

Фозил – ўз қадр-қимматини биладиган, ўқимишли, саводли инсон.

 

Турмуш жангчилари

 

Фермер хўжалигида ёлланиб ишлайдиган аёлларни “ошинлар” деб атайман.

 

Айрим ошинларнинг турмуш ўртоқлари ўн-ўн беш йилдан буён Россияда ишлайди ва ватанига тўрт-беш йилда (қизи ёки ўғлининг тўйига) келиб кетади. Ўғилни ўқитиш, қизни турмушга узатиш ва уй қуриш деган ташвиш уларни совуқ ўлкага занжирбанд қилган гўё.

 

Иккинчи жаҳон урушига борган ўзбеклар уч-тўрт йилда юртига қайтган эди. Ҳозирги турмуш ташвишлари жангчиларининг эса ўн-ўн беш йилда ҳам жигарлари бағрига қайтиш нияти йўқ. Темир дарвоза қуриши, томга шифер қоқтириши, қизига мебель олиши, ўғлининг контрактини тўлаши, каттасига иморат солиши керак...

 

Керак!

Керак!

Керак!

 

Бари керак, инсоннинг умридан, бахтидан, роҳатидан бошқа ҳамма нарса...

 

Нега китоб сотиб олмай қўйдим?

 

Илгари ҳар ой бошида нафақа пулимдан икки-учта китоб сотиб олардим. Набира қизимга ҳам ул-бул атардим. Асосан ўзбекчага ўгирилган чет эл адиблари асарларини харид қилардим. Ҳозир эса китоб сотиб олишга қўрқиб қолдим.

 

Нега бундай бўлди? Нима учун китоб сотиб олишга қизиқишим йўқолди?

 

Сотиб олганим хориж асарларининг таржимаси ночор, сернуқсон, ғализ эканини сезиб қолдим. Бу асарларнинг бир қанчасини эски даврда профессионал таржимонлар ўзбекчага қойилмақом қилиб ўгирган эди. Ўша асарлар тилимизга янгитдан таржима қилинган. Мутаржимлар янги, матн эса хом-хатала.

 

Кейин билсам, тил билса-да, аммо бадиий сўзни ҳис этмайдиган, адабиётдан йироқ кимсалар Google тилмоч дастури ёрдамида роман, қисса, ҳикояларни “дўндириб” ўзбекчага ўгирар экан. Ана шундай ҳаваскорлар дастидан китоб сотиб олгим келмай қолди. Менинг дидим, саводим, эстетик туйғум ва адабий тажрибам кўчада қолганмидики, “халтуршик”ларнинг қораламаларини сотиб олсам! Нодир асарларни янтоққа судраб таржима қилган қўлларинг синсин деб қарғайми?! Ана шундай кўзбўямачи тоифа касрига китобсеварлар сафи сийраклашяпти...

 

Бадҳазм шеърлар

 

Мен 1961 йилда туғилиб, 1968 йил биринчи синфга борганман. Гарчи мактабда ёмон ўқиган бўлсам ҳам, бошланғич синфда ёд олган шеърларни ҳозир ҳам эслайман. Бизга ўқитилган шеърлар шу қадар гўзал, содда ва бадиий мукаммал эдики, уларни ҳатто “икки”чилар ҳам осонгина ёд оларди. Хўш, ҳозир-чи?

 

Бугунги ўқувчилар шеър ёдламайди. Чунки бошланғич синф дарсликларига ўта савиясиз, бадиий жиҳатдан заиф шеърлар киритиляпти. Бу каби шеърларни амал-тақал ёд олишингиз мумкин, лекин зумда эсингиздан чиқади. Поэтик жиҳатдан заиф шеър хотирадан тезда ўчади.

 

2000-йиллар аввалида бошланғич синфда ўқийдиган ўғил-қизимнинг дарсликларига киритилган шеърларни ўқиб, савиясиз эканидан тоза асабийлашган эдим. Энди эса набирамнинг дарсликларидаги шеърларни ўқиб жиғибийрон бўляпман. Нима, “Ўқиш китоби”ни ёзиш чаласавод, ўткинчилар қўлига ўтиб кетганми?..

 

Парадокс

 

Айрим шоир ва ёзувчиларнинг фикрини ўзгартириш, тафаккурини ўзингиз истаган ўзанга йўналтириш учун уларга битта “тефал” (электр чойдиш) совға қилсангиз кифоя. Агар уларга “Оқтош” сиҳатгоҳига бепул йўлланма берсангиз, тамом, ўлгунча хизматингизни қилади.

 

Машраб ва Ҳозиққа ўхшаган шоирларни эса тўпнинг оғзига боғлаб отсангиз ҳам эътиқодини асло ўзгартирмайди.

 

Қизиқ жойи шуки, битта чойдишга сотилган шоири даврон Машраб ижодини севиб мутолаа қилади. Ана, сизга парадокс!

 

Ҳар кимнинг ўз демократияси бор

 

Илон айтади: “Демократия. Чақиш ҳуқуқимни чекламанглар”.

 

Қутурган ит дейди: “Демократия. Қопиш ҳуқуқимни ҳурмат қилинглар”.

 

Сассиққўнғиз ҳаммаёққа бад бўй таратиш ҳуқуқини эслатади.

 

Уйини баланд девор билан ўраётганларга ўғрининг эътирози бор: “Баланд девордан ошиб ўтиш турган-битгани машаққат!”

 

Яна бир ғаним тоифа буюкларимиз юзига лой чаплайди-да, “Демократия. Фикр эркинлигига тўсқинлик қилманглар!” дея шовқин солади.

 

Бу – демократия эмас.

 

Миллат маънавиятига қарши агрессия бу!

 

Сигир ҳам демократик қадриятлардан бебаҳра қолмай деб ҳамма юрадиган йўлга тезак ташлайди. Мушукнинг демократияси жўжаларга қирон келтиришдир. Майли, ҳар каснинг жойини эътироф этамиз, лекин у демократия деб дастурхонга қўл чўзса – аҳволи чатоқ!

 

Дунёи ноқис

 

Егани нони йўқ, тайинли иши ҳам. Янги энгил-бош киймаганига юз йил бўлгандир. Қозони кўп замондан бери гўшт кўрмаган. Ўзи яримжон, буйраги оғрийди. Хотини балиқнинг скелетидан ҳам озғин. Болалари рангпар, бўйни ингичка, юзини доғ босган. “Қизимни жигарини апараста қилдириш учун 30 минг дўллир топишим керак”, дейди. Бунақа қўли юпқа кишилар кўп учрайди. Боёқишлар шунча маблағни қаердан топаркан?

 

Умуман, нима учун жигар, буйрак, юрак хасталиклари кўпайди экан? Профилактик тадбирлар сустми? Сунъий, синтетик озиқ-овқатларни кўп истеъмол қиляпмизми? Ё тиббий маданиятимиз пасайиб кетганмикан?

 

Шу аҳволда дори воситалари рекламаси авж олганини айтинг. Ярим ҳайвон, ярим одам дегандек, дўхтирлар орасида ярим шифокор, ярим фармфирма агентига айланганлар анча-мунча. Нима қилсин, қурғур дўхтирлар ҳам маошдан ташқари катта-катта пул топиб, отасидан қолган эски уйни бузиб янги қурсам дейди. Қиммат машина мингиси келар. Ажнабий кийимларга ҳаваси кетгандир. Кўнгли ўйнаш-жазман тусаб қолгандир. Ким билсин, ҳеч ким ичидагини гапирмайди. Пул ҳаммага керак. Дунё ҳаваси ичингизни куйдириб турганидан сўнг орқа-олдингизга қарамай пул топишга ҳаракат қиласиз.

 

Лекин бу ёқда жигарцирроз, юракциррозлар кўпайяпти.

 

Чўнтакдаги пулга егулик ўрнига дори-дармон олишга мажбур бўлмоқ алам қилади одамга. Аммо таскин бор. Қадимгилар айтиб кетган: бу дунё айрилиқлар, йўқотишлар, оғриқ ва ғуссалар ўлкасидир. Мана, муаммога ечим ҳам топилди. Кўнамиз, кўникамиз. Дунё шунақа ноқис яралган. Боязид Бистомий айтганидек, сабр қиёматга қадардир.

 

Ҳорун ар-Рашиднинг сартароши

 

Халифа Ҳорун ар-Рашиднинг сочини олаётган сартарош “Қизингизни менга эрга беринг” деворади. Ёнидаги аъёнлар қиличини қинидан чиқариб сочоларни чопмоқчи бўлади: “Ҳали сен амирулмўмининга куёвлик даъво қиляпсанми, зоти паст?!” “Тўхтанглар, – дейди доно халифа. – Сартарошхона остини ковлаб кўринглар”. Айтилган жой ковлаб кўрилганда хазина топилади. Боёқиш сартарошга хазинанинг аураси таъсир этиб, халифага куёв бўлмоқдан гап очган экан.

 

Қиссадан ҳисса шуки, айрим одамларга бебилиска пул кела бошлайди. Пули кўпайган сайин ҳаммага ақл ўргатадиган, ҳаммани жеркийдиган одат чиқаради. Кўзида, сўзида кибр пайдо бўлади, ошкор ҳақиқатни инкор этишга уринади. Номақбул ҳаракатлар кўлами эса сарват миқдорига уйғундир. Пайти келиб ақчанинг чўғи камайса... яна ўзимизга ўхшаган оддий одамга айланади. Пул дегани одамни ёмонам сайратади-эй!

 

Муҳит, муҳит, муҳит...

 

Ростини айтсам, мен мактабда анча шўх, андак бетамиз ўқувчи бўлганман. Кичик синфдан мактабни битиргунча дарсда бемаъни қилиқлар қилиб ҳаммага халал берганман. Ўқитувчилар “Сен куйдирги қачон мактабни битирар экансан, қачон сендан қутуларканмиз?” дерди. Нега шўх бўлганимнинг, хусусан, дарсда жим ўтириб илм ўрганмаганимнинг сабаби алоҳида масала... Аммо бадиий адабиётга болалигимдан қизиққанман.

 

Китобни уйда ўқирдим. Ўқитувчиларим 5-синфданоқ достонлардан парчалар ёд билишим, кўп шеърий китоб ўқишимни дарсларга, илмга алоқаси йўқ деб ҳисоблар, тез ёдлаш қобилиятимни рағбатлантирмас эди. Аксинча, ёш боланинг “Кўрдим юзингни, девона бўлдим, / Ақлу ҳушимдан бегона бўлдим” дея ёддан шеър айтиши телбалик деб ҳисобланарди. Муҳит қизиқишларимга терс экани менда кучли агрессия пайдо қилган эди...

 

Билмайман, у қандай муҳит эканки, мендек хаёлпараст, шеърсевар йигитчани “қопағон ит”га айлантириб қўйган. Кўчада, мактабда қанчалик аламзада бўлсам ҳам, уйда ёлғиз қолганимда овоз чиқариб шеър ўқирдим, назмий оҳангдан маст бўлиб, кўзларим тиниб кетарди.

 

Бошланғич синфдаёқ мени мактабдан ҳайдаб юборишлари керак эди. Агар шундай қилишганида ҳозиргидан машҳурроқ адабиётчи бўлиб етишардим. Кейинроқ университетга ўқишга кириб, яна битта хато қилдим. Назаримда, кутубхона ва адабий муҳитнинг ўзи кифоя эди...

 

Қачон халқ бўласан?!

 

Оломон чўнтагингиздаги пулингизга қараб сизни ҳурмат қилади, уни қандай ишлаб топганингиз билан қизиқмайди.

 

“Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон?!”

 

Оломон: “Қадимги Римдан бугунга қадар мақом-мартабам ўзгаргани йўқ. Эртага ҳам оломонлигимча қоламан. Қиёматгача битта туким ўзгармайди. Мени халққа айлантираман деган не-не донишлар ер остида тупроққа айланиб кетди. Ҳали неча қодирийлар, неча чўлпонларингни гўрга тиқаман, неча фурқатларингни юртдан бадарға қиламан, неча жадидларингни Ўрда бозорида сазойи қиламан. Аҳай!”

 

Зулматдаги онг

 

Мактабда ташкил қилинган китоб ярмаркасига фақат қуйи синф ўқувчилари қизиқди, ўзига ёққан китобларни шулар сотиб олди. Негадир юқори синфлар растага яқинлашмади, китобга қайрилиб ҳам қарамади. Катта синфларнинг келажаги аниқ: биттаси мужмал тест ёдлагани репетиторга қатнаяпти, яна бири дарсдан кейин тоғасидан машина тузатишни ўрганяпти, бошқаси мактабни битирибоқ Россияга кетмоқчи. Билимга, мутолаага қизиқадигани йўқ.

 

Аммо кичик синф ўқувчиларининг интилиши, рости, мени ҳайратга солди. Китобга тўда-тўда интилаётган болачалар орасидан ўтолмадим, растага яқинлашолмадим ҳам.

 

Қани эди, болачалардаги китобга муҳаббатни вояга етказа олсак, ярим йўлда ўлдириб қўймасак!

 

Китоб ярмаркаси ҳақида ота-оналарга ҳам айтилган эди. Чамамда, биттаси ҳам келмади. Аччиқ ҳақиқат шуки, дунёда қора ва оғир меҳнатдан бошқа тирикчилик усули йўқ деб ўйлаймиз ва боламизни ҳам шу меҳнатга тайёрлаймиз. Зиёфатларни, тўйларни яхши кўрамиз. Ҳатто камбағал дея “темир дафтар”га киритилган аёл ҳам бир ойда бир марта “гап”да иштирок этади. “Қариндошлар билан “гап” ейман, синфдошлар билан “гап” ейман, ҳамкасблар билан “гап” ейман” деб мақтанамиз. Бу аҳволда ўғил-қизларимизнинг қора меҳнатдан боши чиқмайди-ку! “Гап”га кетадиган пулларни боламизни илмли қилмоққа харжласак бўлмайдими?

 

Онг ўзгариши лозим. Ҳозир онгимизда нур йўқ. У зулматга ботгандек. Яна не дейин? Сизлар ҳам бир нима денглар...

 

Қуёнчанинг айби нима?

 

Урушда томонлар бир-бирига мингта ўқ отса, шулардан биттаси одамга тегади, қолганлари дарахтларнинг танасини яралайди. Ҳужумга ўтган танк буғдойзорниям, олмазорниям, ўрмонниям эзиб-янчиб кетаверади. Жанговар ракета бир неча аскарни ўлдиргани ҳолда, юзлаб ёввойи гуллар, ниҳолларнинг илдизини қўпоради. Артиллериянинг эса табиатга келтирадиган зарарини тўлиқ тасаввур қилиш қийин. Ўрмонларга бомба ёғдириляпти: бечора қуёнлар, заифҳол олмахонлар... Уруш манзаралари акс этган видеоларга эътибор берганмисиз? Шохлари синиб, куйиб қорайган дарахтлар, осмонда безовта қанот қоқаётган қушларни кўрганмисиз?

 

Шундай, одамзоднинг феъли ёмон, у – борлиқнинг душмани...

 

Усталар

 

Бу аломат ҳунар эгаларининг сизу биздан афзаллиги шуки, уларнинг кўнглида меланхолия бўлмайди. Бахт – ўз ҳаётидан розиликдир. Шу маънода улар биздан бахтлироқ.

 

Роҳат деганда доимий жисмоний ҳаракат, овқатнинг яхши ҳазм бўлиши ва томирлардаги қоннинг бир текис, равон айланиши тушунилади. Усталар шу роҳатдан насибадор.

 

Сиздаги моддий ҳашамларнинг биронтаси усталарда йўқ. Усталар кўнглидаги хотиржамлик эса сизга бегона.

 

Усталар деганда, бугун девор урадиган, эртага ариқ ковлайдиган, индинига терак бутайдиган чорҳунарларни назарда тутяпман. Қурмағурлар дунёнинг серваҳм сиёсатига қизиқмайди, сўм, рубль, доллар ёки лиранинг қадрсизланиши билан ҳам иши йўқ.

 

Нега мен усталар каби хотиржам яшаёлмайман, уйқумда ҳаловат йўқ экан-а?!

 

Суқрот – мот

 

Аҳмоқона савол бериб ҳатто донишманд Суқротни ҳам бемалол мот қилса бўлади. Файласуфдан “Сиз ватан учун нима фойдали иш қилдингиз?” деб сўрайсиз. “Донишманд эдим, одамларни эркин яшашга, осмондаги юлдузларга сиғинмасликка даъват этдим”, деб жавоб беради у. “Сизнинг фалсафангиз кишиларга нақд фойда келтирдими, масалан, даъватларингиз сабаб камбағалнинг қозонига кўпроқ гўшт тушдими? Ёки иккита нонни қўлтиққа қисиб бирон бева-бечорани йўқлаганмисиз?” дея яна саволга тутасиз ва қарабсизки, Суқрот мот бўлибди!..

 

Шовқин

 

Бир вақтлар ўзбек совет шоир-адибларининг 1020 томли тўлиқ асарлар тўплами нашр қилинган. Бугун ўша ёстиқдек тўпламларнинг айримлари бутунлай йўқ бўлиб кетди, улардан жой олган асарларнинг аксари тамоман эскириб, ижтимоий ва бадиий қимматини йўқотди.

 

Улуғ файласуфлар айтганидек, ҳар қандай даврда шовқин ва кўпик ҳукмрон бўлади. Кўпикнинг кўкрагига орден тақилади, шовқин хизмат кўрсатган донишманд деб кўкка кўтарилади. Вақт ўтиб ҳар иккиси йўқлик қаърига чўкади ва асл ҳақиқат юзага чиқади.

 

Истеъдод ва истибдод

 

Инглиз адиби Жорж Оруэлнинг “1984”, “Молхона” асарларини ва ижтимоий-адабий мавзудаги мақолаларини, адашмасам, 1994 йилда ўқиган эдим. Ўшанда сиёсий тоталитаризмнинг анатомиясини ва бундай тузумда яшаётганларнинг бахтсизлигини тушуниб етган эдим. Айниқса, “1984” романи яқиндагина қулаган Совет Иттифоқининг бадиий ифодасидек туюлган эди.

 

Тоталитаризм – шахснинг энг катта душмани, у инсондаги мустақил фикр, нарса-ҳодисаларга хусусий ҳиссий-эмоционал муносабатни бутунлай инкор этади. Катта оғалар сизга олдиндан нима яхши, нима ёмон, нима оқ, нима қоралигини қатъий белгилаб беради. Агар сиз белгиланган чегарадан чиқсангиз, тамом, ё қамаласиз, ё жиннихонага ташланасиз. Тоталитаризм инсоннинг ижодий ва инсоний қобилияти юзага чиқишига йўл қўймайди. Истеъдодингиз ичингизда чирийди. Бутун жамият якранг шеър, ҳикояни ўқийди, якранг қўшиқ, мусиқани тинглайди. Бутун жамият ўзи каби бандани илоҳ даражасида улуғлайди. Тоталитаризм – фикр ва ҳис-туйғулар қамоқхонасидир.

 

Синган “ҳақиқат”

 

Мутлақ ҳақман деган оҳангда ёзмаслик керак. Ҳар доим ҳақман дейиш, донишмандлар эътирофича, ақлнинг чегараланганидан далолат. Дарвоқе, қуриган дарахт шамолдаям эгилмай “ҳақман” деб тураверади ва оқибатда... синади.

 

Ҳаёт – рўё

 

Уйимда газ яхши ёняпти, чироқ ўчмаяпти. Чўнтакда пул бор, касалликлар ҳам чекинди ҳисоб. Лекин кўнгилнинг тубида ташқарига чиқолмай қийналаётган, сўзга айлана олмаётган зерикиш, сиқилиш ва кучли изтироб бор.

 

Ҳаётим тушга ўхшаб туюляпти. Ҳатто Раҳмат деган исмим ҳам тушдаги исмим, асл исмим бошқа – билмайман, уйғонсам билиб оларман. Лекин уйғониш қийин бўляпти-да, тиришиб ҳам уйқудан туролмаяпман. Ростдан, ҳаётим туш деган хулосага келяпман.

 

Хўш, ўзим қаердаман? Асл ҳаётим қаерда, қай ўлка, қайси сайёрада кечяпти – шуни билолмай ҳалакман. Эҳтимол, жаннатда ухлаб қолиб, ер юзини туш кўраётган ва асл ҳаёт шу деб ўйлаётгандирман. Лекин бунақа оғир туш кўришдан росаям зерикдим. Адолатсизликлар урчиган сайёрани ҳам туш кўраманми?! Ошиғич уйғониш керак! Бошқа олам, бошқа одам тузмак керак, дермиди Навоий...

 

Ер юзидаги ҳаёт, асли, рўёдир. Кўпчилик асл ҳаёт деб бемалол яшаётир, мен эса унинг тушлигини билиб бўлганман.

 

Йўл белгилари

 

Фикрлаш ҳам машина йўлига ўхшайди.

 

Машина йўлидаги белгилар фикр йўлида ҳам бор: тезликни оширма, ножўя қувиб ўтма, хавфли бурилиш, мактаб яқинида тез юрма ва бошқалар.

 

Ҳайдовчи йўл белгиларига риоя қилса ҳалокат хавфи камайганидек, фикрловчи кимса ҳам фикр йўлидаги кўзга кўринмайдиган чеклов-белгиларга итоат этса, боши омон бўлади. Фикр йўлида ҳам, машина йўлида ҳам тезликни оширган, қоидаларга риоя этмаганлар ҳалокатга маҳкумдир. Ҳар икки жабҳада тезликни оширганлар, белгиларга риоя қилмаганлар балога қолади.

 

Танқид

 

Хусусий мулк дахлсиз бўлмагунича, монополия йўқолмагунича, кўчаларда дорихоналар камаймагунича, мактаб дарсликларини чаласаводлар ёзишни бас қилмагунича, “суперконтракт” йўқ бўлмагунича, таълим ва тиббиёт тизимида коррупцияга барҳам берилмагунича, Тошкент шаҳри ҳавоси тозаланмагунича, ҳокимлар порага тўймагунича, бировга илмий иш ёздириб олим деган номга эга бўлаётганлар фош этилмагунича, метангазга навбат тугамагунича, оломон кўча ва ариққа чиқинди ташлаш ёмон эканини тушуниб етмагунича, сувсиз ерларга кўчат экиш тўхтатилмагунича, ойлик маошим оиламнинг бир ойлик озиқ-овқатига етмагунича... капитализмни, бозор иқтисодиётини танқид қилавераман.

 

Ўтмиш – ортда қолмиш

 

Тараққий этмаётганимиз сабаби шуки, тафаккуримиз, диққатимиз, онгимиз ўтмишда адашиб юрибди. Биз асосан яқин ўтмишни ёмонлаш, сўкиш, қоралаш билан бандмиз. Фикр ўтмишда улоқиб юрар, қувватини ўтган ҳодисаларни титкилашга сарф этар экан, қандай қилиб олдинга силжиймиз?! Ўтмиш ортда қолган ҳодисалардир, уни ўзгартириб бўлмайди. Фикр бугунга қаратилсин, шу кунни таҳлил қилсин, келажакдан баҳслашсин. Вассалом. Кучимиз, ақлимизни илм-фанни тараққий эттиришга сарфлайлик. Бошқа нажот йўли йўқ!

 

Раҳимжон РАҲМАТ

 

“Tafakkur” журнали, 2024 йил 1-сон.

“Хотиржамлик, қайдасан?..” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//