«Ўзим ҳақимда кўп вайсаб юбордим. Кел, энди сенга ўтайлик. Мен ҳақимда сен қандай фикрдасан?» – Нарцисларни танийсизми?


Сақлаш
11:33 / 29.05.2024 402 0

«Она, сиз учун ҳеч қачон етарлича яхши фарзанд бўла олмайман…ёки бу нотўғрими?» Китоб дебочаси шундай бошланади. Доктор Карл Макбрейд қаламига мансуб «Бўш ойна» асари нарцистик шахс бузилишига чалинган инсонлар билан муносабатда бўладиган, яқин биродари нарцисс бўлган инсонлар ўқиши тавсия этиладиган китобдир.

 

Онамиз билан ўзаро муносабатларимиз биз дунёга келишимиз билан бошланади. Ҳаётининг илк нафасини олишимиз биланоқ, ҳимоя ва меҳрга муҳтожлигимиз сабаб унга боғланамиз. Унинг қорнида ва туғруқ столи устида биз бир бутун инсонга айланамиз. Шу аёл, бизнинг волидамиз, аслида у ким бўлишидан қатъий назар, бизни ҳаётга келтиради. Туғилган пайтимиздан бошлаб, у билан бўлган алоқамиз бутун умрга татигулик психологик юк яратади.

 

Ушбу китоб бир неча йиллик тадқиқотлар самараси ва баъзи ҳақсизликларни сезиб турса-да, уларни тушуна олмаган жажжи қизалоққа тўғри руҳий йўлланмадир. Китоб муаллифи бу ҳақида шундай дейди: «Бошдан кечирганларингизда заррача бўлса-да, онангизни айбламоқчи эмасман. Бу йўлга ғазаб, гина-адоват ва аламзадаликларни ортиб юриш учун эмас, балки, ўзлигимизни англаш учун отландик. Мен жабрдийда инсонлар борлигига ишонмайман. Биз ўз ҳаётимиз ва ҳис-туйғуларимиз учун фақат ўзимиз жавобгармиз».

 

Нарциссизм ўзи нима?

 

«Руҳий бузилишларга оид ташхис ва статистик қўлланма» (ДСМ) нарциссизмни 9 белги асосида таърифлайди. Америка Психоаналитик Ассоциацияси томонидан қарийб 1,5 миллион америкалик аёлларда нарциссистик бузилиш борлиги аниқланган. Бундан ташқари, клиник даражага етмаган нарциссизм ҳам кўп учрайди, бу унинг нақадар кенг қамровли муаммо эканини кўрсатади. Аслида, ҳар биримизда бундай иллатларнинг у ёки буниси бўлиши мумкин, спектрумнинг қуйида қолганлар буткул соғлом деб баҳоланади. Спектрумда юқорига кўтарилган сари, муаммолар ҳам шунга яраша орта бошлайди.

 

Нарцистлар:

 

1.     Ўзининг қадр-қиммати юқорилигига шак-шубҳасиз ишонишади. Мисол учун, ютуқлари ва қобилиятлари ҳақида кўпиртириб гапиришади. Буюклигини бошқалар ҳам тан олишини кутади. Оддий мисол. Она фақат ўзи ва ўзининг бошидан ўтган воқеалар ҳақида тинимсиз вайсайди. Қизини эса сира тингламайди.

 

2.     Улар чексиз ютуқлар, ҳашамат, куч-қудрат, гўзаллик ва идеал севги хаёлларида сузиб юришади. Мисол учун, уй бекаси бўлган аёл ўзининг таниқли мижозлари кўплигидан ҳадемай ўзи ҳам машҳур бўлиб кетишига ишонади.

 

3.     Ўзининг яккаю ягоналиги ва ноёб инсон эканлигига, уни фақат юқори савияли инсонларгина тушуна олишига ва фақат шундай одамлар билан муносабат қура олишига ишонишади. Масалан, она ўз оиласидагиларни кечки овқатга ресторанга олиб боради ва у ердаги ходимларга ўз қулидай муомала қилади.

 

4.     Одамларни ҳайрон қолдиришга ўзида муҳтожлик ҳис қилади. Оддий мисол: сиз учун қилган ҳар бир ишида сиздан илтифот, мулозамат ва мақтов кутади.

 

5.     У ўзини олий мартабага лойиқ деб ҳисоблайди. Мантиқсиз умидларга берилади. Унинг талаблари зудлик билан бажарилишини истайди. Ўзини навбатда туриб кутишга тенг кўрмайдиган одамлар бунга мисол бўла олади.

 

6.     Суиистеъмол қилади ва бошқалардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланади. Оддий мисол. Ўз мақсадларига эришишига ёрдам берадиган одамларни излайдиган аёл/эркак.

 

7.     Атрофдаги инсонларга ҳамдардлик билдира олмайди (эмпатия қура олмайди). Бошқаларнинг эҳтиёжларини тушуниш ва ҳис-туйғуларига шерик бўлишни хоҳламайди. Мисол, қизи айтиб бераётган ҳар бир ҳикояга аралашиб, уни тузатадиган она.

 

8.     Бошқаларга ҳасад қилади ва одамлар унга ҳасад кўзи билан қарашига ишонади. Масалан, ҳеч қачон дугонаси бўлмаган онанинг «Аёллар менга ҳасад қилишади» дейиши мумкин.

 

9.     Ўзини ҳаммадан юқори ҳис қилади, яъни кибрга берилади. Мисол учун, фарзандига камбағал болалар билан ўйнашга рухсат бермайдиган она.

 

Қисқача айтганда, нарцистлар эмпатия ва меҳр кўрсатишга ожиз инсонлардир. Улар гўёки, хаёлий бир ҳислар дунёсида яшаётган инсонларга ўхшайдилар ва ўзларига ҳаддан ташқари бино қўйишади.

 

Китобдан айрим иқтибослар:

 

Жамики ҳаёт, бутун инсоният тарихи инсон танасида жонланади. Мен мени ичида кўтариб юрган аёлни яхши танийман».

 

«Ўзим ҳақимда кўп вайсаб юбордим. Кел, энди сенга ўтайлик. Мен ҳақимда сен қандай фикрдасан?»

 

«Нарциссистик оила кўпинча ичига қурт тушган қирмизи олмага ўхшаб кетади. Токи, олмани тишлаб ейишни бошлаганда қуртни кўрмагунингча, ташқаридан бекаму кўст кўринади. Олманинг қолган қисми ейишга яроқли бўлиши мумкин, лекин уни ейишга ортиқ иштаҳанг бўлмайди».

 

«Неча йиллардир қаёққа бормай ҳаётимга оғу соладиган қаттиқ танбеҳлар мени тинчи қўймайди. Нимани уддаламай, қанча ҳаракат қилмай, бир ёнда улар ҳам бу ишга мос эмаслигимни ва ҳеч қачон яхши бажара олмаслигимни айтиб туришарди».

 

«Биз ўзимизни севмас эканмиз, ўзимизни бошқаларнинг меҳр-муҳаббатига ҳам нолойиқ кўраверамиз».

 

Азиза ПЎЛАТОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//