
Тилда миллатнинг сийрати, тафаккури ва маънавияти акс этади. Аждодларимиздан мерос бўлган она тилимизни асраб-авайлаш, софлигини сақлаш, ривожлантириш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Аммо тараққиёт ўзанида турли технологиялар билан бирга янги атамалар, сўзлар ҳам тилимизга тўхтовсиз кириб келмоқда. Бу табиий жараён. Бироқ ҳар бир янги сўз ёки атамани баъзан шундайлигича қабул қилишдан олдин она тилимиздан муқобилини излаб кўришимиз керак.
Биз ушбу рукнда эътиборни шунга қаратамиз. Четдан кириб келаётган сўзларнинг ўзбек тилидаги муқобилини тавсия қилиб кўрамиз. Бу фалон ажнабий сўз ўрнига албатта тавсия этилаётган сўзни қабул қилиш шарт дегани эмас. Балки мулоҳаза қилиб, ўйлаб, фикр юритиб, сўнг тўғри келса, ўзини оқласа, ўз сўзимизни ишга солиш учун тавсия деганидир.
Бундай таклиф ва тавсияларни журналхонларимиздан ҳам кутиб қоламиз.
Таҳририят
Тилимизда кўп ишлатилаётган ажнабий сўзларнинг биринчи ўнлиги
1. Чат – инглизча сўз бўлиб, «суҳбатлашмоқ» деган маънога эга. Бугунги интернет майдонида чат деганда икки киши ёки гуруҳлар ўртасида жонли (онлайн) хабар алмашиш тушунилади.
2. СМС – Short Message Service (Қисқа хабар хизмати) сўзларининг бош ҳарфларидан олинган. Мобил қурилмалар орқали жўнатиладиган матн кўринишидаги кичик хабар.
3. Флешка — инглиз тилидаги flash (лаҳза, чақнаш) сўзидан олинган. Оғзаки нутқда флешка деб нотўғри қўлланади. Аслида USB-сақлаш қурилмаси маъносини билдиради.
4. Вай-фай – инглиз тилидаги Wireless Fidelity сўзларининг қисқартма шакли. Wireless Fidelity ўзбек тилида «симсиз содиқлик» деган маънони билдиради.
5. Пиар – инглизча public relations сўзларидан олинган бўлиб, «жамоат билан алоқалар» маъносини англатади. Қисқа шаклда PR ёки пиар деб қўлланади.
6. Виртуал – тарихан лотин тилидаги virtualis сўзига бориб тақалади. Инглиз тилида virtual деб қабул қилинган, ўзбек тилида ҳақиқий, номинал эмас, бироқ ҳақиқий деган маъноларни билдиради.
7. Диск – электрон маълумотларни сақловчи восита.
8. Аккаунт – маълум бир электрон ресурсларга кириш учун имкон берувчи тизим.
9. Юзер – инглизча user сўзидан олинган бўлиб, фойдаланувчи деган маънони билдиради.
10. Фаст-фуд – инглизча сўз бўлиб, тез тайёрланадиган таом демакдир.
Филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Абдушукуров тавсия этади:
Чат – сўзлашув деб айтиш мумкин. Бу сўз туркман тилида söhbetdeşlik, турк тилида sohbet деб қабул қилинган.
СМС – хабар дейилса маъқул. Қозоқ тилида қысқаша хабар қызметі, қолган туркий тилларда СМС тарзида қўлланади.
Флешка – сақлаш қурилмаси десак тўғри бўлади. Ёки сақловчи қурилма. Қозоқ тилида флэш-диск, турк тилида flaş sürücü, озарбайжон тилида fleş kart деб қабул қилинган.
Вай-фай – симсиз алоқа деб тавсия қилиш мумкин. Қозоқ тилида сымсыз дәлдик, қолган туркий тилларда вай-фай деб қабул қилинган.
Пиар – тарғибот (ёки ташвиқот) сўзи пиар ўрнини босиши мумкин.
Виртуал – масофавий алоқа деган маъқул.
Диск – диск. Барча туркий тилларда шундай.
Юзер – фойдаланувчи (уланувчи) десак тўғридир.
Фаст-фуд – тамаддихона сўзини ишлатиб кўриш керак.
Аккаунт – ижтимоий саҳифа деса ҳам бўлади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зуҳриддин Исомиддинов тавсия этади:
Чат – менимча, уни бирон ўзбекча сўз билан алмаштириш шарт бўлса, чақчақ десак бўлар.
СМС – СМС деб қолдираверишга тўғри келади. Барча тушунчаларга ўзбекча муқобил топиш мушкул.
Флешка – шакли ва ҳажми зажигалка каби бўлгани учун унга ўхшатиб шундай аталган. Бироқ бугун уни чақмоқтош десак бошқа нарса тушунилади, шу боис флешканинг ўзи тузук.
Вай-фай – аслидагидай қолдирилиши керак.
Пиар – эронликлар уни «робитаи умумий» деб ўгиришган. Ўзбекчада янги қисқартма сўз ясаб, ижтал (ижтимоий алоқа) дейишни ўйлаб кўрса бўлади.
Виртуал – сўзлашув нутқида «мажозий» деган маънода ишлатилади. Шунга кўра «виртуалный мир»ни мажозий дунё деб таржима қилиш мумкин.
Диск – диск – дискдир
Юзер – бу сўзни тожиклар корбар деб беришган. Бизда унинг муқобили топилмаган. Башарти мижоз деб берсак, мижознинг «клиент» қабилидаги бошқа маъноси ҳам бор.
Фаст-фуд – эҳтимол, буни тамадди калимаси билан алмаштириш мумкиндир. Чунки тамадди ҳам қисқа муддатда (бемалол эмас) овқатланишни англатади.
Аккаунт – гарчи озарбойжон тилида “ҳисоб”, деб берилган бўлса-да, бу сўзнинг техникавий атамага айланиши даргумон, бизнингча. Қолавергани тузук.
Бахтиёр Абдушукуровнинг мавзу бўйича мулоҳазалари:
Тилнинг луғат таркиби ривожи маълум қонуниятларга асосланади. Сўз бойлигида даврлар ўтиши билан ички ва ташқи омиллар таъсирида ўзига хос ўзгаришлар юз беради. Ўзлашма лексема бирор янги тушунча ва хабарни англатса, у ёки бу маънони ташиш хусусиятига эга бўлсагина тилга қабул қилиниши мумкин.
Абдурауф Фитрат айтмоқчи, ҳар бир тилнинг бойлиги у тилдаги сўзларнинг кўплиги, ясалиш кенглиги (ундириш кенглиги), боғланиш имконияти, қоидаларининг мукаммаллиги билан ўлчанади. Ўзбек тили буларнинг ҳар учаласи бўйича ҳам араб ва форс тилларидан қолишмаслиги, айрим ўринларда улардан устун келишини таъкидлайди. Ўзбекча муқобили бўлмаган араб ва форс сўзларини ўзбекчалаштириш асосида, яъни ўзбек тили фонетик ва грамматик хусусиятига мослаштириш асосида қабул қилишни тавсия этади: «Ҳозирги сўзларимиздаги арабча, форсчалардан бир нечаси учун туркча топилмайдир десангиз тўғридир. Биз ҳам уларни чиқармоқчи эмасмиз. Уларни олурмиз, лекин ўзимизники қилурмиз. Туркийлаштирамиз. «Қоида»нинг туркчаси йўқдир. «Сарф»нинг-да туркчасини тополмадик. Иккисин дағи олурмиз. Лекин сиз каби «қовоиди сарфия» демасдан, «сарф қоидалари» дермиз». Натижада ўша даврдаги айрим ўзлашмалар ўрнида ўзбекча муқобиллари қўллана бошлади: сезонник – кўчманчи, листовка – қоғоз, крепост – қўрғон. Шунингдек, атамалар калка усули билан сўзма-сўз таржима қилинди: чернорабочий – қора ишчи, самосуд – ўзбошимча, лошадиная сила – от кучи, фалшивая монета – ёлғон оқча.
Кўринадики, бизда бошқа тиллардан сўзларни қай тартибда қабул қилиш анъанаси мавжуд. Қолаверса, ўзлашмаларнинг тил тизимига сингиб кетиши маълум шароит ва омилларга боғлиқ. Шу маънода, янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилларини яратиш ҳамда бир хилда қўлланишини таъминлашда ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш муҳим саналади. Бунда, биринчи навбатда, қадимий битиклар, манбалар, шевалардаги атамалар, эл адабиёти бўлган достонлар, эртаклар, мақоллар, қўшиқ ва лапарларда акс этган сўзларимизга мурожаат қилишимиз зарур. Айни пайтда, бу борадаги хориж тажрибасини ҳам эсда тутишмиз керак. Энг асосийси, тавсия этилаётган ёки муомалага киритилаётган сўзлар нафақат мутахассислар, зиёлилар, шу билан бирга, кенг жамоатчилик томонидан эътироф қилиниши даркор. Шундагина кўзланган мақсадга эришилади.
Узун сўзнинг қисқаси, миллий маънавиятимизнинг ўзаги, халқимиз мавжудлиги ва тириклигининг белгиси ҳисобланган, шунингдек, бугун бизнинг кимлигимизни бутун жаҳонга намойиш қилаётган бой тилимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз, унинг софлиги, келгусидаги тақдири учун қайғуришимиз лозим. Зеро, давлат тилига эҳтиром она Ватанга эҳтиромдир.
Зуҳриддин Исомиддиновнинг мавзу бўйича мулоҳазалари:
Абдулла Қаҳҳорнинг «Сароб» романида Муродхўжа домла деган персонаж бор. Бой, тадбиркор одам. Бунинг устига, тил фидойиси. Ўзбек тилининг равнақи учун жонини беришга тайёр. Гарчи Муродхўжа домла асарда салбий тип қилиб тасвирланган бўлса-да, тил борасидаги жонкуярлиги ибратомуз: «У... ўзбек тилида софликни сақлашни севарди, ҳатто самовар ўрнига ўзиқайнар, электр ўрнига симчироқ деб сўз тўқиб юрарди. Соф тил ўргангани ҳар замон қишлоққа чиқарди».
Диққат қилсангиз, ана шу одам ўтган асрда миллатчи деб қораланган маърифатпарварлардан бири эканига амин бўласиз. Гарчи ўзиқайнар, симчироқ каби топилмалари кейинчалик қабул этилмаган бўлса ҳам, элдан сўз ўрганиши, сўз олиши шунчаки бир ҳавас эмас, тўғри илмий тадқиқот эди.
Юз йилдан ошди, тилимизга русча-европача сўзлар жадал кириб келаяпти. Агар ўша Муродхўжа домла каби кишилар бўлмаса, ўзбек тили аввалги жозибасини йўқотиб, луғавий бир бўтқага айланиб қолган бўлар эди. Бугунги кундаги кучланиш, қаршилик, чўғланма лампа, ёруғлик тезлиги, ички ёнув двигатели каби юзлаб сўзлар ўрнида напряжение, сопротивление, лампа накаливания, скорость света, двигатель внутреннего сгорания каби ифодалар тўлиб-тошиб кетарди. Бошқирд адиби Мустай Карим «Советлар Россиясында крестьянлар положениеси» деб номланган бир мақолани кўрганини афсус билан қайд этган эди.
«Қизил Ўзбекистон» газетасида ишлаётган пайтида ёзувчи Саид Аҳмад «топливо»ни «ёқилғи», «горючее»ни «ёнилғи» деб ўгирганди. Бу калималар бугун луғатимизда муқим ўрнашган. Шоир Муҳиддин Омон «приоритет»ни «устувор» (приоритететные задачи – устувор вазифалар), «ценность»ни «қадрият», «конкурентоспособность»ни «рақобатбардош» (сейсмостойкость – зилзилабардош) дея чиройли таржима қилиб, тилимизга олиб кирди.
Кейинги ўттиз йилдан бери компютер, интернет ва ижтимоий тармоқлар дунёни забт этди. Шу тармоқнинг ўзи сингари мураккаб янги сўзлар жаҳоннинг юзлаб тилларига кириб бордики, буни кўрмаслик учун кўзни юмиб олишнинг фойдаси йўқ. Журнал таҳририяти турмушда кенг қўлланаётган бу соҳанинг ўнта атамаси юзасидан фикр сўраб, рўйхат юборибди. Аммо шуни таъкидлаш керакки, бу рўйхатни кўздан кечираётиб, бир маҳаллар таржимон дўстларимиз билан компютер техникаси ва иш принципини ўзбекчага ўгиришга уринганимиз ёдимга тушди. Ўшанда иш охирига етмай қолганди. Етиши даргумон ҳам эди, чунки озчилик эдик, бунинг устига, тил билгичларимиз бу янги техника дунёсини тузук-қуруқ англамас, «физик»лар эса тил табиатини ҳис этмай, бузиб ўгиришга мойил эди.
Бугунга келиб, компютер ва интернет атамалари ўзи бутун бир лисоний дунё бўлиб қолди. Уни ўзбекчалаштиришдан кўра дунёнинг нариги четидаги бирон қабиланинг тилини ўрганиб, гапини таржима қилиш осон назаримда. Нимани таржима қилса бўлади, нимани эса аслидагидай қолдириш маъқул, бу жуда нозик, олий математикадан ҳам мураккаб, нафақат ақл, балки кўп ҳолларда шуур билан белгиланадиган нарса. Шунинг учун бу гапларни шахсий мулоҳазалар деб қабул қилсангиз.
Албатта, тил – бепоён бир воқелик. Эҳтимол, вақти келиб бу атамаларнинг ўзбекча муқобиллари ҳам чиқар. Ахир ҳалитданоқ шу соҳага тааллуқли «канал»ни «ўзан», «фейсбук»ни эса гўзал бир шаклда «файзбоғ» деб аташаётир-ку?
Энди шу атамалар ва уларнинг таржимаси баҳонасида яна бир гапни айтиб ўтайлик. Компютер, ноутбук ва телефонимиз экрани панелида асосан рус тилидаги кўрсаткичлар бор: файл, правка, вид, формат, сервис, таблица, окно, справка... Улардан ҳар бирини очсангиз, ичидан яна юзлаб ички дарчалар очилиб, яна русча кўрсаткичлар бодраб чиқа беради. Масалан, «файл»ни очиб боқайлик: создать, добавить таблицу, создать, открыть, закрыть, сохранить, сохранить как..., сохранить веб-странцу, поиск файлов, разрешения, версии, предварительный просмотр веб-страницы, параметры страницы, печать, отправить, свойства, выход... Ва буларнинг ҳар бири ичидан яна болачалари, невара-ю эвара, панневаралари чиқиб келаверади. Бизда ахборот майдонини ҳам, ахборот техникасини ҳам имкон қадар ўзбек сўзлари билан бойитиш она тилимизнинг нуфузига, мустақиллигига наф келтиради. Ахир ҳозир ахборот замонида яшаётибмиз-ку!
Япония ё Италияда бу нарсалар русча бўлмаса керак-ку деб савол берсам, компютер билгичлари ҳар бир юртда ўз тилида бўлади, аммо ўзбекчага ўтказиш учун «Майкрософт» компаниясига қанчадир пул тўлаш лозим деган гапни айтишувди. Албатта, тежамкорлик яхши. Бироқ бугун Ўзбекистонда камида бир миллион одам компютерда ва камида ўн миллион одам телефонида хорижий тилдаги сўзлар ва ёзувлар орқали иш олиб бораётган экан, бир сўмни тежайман деб ўн сўмни бой берган киши ҳолига тушмаслигимиз керак.
Мен бир маҳаллар «Ҳар бир тил битта давлат тузиш салоҳиятига эга, бироқ дунёнинг энг қудратли давлатлари ҳам биронта тил барпо эта олмайди» деган гапни ўқиган эдим. Тилнинг қудрати шунда. Агар буни ҳар биримиз теран ҳис этсак, шунда бировларнинг фикри билан яратилган неъматлардан фойдаланувчи миллат бўлишни тарк этиб, фикрлайдиган, яратадиган миллатга айланамиз.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 1-сон.
“Эшиклар очиқ, лекин...” мақоласи
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ