Назарий манбаларда ҳикоянинг тарихий, замонавий, ҳажвий каби турлари ажратилади. Қайси мавзуда бўлмасин, давр руҳи, олам чархининг кескин айланиши, ижтимоий-маънавий тусланишлар синчков бадиий нигоҳнинг қисқа, микроскопик кузатувлари орқали ўз аксини топади. Ҳар қандай бадиий асар жамиятнинг оғриқ нуқталари, маънавий кемтикликлар жароҳатининг малҳами ўлароқ санъат майдонига келади. Инсоний фазилатларнинг камолотига соя туша бошлаганида, эзгу туйғулар оёқ остида қолиб, қадриятлар қадрсизланаётганида, сурат сийратдан аъло кўрилганида МИЛЛАТнинг МИЛЛИЙ неъматлари – аждодлар эъзозлаган миллий руҳ, азалий қадриятлар қутқаргувчи таянч вазифасини ўтайди.
Ёзувчи Холиёр Сафаровнинг бир қатор ҳикояларида шу каби муаммолар ўз аксини топади – асл ритуал анъаналаридан айролашиб кетаёзган инсониятнинг тиним билмас «тараққиёти» қаршисига ўтмишнинг дидактик картиналари хулоса манбаи сифатида кўзгу қилиб қўйилади. Мазкур ҳикоялардаги ўзига хос хусусиятлардан бири шуки, уларда мозийнинг ҳикмати, бугуннинг қиёфаси, келажакдаги кўргиликлар ўзаро қиёсланган шаклда китобхонни муаммо ечими томон етаклайди. «Сир», «Доғ», »Орият», «Бизнинг совчилар», «Ёмғир ёғмасайди» ҳикояларида «икки дарё» кокилин ювган келинчак» (H.Olimjon ташбеҳи) ўлканинг тасвири; миллати туркий, тупроқтабиат, эътиқоди самовий бўлган одамларнинг портрети қалам кашфи сифатида аксини топади.
Холиёр Сафаров ҳикояларининг аксарияти бир умумий жиҳати билан яхлит тизимни ҳосил қилади: инсониятни муқаррар кўргиликлардан огоҳлантириш, юз бераётган ғайритабиий ҳодисалардан хулоса чиқариш ҳамда аждодлар эътиқодию ўгитларига садоқат кўрсатиш. «Доғ» ҳикоясида бунинг бадиий исботига гувоҳ бўламиз. Музейда тўсатдан ер силкингандек бўлади, чироқ ўчиб қолади, атрофни зулмат қоплайди. Кутилмаганда Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий ва Али Қушчи сиймоси пайдо бўлади. Муаллиф Мирзо Улуғбек образи тилидан даврнинг дардларини дарс шаклида баён этади. Мазкур тарихий учлик замонавий учлик – профессор, меҳмон ва шогирд билан савол-жавоб қилади. Ҳар гал бизга замондош жамоа мулзам бўлиб қолаверади. Ушбу ҳолат орқали муаллиф илм-фан тараққиёти жадал ривожланган ХХИ асрга келиб ҳам инсоният ҳам дунёвий, ҳам руҳоний илмларда дид-савия нуқтаи назаридан анча орқалаб қолаётганини ифодаламоқчи бўлади. Мирзо Улуғбек ҳассасини ерга уриб, »Уйғон, аҳли Туркистон!» дейди. Биргина шу жумлада муаллиф назарда тутган бош ғоя акс этган. Сарлавҳа орқали киноявий тарзда маънавий фожиадан баркамолликка элтувчи маёқ-ёғду кўрсатилади. Ушбу маёқ парадоксал мазмунга эга бўлган «доғ» эди. Доғ – бу руҳият таназзули, ҳакалак отган нафс рамзи. Доғ – дидсизлик, ҳиссизлик белгиси; унда ўзликни унутаёзиш, энг хунуги, «мен»ни унутганликни сезмаслик фожиаси мавжуд. Чиқиш йўли ҳам айнан унинг ўзида: таваллою тавбалар орқали ўзликка қайтиш истаги манглайдаги доғ боисидан.
«Хизрни йўқотган одам» ҳикояси эса тонг ҳаловати билан бошланиб, одамзоту набототнинг безовталигига боғлана боради. Аввал уйғониш, сўнг янги кун шукронаси, ана ундан сўнг эса ҳикоянинг бош мақсади: тирикчилик юмушига шўнғиб кетиш, қайнаган бозор; «оркаш орадан чиқиб» сурбет савдогарга дакки бериши – буларнинг бари ҳаловатни, шунинг баробарида охиратни унутган оломон қиёфасини очиш; зиёсиз уйларнинг зим-зиё юракли каслари боис она табиатнинг Шохдор Она Буғу сингари юзсиз инсониятдан ранжиб узоқларга бош олиб кетиши каби масалалар қаламга олинади.
Бозор – оломон йиғилган бу оламнинг маҳшаргоҳи, унда на дўстни, на ёрни таниш бор. Тарозиларда инсонийлик нархга уриб сотиладиган оломонзор. Бу ерда ҳамма молини мақтайди, нуқсини айтгувчи бир жўмард йўқ. «Сув ичгинг келади, аммо сув ҳам пул» жумласи шамол эсса қиёмат қўпадиган бозор учун мос тасвир. Тўсатдан бозорда текинга сув тарқатадиган «яхшиликнинг гадойи» пайдо бўлиши нафс аҳлини безовта қилади. Нафс инсонийликнинг ёқасидан олади. Муаллиф айни шу ўринда жуда кўп мақолларни қўллай бошлайди, гўёки улар билан ўз фикрларини инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айлантирмоқчи бўлади: «Сув кўрмай этик ечма», «Ерни сув, одамни пул бузади»… Сувчи пайдо бўлиши билан бозор аҳли иккига ажралади: а) «савдонинг барори»ни ўйловчилар – булар жуда кўпчилик бўлиб, фоний оламга боғланган қатлам; б) «охиратнинг ташвиши»ни ўйловчилар – булар жуда-жуда озчилик бўлиб, боқий олам шайдолари қатламидир.
Ҳикоядаги сувчи чол образи яққол характер даражасидаги қаҳрамон бўлиб, жамиятга кўзгу тутиб, унинг фожиасини фош этувчи мавқейида гавдаланади. Айнан у пайдо бўлгач, бозорда «назоратчи»лар кўриниш беради: бозорқўм, милиция ходими. Энг қизиғи, бунга қадар улар асар воқеаларида қатнашмайди, муаллиф уларни зарур ўрин учун «асраб туради» ва жуда табиий бир усулда сюжетга киритиб юборади. Ҳикоядаги бозорқўм образи нафс буйруқчиси, милиция ходими эса манқурт ижрочидир. Уларга аҳли бозорнинг ўз тирикчилиги кўйида судралиб юришидан, буйруқларга сўзсиз амал қилишидан ўзга нарса керак эмас. Шу боис улар бозор оралаб қолган ИНСОНИЙЛИКни – сувчи чолни ўз чегараларидан ташқарига судраб чиқармоқчи, итқитмоқчи бўлишади: «Сув билан ўт келишмас» дейди муаллиф бу ҳолга. Маълумки, сув бу – имон, инсоф рамзи, ўт иблис тимсоли саналади.
Асарда қариянинг икки қиёфаси, умрининг икки қисми, икки олами акс этади:
1. Қария уч ўринда учта болага топишмоқ айтади, ҳеч бири жавобини тополмайди. Ҳикоянавис ушбу тасвир орқали уч марта турли хил қиёфада кўринган Хизрни танимаган чолнинг надоматини ифодаламоқда. Чол болаларда ўзини, «илжайиб, кўзини олиб қочиб… ўзини оломон ичига уриб кетган», зеҳни хира тортган ўсмирлар қиёфасида ўзининг Хизрни танимаган зиёсиз суратини кўради, беихтиёр ичидан бир нима узилгандек бўлади. Унинг додини тинглайдиган замон ўтиб бўлган эди. Қизиғи шундаки, учала топишмоқнинг жавоби ҳам «сув» эди. Шакли ҳар хил, аммо жавоби битта нарса эди. Хизр бобо ҳам сувчининг олдига уч хил қиёфада келади, сувчи «жавобини топа олмайди». Топишмоқ – ақл ўйини, тафаккур озиғидир. Унга жавоб тополмаслик авлоднинг саводсизлашиб кетаётганидан ҳам дарак.
2. Қария бозорда ноёб ҳодисага гувоҳ бўлади: озода кийинган кишини кўргач, кўзлари қувнаб кетади. Тоза кийимлик кишининг дили ҳам пок бўлиб, у чол кўришни, бўлишни истаган ўзининг « мен»идир. «Оқар сувнинг ҳароми йўқ. Лекин сен сўзингни юксалтир», жумласида «ҳаром» ва «юксалтир» сўзлари орасида гармония мавжуд, бироқ бу уйғунликда бадииятга бир қадар ёт бўлган, илмий ёки расмий матнларга хос саналган орттирма нисбат шакли «юксалтирмоқ» феълининг ингичка сояси мавжуд. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» 5-томида ушбу сўзнинг «ўрламоқ» (оловга нисбатан), «баландламоқ», «ўсмоқ», «камолотга етмоқ», «юқориламоқ» каби синонимлари келтирилади ва ҳар бири сўзнинг ўз ҳамда кўчма маъноларига қараб турлича ишлатилиши қайд этилади. Мазкур сўзларнинг бари ижод табиатига хос халқоналик хусусиятига эга.
Ҳикояга қайтсак: озода кийимлик шахс Хизрни танимаган сувчи чолнинг жонлик орзуси, бир вақтлар одамийлиги заиф тортган банданинг ички «мен»и. Бой берилган имконият умидсизлик уйғотмаслиги лозим, чунки ноумид фақат шайтон. Ҳикоядаги момо Ҳурбиби образи айни шу умид рамзи саналади: ёмғир сўради – ниятига етди: «Кўнгил кўнгилдан сув ичади».
Қария сувчи хом сут эмиб ўсган инсоният рамзи ҳамдир. Ҳа, биз аввал ҳақиқатларни англамас «бола» бўламиз, Яратганнинг бандасига юборган огоҳларини илғамаймиз, бой берамиз марраларни. Энг муҳими, «бола»ликдан озода йўлга томон юзлансак, бундан ўзга саодат ҳам, матлаб ҳам йўқ. Ҳикоядаги «янтоқ» ва «қурғоқчилик»; «озода» ҳамда «оломон» сўзларига асар ечимига томон етакловчи йўлбошчи – сўз вазифаси ҳам юкланган.
«Хизрни йўқотган одам» ҳикоясида нафақат инсониятнинг ахлоқий фожиаси, шунингдек, Туронзаминнинг яқин ўтмишда юз бериши мумкин бўлган глобал-табиий кўргилик(сув муаммоси)ларининг ҳам бадиий башорати мавжуд. Ретроспектив эпизодларга бой бўлган ушбу ҳикоя борасида баъзи танқидий мулоҳазаларимиз ҳам борки, асл мақсад миллат адабиёти яна бир гўзал бадиий мерос билан безанмоғи учун қилдек бўлсада, ҳисса қўшмоқ истаги сабаблидир. Жумладан, ҳикоя композициясида изчиллик сезилмай қолгандек. Сабабият ўрнини тасвирдаги зич шиддат эгаллайди. Буни фақат ҳикоянинг кўлами билан боғлиқ, деб баҳолаш шошилинч хулоса, назаримда. Шунингдек, ҳикояда мақоллар меъёридан ортиқ даражада қўлланган: ҳикматли жумлалар билан исботлашга уринишлар талайгина; ёмонни тасвирлаш учун унинг ёнига келиб буни бот-бот такрорлашга ҳожат йўқ. Бироқ ушбу жиҳатлар асарнинг ўқишли, нозик табиатига кўланка бўлолмайди.
Ижодкорнинг латиф табиати хусусида тўхталдик, шу ўринда бир-икки мисол келтирсак: асарнинг тили ўзига хос бўлиб, унда ёрдамчи сўзлар, хусусан боғловчи ва кўмакчи сўзларга жуда кам мурожаат қилинади, ҳатто «ва» боғловчиси умуман қўлланилмаган. Тушунтириш ўрнини кўрсатиш эгаллайди, кўрсатишда эса ретроспекция муҳим ўрин тутади. Умуман, насримизга миллий руҳни ўзгача йўсинда тасвирлаш усулини олиб кираётган, халқ оғзаки ижодининг билимдони, носир Холиёр Сафаров ижодининг бадиий сарҳадларидан тарихдан сабоқ олинг, миллат тақдирига эътиборсиз бўлманг, оломонлашувнинг аянчли оқибатларидан эҳтиёт бўлинг, келажакка томон қўйилган қадам бугуннинг тақдирию ўтмишнинг ҳикматлари билан чамбарчас боғлиқ эканини унутманг, деган огоҳлик ҳайқириғи, миллат келажагидан қаттиқ қайғураётган қаламнинг дардли фарёди эшитилиб туради; шууримизни тийрак, дилимизни уйғоқ бўлишга чорлайди. Шунингдек, ёзувчи ҳар бир ҳикоясини ёзиш олдидан ҳижжалаб фактлар йиғиши барча асарларида шундоқ сезилиб туради.
Халқимиз орасида «Хизр кўрган киши абадий бахтли бўлади», деган гап бор. Биз асарлари ҳақида фикр юритган умидли ижодкоримизнинг бош мақсади ҳам хизрсиймо образлари олами орқали инсониятга зиё-маърифат илинишдир. Маърифат эса бахтиёрлик учун энг муҳим таянч. Жадид боболаримизнинг улуғ мақсадларини ўз асарларида ўзгача бир услубда ифодалаётган ёзувчимизнинг ижодий ишларига муваффақият тилаймиз.
Камол ҲАКИМОВ
адабиётшунос
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ