Дераза – ойнадан ясалади. Кўзгу ҳам. Фарқи шуки, кўзгу ўзингни ўзингга кўрсатади.
Дераза эса ҳаммасини кўриб туради-ю, ўзини кўрмаганга солади... Кўзгуга кўпроқ қара!
Ўткир Ҳошимов
2001 йил 1 январь, мана шу кундан ХХI асрга қадам қўйдик. Шу кундан эътиборан (баъзи манбаларда 2003–2024 йиллар оралиғида, айрим тадқиқотларга кўра эса 1995 йилдан кейин) дунёга келганлар “Z” (zed) авлод дея аталади. Хўш, бунинг сабаби нима?
Асосий сабаб: “Оғир меҳнат ва моддий етишмовчиликда ўсиб-улғайган ота-оналарнинг фарзанди экинликларидир!”. Бу авлод вакиллари қадриятларининг шаклланиши қаттиқ сиёсий курашлар остида қолган, ҳудудларни қайта бўлиб олиш машмашалари авж олган, дунёнинг ахборот уруши томонидан маҳв этилган даврига тўғри келмоқда.
Мутахассислар бу авлод вакилларининг мамлакатлар иқтисодиётини янада кўтаришлари ва умуман кутилмаган, оламшумул ўзгариш қилишларига ишонишмоқда. Чунки индиго болалар, ғайриоддий иқтидорли, ўзига хос фалсафий дунёқарашга эга, ижодкор ва “қўлида гаджет билан туғилганлар” айнан Z авлодга мансуб.
– Ахборот оқимининг кучайиши ва уни олишдаги имкониятларнинг кенгайиши натижасида Z авлод вакиллари бирор касбни эгаллаш ёки бирор ишни бошлашдан олдин “Бу ўзидан аввалги даврда қандай бўлган ва ҳозирги вақтда қандай самара беряпти”, деган саволни ўртага қўйиб, таққослайди, – дейди Ёшларга ижтимоий психологик хизмат кўрсатиш маркази психологи Гулбаҳор Юсупова. – Ана ундан кейин хулоса чиқаради.
Болалигида қийинчилик кўп кўрган бугунги куннинг оила бошлиқлари моддий бойлик орттиришга зўр ғайрат билан киришиб кетганки, гўё пул тўпловчи ва тарқатувчи қурилмага айланиб қолишган.
Келинг, ота-оналарнинг ўзлари катта бўлган ва ҳозир фарзандлари улғаяётган оила муҳитини солиштириб кўрамиз! Илгари мактабга отланаётган фарзандга “Дарсинг қачон тугайди? Дарсликларингни олдингми? Чойингни ичдингми?” дейишган бўлса, бугун эса “Пулингни олиш эсингдан чиқмадими? Берилган пулни кўзингга қараб сарфла!” каби хитоблар билан кузатишади.
Кун якунида ишдан қайтган отанинг диққати телевизордаги футбол ўйинида, она эса бир қўлида капкир, бир қўлида телефон, дугонаси билан онлайн суҳбатда... Кечки дастурхон атрофида оила аъзоларининг суҳбати кун давомида ким қанча фойда кўргани, харажат қилгани, нима қилишса кам куч кетказиб, кўп пул топиш мумкинлиги ва “оиласи учун ишлаш керак бўлган вақтда ишлаб, уй-жой қилиш” кераклиги ҳақида бўлади.
Бугун уйдан мактабга деб чиқиб кетаётган болаларнинг аксарияти интернет кафелару кўнгилочар жойларда балоғат ёшидаги ўзгаришлар ва депрессияларни енгиш учун психотроп моддалар харид қилади. Баъзилар бунақа дориларни ичиш орқали имтиҳонга яхши тайёргарлик кўриш, асабларни тинчлантириш, диққатни жамлаш ва руҳий енгиллик ҳис қилиш мумкин, деган сафсаталарга ишониб, оқибатда соғлиғини жиддий хавфга қўядилар.
Арзимасдек кўринган психотроп воситалар ёшларни йўлдан адаштирадиган, соғлом ҳаёт тарзидан узоқлаштирадиган омилга айланиб боряпти. Уларда гиёҳванд моддалардаги каби ўзига ўргатиб қўйиш хусусияти бор. Бу эса ҳаётимизда гиёҳвандликнинг янгича кўринишини пайдо қилмоқда. Жорий йилда республикамизда психотроп моддалар таъсирида бўлган ёшлар иштирокида 1 млн 740 мингга яқин ҳуқуқбузарлик, 23 минг 440 та жиноят содир этилгани барчамизни огоҳликка чорлайди.
Қадрли ота-оналар! Энди бир ўйлаб кўринг-а, сиз кечаю кундуз ким учун тер тўкяпсиз? “Келажагингиз эгалари” қандайдир дориларга ёшлигини қурбон қилиб қўйиши мумкинлиги Сизни ташвишга солмайдими? Яхши ниятда олиб берган қимматбаҳо смартфонингиз ичидаги ўйинлар, фото ва видеолардан хабардормисиз? Телефонидаги коллексия фарзандингизнинг ёшига мосми, руҳий ҳолатини бузиб қўймайдими? Бир парча темир матоҳ учун укаси ё синглисига қўл кўтаришдан тоймайдиган тошбағирга айланиб қолганини сезяпсизми?..
Давронбек МЕЛИҚЎЗИЕВ,
Тошкен шаҳри Шайхонтоҳур тумани халқ таълими бўлими маънавий-ахлоқий тарбиялаш ва болаларни ижтимоий ҳимоялаш шўбаси мудири
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ