Адабиёт
Ҳаётдаги муаммолар илдизи доимо илмсизлик бўлган. Чунки фақат яхши билим, кенг дунёқарашга эга шахсларгина жамиятни тараққий эттиради. Шундай шахсларгина миллат шаънини баланд тута олади. Бугун бизни қийнаётган масалалар ҳам айнан илмсизлик, янаям аниқроғи, таълимдаги камчиликларимиз билан боғлиқ. Хўш, нега бизда юқори малакали кадрлар кам? Нима учун ёшларимиз ўқишга эмас, диплом олишга кўпроқ қизиқади? Умуман, билимсиз, дидсиз талабалар қандай пайдо бўлаяпти каби саволларга жавоб топиш учун педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев ва филология фанлари доктори, профессор Узоқ Жўрақуловни суҳбатга чорладик.
Боборавшан Ғозиддинов:
– Бизда қизиқ бир зиддият бор. Ишсизлик кўпгина ёшларнинг муаммоси. Доимий ишга эга бўлганларнинг ҳам аксарияти оддий ишчи ҳисобланади. Бу томондан қарасангиз, корхона, ташкилот раҳбарлари малакали кадрлар йўқлигидан нолийди. Кадрлар билан боғлиқ муаммога шахсан гувоҳ бўлганим учун айтаяпман. Бунинг сабаби нимада?
Қозоқбой Йўлдошев:
– Биз доим иш ўринлари йўқ деб билардик. Саволингиздан маълум бўлаяптики, бор иш ўринларига муносиб кадрлар ҳам етишмас экан. Бунинг сабаби ёшлардаги, балки бутун миллатдаги ўзини ҳаётга тайёрлай билмаслик иллатидадир. Болалар 11 йил мактабда ўқиётганида мен нега ўқияпман, эртага ким бўламан деган саволни ўзига камдан-кам беради. Тасодифан тўғри келса, кимдир қаергадир жойлаб қўйса, шунда давом эттираман деган ёндашув бор. Журналистикани битириб боради-ю, таҳририятда ишлашга тайёр эмас. Чунки ёшларнинг катта қисми билим эмас, диплом олиш учунгина ўқийди. Кун ўтарга юриш, ўзининг олдига аниқ мақсад қўя олмаслик эпидемияси ёйилиб кетган. Шунинг учун ҳам бир томонда ишсизлар, бошқа ёқда кадр етишмаслиги...
Ҳатто хориждаги ёшларимиз кўп ҳолларда малака талаб қилинмайдиган қора ишларни бажараяпти. Лекин миллат болалари қора ишчи бўлиб қолмаслиги керак. Бундан чиқиб кетишнинг биргина йўли бор: ҳар бир одам ўзининг савиясини юксалтирса, ўтирган жойида иш топади. Керак бўлса бошқалар учун иш ўрни яратади. Ёшларимиз ялқовликка барҳам бериб, ўз устида ишлаши, интеллектуал салоҳиятини кўтариши шарт деб ўйлайман.
Узоқ Жўрақулов:
– Боборавшан, сиз айтгандай иш ўринлари кўп деб ўйламайман. Ўзим эшитган-билган баъзи заводларга ишга кириш учун фалон сўм сўрашади. Биласизми, хорижда ишлаб юрганлар билан кўп гурунглашаман. Улар орасида ўттиз йилдан бери хорижда юрган тенгдошларим бор. Ёшим эллик етти-да! Улар билан дилдан суҳбатлашиб амин бўлганманки, умрининг энг гуллаган даврини уйдан узоқда қора меҳнатда ўтказиб, бундай юришдан безиб қолган. Лекин уй таъмирлаш, болаларини ўқитишга ўхшаган катта эҳтиёжлар сабаб мажбур юрибди. Агар яхши иш ўринлари етарлича яратилса, юртдошларимиз мустақил таълим олиб ҳам ўрганади.
Юқоридаги фикрга келсак, тўғри, яхши мутахассислар кўп эмас. Лекин билими, савияси яхши мутахассисларни ҳам баъзи корхоналарда қучоқ очиб кутиб олишмайди-да! Афсуски, таниш-билишчилик кучли. Бу барча соҳада бор. Буни энди очиқ айтмасак ва бунга қарши турмасак бўлмайди.
Қозоқбой Йўлдошев:
– Ҳатто фаррошларни пора эвазига ишга қабул қилмоқчи бўлганлар қўлга тушгани ҳақида расмий хабарлар берилди-ку!
Узоқ Жўрақулов:
– Тўғри айтдингиз, Қозоқбой ака! Фаррошки пора бериб ишга кираётган ҳолатда кадрлар етишмайди деган масала бироз баҳсли. Айни пайтда масаланинг таълимга бўлган муносабатимиз билан боғлиқ жиҳати ҳам борлигини инкор этмаймиз. Гап шундаки, ўзбекни интеллектуал ва бошқа жиҳатлардан орқага тортаётган жиҳат бизда олий маълумот олиш хўжакўрсинга айланиб бўлгани. Олтмиш-етмиш фоиз талаба мутахассис бўлиш ниятида эмас. Ўқияпти деган гап учун унверситетга ҳужжат топширади. Уларнинг харажатини қоплаш учун эса ота хорижда қора меҳнат қилади, она уйда мол боқади. Бу ҳам муаммонинг катта омили. Ёшлар ўз истаги билан, шу соҳада мутахассис бўламан деб келса, ўзгариш бўлади. Ана шундай ниятдаги кам сонли ёшларни ишга оладиган мард ҳам, иш ҳам етарли эмас. Инсон қадр топмаса, унинг интеллектуал даражасига яраша эътибор берилмаса, нажотни ташқаридан излаши табиий.
Ёшларнинг кўпи четда ўқиб, ўша ерда ишлашни орзу қилади. Лекин яна ўша гап: чет элда ўқиб ишлаяпти деган гап учун қизиқишади. Шундан каттароқ мақсадни мўлжаллайдиган ёшлар оз.
Боборавшан Ғозиддинов:
– Нега ёшлар фақат диплом олиш учунгина ўқийди? Бу иллат қандай пайдо бўлди? Ундан қандай қутулиш мумкин?
Қозоқбой Йўлдошев:
– Ёшлар онгидаги бу тушунчани қандай йўқотиш борасида таклиф бериш қийин. Сабабларини бир қадар айтишга ҳаракат қилишимиз мумкин. Гап шундаки, биз ўзимиз учун эмас, атрофдагилар учун яшаймиз. Ич-ичимиздан яхши бўлишга эмас, атрофдагиларга яхши кўринишга ҳаракат қиламиз. Меҳмон келганда зўр дастурхон ёзамиз, йигирма-ўттиз киши билан ўтказса бўладиган тўйни минг кишилик қиламиз. “Алпомиш”ни эсланг, Бойсари Қалмоққа йўл олганда ҳар тўхтаган жойида намойиш учун яшил ўтов ёптириб, тўп оттириб кетади. Шу илдиз бугун ёмон кўриниш олди.
Бизнинг даврда ёшлар ҳаддини, ўзининг даражасини билиб, олий мактабга ҳужжат топширишни ҳам ўйлаб кўрарди. Ҳозир эса омадим келса ўқийвераман деб ҳужжат топширади. Нима учун ўқишга киришим керак, бу орқали нимани амалга ошираман деган савол қўйиш йўқ. Ота-оналар ҳам диплом олиб қўй, бир кун керак бўлиб қолар дейди. Совет даврида одамнинг ўқуви эмас, ҳужжатга эгалиги муҳим эди, шу қараш бугун яна ҳам ёйилиб кетаяпти. Қизиғи, уддали одам яхши яшашини кўриб, билиб туришибди.
Нима қилиш керак? Менимча, миллатнинг ҳар бир вакилида ўзига ҳурмат туйғусини шакллантириш лозим. Оилада ўзимизча одоб деб атаб, ота-онага бетгачопар бўлмайдиган бола тарбиялашга ҳаракат қиламиз, лекин улардаги шахсликни синдириб борамиз. Биз ташқи эффектларга маҳлиёмиз, мактаб директори учун ўқувчининг формаси муҳимроқ. Аслида ўқувчининг қобилиятини, билимини форма белгиламайди. Лекин бизнинг педагогикамиз шунинг устига қурилган, билим бериш, шахс эркининг устига эмас. Имкон қадар талабга бўйсунувчи, қолипга тушувчи ўқувчилар яратишга уринилади. Шу стереотиплардан қутулиб, одамга бетакрор шахс сифатида қараб, шунга яраша муомала қилишим керак деган қараш шаклланиши лозим. Умуман, мактабда ўқувчига, олий мактабда талабага, оилада болага, ишда ходимга нисбатан шундай муносабат шаклланиши зарур.
Узоқ Жўрақулов:
– Мактабда ким бўласан деб сўрашганда, доим ўқитувчи бўламан деганман. Чунки муаллимларга ҳавас қилганман. Сабаби уларнинг фаолияти, яшаш-туриши шу ҳавасни уйғотадиган бўлган.
Талаб ва таклиф деган нарса ҳам бор. Бизда қайси соҳада кадрларга эҳтиёж борлигини билиш учун аниқ бир платформа йўқ. Касб танлолмай юрган ёшлар шунга қараб йўналиш олиши мумкин. Юқорида ўқитувчи бўлишни орзу қилиб мўлжал олганимни айтдим, бошқалар ҳам худди шундай кимгадир қараб мўлжал олган, масалан, бир синфдошим “началник” бўламан дерди.
Ҳозир олий таълимни битириб чиқаётганларни иш билан таъминлаш паст даражада. Дипломини сандиққа ташлаб, бошқа иш қилиб юрганлар қанча?
Фақат ўзбекларга хос эмас бу вазият, бошқаларда ҳам шундай. Бир ўрис қўшним бўларди, доим ичиб, бир бало бўлиб юрарди, лекин жуда ўқимишли, адабиётдан бемалол мен билан баҳслаша оларди, уйида ҳам китоблари кўп эди. “Нега шу салоҳиятинг билан бундай юрибсан?” деганимда, “Ўзимнинг интеллектуал даражамга яраша қадр кўрмадим” деган. Унинг хулосаси жуда қойилмақом эмасдир, лекин инсон тафаккурида шундай ҳодиса бўлади. Фақат миллий эмас, бутун инсониятга хос ҳодиса бу.
Боборавшан Ғозиддинов:
– Барибир мени “Кўпгина ёшлар нега шундай лаёқатсиз бўлиб қолди?” деган савол қийнайверади...
Қозоқбой Йўлдошев:
– Ҳозиргина шу саволга жавоб бердик. Яна такрорлайдиган бўлсак, бунинг сабабларини этник кодлардан қараш керак дедик. Кейин яна бир жиҳат, 1990-йиллардаги талотўплар вақтида бутун мамлакатда қиёмат бошланадигандай тала-тала авж олди. Ўзим ишлаган колхозда 50 дан ошиқ юк, 4 та енгил ва 28 та пахта терадиган машина, 600 дан ортиқ қорамол бор эди. Бир куни борсам, ҳеч нарса йўқ. Қаерга кетди десак, атрофдагилар билмаймиз дейди. Ўша вақтларда ўқийдиган, ҳалолликни ўйлайдиганлар четда қолиб, ким кўпроқ мол-дунё йиққан бўлса, шаллақи, уятсиз бўлса, ўшалар кўпроқ амалга келди. Болалар шуни кўрди. Узоқнинг идеали ўқитувчилар бўлгани каби, улар интилган одамлар юлғичлар эди. Шу давр, 1990-йиллардан бошланган авлод шафқатсиз реалист бўлди. Улар отамга ўхшай деб ҳам орзу қилмайди. Невараларим филолог эмас, менежер бўламан дейди. Чунки улар яхши яшар экан. Яъниким, жамиятдаги ҳолат болалар психологиясига таъсир қилган. Улар ўйлаётгани осон нарсалар, ўқиш эса энг оғир меҳнат.
Талабалар камида етти-саккиз миллион сўм пул тўлаб ўқимасдан юради. Нимага бораяпман, кун ўтиб кетаяпти деб ўйламайди. Ўйласа ҳам, энди қилолмайди, қўлдан бой берган бўлади.
Бугун мўлжал йўқолмади, у ўзгарди. Мана, Узоқлар ўқиб юрган даврда ҳам порахўрлик авж олган эди, кўпчилик нимага ўқиётганини билмасди. Лекин ҳар тугул адабий кечаларда залга одам сиғмай кетарди. Ҳозир Навоий тирилиб келибди, фалончи хонада ҳазрат билан учрашув бўлар экан деса, беш-олтита бола келади, холос.
Узоқ Жўрақулов:
– Биз айтаётган иллатларнинг илдизи анча чуқур. Бунинг учун фақат шўро даврини, мустақилликнинг маълум йилларини айблаб бўлмайди. Миллатимиз бошига қачон мустамлака зулми кела бошлаган бўлса, шундан бошланган булар.
Қозоқбой ака айтгандай, миллатимиз руҳияти ўзгарган. Афғонистонга бордик. Биз уларни эзилган, бечора деб билардик. Чунки шундай ўргатишган, кўрсатишган бизга. Лекин ўша ердаги ўзбеклар билан гаплашиб кўрганимда улардаги эркинлик, ўзбеклик, менлик руҳи баланд эканини кўрдим. Қодирий энг кир ва қора давр деб таърифлаган вақтда ҳам ўзбекнинг миллатлик руҳи баланд бўлган.
Илдизларни аниқ белгилаб олиб, руҳий рағбат берадиган нарсаларни ўйлаш керак. Жадидлар ҳам шу масалаларни кўп ўйлаган. Улар миллат улкан хато устида яшаётганини англаган ва саволларга жавоб излаган. Сиз билан биз гаплашаётган саволлар улар қўйган масалалар олдида анча кичик.
Фитратнинг “Темур сағанаси” пиесасидаги саҳналарни олсак ҳам, у образни тирилтириб ўша даврларда Туркистон, миллат қандай бўлганига жавоб беришга ҳаракат қилган. Улар миллат майдалашиб, руҳи синиб бораётганини билган. Жадидлар ўтмишдан шунчаки мақтаниш учун эмас, балки миллатнинг кимлигини кўрсатиш мақсадида фойдаланган. Ўша жадидлар давридаги ижтимоий одам бугунги ижтимоий одамдан анча баланд эди. Лекин улар шуни ҳам таназзул деб билган. Кўраяпсизми, миллат қандай бўлган! Ўзбекнинг ори, шахсияти бўлган, бемалол юрган, хоҳлаган жойда гапини ўтказган, ўзини кўрсатолган, лекин шу ҳам жадидларни қониқтирмаган. Бу миллат шонли тарихни бошдан ўтказган, шундай руҳга қайтиш керак деб ҳисоблаган.
Жадидларнинг қўлида маблағ, куч бўлмай туриб, катта ишлар қилишган. Оддий мисол, улар чиқарган дарсликларни олинг, ҳозиргидек эга-кесим, фалончи қачон туғилган деган нарсалар эмас, балки ёшларнинг биринчи навбатда ўзини англаши, жамиятда, дунёда қандай яшашини кўрсатолган дарсликлар бўлган.
Лоқайдлик авж олди. Юқорида Қозоқбой ака айтгандай Навоий тирилиб келиб учрашув бўлаяпти деса ҳам талабалар кирмайди. Уларни илмий конференцияларга мажбурлаб олиб келамиз. Оммавий маданият, интернет маданияти деган нарсалар авж олиб, жуда оғир бир аҳволга тушиб қолдик.
Боборашан Ғозиддинов:
– Миллий уйғоқлик учун нималар зарур бўлади?
Қозоқбой Йўлдошев:
– Миллатнинг уйғонган даври ҳам бўлди. Тил учун кураш кетаётган пайтда Сирдарёда ўқитувчи бўлиб ишлардим. Шунда тил ҳимояси учун Тошкентга келар эдик. Мен-ку филолог ўқитувчиман, алоқам бор. Лекин менга қўшилиб подачи ҳам, колхозчи ҳам – бир автобус одам келардик. Чунки ўша ошкоралик даврида одамга одам деб қараш бўлди. Кишилар ўзининг одам эканини, ўзининг гапи қаердадир эшитилишини, у билан ҳисоблашишларини билиб қолди ва бирдан уйғонди. Лекин ўшанда ҳам фойда изловчилар бор эди. Ўша пайтда одамлар узоқ вилоятлардан сиёсий партиялар, ҳаракатлар мажлисига ҳам келарди. Менам ўз сўзимни айтишим, кимдир менга ҳисоб бериши керак деган тафаккур шаклланганди. Одамга ҳурмат билан қарай бошланиши билан одам ўзгаради.
Узоқ Жўрақулов:
– Абдулла Ориповнинг мисралари бор:
“Мен буюк ҳикматга охир юз бурдим:
Сийланган жойида азиздир инсон”.
Боборашан Ғозиддинов:
– Ўқитувчининг обрўсини кўтариш мақсадида ҳозир яхши ҳаракатлар бор. Шу ўринда биз учун баҳсли мавзулардан бири ҳақида сўрамоқчиман. Ҳозир мактаб ўқитувчиси ўқувчига қўл кўтаргани учун омма олдига чиқиб узр сўраяпти. Сабабини сўрасангиз, ўқувчининг характерига умуман чидаб бўлмайди деган жавобни эшитасиз. Бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак? Ўқитувчи ўқувчини уриши тўғрими?
Қозоқбой Йўлдошев:
– Шахсни синдирмаслик керак. Қандай ҳолатда бўлса ҳам болаларни урмаслик керак. Анча йиллар олдин мактабда ўқитувчилик қилганман. Ўйласам, ўқитувчи эмас, “жаллод” бўлган эканман. Ҳамма ўқувчидан адабиётчи тайёрламоқчи бўлганман ўзимча, уриб ўқитардим. Ота-оналар ҳам индамасди. Фақат бир сафар милицияда қанақадир каттакон бўлиб ишлайдиган одамнинг боласини урганим учун мени қамаб қўйишган эди (кулади). Мактабда етти йил ишлаган бўлсам, намунали дарс ўтадиган ўқитувчи бўлиб танилганман. Комиссия келса ҳам менинг дарсимга киритиларди. Лекин ўша ўқувчиларим орасидан бирорта филолог шогирд чиқмади. Чунки мен бу қаттиққўллигим билан адабиётга нафрат уйғотганман. Бола ўқитувчисини яхши кўрса, фанни ўрганади. Агар ёмон кўрса, ўқимайди ва шу билан ўзича ўқитувчини жазолайди.
Узоқ Жўрақулов:
– Ким қандай вазиятда ургани ҳам рол ўйнайди. Бир марта сувга туфлаган пайтимда отам мени бир шапалоқ урган, кейин қайтиб сувга тупурмайдиган бўлдим. Вақт ўтиб билдимки, бу катта гуноҳ экан. Ўшанда отам шунчаки насиҳат қилганда эсимдан чиқиб, яна туфлаб юрган бўлардим балки. Ҳозир ҳам кимдир сувга беҳурматлик қилса, бирдан отамнинг шапалоғи эсимга тушиб, танбеҳ бераман. Яъни, ҳар қандай калтак ҳам шахсият синишига олиб келмайди. Ураётган одам уришга лойиқ ёки гапи билан амали бир одам бўлиши керак. Уриб ўқитишга лойиқ ўқитувчи борми-йўқми – гап шунда. Ўқитувчи ўзи амал қиладиган, ишонадиган гапни айтса, бола ишонади. Балки шу нарсани мушоҳада қилиб кўрмас, лекин ўқувчи чин дилдан эшитиб, шу нарсани эслаб қолади. Ҳар қандай воиз ўзи амал қиладиган, ишонадиган гапни айтсагина гаплари одамларга юқади. Хотиним ҳам ўқитувчи, унга ҳам шуни маслаҳат бераман доим. Айтадики, энг тўполончи синф ўқувчилари ҳам унинг дарсида жим бўлиб, ёмон қилиғини тўхтатиб турар экан, бўлмаса аёлим уришмайди, жуда кўнгилчан.
Тошкентдаги мактаблардан бирида дарс берардим. Яхши эслайман, 32 та бола ўқийдиган синфда 28 та бола “Ўткан кунлар”ни ёд олиб юборган эди. Бўлмаса, мен уларга ўқи ҳам, ёдла ҳам демаганман. Еттинчи ё саккизинчи синф ўқувчиларим шу даражада қизиққанидан Натан Маллаевнинг “Адабиёт тарихи” китобини, яна беш томлик “Адабиёт тарихи”ни ўқиб чиқишган. Ўқувчиларим иншоларни ҳам бехато ёзарди. Мен уларга шунчаки самимият билан дарс ўтардим, урмасдим, сўкмасдим, лекин ҳурмат қилишарди. Бир марта ўқувчилар қайсидир фандан паст баҳо чиққани учун синф журналини ёқиб юборибди. Журналнинг ичида эса менинг баҳолар қўйилган рўйхатим турарди. Ўша рўйхатни олиб қолиб, менга келтириб беришди, топиб олдик деб. Эҳтимол, хато қилгандирман, аммо ўша вақтда менга ишониб ўша рўйхатни олиб келиб бергани учун бу ҳақида ҳеч кимга айтмаганман. Вазиятдан келиб чиқиб уларнинг айбини бошқаларга айтмасликни ҳам тарбия деб ўйлаганман.
Аввало касб ўз эгасини топсин экан. Ўқитувчи аудиторияга киришдан олдин бу ишларимнинг ҳам савол-жавоби бор деб ўйлаши керак.
Боборавшан Ғозиддинов:
– Университетлардаги муаммолар, кадрлар масаласи ҳақида гаплашдик. Мактабдаги таълим, муаммоларимиз ҳақида сўрамоқчи эдим...
Қозоқбой Йўлдошев:
– Педагогик инновация пастдан юқорига қараб ўсмаса, ҳеч қандай фойда бўлмайди деган қоида бутун дунёда бор. Талабаларга дарс ўтиб турганимда, юқоридан биттаси келиб, менга қандай дарс ўтишни ўргатади. Қандай қилиб у менинг соҳамни мендан яхшироқ билиши мумкин?
Бугун Япония таълим тизимига, эртага Финландия ё бошқа давлатнинг таълим тизимига тақлид қиламиз. Нега ўзбекнинг ўз таълим тизими бўлмаслиги керак? Биз шу тизимни яратишимиз зарур.
Бировга бир нарсани ўргатадиган одам эркин бўлиши шарт. Чунки ҳар бир ўқитувчининг ўз йўли бўлади. Мен дарс берган гуруҳга бошқаси келиб худди мендек дарс бериши керак эмас, ўз услубида, имконияти доирасида дарс берсин. Оилада ҳам болаларга нотўғри мўлжал берилади. Ҳар бир ўзбек болам олий маълумотли бўлиши керак деб қарайди. Лекин бунинг учун нимадир қилиш керак деган масалага эътибор бермайди. Болалар ўрта мактабда фақатгина олий мактабга кириш учун ўқийди. Мен бунга қўшилмайман. Мактаб ўқувчини олий мактабга эмас, аввало ҳаётга тайёрласин. Биринчи кундан бошлаб ўқитувчилар ҳам сизлар яхши ўқисангиз, олий маълумотли бўласиз деб уқтиришни бошлайди. Олий мактабда ўқишни истамаган бола эса бу фанлар ҳам, ўқиш ҳам керак эмас деб ташлаб қўяди. Бир тоифа эса мен фалон йўналишда ўқийман деб бошқа фанларни ўқимай қўяди. Мен адабиётни, Навоийни ўқимайман деган болага эса ўқитувчилар гўзал жавоб беролмайди. Навоийни билмасанг, қандай одам бўласан дейиши мумкин.
Майли, олий маълумотли бўлиш ҳам мақсад бўлиб тураверсин. Лекин болага дунёда зарур бўлмаган бирорта касб йўқлигини уқтириш даркор. Фаррошнинг зарурлиги юристнинг зарурлигидан бирламчироқдир. Кўчада пластик идиш териб юрадиганлар ҳам, фермер ҳам керак. Лекин болага сен қассоб бўлсанг, фақат молларнинг ичида бўлмайсан, фаррош бўлсанг, фақат супургини қучоқлаб юрмайсан, сен одамсан, кимгадир ота ёки она, эр ёки хотин, кимгадир қўшни бўласан – шуларнинг гапини тушуниш, ўз гапингни етказиб бериш учун математикадан ҳам, физикадан ҳам, она тили, адабиётдан ҳам хабардор бўлишинг керак, биз сени олий мактабга эмас, ҳаётга тайёрлашимиз зарур деган масала қўйилиши лозим.
Қандайдир сертификатлар олиш, чет элдан мутахассислар чақириб тажриба алмашиб ўрганиш керакдир. Бундан ҳам муҳими, ўзимиздаги ўқитувчиларни саралаш, яхшиларини топиш шарт. Текширадиганлар дарсларга кириши, кўриши керак. Ҳужжатини зўр қилиб қўйиб, ўзи ўқувчилар билан икки оғиз гаплашолмайдиган муаллимлар бор. Ўзи иқтидорли ўқитувчилар қоғозбозликни унча хушламайди ҳам. Шу сабаб директорнинг тавсиясига қараб ўтирмай, юқоридан борадиганлар дарсларга кириши керак. Ҳозир шу дарсга кириб текшириш деган нарса камайиб, эҳтимол, йўқолиб кетган. Жонли дарсга кирса, директор алдай олмайди, одатда қоғозбозликни жойига қўядиганлар директорнинг эркаси бўлади, дарсда эса кимнинг кимлиги маълум бўлади.
Хулоса шуки, ҳамма гап ўқитувчиларнинг савияси ва салоҳиятида. Иқтидорли ўқитувчилар қанчалик кўп бўлса, таълим соҳаси шунча ривожланади.
Суҳбатни Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ уюштирди.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 1-сон.
“Таълим шахсни тарбияласин!” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ