Талабчан ота, меҳрибон ака, жонкуяр дўст ва самимий ҳамкасб – Уйғоқ қалбли инсонларни хотирлаб...


Сақлаш
11:05 / 08.05.2024 230 0

Ҳаётда кўп нарса унутилади, эсдан чиқади. Аммо шундай инсонлар борки, эзгу фазилати, амаллари билан кўпчилик қалбида муҳрланиб қолади. Ойина.уз турли соҳаларда фаолият юритиб, ватанпарварлиги ва фидойилиги билан жамиятда, оилада, дўстлар қалбида ўчмас из қолдирган ўзбекистонликлар хотирасини ёд этади. 

 

 

Абдусаид Турдиев,

Ўзбекистон Қаҳрамони, марҳум Жонсаид Турдиевнинг укаси:

 

Эслайман, 1969 йилда қиш жуда қаттиқ келган эди. Мен у пайтлар ўқувчи эдим. Бир куни мактабга кетаётиб, оёғимнинг тизза қисмигача қорга ботиб қолдим. Изғирин шамолдан юзим қизариб, кўзларимни оча олмай ярим йўлдан қайтиб келдим.

 

Уйга кириб, мактаб папкамни ерга отиб, “дарсга бормайман” деб жанжал қилдим. Шунда акам “ҳаво совуқлиги мактабга бормасликка баҳона бўлолмайди, қани юр”, деб мени етаклаб, папкамни елкасига осиб, синфхонамгача кузатиб қўйган.

 

Акам ҳазилкаш, хушчақчақ, болаларга меҳри ўзгача инсон эди. Армияга кетганида биз 4 йил кўриша олмаганмиз. Ҳарбий хизматни ўтаб, уйга қайтганида турли қизиқарли воқеаларни айтиб, бизни роса кулдирган.

 

 

Айтишича, уйдагилар акамга почта орқали турли егуликлар жўнатганда хизматдош ўртоқлари уларни дарров еб қўйишар экан. Айниқса, онам ўзи соғган сигирнинг қатиғидан тайёрлаган қуртларнинг мазаси акамнинг қуролдошларига жуда ёққан экан. Хизматдаги бошқа миллат йигитлари “бу қандай тайёрланади?” деб сўрашганида, акам “сузмадан оз-оздан олиниб, қўлтиқнинг тагига қўйилиб, юмалоқ қилинади” деб ҳазиллашган. Шундан кейин ўша йигитлар қуртга қарамай ҳам қўйган экан. Акам эса онам ўз қўллари билан тайёрлаган қуртларни маза қилиб ўзи еган.

“Бу – қизғанчиқлик ёки ўз нафсини ўйлаш эмас эди. Ўша егуликларда онамнинг меҳрини, иссиқ тафтини ҳис қилардим. Ёзда далада сигир боққаним эсимга тушиб, бундан ўзгача куч олардим”, деган эди акам.

 

Кейинчалик “Қолмоққир” конига ишга киргач, йиллар давомида бирор марта ҳам касаллик таътилига чиқмаган ва режани ҳаммадан олдин ортиғи билан бажарган. Бу ишга бўлган меҳр ва масъулиятнинг намунаси эди.

 

Сўнгги йилларда барча оила аъзоларимизни бир жойга жамлаб, юртимизнинг энг гўзал масканларига саёҳатга олиб борарди. Биз акамдан меҳр-оқибат, фидойилик, масъулият ва ваъдага вафо сингари эзгу фазилатларни ўргандик.

 

 

Ҳотамжон Ҳакимжонов,

Аския санъати устаси, марҳум Мамасиддиқ Шераевнинг шогирди:

 

Ўз соҳасининг устасини кўрганимизда “худо берган” деган сўзни ишлатамиз. Устозим Мамасиддиқ аканинг ҳам худо берган истеъдоди бор эди. Аслида аския – нодир санъат. Унда мавзу, сарлавҳа бўлса бўлди, давом этаверади.

 

Устозимнинг курсдоши у киши ҳақида бир воқеа айтиб берганди.

 

Талабалик йиллари дарс жараёнида репетиция машғулотлари ҳам ўтказилар экан. Мамасиддиқ ака саҳнага чиқсалар дарс ўтаётган ўқитувчининг ўзи ҳам юзини буриб, кулиб-кулиб олар экан.

 

Дастлаб рус тилида яратилган “Водиллик келин” фильмида кичик аския парчаси бор. Ўша аския парчаси Мамасиддиқ акадан бошланади. Ана шу кино дунё қизиқчилари орасида машҳур бўлган. Аския санъати бошқа мамлакатларда бўлмагани учун ушбу кинони кўрган дунё қизиқчилари аския санъатига катта баҳо берган.

 

“Аския санъати доимий ҳозиржавобликни талаб қиладиган, фақатгина Фарғона водийсига хос бўлган беназир санъат эканлигидан яна бир бора ҳайратга тушдим. Айни пайтда аския санъатининг моҳир устаси Муҳаммадсиддиқ Шераев ўз шогирдларини тарбиялаётганидан мамнунман”, деб ёзган Россия халқ артисти Владимир Винокур.

 

Бу эътирофни ўқиб устоз роса хурсанд бўлган эдилар.

 

 

Устозимнинг оналари Мақсудахон ая дўппи тикардилар. Мамасиддиқ ака оилада ягона фарзанд бўлгани учун Фарғонадан Тошкентга келиб ижод қилмаган. Яъни, оналарининг раъйига қарши чиқа олмаган.

 

“Ўта зукко одамгина аскиячи бўла олади. Асосий мақсад кулдириш эмас, тарбиялашдир, аския  санъати келажакда ҳам давом этсин”, деб ҳаракат қилардилар устоз.

 

“Қайси одамнинг қалбида дарди бўлса, мазмунли ашулалар ёки аскияларни эшитганида “дооод” деб юборади”, деган сўзлари ҳеч эсимдан чиқмайди. Умримнинг энг гуллаган даврларида, ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида ёнларида шогирд сифатида Муҳаммадсиддиқ акадан жуда кўп фазилатларни, жумладан, устозга ҳурмат, ардоқни ўрганганмиз.

 

 

Шоди Отамурод,

Ёзувчи, марҳум Луқмон Бўрихоннинг ҳамкасби:

 

Менга Луқмон Бўрихон билан бирга ишлаш насиб қилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ижодий кенгашлар котибияти ходимлари – Собир Ўнар, Луқмон Бўрихон ва мен битта хонада ўтирардик. Одатдаги иш тартиби бир хил эди: эрталаб кимдир барвақтроқ, кимдир сал кечроқ келади. Муҳими, хонамизда ҳар кунгидай жам бўламиз. Ишимиз дуодан бошланади.

 

Айтинг, эшон бобо, – дейди Собир ака кафтларини дуога очиб. Собир аканинг бироз жайдари, бироз даъваткорона, бироз қадрдонларча мурожаатидан кейин Луқмон ака ҳар доимги “вазифа”сини маҳорат билан уддалайди...

 

Ишга шўнғиймиз. Ишини келган жойидан давом эттираётган Луқмон ака алламаҳал ўтгач, танаффус қилган бўлади. Аввал менга, кейин Собир акага юзланади. “Янгиликлардан гапиринг, Собир Ҳамзаевич” деб қолади.

 

Аканинг “Собир Ҳамзаевич” деб ҳазил аралаш, эрксиниб гапиришида ҳам ўзгача самимият бор эди. Бу гапдан “келинг, бирпас суҳбатлашайлик, ундан-бундан гаплашайлик” деган истак билиниб турарди. Собир ака ҳам шуни кутиб тургандай, гап халтаси очилиб кетарди. Кейин яна иш.

 

Икки қадрдон дўстнинг бир-бирини гап-сўзсиз тушунишини, бир-бирини авайлашини кўриб, очиғи, ҳавасим келарди. “Ёшлик” журнали ва бошқа таҳририятларда худди эгизакдай бўлиб, елкама-елка ишлашган бу икки жўра ўтмишини ўзгача орзиқиш билан эслаганида, ана шу қадрдонлик янада сезиларди...

 

 

Луқмон ака отасидан айрилиб, Қашқадарёдан қайтганда, Собир ака шифохонада комада ётганди. “Отамдан айрилганим етмайдими, дўстимга не бўлди”, дея кўзига ёш олди. Собир акани қабрга жойлаб, қайтганимизда Луқмон ака оғир хўрсинди. “Энг яқин дўстим ҳеч нарса демай, индамай мени ташлаб кетди”, деганди йиғламсираб. Орадан саккиз ой ўтиб, дўстининг олдига шошдими, Луқмон ака ҳам ҳаммамиз билан мангуга хайрлашди.

 

Бу йўқотиш биз каби укаларини қаттиқ қайғуга солди.

 

Ўзбек насрида Луқмон Бўрихон деган ном қолди. Унинг асарларини халқимиз севиб ўқийди. Ёзувчи ижодини кузатсангиз, унинг ҳар бир ёзган асари дарров машҳур бўлган, тез тилга тушган. Бунинг ягона сабаби, албатта, Луқмон Бўрихон катта истеъдод эгаси эканлигидадир. Умрининг охирида ёзган “Имом Мотуридий” романини адабиёт аҳли, олимлар ва ўқувчилар катта мамнуният билан қабул қилди.

 

Улуғ аждодларимиздан бири, машҳур аллома Абу Мансур Мотуридийнинг бадиий сиймосини акс эттириш аслида осон иш эмасди. Луқмон ака шу машаққатли ишнинг уддасидан чиқди.  Луқмон Бўрихон ижоди ҳақида катта олимлар, адабиёт намоёндалари салмоқли гаплар ёзди ва ёзяпти. Менинг ёзганларим эса, унинг ҳаётидан бир томчи, холос.

 

Ўйлаб қарасам, олдимиздан катта дарёлар оқиб ўтган экан...

 

 

Садоқат Самандарова,

Журналист, марҳум Соҳибжон Алижоновнинг қизи:

 

“Давр интервью” кўрсатувида ишлаб юрган кезларида дадамнинг яхши бир одати бор эди. Ҳар якшанба, албатта, ўз қўллари билан бирон тансиқ таом тайёрларди. Овқатланишдан ярим соатлар ўтгач, оилавий футбол ўйинимиз бошланарди. Мен кўпинча дадамнинг дарвозабони бўлганман. Уйимизнинг узун йўлаги охирида эса опам ва укамдан иборат жамоанинг дарвозаси бўларди. Мен ҳужумда ўйнаганимни эслолмайман, ўшанда ҳам дадам менга енгилроқ, аммо ўта масъулиятли вазифани топширган экан.

 

Футболнинг шарти ютқизган жамоа ғолиб жамоага музқаймоққа “эриши” керак бўларди. Ахир қандай қилиб биз болалар музқаймоққа “эриши”миз мумкин? Табиийки, ҳар икки ҳолатда ҳам “мукофот”ни сотиб олиш дадамнинг чекига тушарди. Фақат ютган эмас, ҳамма, бир четда бизга томошабинлик қилиб турувчи, гоҳ у, гоҳ бу жамоага “балет” қилгувчи онам ҳам музқаймоқдан баҳраманд бўлган.

 

Пули дадамдан, музқаймоқни олиб келиш эса “шип” этиб бориб-келишни эплайдиган мендан эди. Гарчи ўша пайтларда дадам кўпларнинг назарига тушган машҳур тележурналист Соҳибжон Алижонов сифатида танилган бўлса-да, худди ёш боладек музқаймоқни нонидан ажратиб, косага солиб, эритиб ейиш одати кечагидек кўз ўнгимда...

 

 

Дадамнинг салобатларидан ҳайиқардик. Аввал ойим орқали қандай кайфиятда эканликларини билиб, кейин қўнғироқ қилардик. Менга ҳар доим: “Сен опанг ва укангга кўп ҳам ўхшамайсан. Ҳақиқатпарастсан, ўйлаганингни гапирмасанг туролмайсан”, дердилар.

 

Бирор фикрларини инкор этсам, “ҳааа, майли ҳамма ҳам олдин менинг баъзи гапларимни қабул қила олмайди, кейинчалик, “ома” тўғри айтган экансиз, деб келади олдимга”, дея қош қоқиб қўярдилар. Йўқотганимизга 1 йилдан ошди. Бугун дадамнинг ҳар борада ҳақ бўлганликларини кун сайин, соат сайин англаяпман.

 

Аксар “мунозараларимиз” менинг “ҳўп, унда нима қилиш керак?” деган сўроғимга дадамнинг энг одил жавоб бериши билан тугарди. Қанча қайсарлигим тутмасин, фикрларига осонгина рози қилиб қўярдилар. Қандай қилиб “таслим бўлиб” қолганимни билмай ҳам қолардим. Дадам ҳар қандай вазиятда ҳам кучли эдилар. Ожиз бўлишни истамасдилар.

 

Дадамнинг ишхонаси – Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Медиа маркази томон йўлим тушса, бирга тушлик қилайлик, деб қўнғироқ қилгим келарди. Аммо ишлари жиддий, яна одатий баҳсларимиз бошланиб кетса, асабийлаштириб қўймай, деб ботина олмасдим.

 

– “Қизим, кўп китоб ўқиш баъзан зарар, ҳаёт китоб эмас, улардан қандай яшашни эмас, қандай яшамасликни ўрганишинг керак”, дердилар-у, аммо бўш бўлишлари билан китоб ўқишга тушардилар. “Ҳар доим ҳам ҳақиқат ғолиб бўлмайди, ҳақиқат талашма” деб койиб, ўзлари бир умр ҳақ сўзни айтиб яшадилар.

 

Дадамнинг ҳамкасблари, дўстлари ва шогирдлари уни фақат профессионал журналист, деб эмас, асл инсон дея алқаганда дилимда ўзгача ғурур жўш уради. Хулоса қиляпманки, дадам ҳаётда мансаб ёки машҳурлик билан эмас, қилинган эзгу амаллар билан одамлар меҳрини қозониш мумкинлигини исботлаб кетдилар...

 

Дилфуза МАҲКАМОВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси