“Бир белбоғ, бир йўл” ташаббуси доирасида Пекин Ғарб томондаги, жумладан Африкадаги мамлакатлар билан ХХР муносабатларининг ривожланишига халақит берадиган барча тўсиқларни олиб ташлаш ва мавжуд муаммоларни ечиш, ҳамма транспорт коридорларининг Хитой учун очиқлигини ва фойдали ҳолатини таъминлаш ишларини амалга оширишга ҳаракат қилади. Бошқача қилиб айтганда, ХХРнинг 100 йиллигига (2049 йилга) “Хитой орзуси”ни (“Чжунггуо менг” 中国梦) рўёбга чиқаришни таъминлайди. Бу орзу амалга ошса, мазкур ХХI асрнинг ўрталарига ХХР ривожланган ва дунёда биринчи ўринни эгаллайдиган буюк давлатга айланиши кўзда тутилади.
Албатта, “Хитой орзуси”нинг рўёбга чиқиши талайгина олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган ички ва сиртқи омилларга боғлиқ. Айниқса ХХР билан АҚШ ўртасидаги рақобатнинг истиқболини айтиш қийин. Олдиндан айтиб бўлмайдиган факторлардан яна бири сунъий яратилган ва ўта юқумли тожсимон вирус (короновирус, хитой тилида “Шиншинг гуанчжуанг бингду” 新型冠状病毒) номланган касаллик ҳисобланади. Ушбу касаллик нафақат Хитойнинг ички вазиятига, балки бутун дунёга тарқалган ва катта таъсир кўрсатган офат сифатида номоён бўлди. Бу кутилмаган касалликнинг оқибати нима билан тугашини ҳеч ким айтолмайди. Учинчи бир кутилмаган ва ХХРнинг ички вазиятига ва халқаро саҳнадаги обрўсига салбий таъсир кўрсатган воқеа Пекиннинг мусулмонларга, жумладан уйғурларга нисбатан олиб бораётган янги сиёсати бўлди.
Олдиндан тахмин қилиш қийин бўлган омиллардан бири “Хитой орзуси”нинг рўёбга чиқиши учун амалга ошириладиган ҳаракатлар хитой халқининг катта миллатчилик руҳини кучайтириши мумкин. Бу ҳолат эса нима оқибатларга олиб келишини айтиш қийин.
2017 йил 18–24 октябрда ўтказилган Хитой компартиясининг XIX съездида «Хитой орзуси»ни рўёбга чиқариш учун 2050 йилгача амалга ошириладиган янги вазифалар қабул қилинган [Чжанг Пэнг. 2020: 32]. Съездда конституцияга Ши Жинпингга умрининг охиригача эгаллаб турган олий лавозимида қолиш, компартиянинг ролини кучайтириш ва коррупцияга қарши курашни кучайтиришга асос бўладиган ўзгартиришлар киритилди. Бу билан ХХР раҳбарияти Дэнг Шяопинг даврида жорий этилган олий раҳбарлик лавозимига фақат икки марта сайланиши мумкин деган қонундан воз кечди. Маълумки, 30 йил давомида ушбу қонун ХХРда сиёсий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодий ислоҳотни унумли амалга оширишга замин яратиб берган эди. Собиқ СССР амалиётидан келиб чиқиб айтганда, партия ролини кучайтириш сиёсати жойлардаги партия ташкилотларининг ишлаб чиқариш жараёнига аралашувини кучайтириши ва бу ҳолат салбий натижаларга олиб келиши мумкин. Лекин мазкур ҳолат ХХРнинг истиқболига қандай таъсир кўрсатиши мумкин деган савол кўндаланг туради. Ушбу мақола муаллифи 1996–1998 йилларда Хитойнинг жанубий ўлкаларидаги илғор ишлаб чиқариш корхоналари тажрибасини ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, партия ташкилотлари аралашмаган хусусий ишлаб чиқариш корхоналарининг ривожланиш даражаси баланд бўлган. Партия ташкилотлари бевосита аралашадиган давлат корхоналаридаги ишлаб чиқариш унуми аксинча пастлиги кузатилган. Эҳтимол ҳозирги пайтда бу ҳолат бошқача кўриниш берар. Лекин мамлакатдаги валюталарнинг четга чиқиб кетишининг кучайиши, ҳукумат томонидан бунга қарши чора кўрила бошлангани, шаҳар қурилиш соҳасида юзага келаётган муаммолар, жумладан қурилган уйларнинг сотилмай қолаётгани, айрим чет эл маблағлари ҳисобига ташкил этилган корхоналарнинг ёпилиши, мамлакат бўйича ишлаб чиқариш суръатининг 8% дан камайиб бораётгани каби юзага келган ҳолатлар янги вазият ва унинг оқибатлари қандай бўлишини чуқур ва атрофлича ўрганишга даъват этади.
Юқоридагилар асосида айтиш мумкинки, “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббусининг асосий мазмуни заминида Хитой учун очиқ ва фойдали глобал бозор шакллантириш, яъни Хитой капитали, ишлаб чиқарган маҳсулотлари, ишчи кучи эркин ҳаракат қилиши мумкин бўлган ва замонавий транспорт йўлаклари билан таъминланган глобал иқтисодий ҳудуд яратиш ётади. Аммо Хитой олимларининг таъкидлашича, бундай иқтисодий ҳудуд унинг доирасига кирган барча давлатларга яратилган имкониятлардан тенг фойдаланиш, алоқаларни тенг ҳуқуқли асосда амалга ошириш ва фойдани тенг бўлиш имконини беради. Лекин жаҳон миқёсидаги амалиётлардан, йирик ва ривожланган давлатлар билан ривожланаётган майда давлатлар ўртасидаги муносабатлар тажрибаларидан келиб чиққанда, хитой олимлари таъкидлаган бу тенглик шубҳа уйғотади.
Хитой олимлари таърифлаган глобал иқтисодий ҳудуд доирасида ҳозирги Марказий Осиё муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун Пекин ушбу минтақадаги республикаларга катта эътибор қаратиб, ўзининг минтақадаги сиёсий-иқтисодий мавқеини янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Шу аснода минтақанинг табиий бойлигидан фойдаланиш учун зарур бўлган барча соҳаларга ва йўллар қуриш ишларига маблағ солишни кучайтиради. Маблағ солиш билан бирга Хитой ҳукумати ўзларининг техникасини, ишчи кучларини, замонавий алоқа ва назорат воситалари ҳамда технологияларини минтақага олиб келиб ишлатишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга минтақа давлатларига кредит бериш ишларини фаоллаштиради.
“Бир белбоғ, бир йўл” ташаббусининг асл мақсадларидан бири – хитой тили ва маданиятини дунё саҳнасига олиб чиқиш
Ванг Йивэйнинг фикрича, бошқа мамлакат ва халқлар орасида Конфуций марказлари, мактаблари ва институтларини ташкил қилиш орқали хитой тили ва маданиятини кенг тарқатиш ҳам “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббуси дастури доирасидаги вазифаларнинг бир қисми ҳисобланади [Ванг Йивэй. 2016: 208–216].
Аксарият ҳолларда ХХР ҳукумати бу ишни турли мамлакатларда, жумладан, Марказий Осиё республикаларида “Конфуций марказлари”, “Конфуций мактаблари”ни ташкил этиш, хорижликларга иқтисод, тил, адабиёт каби ижтимоий фанлар бўйича Хитой шаҳарларида ўқиш учун грант ажратиш асосида амалга ошириб келмоқда.
Масалан, 2004 йилда Хитой томонидан қўйилган таклифга биноан биринчи марта Тошкент давлат шарқшунослик институти (2020 йил май ойидан бошлаб университет) “Конфуций маркази” ташкил этилди [Шазаманов, Шарапов. 2012: 78]. Бу ҳақдаги расмий келишув 2004 йил ноябрь ойида ўтказилган ва хорижда хитой тилини ўқитишга бағишланган халқаро конференция вақтида имзоланган. Орадан кўп ўтмай ушбу марказ институтга айлантирилди. Мазкур институт олдига турли соҳадаги маҳаллий аҳоли вакилларига хитой тилини ўргатиш ва маданиятини таништириш вазифаси юкланди. Бу даргоҳда ўқиш қисқа муддатли курслар ташкиллаш асосида йўлга қўйилди. Ўқишни истаганларга ёш чекламаси қўйилмади. Тошкентда ташкил этилган мазкур “Конфуций институти” Хитой томонидан Марказий Осиёда қўйилган биринчи қадам бўлган эди. Бу воқеа ХХРда хитой тили ва маданиятини хорижга тарқатиш бўйича “Марказий Осиёга эшик очиш” деб баҳоланди [Ма Юан. 2014: 177]. Айни пайтда Қозоғистонда (Астана, Алматы, Актобе ва Караганда шаҳарларида) 4 та “Конфуций институти” [Kazinform. a2724590], Ўзбекистонда – 2 та (Тошкент ва Самарқандда), Қирғизистонда – 2 та (Бишкек ва Ўшда), Тожикистонда – 2 та (Душанбе ва Сўғд вилоятидаги Бустонда /Чкаловск/) “Конфуций институтлари” фаолият олиб бормоқда. Булардан ташқари, Қирғизистонда 9 та “Конфуций синфлари”да ва 8 та олий ўқув юртларида хитой тили ўргатилмоқда.
2021 йилгача Туркманистонда Конфуций институти очилмаган эди, лекин Махтумқули номли Туркия миллий университети, Жаҳон тиллари институти, Халқаро энергетика институти, Халқаро нефт ва газ университети каби олий ўқув юртларида ва Ашхободдаги 90-сонли ва Седжин шаҳридаги 14-сонли ўрта мактабларда хитой тили ва адабиётини ўргатиш ишлари олиб борилмоқда.
Хитой ҳукумати мазкур давлатдаги элчихонаси орқали хитой тили ўргатиладиган олий ўқув юртларига, мактабларга ва Конфуций институтларига, зарур ёрдамни бериб қўллаб қувватламоқда. Лекин бу давлатларнинг тилини ва адабиётини Хитойда ўргатиш масаласида паритет мавжуд эмас.
Интернет ресурсларидаги маълумотларга кўра, жаҳондаги 126 мамлакат ва минтақаларда 475 та Хитойнинг Конфуций институтлари ташкил этилган [Kazinform. a2724590].
Қатор илмий лойиҳалар қатнашчиси ва хориждаги Конфуций институтларида маърузалари билан фаол қатнашиб келаётган Хитой олими Ванг Йивэйнинг маълумотига кўра, 2016 йилгача 138 та мамлакатларда 500 та Конфуций институтлари ва 1000 та Конфуций синфлари ташкил этилган. Ушбу мамлакатлардан 51 таси “Бир белбоғ, бир йўл” иқтисодий ҳудудга алоқадар ҳисобланади. Шуларда 131 та Конфуций институтлари ва 119 та Конфуций синфлари фаолият кўрсата бошлаган. Бу масканларда 1 580 000 киши таълим олган [Ванг Йивэй. 2016: 208]. Мазкур институтлар, марказлар ва синфларда хитой тилидан ва маданиятидан дарс бериш учун ХХРдаги 4 та олий ўқув юртида ўқитувчилар тайёрланган [Шазаманов, Шарапов. 2012: 78].
Сўнгги йилларда АҚШ ва айрим Европа мамлакатларида маҳаллий маъмуриятнинг норозилиги туфайли Конфуций институтлари ва Конфуций синфлари ёпилиши кузатилган. Эҳтимол бундан кейин бу ҳолат фаоллашиши мумкин.
Шу аснода таъкидлаб ўтиш жоизки, Марказий Осиё давлатларида очилган Конфуций институтлари ва марказларида замонавий техника, технология бўйича ўқитиш ишлари кузатилмади. ХХР ҳукумати томонидан ажратилган грантлар асосида Хитой университетларида ўқишга юборилган талабалар ҳам хитой тили, адабиёти ва иқтисоди бўйича таълим олишга йўналтирилган. Ваҳоланки, ХХР замонавий техника ва технология соҳасида катта ютуқларга эга давлатдир. Марказий Осиё республикалари эса бу соҳаларда мутахассислар тайёрлаш эҳтиёжи мавжуд. Бу ҳолат табиий ҳолда нима учун Пекин хитой тили ва маданиятини хорижда ўргатишга катта эътибор беради ва маблағ сарфлайди, лекин табиий фанлар, айниқса замонавий техника ва технология соҳаларида кадр тайёрлашни ўзи учун керак деб ҳисобламайди деган саволни келтириб чиқаради. Ваҳоланки, Хитой ҳукумати ўтган асрнинг сўнгги чорагидан бошлаб АҚШ ва Европа давлатлар университетларига ва бошқа ўқув юртларига ёшларни ўқишга юборар экан, уларни асосан замонавий техника ва технология соҳасида билим олишга йўналтирган. Қисқача қилиб айтганда, Хитой ёшлари бу соҳадаги билимларга ривожланган давлатлар ёридамида эга бўлган.
Хулоса
Юқорида баён этилганлар асосида хулоса қилиб қуйидагиларни айтиб ўтиш мумкин:
1) “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббуси ХХРнинг 35 йиллик иқтисодий ривожланиши, ишлаб чиқариш соҳасида дунё фабрикасига айланиши, ўз маҳсулотларини экспорт қилиш ҳисобига катта бойликка, жумладан валюта заҳирасига эга бўлиши, капитал ва замонавий техника, технологияларни импорт қилувчи давлатдан уларни экспорт қилувчи мамлакатга айланиши, табиий бойлик ва энергия ресурсларининг йирик истеъмолчиси бўлиб қолиши натижасида пайдо бўлган.
2) Ушбу ташаббуснинг маъносини уни ифодалаган 4 та иероглиф (сўзлар)нинг луғавий маъносидан келиб чиқиб тушуниб бўлмайди. Зеро, бу тўртта сўз билан ифодаланган фикр негизида теран маъно ва стратегик мақсадлар, яъни Хитойни жаҳондаги энг қудратли давлатга айлантириш дастури ётади. Лекин айрим хитой олимлари мазкур ташаббусни “Хитойнинг анъанавий донишмандлик тафаккури”нинг намунасидир, деб таърифлайди. Шу билан бирга, унинг негизида хитойлар маданиятини бошқа халқлар маданияти ва тафаккури билан уйғунлаштириш мақсади ётади, деб таъкидлашади. Асл мақсадни оддий ва сирли сўзлар билан билдириш қадимги хитойлар тафаккури, тил бойлиги ва фалсафа анъаналарига асосланган. Уни турлича талқин қилиш ва вазиятга мослаштириш мумкин.
3) Хитой олимларининг таъкидлашича, “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббусининг асл мазмуни нафақат ХХР учун очиқ бўлган, умумий бир қоида жорий этилган, қуруқлик ва денгизлар орқали ўтадиган турли замонавий транспорт йўллари, алоқа воситалари билан таъминланган глобал иқтисодий ҳудуд шакллантиришдан ёки янги дунё яратишдан иборат. Бундай дунё “Хитой орзуси” деб ҳам аталади.
4) Ушбу ташаббус доирасида ишлаб чиқилган дастурга Пекин ўзининг ҳамма муаммоларини бартараф қилиш, ҳамма тўсиқларни олиб ташлаш ва Хитойнинг Ғарб томонидаги барча давлатлар билан эркин алоқа қилишга қулай бўлган транспорт йўлакларини очиш ва замонавийлаштириш вазифалари киритилган. Бу вазифаларни амалга ошириш натижасида ХХРнинг 100 йиллик юбилейига (2049 йилга) мамлакат дунёдаги энг ривожланган давлатга айланиши лозим, яъни “Хитойнинг орзуси” рўёбга чиқиши керак. Албатта, бу орзунинг амалга ошиши жуда кўп ички ва ташқи омилларга боғлиқ. Уларни олдиндан айтиш ёки башорат қилиш қийин.
5) “Хитой орзуси”ни рўёбга чиқариш учун Марказий Осиё республикари муҳим аҳамият касб этади. ХХР ҳукумати ушбу минтақага муҳим табиий бойлик манбаи, Хитой маҳсулотларини сотиш учун фойдали бозор, Ғарб ва Яқин Шарқ билан иқтисодий алоқа қилишдаги тенги йўқ кўприк сифатида қарайди. Шунинг учун Хитой ҳукумати бундан кейин ҳам минтақага бўлган эътиборини, маблағ киритишини, унинг табиий бойликларидан ва бошқа имкониятларидан фойдаланишни кучайтиради.
6) Хитой олимлари “Бир белбоғ, бир йўл” дастури доирасида ташкил этилажак янги глобал иқтисодий ҳудуд унинг билан боғланган барча давлатларга тенг фойда келтиришини таъкидлашади. Шу билан бирга, улар ушбу ҳудуд доирасидаги давлатларнинг ҳаммаси ер устидан ва денгизлар орқали ўтадиган замонавий транспорт йўллари, алоқа воситалари билан боғланиши, уларнинг маҳсулотлари, маблағи, ишчи кучи эркин ҳаракатланиши мумкинлигини айтишади. Лекин катта-кичиклиги, моддий потенциали, иқтисодий ва техникавий ривожланиш даражаси ҳар хил бўлган давлатлар бундай ҳудуд доирасида ХХР билан тенг ҳуқуқлилик принцип асосида ҳаракатланиши, ривожланиши ва тенг фойда кўриш имкониятига эга бўлиши бироз шубҳа уйғотади.
7) “Хитой орзуси” ҳисобланмиш глобал иқтисодий ҳудуд шакллантиришни мақсад қилиб олган “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббуси заминидаги сиёсий ва иқтисодий дастур доирасига келажакда Хитой тафаккурини ва тилини ҳукмрон омилга айлантиришга замин яратиш ҳам киритилган. Бу вазифани “Конфуций институти”, “Конфуций маркази” ва “Конфуций мактаблари”ни ташкил қилиш ҳамда хорижликлар учун ХХР университетларида хитой тили ва маданиятини ўрганишга грантлар ажратиш орқали амалга ошириш режалаштирилган.
Аблат ХЎЖАЕВ,
тарих фанлари доктори
Фойдаланилган адабиётлар
Ванг Йивэй. 2016. Ванг Йивэй. Шиже ши тунгдэ – “Идай илу” дэ лоцзи (Очиқ дунё – “Бир белбоғ, бир йўл”нинг асл мақсади). Пекин, “Шангъу иншу гуань” 2016.
Ма Юан. 2014. Ма Юан (тузувчи). Шин сичоу чжилу – чунгшин кайши дэ люйчэн (Янги ипак йўли – қайта очилган саёҳат йўналиши). Матнлар билан таъминланган катта форматли суратлар альбоми (формат 24 х 32). Пекин, “Учжоу чуанбуо чубаншэ” 2014.
Чжанг Пэнг. 2020. Чжанг Пэнг. Современные направления стратегического сотрудничества Китайской Народной Республики и Российской Федерации в рамках Шанхайской организации сотрудничества. Автореферат диссертации доктора философии (PhD) по политическим наукам. Ташкент, 2020. С. 32.
Чжунггуо лиши 1996. Жянминг Чжунггуо лиши диту жи. Дибацэ. Цин ши жи (Хитой тарихи хариталарининг қисқача тўплами. Саккизинчи жилд. Цин сулоласи тарихи хариталари тўплами). Тан Цишян тахрири остида тузилган. Пекин, “Чжунггуо диту чубаншэ” 1996.
Khodjaev A. 2002. Khodjaev A. The Ching China Occupation of Zhungaria and Eastern Turkestan // “The Turks”. In 6 books, Ankara, “SEMIH OFSET” 2002. Т. 5. p. 867–881.
Khodjaev A. 2002. Khodjaev A. The Struggle against Invaders // “The Turks”. Т. 5. p. 882–893.
Сидикова М. 2012. Сидикова М. Хитой Халқ Республикаси геосиёсий манфаатларида оммавий ахборот воситаларининг ўрни. Тошкент, “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети” 2012.
Ходжаев А. 1991. Ходжаев А. Цинская империя и Восточный Туркестан в XVIII в. (Из истории международных отношений в Центральной Азии). Ташкент, “Фан” 1991.
Ходжаев А. 2003. Ходжаев А. Из истории международных отношений Центральной Азии в XVIII веке. Ташкент, “Фан” 2003.
Хўжаев А. 2007. Хўжаев А. Буюк ипак йўли: муносабатлар ва тақдирлар. Тошкент, “Ўзбекистон миллий энцклопедияси2 2007.
Ходжаев А. 2020. Ходжаев А. Китайский фактор в Центральной Азии (История и современность). Третье дополненное издание. Ташкент, “Навруз” 2020.
Шазаманов Ш. 2014. Шазаманов Ш.И. Шазаманов. Ислоҳотлар даврида Хитой Халқ Респубикаси. Тошкент, “Тошкент давлат шарқшунослик институти” 2014.
Шазаманов, Шарапов. 2012. Шазаманов Ш.И., Шарапов А.А. Политика китайской народной республики в сфере образования. Ташкент, “Ташкентский государственный институт востоковедения” 2012.
Шарапов А. 2014. Шарапов А. А. Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари ва Ўзбекистон республикаси муносабатлари. Тошкент, “Тошкент давлат шарқшунослик институти” 2014.
Томберг. 2008. Томберг Р.И. Китайская “экспансия”, как ресурсная составляющая международных конфликтов в Африке // Вестник МГИМО-Университета. 2008, 3(3): 84–90.
Ўзбек тили. 206. Ўзбек тилининг изоҳли луғати (Толковый словарь узбекского языка). 5 жилдли. Тошкент, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” 2006.
https://doi.org/10.24833/2071-8160-2008-3-3-84-90.
Kazinform. a2724590. Международное информационное агентство kazinform // https://www.inform.kz/ru/4-instituta-konfuciya-v-kazahstane-obuchayut-kitayskomu-yazyku_a2724590
Wikipedia. Пояс и путь. https://ru.wikipedia – Один пояс один путь.
Stefan.1999. Stefan H. Verstappen. The Thirty-Six Strategies 三十六計. Toronto (Canada) “Woodbridge Press” 1999.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ