Айрим ота-оналар фарзандининг одамови, журъатсизлиги ва ё доимий кайфиятсиз юришидан, шундай улғаяётганидан хавотирга тушади. Уларда «Нега боласининг тенгқурлари тезда дўст орттирадию, у бир жойда ўтиришни афзал билади, нега дилбанди ўзига нисбатан ишончсиз, завқсиз», деган саволлар пайдо бўлади. Бундай саволларга жавоб эса битта – бу ҳол боланинг ўз-ўзига баҳо бериши билан изоҳланади. Болалар ҳам ўзини баҳолайдими, дейишингиз мумкин. Ишонинг, баҳолайди…
Ҳар қандай кишининг ўзига берадиган баҳоси вояга етган оиласи ва уни ўраб турган атроф-муҳитнинг қандайлигига боғлиқ. Масалан, ҳамиша тушкун кайфиятда, муаммолар қуршовида, фақат иш ҳақида ўйлаб юрадиган ота-онанинг фарзанди ўзини паст баҳолайдиган, журъатсизроқ бўлиб улғаяди, кўпинча. Хўш, ўзига ишонадиган, кучли шахсиятли бола қандай тарбияланади?
Уч ёшли болада аллақачон ўз «мен»и шаклланаётган, барча ишларни «ўзим қиламан» деган ишонч уйғонаётган бўлади. Буюрилган ва ўзи қилиши керак бўлган юмушларни бажараркан, «менинг қўлимдан келади, кўрдингизми», «қаранг мен ўзим қилдим» каби мақтанишларни ҳам эсидан чиқармайди. Шунинг учун бундай вақтларда болани уришмаслик, аксинча, рағбатлантириш, ишларига қизиқиш билдириш, саволларига тўғри жавоб бериш шахсиятини мустаҳкам бўлишига ёрдам беради. Бу нафақат унинг янги чеҳралар билан дўстлашишига, балки, кейинчалик ўқув машғулотларидан, янги билимлар эгаллашдан қўрқмаслигига ҳам ёрдам беради.
Болаларда ўзига баҳо бериш белгилари қуйидагича намоён бўлади:
Ўзига паст баҳо берадиган болалар:
· ташвишли;
· ўзига ишончи йўқ;
· йиғлоқи ва аразчи;
· қўрқув ва ҳар нарсадан ёмонликни кутади;
· ўзини омадсизман деб ўйлайди;
· беқарор, янги муҳитга мослашиши қийин;
· янги одамлар билан танишиши қийин;
· бошқаларнинг ютуғини баҳолай олади, аммо ўзининг мақсадларини англай олмайди.
Ўзига адекват баҳо берадиганлар:
· одатда ўзига ишонган;
· бошқалардан бемалол ёрдам сўрай олади;
· қарор қабул қилиш қобилиятига эга;
· ўз хато ва камчиликларини англайди, тан олади, тузатишга ҳаракат қилади;
· ҳис-туйғуларини ошкор этишдан уялмайди;
· ўзи ва бошқаларни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилади.
Ўзига юқори баҳо берадиган болалар:
· ҳар соҳада фақат ўзини ҳақман деб ҳисоблайди;
· бошқа болаларни ўз ортидан эргаштиришга ҳаракат қилади;
· камчиликларини ҳисобга олмай, бошқаларнинг хатоларини эътироф этаверади;
· ўзига нисбатан кўпроқ эътибор беришларини истайди;
· истаклари амалга ошмаганида жуда қаттиқ ранжийди ва буни бемалол ошкор этади;
· миннатдорлик ҳисси унчалик муҳим ўринда эмас, деб ҳисоблайди.
Боланинг ўзига қандай баҳо беришини қуйидаги тест орқали билиб олиш мумкин.
Фарзандингизга расмни кўрсатинг ва унга биринчи 3 поғона (яшил, кўк ва сиёҳранг)даги болалар ақлли, одобли, меҳрибон, ота-онасининг айтганини қиладиган, соғлом ва кучли эканини, охирги 3 зинада (қизғиш, сариқ ва оч сариқ рангдагиси)да эса қулоқсиз, одобсиз, катталарнинг доим жаҳлини чиқарадиган, кучсиз болалар бўлишини, ўртадаги қизил поғонада турувчилар эса оддий болалар ҳисобланиб, уларни яхши ҳам, ёмон ҳам деб бўлмаслигини тушунтиринг. Сўнгра унга қуйидаги саволларни беринг:
Айтчи, сен ўзингни қайси поғонада деб биласан? Яқинларингчи? Улар (бувинг, бобонг, ота-онанг, устозларинг ва ҳ.к) сени қайси поғонага қўйган бўлишарди?
Жавоблар қуйидагича таҳлил этилади:
Биринчи поғона. Агар болангиз ўзини юқори поғонага қўйган бўлса ва бошқалар ҳам уни айнан шу даражада ҳисоблашади деб ўйлаётган бўлса, демак сизнинг фарзандингиз кичкина мақтанчоқ бўлиб ўсмоқда.
Иккинчи поғона. Бу поғонадаман деб ўйлайдиганлар ўзларини оқлашга доимо сабаб топа оладилар. Масалан, «Мен яхши боламан, лекин ҳар доим ҳам ойимга қарашолмайман, чунки чарчаб қоламан ёки …» ва шунга ўхшаш баҳоналар.
Учинчи поғона. Бу поғона боланинг ўзига адекват баҳо бера оладиган қадами бўлиб, бунда бола ўз хато ва камчилик, танловларини тушунтира олади. Масалан, «Мен яхши боламан, чунки ойимга доимо ёрдам бераман», «Мен ақлли боламан, шунинг учун отамнинг айтганларини қиламан».
Тўртинчи поғона. Ушбу поғонадаги болалар «Мен ҳам яхши, ҳам ёмон бўла оламан. Ойимнинг айтганини қилганимда яхши, укамга бақирганимда эса ёмон болага айланаман…» тарзида бўлади. Тўртинчи поғонадаман деб ҳисоблайдиганлар ўзига нисбатан ишончсиз ва кучига таянмайдиган, қўллаб-қувватлашга муҳтож болалардир.
Бешинчи ва олтинчи поғона. «Ушбу поғонадаман ва бошқалар ҳам мени айнан мана шу даражага қўяди» дегувчи болалар ўзига паст баҳо берувчилардир. Уларнинг хаёлида фақат «Мен бу ишни хато қилиб қўйдим», «Боғчада ва уйда мени доимо уришишади» каби фикрлар айланади. Бирор ишни бошлашда айнан шу каби фикрлар унга халақит беради, ва одатда янгиликка қўл урмайди.
Еттинчи поғона. Еттинчи поғонада турибман, деб ҳисобловчи болалар ўзига энг паст баҳо берувчилардир. Улар доимо ўзини «Мен ёмон боламан» деб ишонади. Ҳеч кимга керагим йўқ, атрофимда дўстларим кам деб ўксинади. Улар энг кўп ота-онасининг кўмагига муҳтож бўлишади.
Албатта, бу кўрсаткичларни мутлақ тўғри деб олиб бўлмайди. Бироқ биз ўзига ишонган, кучли инсонни тарбияларканмиз, бу каби машғулотларни ўтказиб туришдан эринмаслигимиз керак. Ўзи, умуман, боламизнинг шахсиятини ўстирарканмиз, у ўзига муносиб баҳо бериши учун нималарга эътибор беришимиз керак?
Масъулият. Аввало, кунлик ишлардан уни асло чекламанг, бола (3 ёшдан кейин) сизга оддий уй ишларида кўмак бериши ёки ўзининг хонасини тартибга келтириш билан боғлиқ юмушларни бажариши мумкин, албатта кўп ҳаракат билан уни қийнаб қўйманг. Болани кичиклигидан бирор ишга жавобгар қилиб қўйиш орқали унда масъулият ҳиссини тарбияласангиз бўлади.
Ташаббус. Фарзандингизнинг ҳар бир бажарган вазифаси учун раҳмат айтинг, уни мақтанг. Гарчи болакай ишни катталардек «қойиллатиб» қилмаган бўлсада, қўл меҳнати билан ясаган буюми ёки тайёрлаган салатини таҳсинга лойиқ деб ҳисобланг.
Хатолар. Ҳатто катталар ҳам баъзан адашиб туришларини фарзандингизга тушунтиринг. У бирор ножўя иш қиларкан, бирданига бақирмасдан, «Ёмон эмас, аммо бундай бажарганингда яна ҳам яхши бўларди» дея босиқлик билан тушунтириш мумкин.
Таҳлил. Боланинг ҳар бир фикрини инобатга олган ҳолда хато ва камчиликларини биргаликда муҳокама қилинг. Фақат камчиликларни эмас, бола билан унинг ютуқлари ҳақида ҳам узоқ суҳбатлашинг.
Психолог Галина Смислованинг фикрича, яқинлари уни юқори поғонага арзийди, деб ҳисоблашини биладиган болалар янада яхшироқ натижага эришишга ҳаракат қилар экан. Ҳар қандай саволга «Билмадим» дея жавоб бергувчи болажонларнинг ўзига ишончи ортиши учун катталар ёрдам бериши, жавоб топишда унинг севимли қаҳрамонлари ва ўйинчоқларидан фойдаланишлари яхши натижа беради. Бунда бола қўғирчоқларини қандай эканини сифатлаб, ўзини эмас, қўғирчоғини баҳоласин. Унинг жавобларига қараб, ота-она бола билан алоҳида шуғуллана бошласа, кўп ўтмай ижобий натижа олиш мумкин. Чунки, ҳар қандай вазиятда ҳам уни қўллаб-қувватлайдиган, юқоридаги поғоналарнинг энг яхшисига муносиб кўрадиган яқинлари борлигини билиш ҳар бир боланинг руҳиятига фақат ижобий таъсир кўрсатади, ўзига бўлган ишончни оширади. Хулоса қилиб айтганда, фарзандингизга, аввало ўзингиз ишонинг ва буни кўрсатишдан тортинманг.
Севара МУСАЕВА
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ