Урушда ғолиблар бўлмайди...


Сақлаш
10:05 / 07.05.2024 117 0

Араб халқида шундай афоризм бор: Оҳу қочиб қутулолмаса, шерга емиш бўлади. Шер қувлаб етолмаса, очлик қурбони бўлади. Тирикчилик ғамида ҳаётини таваккал қилиб, яйловга келган оҳу ва сўнгги мадорини оёқларига йиғиб, емиш қидирган шернинг бу хатти-ҳаракати табиат қонунига кўра “яшаш учун кураш” ибораси билан изоҳланади.

 

Аммо егани нони, ичгани суви, кийгани кийими бўла туриб, уруш отлиғ аждарҳонинг бошини қўзғайдиган инсонларнинг бу саъй-ҳаракатларини қандай изоҳлаш мумкин?!

  

Буюк Британия Бош вазири бўлган Уинстон Черчилл “уруш айримларнинг манфаати учун бутунлай бегуноҳ одамларнинг ўлиши”дан бошқа нарса эмас деган эди. Урушни нари борса бир неча субъектлардан иборат сиёсий гуруҳлар бошлайди, жабрини эса оддий халқ кўради.

 

“Уруш” дегани бу вайронкорлик, заҳарли тутунларга тўла осмон, тўс-тўполон, ваҳшийлик, неча юз минглаб инсонларнинг ўлими демакдир.

 

Инсониятга ҳеч қачон рўшнолик келтирмаган бўлса-да, дунё тарихида қонли тўқнашувлар жуда кўп бўлган, минг афсуски, улар ҳозир ҳам давом этмоқда.

 

Дунё тарихи шу кунга қадар гувоҳ бўлган жаҳон урушларининг ҳар иккаласи ҳам бемисл ваҳшийликлар билан борлиқни ларзага келтирган.

  

Жумладан, 4 йил, яъни 1914–1918 йилларда давом этган Биринчи жаҳон урушига Сараево воқеаси, яъни ўн саккиз ёшли сербиялик миллатчи, талаба Гаврило Принцип томонидан Австрия-Венгрия империяси тахти вориси Франц Фердинанд ва унинг рафиқаси София Хотек ўлдирилгани сабаб бўлган. Бироқ қуйидаги рақамлар ушбу уруш бир нечта гегемон манфаатлар тўқнашуви билан давом этиши натижасида инсоният тарихидаги энг мудҳиш воқеалар сабабчиси бўлганини кўриш мумкин.

 

Чунончи, урушда қатнашган 38 та дунё мамлакатининг жами 1,5 млрд. дан ортиқ аҳолисидан 74 млн. га яқини урушга сафарбар этилган. Шундан 10 млн киши қурбон бўлган, 20 млн киши эса турли тан жароҳатлари олиб, яраланган. Аҳолининг катта қисми касаллик ва очлик қурбони бўлган. Биринчи жаҳон урушининг асосий иштирокчилари бўлган давлатлар ўз миллий бойликларининг учдан бир қисмини йўқотган. Мазкур уруш туфайли Россия империяси, Австрия-Венгрия империяси, Усмонийлар империяси ва Германия империяси якун топган.

 

Кўлами бир неча ўнлаб давлатлар ҳисобига кенгайган Биринчи жаҳон урушидан сўнг бамисоли Ернинг кўкси илма-тешик бўлиб кетгани, дарёлар ўзанидан чиқаёзгани, тупроқлар қонга қоришгани, осмон кимёвий заҳарларга тўлгани, табиий офатлар кучайиб, турли касалликлар авж олгани, иқтисодий танқислик суръатлари ўсиб, очарчилик, қаҳатчилик инсоний қадриятларни емира бошлагани ҳам шубҳасиз.

 

Бу қадар мудҳиш ҳолатни инсоният ўз қўли билан яратгани, совуқ қуроллар, манфур ниятлар, манфаатлар тўқнашувининг салбий оқибатлари, афсуслар бўлсинким, инсониятга сабоқ бўлмади.

 

Орадан қарийиб 20 йил ўтиб, кўплаб тарихчилар томонидан инсониятга қарши уруш деб баҳоланган Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Мазкур уруш ҳам дастлаб коммунистик ва фашист режимлар ўртасидаги яқинлик ва тафовутлар сабаб юзага келгандек кўринса-да, дунёнинг 60 дан зиёд мамлакатлари миқёсида жуда кенг қулоч ёзди ва миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритди.

 

Эътиборингизни биргина мамлакатимиз мисолидаги рақамларга қаратмоқчиман: ушбу урушга сафарбар қилинган 263 000 дан зиёд аскар ҳалок бўлган, 132 670 киши бедарак йўқолган, 60 452 нафари урушдан ногирон бўлиб қайтган. Бундан ташқари 10 минглаб ўзбекистонлик жангчилар асирга тушган. Бу – фронтга сафарбар қилинган юртдошларимизнинг ҳар уч нафаридан бири уйига қайтмаганини билдиради.

 

Уруш 1945 йили гарчи расман тугаган деб эълон қилинган бўлса-да, мамлакатлар ўртасидаги совуқ муносабатлар уруши давом этди. Отишма ҳамда қон тўкишларсиз, “тинчлик учун кураш” ғояси билан яшаш мамлакатларни ҳолдан тойдирди.

 

Зиёлилар, оддий халқ вакиллари тинчлик учун чақириқларга имзо тўплаш билан машғул бўлган бўлса, саноат сўнгги моделдаги ҳарбий қуроллар: жанговар самолётлар, танклар, ракеталар ишлаб чиқаришдан бир зум бўлса ҳам тўхтамади.

 

Қорни тўйиб овқат емаган, кийим-кечак етишмаслигига кўниккан халқ дунёнинг ҳали у, ҳали бу нуқтасига ташланаётган атом бомбаси таҳдиди билан яшаб, турли мамлакатларнинг “пўписа”лари билан ҳисоблашишига тўғри келди.

 

Халқ онгига “қимматчилик бўлса ҳам, қаҳатчилик бўлмасин” деган гап сингиб кетган. 80-йилларда эса дунёдаги барча атом қуроллари бирданига портласа, Ер курраси ўз ўқидан чиқиб кетиши мумкин(!) деган башоратнинг таъсир доираси анча кенг эди.

 

Бугун ижтимоий тармоқларда гўдакларнинг мунгли овозларини эшитиб, илтижоли нигоҳларида тириклик нишоналари тугаб бораётганини, бир кечада ўнлаб, юзлаб қабрлар қад кўтараётганини кузатар эканмиз, икки ёки учта мамлакат ўртасидаги тўқнашувлар юзлаб замондошларимизнинг тақдирига мудҳиш якун ясаётганидан куюнамиз. Тинчликнинг улуғ неъмат эканини яна бир карра ҳис этамиз.

 

Бугун ўзгаларнинг осойишта ҳаётига осонгина соя солишни “маҳорат” деб биладиган, қорни тўйиб овқат ейишни орзу қилган халқларни ойлаб, йиллаб боқиш мумкин бўлган миллардлаб маблағларни “уруш” келтириб чиқарадиган лойиҳалар яратишга сарфлаётганларни не дейиш мумкин?

 

Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши натижалари шуни кўрсатадики, урушда ғолиблар бўлмайди, уруш қурбонлар майдонидир. Бир йил давом этган урушнинг сояси ўзидан кейинги бир неча даврларга қоронғилик солиши тарихдан бизга маълум.

 

Биргина мисол: Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон мудофаанинг моддий эҳтиёжини таъминлашда бор кучини аямай сарфлаган. Чунончи, уруш йилларида аҳоли томонидан мудофаа жамғармасига 649,9 млн. сўм нақд пул, 4 млрд. 226 млн. сўм заём пули, 52,9 кило олтин ва кумуш йиғилди.

 

Армия учун меҳнаткаш аждодларимиз кун-тун ишлаб, миллионлаб гимнастёрка, пахтали комбинзион, этик ва қўнжли ботинка юборгани, Енгил саноат вазирлиги корхоналари томонидан фронтга миллионлаб метр газлама, тонналаб ғалла, картошка ва сабзавот, полиз маҳсулотлари, қуруқ ва ҳўл мевалар жўнатишгани архив ҳужжатларида ва тарихий манбаларда келтирилган.

 

Ўзбекистонда уруш йилларида 280 та янги корхона барпо этилган. Республиканинг саноат потенциали 1945 йилга келиб 1940 йилдагига нисбатан деярли 2 баробар кўпайган.

 

Жумладан, нефть қазиб олиш 4 баробар, металл ишлаш тармоқлари маҳсулотлари 4,8 баробар, машинасозлик маҳсулотлари 13,4 баробар, кўмир қазиб чиқариш 30 баробардан зиёд, пўлат ва прокат эритиш 2 баробар, электр энергияси ишлаб чиқариш 2,42 марта ортган.

 

Бироқ Ўзбекистоннинг икки карра зиёд потенциали уруш йилларида фронт учун самолёт, авиамотор, авиабомба, миномёт, миналарни йўқ қилувчи қурол, ҳарбий-кимёвий аппаратура, мина, снаряд, граната, дала радиостанциялари учун радиолампа, парашют, ҳарбий-санитария ва ҳаммом, кир ювиш поезди, кўчма ошхона ва кўпгина ҳарбий анжомлар етказиб беришга сарфланган.

 

Бундан ташқари, кўнгилли ватандошларимиз ўз хонадонларидан от, қўй, эчки каби қорамол, иссиқ кийим, қуруқ мева, ун, буғдой, ёрма, гуруч, нақд пул кўринишидаги ёрдамларини ҳам тинмай фронтга юбориб туришган, турли мамлакатлардан кўчириб келтирилган ўн минглаб кишиларга бошпана бериб, ғамхўрлик кўрсатишган, ҳарбий госпиталларни оталиққа олишган.

 

Зеро, бунча катта потенциал билан ишлаган завод ва фабрикаларнинг кучи иқтисодиётимизни, бозорларимизни ривожлантиришга, халқимизнинг ҳаётини фаровонлаштиришга қаратилганида, бунча катта куч ва маблағ билан юзлаб мактаблар, кутубхоналар қурилганида урушдан кейинги ўн йилликлар очарчилик, қаҳатчиликда ўтмаган бўлар эди. Ота-боболаримизнинг, момоларимизнинг ҳаёти бирмунча гўзал кечарди. Ва ниҳоят, бу каби манфур урушлар юз бермаганида, дунё мамлакатларининг куч-қудрати илм-фанни, маданиятни, санъатни тараққий эттиришга қаратилганида, бугунга келиб дунёнинг бошига кўплаб глобал муаммолар тушмаган бўлар эди.

 

Уруш оқибатида минглаб болалар етим қолишган. 200 минг етим боланинг ўзбек оилалари бағрига келиб қўшилиши уруш отлиғ ҳаракатнинг бешафқатлиги тимсолидир. 14 нафар болани ўз тарбияларига олган Шомаҳмуд Шомаҳмудовлар оиласи шарафига ишланган “Сен етим эмассан” фильмидаги уруш манзаралари кўплаб халқларнинг чеккан азоб-уқубатларини акс эттиргани шубҳасиз.

 

Уруш даврида ташкил этилган “Ишчи батальони”да 155 минг юртдошимиз хизмат қилиб, тил билмаслик, қаҳратон совуқда юпун кийим ва оғир яшаш шароитидаги очлик оқибатида касалликдан нобуд бўлгани ҳам тарихий манбаларда келтирилган.

 

Иккинчи жаҳон уруши барча халқларга улкан кулфатлар келтирди. Миллионлаб аёл бева ва болалар етим бўлиб қолишди. Ота-оналар фарзанд доғида қайғу-алам билан бу дунёдан кўз юмдилар. Халқлар шу даражада қашшоқлашдики, юқорида тилга олганимиз шер ва оҳу каби “яшаш учун кураш” бошланди.

 

“Умри холани пешин намозига чиқаришди. Қабристондан чиқиб келишаётганида Шоикром одамларнинг ўзаро гапини эшитиб қолди.

 

Уруш тамом бўпти, эшитдингизми?”

 

Таниқли ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг “Урушнинг сўнгги қурбони” ҳикояси айнан ушбу жумлалар билан тугайди. Ҳикоя қаҳрамони – тирикчилик манбаи бўлган ягона сигири ўғирлаб кетилган, бола-чақасига нон топиб беролмаганидан ҳар куни оғриниб, замондан нолийдиган Шоикром қулупнайзорни ўғридан қўриқлаш учун электр токига улаган симига онаси Умри буви тушиб, қазо қилади.

 

Кичкинагина ҳикоядаги улкан ҳақиқатлар, яъни уруш гирдобидаги давр машаққатлари, қийинчиликлари кишини узоқ ўйлантириб қўяди. Ҳикоя гарчи Умри бувини “урушнинг сўнгги қурбони” дея эътироф этган бўлса-да, урушдан кейинги қаҳатчилик даври қурбонлар сонининг янада ортишига сабаб бўлганини англаш мумкин.

 

Пойтахтимиздаги Хотира майдонида барпо этилган 35 жилдли Хотира китобини кўздан кечирсангиз, ҳар бир исм-шариф рўпарасида муштипар оналарнинг аччиқ кўз ёшларини, оталарнинг мунгли нигоҳларини, ёстиғининг ярми бўшаб қолган келинларнинг армонларини, етим қолган болаларнинг фарёдини эшитгандай бўласиз.

 

Фронт ортидаги машаққатли меҳнатлари орқали жанг қилиб, бир метр матони ўзидан аяб, фронтга жўнатиб, тутнинг пишиғига етиб олишни орзу қила-қила яшаш учун курашиб, очарчилик, қаҳатчилик қурбонлари бўлган аждодларимизнинг исмлари битилган ҳаёт китоби ҳам темир китобдан кам эмаслигини қайси биримиз инкор эта оламиз!

 

Иккинчи жаҳон уруши асоратлари бўйича шу кунгача илмий тадқиқотлар, археологик қазилмалар олиб бораётган қатор гуруҳлар томонидан аниқланаётган янги-янги маълумотлар уруш ҳақидаги маълумотларга ойдинлик киритишга, йирик рақамларни ўзгартиришга, уруш тарафдорлари бўлган мамлакатларнинг асл ниятларини аниқлашга хизмат қилиши билан бирга ўтган давр манзарасини янада мудҳишлантириб, урушга чорловчи ғоялар ортидан эргашишдан тийилишга ҳам чорлаши шубҳасиз.

 

Ер юзи инсоният бахтли бўлиб яшаши учун яратилганлигини, бир қарич ерда ҳам инсон гўзал орзулар қилиб, ўз меҳнати билан бахтли бўла олиши мумкинлигини ҳис этмаган инсон ҳар қанча моддий бойлиги бўлмасин, бахтиёр бўлолмайди. Чин инсон ўзгалар қонини тўкиш эвазига тузилган йирик давлатларда эмас, ҳамма бахтли яшайдиган давлатлардан бирида яшашни афзал билади. Чин инсон бошига мусибат етган инсонларга ёрдам қўлини чўзишни ўз бурчи деб ҳис этади. Чин инсон ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўймайди.

 

Биз икки улкан уруш манзаралари атрофида фикр юритдик. Бироқ тахт ва ворислик талашувлари, баъзан биргина маликанинг макри билан қилинган неча-неча қатлиомлар ҳам инсонга қаратилган урушдир. Уруш томонлар кучи ва ҳудудлар кўлами билан эмас, бегуноҳ тўкилган қонлар билан сифатланади.

 

Ўзбек халқи тарихда ҳам, бугун ҳам жаҳон ҳамжамияти томонидан бағрикенглиги билан аҳамият касб этиб келган. Халқимизнинг ушбу сифати мамлакатимиз Бош қомусида ҳам қонун билан асосланган. Зеро, кўп миллатли мамлакатларда бағрикенглик – тинчлик, тараққиёт гаровидир. Одамлар ўртасида низолар келиб чиқишининг олдини олишда, халқлар ўртасида соғлом маънавий муҳитни барқарорлаштиришда толерантлик муҳим роль ўйнайди.

 

Кўплаб урушларнинг келиб чиқишига бевосита миллатчилик сабаб бўлаётган бугунги кунда Ўзбекистонда 16 та конфессия асосида 130 дан ортиқ миллатлар ўртасида дўстлик, бағрикенглик муҳити шакллангани дунё халқлари томонидан алоҳида эътироф этилаётгани бежиз эмас, албатта. Халқимизга хос бағрикенглик фазилати айниқса, Иккинчи жаҳон уруши даврида яққол намоён бўлганлигига тарихнинг ўзи гувоҳдир.

 

XXI аср – ахборот асри. Урушни келтириб чиқарадиган сабаблар ҳам “оммалаштирилаётгандек” гўё. “Ҳаёт рессурсларининг танқислиги”, “дунё аҳолиси сонининг меъёрдан ортиб бораётгани”, “Ер юзига сиғмай қолишлик” каби глобал мавзулар гўёки урушларни ёқлайдигандек. Аммо ушбу “глобал сабаблар” остида ҳам аллакимларнинг манфаатлари ётганини унутмаслигимиз, ҳар қандай урушга ҳеч бир сабаб асос бўла олмаслигини англашимиз лозим. Зеро, биргина бегуноҳ инсон қонини тўкишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат манфур урушнинг парчаси демакдир.

 

Ҳазрат Навоийнинг “Ҳамса”сига киритилган достонлардан бирида бу дунё инсон гули учун яралди, унинг гуллашига ишонинг ва у гуллайди деган фалсафий қараш акс этади. Зотан, инсонни қурбон қилиш, орзу ва истакларини яксон қилиш, нафасини заҳар билан бўғишга қаратилган ҳар қандай урушнинг дунёга муносиб эмаслиги айни ҳақиқат-ку!

 

Ёши 7080 дан ошиб, бу дунёнинг ҳою ҳаваслигини, бу дунё имтиҳон эканлигини ҳис этиб, ҳаётининг қолган қисмини яхши амаллар қилиш тараддудига тушиб қолган ҳар бир мўйсафид ёзилмаган китоб эмасми?!

 

Биз тинчлик тарафдоримиз демоқда муҳтарам Президентимиз. Қайси элда зилзила, сув тошқини ёки ёнғин оқибатида талафот кўрган инсонлар бўлса, мамлакатимиздан дарҳол ёрдам фонди йўлга отланади, кўнгил сўралади. Ҳамюртларимиз бориб, жабрдийда элларнинг ёнида туриб беришади. Барча элларга фақат ва фақат тинчлик истайдиган, “Қўшнинг тинч-сен тинч” ақидасига амал қиладиган, миллати, дини, ирқидан қатъи назар, дунё майдонида бахтли яшашга ҳақли деб биладиган, ўзга элларда урушдан жабр чекаётган норасида гўдакнинг кўзидан бир томчи ёш тўкилса, у билан бирга қўшилиб йиғлайдиган, юраги оғрийдиган бағрикенг халқимизнинг Юртбошиси ҳам чин инсон сифатлари билан дунё тинчлиги тарафдори эканлиги, қайси бир элнинг подшоси оддий халқнинг розилиги, қон тўкилишига қаршилиги билан ҳисоблашмай, ўз манфаатларини устун қўяётган бир даврда, халқимиз билан бир ёқадан бош чиқариб, урушга қарши тураётганлигининг ўзи бизнинг бахтли халқ эканлигимиздан далолатдир.

 

Шиддат билан ривожланаётган бугунги давр очиқ курашлар майдонига айланиб бормоқда. Таҳдидларга бой замонда “халқ манфаати учун” ниқоби остида ўз истак-хоҳишлари йўлида тубанлик билан “зўр”лардан “зўр” бўлишга уринаётганларнинг “уруш” отлиғ совуқ ном билан курашга отлангани, “Учинчи жаҳон уруши” иборасини илгари суришлари фақат бир нарса, яъни яна бегуноҳ инсонларнинг қурбон бўлишлари билан таъбирланади, холос. Юқорида зикр этганимиздек, урушда ғолиблар бўлмайди...

 

Фурқат ЖЎРАҚУЛОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

раҳбарининг биринчи ўринбосари,

сиёсий фанлари доктори, профессор

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси