Қозоғистоннинг 80 йиллик тарихидаги энг йирик тошқин: кўрилган зарар қамрови, Президент мурожаати ва кўнгиллилар ташаббуси


Сақлаш
21:27 / 19.04.2024 446 0

Жорий йилнинг март ойида Қозоғистонда қор эриши оқибатида сув тошқинлар бошланди. 10 апрель куни мамлакатнинг 17 вилоятидан 10 тасида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. 12 апрелда ёғган кучли ёмғир эса тошқинларни янада кучайтиради.

 

Фалокат оқибатида 60 дан зиёд аҳоли пункти ташқи дунёдан узилиб қолган, 10 та вилоятдаги уч мингдан ортиқ хонадон сув остида қолган. Кўплаб иншоотлар, жумладан, йўл ва кўприклар жиддий зарар кўрган.

 

Кучли тошқин Қозоғистон учун ҳақиқий фожиага айланиб, хавфли зоналардан 100 мингдан ортиқ фуқаро эвакуация қилинган. Тошқинлар оқибатида нафақат одамлар, балки уй ҳайвонлари, чорва моллари ҳамда турар жой ҳудудлари ҳам жиддий зарар кўрган.

 

Бундан ташқари, табиий офат Россия территорияси — Оренбург, Курган, Самара, Саратов, Уляновск вилоятлари, Бошқирдистон, Мордовия ва Татаристон республикаларидаги аҳоли яшаш жойлари, йўллар ва бошқа инфратузилмаларга ҳам зарар етказган. Улар орасида энг оғир вазият Оренбург вилоятида кузатилиб, мамлакатда федерал аҳамиятдаги фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

 

Қозоғистон президенти тошқинларнинг аянчли оқибатлари юзасидан аҳолига шундай мурожаат қилди:

 

«Умидсизликка тушмаслик керак, биз бу вазиятни тўғрилаймиз. Асосийси – инсонларнинг қурбон бўлишига йўл қўймаслигимиз керак. Тошқинлардан зарар кўрган фуқароларга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиманки, бирортангиз ҳам давлат эътиборидан четда қолмайсиз, барчангизга моддий ва бошқа зарурий ёрдамлар кўрсатилади. Йўқолган барча моддиятингиз зарари қопланади. Биз бу йирик тошқинлардан ҳар томонлама – табиий офатларни олдини олиш бўйича чора-тадбирларидаги камчиликлар ва сув ишчилари етишмовчилигидан то табиат билан аёвсиз муносабатимизгача керакли сабоқ чиқаришимиз зарур».

 

Қозоғистонга турли мамлакатлар инсонпарварлик ёрдамларини юбормоқда. Жумладан, Ўзбекистондаги кўнгиллилар ўз ташаббуси билан зарур буюмлар ва пул маблағларини юборишни режа қилган. Туркия ва Буюк Британия расмийлари ҳам табиий офат оқибатларини бартараф этиш ва барча керакли ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

 

Аввалроқ куйдирги касаллиги ташувчиси бўлган қора чорва моллари кўмилган қабрлар ҳам сув остида қолгани айтилган эди. Касаллик споралари бир неча ўн йиллар давомида тупроқда сақланиб қолиши мумкин, бу эса мамлакатда куйдирги касаллигининг қўзғалиш хавфи борлигини билдиради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16637
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//