Эй қариндошлар… Аллоҳ таоло биз, мусулмонларни шарифи ислом ила бошқа миллатлардан мукаррам ва мушарраф қилди. Жумла китобларни афзали Куръони каримни бизга йиборди, ҳамма анбиёи сарвари пайғамбаримиз афанди ҳазратларина бизни уммат қилди. Бас, биз на учун Аллоҳ амрини лозиминча тутмасмиз.
Пайғамбаримиз ва ул жанобни халифалари ва асҳоблари ва итбоълари кўрсаткан ва туткан йўлларида биз на учун собитқадам ўлмасмиз? Шариат амрига қаршулик қилиб, бошқа миллатлар назарига ўз дину шарифимизни хор ва залил суратда кўргузирмиз. Буни сабаби ила оламни қайси тарафига назар солсак, ўз диндош ва миллатдошларимизни хор ва бошқа мутамаррин ва мутараққий миллатлар қошида шармисор кўрурмиз. Буни сабаби эса бошқа миллатларни илм ва маърифати, биз мусулмонларни ғафлат ва жаҳолатимиз эмасму? Агар бу эса, биз ҳам ўзимизни бу сафолат ва разолатдан қутқармак учун ғафлат ва жаҳолатимизни ташлаб илм ва маорифга на учун кўшиш ва ҳаракат қилмасмиз? Ёки бошқа миллатларда бор истеъдод ва қобилият биз мусулмонларда йўқму? Ёки биз мусулмонлар ўз дин ва шариатимизча илм ва маориф таҳсилига ва талабига маъмур эмасмизму?
“Билғонлар ила билмағонлар баробар бўлмаслар” деган ояти карима мазмунини назари мулоҳазага олиб туриб ўз ҳолимиз ила кўз олдимизда турғон рус, ҳамсояларимизни ҳолини муқобила қилсак, ҳар бобда булардан камлигимиз ва булар бизларга хўжа, бизлар буларга қул суратда яшагонимизни сабаби замонага мувофиқ илм ва маорифдан маҳрумлигимиз эдугини ҳар биримиз иқрор ва эътироф қилурмиз. Модомики, ҳол бу ила экан, на учун “Бизга ул керакмас, бул керакмас” калималарини истеъмолдан ташлаб “керак, керак” лафзларини вирди забон этмасмиз.
Руссия давлатини жумла фуқароси балки курраи арзда инсонни ҳаммаси бу дунёда роҳат ва саодатда яшамак учун энг биринчи восита ҳукумати мустабиддани низом ва қоидаларини фосиҳий, ҳуррият ва озодият қонунларини ижросини ўлдиғини жону дилдан қабул этуб ҳукумат ҳам бунга лозим ҳаракатларда бўлундиғи бир замонда биз ҳамон истибдоддан ўзимизга еткан меҳнату машаққатларни роҳат ва саодат гумон қилуб ҳуррият душмани ўлғон чиновникларга ихлос ва эътиқодимизни кундан-кунга зиёда ошурмакда давом этмагимиз ғафлат ва жаҳолатимизнинг натижаси ўлмаса на дур? Бу истибдод бизни бошимизга на қаро кунларни солди?
Низоми олам ҳар миллатни ўзидан ва шариъати иқтизосинча ҳаракат қилмоғига мусоида вермиш экан, на учун биз мусулмонларни шариатимизга чанг урилуб қозийи исломларимиз ҳукмларни “фоложина” (положение) дастурилъамалга мувофиқ қилмакға мажбур ўлдилар. Мусулмон қозилари мартабада рус судьялари ила баробар эканлар, на учун кўча қаровули ҳукмида ўлғон фолитсаларни (полицияни) таъзим қилмак ва алардин ҳақоратлар эшитмак ва ҳам уч юз сўмдан зиёдаға ҳукм қилолмаслик ва шулар каби мухолифи адолат ўлғон низомлар жорий ўлди. Масжид ва мадрасаларимизни вақфлари хазинага олинди. Думахона оқчасидин руслар учун зўр-зўр диний мактаб ва мадрасалар очилди. Аммо мусулмонлар учун ҳеч бир диний мактаб ва мадрасалар очилмас, очилғонлари эса ёлғуз русча ўқитмак учун очилди.
Мусулмончадан ҳам бир оз таълим берилмоғи фақат мусулмонлар хавф этмасун деб қурулғон тадбир эканлиғига мазкур мактабларни идора ва назорати руслар қўлида ўлуб, имтиҳон вақтларида ҳам ёлғуз русчадан имтиҳон олинмоғи зўр бир далил ўлса керак. Чунки мусулмончани ўзига махсус мусулмондан бир нозир таъмин қилинмағони учун мусулмончадан олинган имтиҳон имтиҳон қаторида саналмас. Рус нозирлари эса, мусулмончани лозиминча билмаслар. Ваҳоланки, думахонаға мусулмонлар русларға икки баробар ақча тўламаклари ҳар кимни маълумидур. Бас, на учун мусулмонлар ҳам ўзларига махсус бир мактаб ё мадраса очуб бошқа мамлакатлардан таълим ва тадрис ишларига лозиминча муқтадир муаллимлар келтуруб аларни вазифаларини думахона ақчасидин беролмаслар. Ёки муслмонларни ақча тўламакда хақлари ўлуб, у қоидаи динийя ва дунёвийяларига сарф этмакда ҳақлари йўқму?
Хайр, афандиларим… Бу хусусда мусулмонларни ҳақлари руслар ила баробардур… Лекин бу ҳақларини талаб қилмоқға мусулмонларнинг тиллари йўқдур. Чунки бир сўзни тилға олмоқға аввалан дилға келтурмак керак. Дилға келтурмак эса ул ишни фойда ва зарарини фарқ қилмоқға мавқуфдур. Фойда ва зарарни фарқ қилмоқ эса замонаға мувофиқ, илм ва қонундан хабардор ўлмағунча ҳосил бўлмаслиги табиийдур.
Гарчи ота-бобомизни одатларига хилоф ўлса ҳам, замона иқтизоси ўлдиғи-чун телегром, темир йўл, ламфа, пучта ва босма китоблар каби янги асбобларни қабул этдук. Ҳаммадан зарур ва фойдабахш ўлғон замона илм ва қонунларини қабул этмай, ҳамон алкалиматани алиф ломи ила шамсияни салошо валийси ила салаш сонийсини қайси бирин зиёдалигини билмакға умр ўткармоғимиз темир йўл ила ҳажга бормакдин парҳез қилуб эшак миниб бориб, йўлда қанча меҳнат ва машаққатларни тортиб охири чўлдами, дарёдами, ўлуб кетмак каби ўз жонимизга мухолифатчилик ўлмасун деб, ламфани қўюб қаро чироғ ёкмоғ дурустми?
Мунавварқори АБДУРАШИДХОНОВ
“Хуршид” газетаси, 1906 йил, 21 сентябрь
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ