
Қумиқлар – Шимолий Кавказдаги энг кўп сонли туркий халқ. Улар ислом динига эътиқод қилишади. Кўпчилиги шофъе, фақат бир қисмигина ҳанафия мазҳабида. Қумиқ тили туркий тилнинг қипчоқ лаҳжасига мансуб.
Қумиқларнинг умумий сони 600 000 атрофида. Қумиқлар яшайдиган жойлар то ХХ асрга қадар Қумиқистон деб аталиб келинган. Аммо, 1929 йилда ўтказилган маъмурий-ҳудудий ислоҳотлар даврида Қумиқистон ҳудудлари янги ташкил этилаётган Доғистон, Чеченистон ва Шимолий Осетияга бўлиб берилган. Уларнинг катта қисми ҳозир ҳам шу ерларда, аммо бир-биридан айро учта республикада яшашади. Бундан ташқари, қумиқлар Россиянинг ҳамма ҳудудларида, шунингдек, Туркия ва бошқа ўлкаларда ҳам истиқомат қилишади. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам 2021 йил 1300 нафар қумиқлар яшаши қайд этилган[1].
Қумиқистон Шимолий Кавказнинг юраги, қумиқлар эса сон жиҳатидан энг катта этнос ҳисобланади. Қумиқ тили ўрта асрлардан то ХХ асрнинг 30-йилларига қадар Кавказда ўзаро мулоқот тили – лингва франка[2] вазифасини ўтаган. Бу ҳақда ўз даврида Лев Толстой ҳам маълумот ёзиб қолдирган. Л.Толстойнинг ёзишича, Шимолий Кавказдаги олтмишдан зиёд турли элатлар ўшанда қумиқ тилида мулоқот қилишган[3]. Дарвоқе, Лев Толстой қумиқ тилини жуда яхши билган ва унинг Кавказ билан боғлиқ асарларидаги асосий қаҳрамонларнинг аксарияти қумиқлар бўлишган.
Қумиқ тилини М.Ю.Лермонтов ҳам ўрганган. Унинг “Замонамиз қаҳрамони” романидаги кўплаб қаҳрамонлар қумиқлар. Романда қаҳрамонлар тилидан қумиқча сўзлар кўп ишлатилган[4].
Қумиқларнинг келиб чиқиши бевосита қипчоқ турклари билан боғлиқ. Инчунин, усмонли турк манбаларида Доғистон ерлари ҳам Тавистан деб аталган[5]. К.Ф.Смирновнинг тадқиқотларига ишонилса, қумиқлар Қумиқистонга VIII–X асрларда келгани қайд этилган[6]. Қумиқ этносининг шаклланиши бўйича турли версиялар бор. Мисол учун, немис шарқшуноси Юлиус Клапрот[7] ва Ҳерман Вамбери[8] қумиқларнинг келиб чиқишини хазар хонлиги билан боғлайди. Буни кўплаб тарихчилар ва этнологлар, жумладан биринчи қумиқ архологи Г.С.Фёдоров-Гусейнов ҳам келтириб ўтган[9]. Дарҳақиқат, хазарлар давлати тузилгандан сўнг айнан Қумиқистонда уларнинг пойтахти Самандар шаҳри барпо этилган ва шу ердан туриб мамлакат бошқарилган[10].
Н.А.Баскаков қумиқлар миллат сифатида қарайим, қарачай ва балқарлар билан бирга қипчоқ-ўғуз-булғор уруғларининг қурамаси сифатида шаклланганини таъкидлаб ўтган[11].
Бу борадаги энг ишончли манба саналган Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғатут-турк” асарида қумиқлар туркий уруғ сифатида тилга олинган[12]. Бундан кўринадики, қумиқлар соф туркий уруғларнинг бири ўлароқ таркиб топиб, кейин миллат сифатида шаклланган.
Қумиқ сўзининг этимологияси борасида ҳам турли фикрлар юради. Албатта, сўзнинг ўзаги “қум” ёки “қу” соф туркийдир. Аммо уни турли ноўрин фикрлар билан ёки шаклини бежаб тавсифлаш ғайри миллат олимларигагина хос ёндашувдир. Мисол учун, Петр Услар[13] қумиқларнинг келиб чиқишини Қумуқ деган жой (топоним) билан боғлайди. Бироқ П.Услар билмас эдики, туркийлар ўз номлари ва тахаллусларини топонимлар билан атамаган, аксинча, кўпроқ этнонимлар топонимга айлантирилган.
Қумиқ сўзидаги -иқ аффикс экани аниқ. Демак, бундан кўринадики, қум бу ерда ўзак саналади. Туркийларда қуман, қумандин, қумақ уруғлари азалдан бўлган ва бу қумиқлар энг қадимий халқлардан бири эканини кўрсатади.
Қумиқлар ҳудудий жиҳатдан икки тоифага – жанубий ва шимолий қумиқларга бўлинади. Шимолий қумиқлар ўз манзилгоҳларини юрт (Хасавюрт, Бабаюрт, Адиль-Янги-Юрт, Султан-Янги-Юрт ва ҳ.к), жанубий қумиқлар эса кент (Башликент, Қаякент, Янгикент) топоформанти билан номлашади. Ҳар икки ҳудудда бошқа топоформантлар ҳам кўп учрайди, улар орасида энг машҳури аулдир: Эндирей аул, Қандаураул, Чонтаул, Темираул, Халимбекаул, Меселемаул, Ағачаул ва ҳ.к.[14].
Шимолий ҳудудларда яшовчи қумиқларнинг қиёфаси бошқа кавказ халқларидан унчалик фарқ қилмайди. Кавказдаги Қўйсув[15] дарёсининг атрофида яшайдиган аксар халқларнинг кўринишида умумий хусусиятлар мавжудлиги антропологлар томонидан қайд этилган. Улар европоид ирқининг Каспийбўйи ва кавказ тоифасига мансуб баланд бўйли, қотмадан келган, сочу кўзи қора одамлар бўлишган[16]. Жанубий ҳудудларда яшовчи қумиқларда эса кўпроқ Осиёга хос хусусиятлар, қисиқ ва қора кўз, кенг юз, бақувват оёқлар билан ажралиб туради.
Қумиқларнинг анъаналари ва урф-одатлари ҳам бошқа Кавказ халқлариникига ўхшайди, аммо улар одатларга кўпам эътибор қаратишмайди ва мўътадил ёндашадилар. Қумиқлар ислом динига эътиқод қиладиган халқ сифатида миллий урфларга, хусусан Кавказда кенг тус олган “қонга-қон, жонга-жон” каби стереотиплардан анча узоқлашган. Бу уларнинг мақолларида ҳам акс этган: Яманны яман булан қувма, қанны қан булан жувма (Ёмонни ёмон бўлиб қувма, қонни қон билан ювма). Ўзаро низоларда ярашиш ва муросага мойиллиги устунроқ. Аммо улар дин учун, эътиқод учун курашишга доим тайёр туришган.
Қумиқлар ўрта асрлардан буён ўтроқ ҳаёт кечиришса-да, асосан чорвачилик билан шуғулланиб келишган. Кавказнинг иқлими мўтадиллиги, ўт-ўланлар ва сувнинг мўллиги сабаб буйвол, қўй, от боқиш энг сердаромад иш саналган. Кавказ халқлари орасида энг кўп деҳқончилик қиладиган ва бозорларни маҳсулот билан тўлдирадиганлар ҳам қумиқлардир. Шунингдек, боғдорчилик, асаларичиликни ҳам яхши ўзлаштиришган.
Қумиқлар гилам тўқиш ва бошқа тўқимачилик маҳсулотларини тайёрлашга ҳам уста бўлишган. ХХ асрнинг биринчи ярмида ҳам ҳар бир қумиқ хонадонида ўрмаклар бўлган. Унда килим, хали, дум, арбабаш каби гиламлар ва тўрва, қоп, хуржун, от ва эшаклар учун ёпинчиқ – чул (ўзб. жул) каби гилам маҳсулотлари тайёрлашган.
1-расм.
Кигиздан ҳам кийиз (гилам), терлик (тўқим тагига солинадиган намат), чепкан (чакмон), намазлиқ (жойнамоз), қўлқоп, пийма этик ва бошқа маҳсулотлар тайёрланган.
Қумиқ гиламлари орасида ўзбеклар олача деб атайдиган гиламлар ҳам кўзга ташланади[17].
2-расм.
Олача гиламлари Ўзбекистонда асосан қипчоқ аҳоли томонидан тўқилган, фойдаланишга қулай бўлгани учун уни кўпроқ ишлаб чиқаришган. Олача ҳовлига тўшаш, қоқиш, ювиш учун ҳам қулай ва енгил бўлган. Қумиқлар ҳам олача матодан жойнамозлар, тўрва, тузхалта, чойхалта, ойнахалталар тайёрлаган. Энг эътиборлиси шундаки, ҳар бир келиннинг сепида олача гилами ва жойнамоз бўлиши шарт саналган.
Қумиқ гиламларидаги орнаментлар туркий асосга эга бўлса-да, бошқа халқларнинг безакларидан шаклан фарқ қилади. Жумладан, улар туркийларга Ўғузхондан мерос қолган саккизюлдузнинг қиррали шаклини кўпроқ қўллашган (3-расм. 1). Ҳамма туркий орнаментларда кенг қўлланиладиган муйизнусха (қўчқоршох) орнаментини эса маҳорат билан саккизбурчакка айлантиришган (3-расм. 2).
3-расм.
Қипчоқ халқларига хос безаклар қумиқларнинг гиламлари билан бирга кўрпа-тўшаклари, кийим-кечаклари, идиш товоқларида ҳам кўзга ташланади.
4-расм.
Қумиқ ошхонаси асосан гўштли ва сутли таомлари билан машҳур. Улар кўпроқ қўй этини истеъмол қилишади. Мол этини эса камроқ ишлатишади. Қардош ўғуз халқлари, хусусан oзарбойжонликлар таъсирида бўлса керак, от этини истеъмол қилишмайди. Улар отни (ўлаётган от қийналмаслиги учун) сўйишган, аммо терисини шилиб олиб этини итларга ташлашган. Қумиқлар орасида от этини фақат Сувлоқ дарёси атрофида нўғойлар билан бақамти яшайдиганларигина истеъмол қилишади. Қумиқлар гўштда ўндан зиёд шўрпа (шўрва)лар, шунингдек дўлма, қизартма эт, бозбаш каби таомлар тайёрлашган. Энг қизиғи, қумиқлар палов тайёрлашни ҳам билишган ва уни худди ўзбеклар каби ош ёки пилов деб аташган.
Сутдан қаймоқ, йовурт (қатиқ ёки йогурт), пишлоқ, сузма, айрон, саримой (сарёғ) тайёрлашган[18].
Қумуқ тили
Қумуқ тили туркий тилларнинг қипчоқ тили гуруҳига мансуб. Доғистонда рус тили билан бир қаторда 14 та тил давлат тили саналади. Улардан олтитасига адабий тил мақоми берилган. Қумиқ тили шу тиллар орасида энг кўп киши сўзлашадиган тил саналади. Юқорида келтириб ўтганимиздек, ХХ асрнинг 30-йилларига қадар Кавказдаги барча халқлар ўзаро мулоқот учун қумиқ тилидан фойдаланишган. Мадрасалар, мактабларда қумиқ тилида дарс берилган. 30-йиллардан кейин рус тили ўзаро мулоқот тилига айланган.
Қумиқча |
Ўзбекча |
авуз |
оғиз |
арқа |
орқа |
ая |
кафт |
бавур |
жигар |
бел |
бел |
боюн |
бўйин |
бурун |
бурун |
гëз |
кўз |
елин |
эмчак |
елке |
елка |
қаш |
қош |
қулақ |
қулоқ |
мююз |
шох |
опке |
ўпка |
тиш |
тиш |
сюек |
суяк |
уча |
думғаза |
юрек |
юрак |
ашық |
ошиқ |
борбай |
болдир |
буғақ |
бўқоқ |
сыйрақ |
болдир суяги |
танглав |
танглай |
манглай |
пешона |
чандыр |
пай, чандир |
чырай |
юз |
эрин |
лаб |
қуймуч |
думғаза |
Қумуқ тилининг асосини қипчоқ сўзлари ташкил қилади. Аммо адабий тил шаклланишида булғор-хазар, ўғуз лаҳжасининг, шунингдек, сомий ва форсий тилларнинг ҳам ўрни катта. ХIХ асрдан бошлаб рус тилидан сўзлар ўзлаша бошлаган ва ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда.
Қумуқлар ХХ асрнинг 20-йилларига қадар араб алифбосидан фойдаланишган, 1929 йилдан лотин, 1938 йилдан кирил алифбосига ўтилган. Ҳозирги кирил алфавитидаги товушлар ўзбек кирил алифбосидаги билан деярли бир хил. Фақат қумиқ тилида ы товушининг, ўзбек тилида юмшоқ ҳ қабул қилингани билангина фарқланади. Ў, Қ, Ғ товушлари УЪ, Қ, Ғ ҳарф бирикмалари билан ифодаланади. Яна бир фарқ Ъ айириш белгисининг “қатти белги”, Ь юмшатиш белгисининг “йымышақ белги” деб аталишида кўринади.
Қумиқ тилининг лексикаси умумолтой, умумтурк қатламларидан иборат. Ундаги олтой қатлами ўзак сўзларда ва бошқа олтой тилларидаги сўзлар билан параллелларда кўзга ташланади. Мисол учун, умумолтой пластидаги овсин (мўғулча авьсан) сўзи қумиқчада апсан шаклида ишлатилади.
Умумтурк сўзларидаги умумийликлар ва фарқлар тана аъзоларининг номларида кўринади:
Қумиқ тилининг ўз қатлам сўзлари бошқа турк тиллар лексикасидан фонетик хусусиятларига кўра фарқ қилади. Инчунин, Қумиқистондаги қайтағ, терс, бўйнақ, хасавюрт шевалари бир-биридан фарқланади. Қумиқ адабий тили бўйнақ, хасавюрт шевалари асосида шакллантирилган.
Қумуқларнинг сўзларни талаффуз қилиши ҳам ўзбекларнинг талффузига яқин, фақат ХХ асрдан кейин улар бошқа кавказ халқларидан унлиларни томоқни қириб ва ундошларни бўғиздан портлатиб талаффуз қилишни ўзлаштиргани учун озроқ фарқлар кўзга ташланади.
Қумиқлар инкор маъносида йўқ сўзи билан бирга тугул сўзини ҳам фаол қўллашади: ёқ – тюгюл. Тюгул ўзбек тилида ҳам қўлланилади, аммо қумиқ тилидагидан фарқли ўлароқ “нафақат” маъносида қўлланилади: у мендан моли тугул, жонини ҳам аямайди. Қумиқ тилида эса ундай эмас (олай тюгюл), нотўғри (тюз тюгюл), ноҳақ маъноларида ҳам қўлланилади.
Айрим қумиқ шеваларида Қашқадарё шеваларига хос феъл охиридаги р ўрнига й қўллаш ҳолати ҳам кўзга ташланади:
Сабанда биз сурайдық,
Орақда биз орайдық,
Будай унға ғасирет,
Дағыда биз қалайдық.
Таржимаси:
Омочни биз сурайдик,
Ўроқни биp ўрайдик,
Ҳасратки буғдой уннинг,
Доғида биз қолайдик[19].
Тил таркибида қипчоқ лаҳжасининг элементлари кўпроқ ва у “эрга тегмоқ” жумласининг қўлланилишида ҳам кўринади. Қумиқлар “турмуш қурмоқ” маъносида “уйланмоқ” сўзини ишлатади: Сиз уйленгенмиcиз (қатын алғанмысыз)? Мен уьйленгенмен (қатын алғанман). Эрга теккан маъносида эса эрдаман, эрга барғанман жумласи қўлланилади: Сиз эрдемисиз (эрге барғанмысыз)? Мен эрдемен (эрге барғанман). Бундай ёндашув барча қипчоқ тилларида, жумладан ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасида ҳам сақланган.
Қумиқ тилининг асосини қипчоқ лаҳжаси ташкил қилса-да, ХХ асрдан кейин лексикада ўғузча сўзлар кўпроқ устунлик қила бошлаган. Чунки адабий тилни шакллантиришда ж ловчи шевалар эмас, балки ўғуз сўзларини кўпроқ ўзлаштирган ўтроқ элларнинг шеваларга эътибор қаратилган. Аммо, барибир қипчоқ лаҳжасига хос сўзлар ҳам сақланган. Хусусан, кўплаб сўзларда в (у) товуши ўз ҳолатида сақлангани, яъни ғ га айланмаган: тав, ўтав, авул, аврув (оғриқ, касал), авуз (оғиз), авур (оғир) ва ҳ.к. Шунингдек, т товуши ҳам д га айланмаган. Тил, томир, темир, тав, таш, таға (дойи эмас), таянч, тил, тиш, тўлқин, тўрт ва бошқа шу каби сўзлар қипчоқча талаффуз қилинади. Қумиқ тилида ҳозирги туркий лексикада қўлланиладиган ўзлашма сўзларнинг унутилган ўз қатлам вариантлари ҳам учрайди. Мисол учун, аксарият исломни қабул қилган туркийларда арабчадан таъзия сўзи ўзалашган, аммо унинг туркий варианти муомаладан тушиб қолган. Қумиқларда унинг “қайғылық” варианти сақланган.
Адабий тил ўғуз лаҳжасига яқин бўлса-да, айрим сўзлар ж ловчи формада қолган: жыйын (йиғилиш), жыйым (тўплам), жувқан (ювилган), баражақсан (борасан), кўражақсан (кўрасан). Ўғузча оғлан ўрнига улан қўлланилади. Энг қизиғи, қумиқ тилида боғ сўзининг бав варианти сақланган бўлиб, аксар қипчоқ тилларида, жумладан ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасида ҳам боқ варианти қўлланилади: тов устида боқ бор.
Қумиқ тилида ўғуз элементи кўпроқ, аммо сўзлар онадўли туркчасидан фарқ қилади ва қайсидир жиҳатлари билан чиғатой тилига яқинроқ. Мисол учун ўғузча ол ўрнига бўл ишлатилади. Бу ўзаро мулоқотда кўпроқ кўзга ташланади:
Танг яхшы бўлсун!
Геч яхшы болсун!
Саломлашишда ва ҳол сўрашда туркий қолиплар сақланган:
Хош гелдигиз!
Эсен-аманмысыз?
Ишлер нечикдир?
Савлуқ нечикдир?
Қутлайман сизин!
Тилнинг чиғатой туркчасига яқинлиги сўфий адабиётида қўлланиладиган –дир аффиксининг ишатилишидан ҳам билинади: Бу ким? – Бу кимдир?; Бу не? – Бу недир?;
XV асрда ижод қилган Умму Камолнинг ижодида суфий назмиятининг стилистикаси ҳам кўзга ташланади:
Гюл ачылыр, яз болур,
Денгизде бир саз болур,
Гюл ачылыр, яз болур.
Мен ярыма гюл демен,
Гюлню оьмюрю аз болур[20].
Таржимаси:
Гул очилур, ёз[21] бўлур,
Денгизда бир соз бўлар,
Гул очилса ёз бўлар.
Мен ёримни гул демам,
Гулнинг умри оз бўлар.
Қумуқлар ислом динига эътиқод қила бошлагандан сўнг араб тилидан жуда кўп сўзлар ўзлашган. Аммо арабий сўзларнинг аксарияти бузиб талаффуз қилинади: Муҳаммад – Магомет ё Мамед, Ҳамза – Гамзат, Фатима – Патимат, мавлуд – мавлет, маҳр – мағари, масжид – мажгид, насаб – несеп, номус – ламус ва ҳ.к.
Қумуқ тилида ҳафта кунлари мутлақо бошқача. Унда араб, қадимги яҳудий, туркий сўзлар иштирок этган:
Итнигюн (душанба);
Талатгюн (сешанба);
Арбагюн (чоршанба);
Хамисгюн (пайшанба);
Жумагюн (жума);
Сонгугюн (шанба);
Қаттыгюн (якшанба).
Қумиқлар ҳафтани жума деб аташади. Жума куни ҳам шундай номланади. Шанбанинг сўнгикун дейилиши, “жумадан кейинги” маъносини беради. Якшанбанинг қаттыгюн (қаттиқкун)деб аталиши эса бироз баҳсли. Нега айнан якшанба бундай номланишига этимологлар аниқроқ жавоб келтирмаган. Итнигюн (душанба)даги ўзак ит сўзидан эмас, – бу сўзнинг сомий сўз экани кўриниб турибди. Бу сўз арабча يوم الإثنين – явм ал-иснейннинг қадимги яҳудийча варианти бўлиши мумкин. Шундай ёндашилса, талатгюн – арабча يوم الثُّلَاثاء – явм ас-саласа, арбагюн – يوم الأَرْبعاء – явм ал-арбъа, хамисгюн – يوم الخَمِيس – явм ал-хамис эканлиги аниқ бўлади.
Фасллар умумтуркий базада шаклланган: Яй (ёз), Гюз (куз), Язбаш (баҳор), Қыш (қиш).
Қумиқ тилида таржимасиз тушуниш қийин бўлган сўзлар ҳам талайгина:
Қумиқча |
Ўзбекча |
қайынулан |
қайноға, қайни |
ағачуста |
дурадгор |
қаравулчу |
соқчи, қоравул, посбон |
авлақ |
дала |
авлақчы |
дала хўжайини, бригадир |
қайықчы |
матрос |
абзар |
ҳовли |
абзар қуллуқчу |
ҳовли қоровул, тозаловчи |
тунеген |
кечаги кун |
тангала |
эртанги кун |
савунчу |
сут соғувчи |
санав |
рақам |
гёзелдирик |
кўзойнак |
бувма аврув |
астма, кўксов |
кемитив |
айирув |
ғасил |
кўпайтма |
теренлик |
чуқурлик |
оъзен |
дарё |
базық |
қалин |
тарх |
сана |
ағачлық |
ўрмон |
арышбудай |
арпа |
емиш |
мева |
бюрлюг |
маймунжон |
жиелек |
қулупнай |
қозуқулақ |
шовул |
итқычыв |
қўзиқорин |
бюр |
ғунча |
салқым |
бир бош узум |
тамур емиш |
тугунак (картошка ёки бошқа илдизмева тугунаклари) |
бурчақ |
ловия |
гамиш |
буйвол |
чақ |
об-ҳаво |
яллав |
жазирама |
тунуқ |
ҳаво очиқ |
татавул |
ариқ |
батмақ |
ботқоқ |
дымлық |
ҳавонинг намлиги |
ашуй |
ошхона |
узун шанжал |
скамейка |
тыш |
қоплама, чехол |
ожақ |
офис, идора |
алапа |
ойлик |
увақ ақча |
майда пул |
ақча-маясы |
молия |
оюв |
нақш |
алдырық |
этак, фартук |
қумач |
мато, газлама |
махмар |
бахмал |
уьстюнлюк |
ғалаба |
жықы |
скрипка, ғижжак |
тилеймен |
илтимос |
Жадвалда келтирилган сўзлар қумиқ тилини ўрганишни қийинлаштиради. Бироқ туркий қолипдагиларини, қозуқулақ шовул эканини отқулоққа қиёсан тушуниб олиш мумкин. Замонлар ўтиши билан ҳар қандай тил ўзгариб боради. Халқ оғзаки ижоди, хусусан, достонлар, мақоллар, маталлар ва топишмоқларда тилнинг асл қаймоғи сақланади. Қумиқлар “халқ оғзаки ижоди” жумласини ҳам гўзал шаклда қўллашади: халқны авуз яратывчулуғу.
ХХ асрга қадар қумиқ шоирларининг кўпчилиги бахшилар бўлишган ва уларнинг аксарияти домбра ва қўбузни чалиб қўшиқ айтишган. Қумиқлар достонни йыр, бахшини йырчи ёки йырав деб аташган. Йырчилар доим ҳурматда бўлишган, уларнинг сўзлари ҳикматга тенглаштирилган. Буни мақоллар ҳам тасдиқлайди: Темирчини қолу алтын, халқ йыравну сёзю алтын. Йырчилар орасида энг машҳури Йырчи Қазақ бўлиб унинг ижодида халқона руҳ, қипчоқ достонларига хос соддалик кўзга ташланади. Энг асосийси, бугунги қумуқ тили лексикасининг шаклланишида ҳам Йырчи Қазақ асарларининг ўрни катта. У ўз ижодида Асқартовни ҳам тилга олади ва бу қайсидир жиҳатдан қумиқ достонларини “Алпомиш”га яқинлаштиради.
Аталар сёзюнде алтын бар[22]
Қумиқлар мақолни “ата сўз” деб атайди ва улар болаликдан мақол ўрганишга, ёд олишга интилишган. Мақоллар этнопедогогиканинг асосини ташкил қилган. Тарбияда кўпроқ мақоллар ва топишмоқлардан фойдаланилган. Мақолларда халқнинг бирлиги, ватанга содиқлик улуғланган. Бирлик ўз даврида тоғ халқлари учун ҳаёт-мамот вазифасини ўтаган:
Бирликде – тирилик (Бирликда – тириклик);
***
Янгур булан ер яшғарар, бирлик булан эл яшар (Ёмғир билан ер яшарар, бирлик билан эл яшар).
Қумиқлар хоинни ва қўрқоқни ёқтиришмаган, уларни хотинчалиш маъносига яқин “қызбай” деб аташган. Қизбайлар доим лаъанатланган:
Элин сатған қызбайны майчырағы янмасын (Элини сотган хоиннинг мойчироғи ёнмас);
Батырлар бир ўлер, қызбайлар минг ўлюр (Ботирлар бир, қўрқоқлар минг ўлар);
Қумиқлар меҳнатдан қочмайдиган, кези келганда меҳнатни улуғлайдиган халқ экани ҳам мақолларда кўринади:
Адамны адам этген ишдир (Одамни одам қилган ишдир);
***
Яз болсун, қыш болсун, алдынгда иш болсун (Ёз бўлсин, қиш бўлсин, олдингда иш бўлсин);
***
Яз ишлеген қыш тишлер (Ёзда ишлаган қишда тишлар).
Мақолларда меҳнат улуғланиб, дангасалик эса қораланган:
Яз йырлаған қыш йылар (Ёзда қўшиқ айтган қишда йиғлар).
***
Мангалай терлемей мал болмас (Пешона терламай бой бўлмас).
Шу билан бирга, қумиқларни бошқа туркийларга яқинлаштирадиган энг яхши манба уларнинг мақоллари саналади. Бу мақоллар ҳамма туркийларга таниш туюлади:
Баш сав буса, бёрк табулур (Бош соғ бўлса, дўппи топилар).
***
Башға балағ тилден гелир (Бошга бало тилдан келар).
***
Башға ерде солтан болғандан эсе, тувған ерингде ултан бол (Бошқа ерда султон бўлгунча ўз ерингда қул бўл).
***
Бёрю гюнағдан терисин берип қутулур (Бўри гуноҳидан терисини бериб қутулар).
***
Бёрю де, итлер де ярашса, қотанда қойлар қалмас (Бўри билан итлар келишса қўтонда қўйлар қолмас).
***
Бетингни сатма, малынгны сат (Виждонингни сотма, молингни сот).
***
Яз гюню – тоғуз тюрлю (Баҳорнинг куни – тўққиз турли).
***
Мишиқ сақламаған чычқан сақлар (Мушук сақламаган сичқон сақлар).
***
Молла билгенин охур, қарға гёргенин чоқур (Мулла билганин ўқир, қарға кўрганин чўқир).
***
Мююз салдыраман деп, эшек қулағын гесген дей (Шох қўйдираман деб эшак қулоғини кесган экан).
***
Намуссуз гиши ақчаға атасын сатар (Номуссиз одам пулга отасини сотади).
***
Ой тюбюнде алтын бар, ойлай барсанг, табарсан (Ўй тубида олтин бор, ўйлайверсанг топарсан).
***
Ойламай сёйлейген аврумай оьлер (Ўйламай сўзлаган оғримай ўлар).
***
Ортақ ашаған самурсақны ийиси чықмас (Биргалашиб ейилса саримсоқнинг ҳиди чиқмас).
***
От ағачдан тоймас (Ўт ўтинга тўймас).
***
Оьгюз оьлсе – эт, арба сынса – ағач (Ҳўкиз ўлса – гўшт, арава синса – ёғоч).
***
Оьксюзню гюню де, гечеси де қарангы (Етимнинг куни ҳам туни ҳам қоронғу).
***
Оьлген адам уянмас, бетсиз адам уялмас (Ўлган одам уйғонмас, бетсиз одам уялмас).
***
Оьлмей туруп адамны яхшылығы билинмес.
***
Пақырлықны башы – эринчеклик (Фақирликнинг боши – эринчоқлик).
***
Пилавдан қайтған қашық сынсын (Паловдан қайтган қошиқ синсин).
***
Савлуқ сюйсенг, таза тур (Соғлиқ истасанг уйингни тоза тут).
***
Сангырав эшитгенин, соқур гёргенин қоймас (Кар эшитганини кўр кўрганини қўймас).
***
Сен – бий, мен – бий, атға бичен ким салар? (Сен – бек, мен – бек, отга пичанни ким солади?)
***
Сув - гиччиники, сый – уллунуки (Сув кичикники, ҳурмат каттаники).
***
Сюймей берген сув сувсабын басылтмас (Истамай берган сув чанқоқни бостирмас).
***
Сююнчлю сёзню сангырав да эшитер (Яхши хабарни кар ҳам эшитар).
***
Тав тавға ёлуқмай, адам адамға ёлуға (Тоғ тоғ билан учрашмас, одам одам билан учрашар).
***
Тавға таш атма!
***
Тавуқланы тюсю башға буса да, қуймағыны татыву бир.
***
Таълли сёзден тил қурумай (Тотли сўзга тил чучимайди).
***
Тилевчюню қабыны тюбю ёқ (Тиланчининг қопининг туби йўқ).
***
Тишсиз авуз – ташсыз тирмен (Тишсиз оҳиз –тошсиз тегирмон).
***
Урлуғун ашаған ач қалыр (Уруғлик донини еган оч қолар).
***
Уясында чычқан да арсландыр (Уясида сичқон ҳам арслондир).
***
Уьлкер батды – ер қатды (Ҳулкар ботди – ер қотди).
***
Чолпан тувду - танг қатды (Чўлпон туғди – тонг қотди).
***
Хошгелди де қонақлықны яртысы (Хуш келдингиз дейиш меҳмондўстликнинг ярми).
***
Чақырған ерден қалма – чақырмаған ерге барма.
***
Чепкен тикмек – чеберлик (Чакмон тикиш – чеварлик).
***
Чық қуруғунча чалғы чал, янгур явғунча бичен жый (Шабнам кўтарилгунча чолғи сол, ёмғир ёққунча пичан йиғ).
***
Эгизлени насиби де эгиз (Эгиз болаларнинг насибаси ҳам эгиз).
***
Эки ат тебишир, арада эшек оьлер (Икки от тепишар, ўртада эшак ўлар).
***
Экмегим таза буса, ёлда олтуруп ашарман (Ноним ҳалол бўлса, кўчада ўтириб ейман).
***
Эл айыбы эллий йылдан жувулмас (чайылмас) (Элнинг айби эллик йилда ювилмас (чайилмаc).
***
Эри бар қыз элге сыйлы (Эри бор қизнинг элда ҳурмати бор).
***
Эри бийни - қатыны бийче (Эри бек бўлса – хотини бека).
***
Эринчек тюш болғунча юхлар, тюшден сонг эснер (Эринчоқ туш бўлгунча ухлар, тушдан сўнг эсанар).
***
Юз балтаға бир қайрақ
***
Яланғач тонавчудан қорқмас (Ялонғоч талвчидан қўрқмас)[23].
Хулоса ўрнида
VII асрда араблар Каспий бўйларини босиб олганда ҳам бу ер аҳолисининг кўпи қумиқлар бўлгани қайд этилган. Абулҳасан ал-Маъсудий[24] ўз битикларида Х асрда Кавказда Қумиқистон деган жой бўлганини келтириб ўтган ва бу Абу Ҳамид ал-Ғарнатийнинг асарларида ҳам ўз исботини топган[25]. Қумиқистон географик жиҳатдан тўртга – жанубий, маркази, Сувлоқорти ва Терс Қумиқистонга бўлинади. Ушбу тўртта географик ҳудаддаги тарихий-ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳар доим ҳам бир хил кечмаган. Шунинг учун қумиқларнинг этник қиёфаси, урф-одатлари ҳам бир хил эмас. Худди ўзбеклар каби айримлари европаликларга, айримлари эса осиёликларга ўхшайди. Дин, мазҳаб, қадриятлар борасида ҳам этник турфа хиллик кўзга ташланади.
Машҳур ёзувчи, этнолог, турколог, қумиқ элининг ўғлони Мурад Аджи бутун ижодий салоҳиятини ўз элининг тарихини, ўзининг келиб чиқишини ўрганишга бағишлайди ва бу ишини “ўзликни кашф этиш” деб атайди. Мурад Аджи қумиқларнинг негизи қипчоқ, дини ислом эканини, миллий шаклланиши хазарлар даври билан боғлиқлигини қайд этган. “Менинг аждодларим қипчоқ, бу уларнинг тарихи, дейди у, мен эса бундан фахрланаман”[26]. Қумиқлар азалдан ўзларини “Олтин Ўрда болалари”[27] деб атаб келиши ҳам уларнинг асли қипчоқ эканини англатади.
Қумиқларда этник гуруҳлар ҳам сақланган. Фақат улар уруғ ўрнига тухум сўзини ишлатишади. Бироқ қумиқлар бошқа қипчоқ халқлари каби қадимий шаклланган уруғчилик асосларига эга эмас. Кўпинча ота уруғига нисбатан тухумларга ажратилади ва уларнинг боши кўпи билан икки асрлик тарихни қамраб олади, холос. Ота уруғдан эркакларни аға, она уруғларни дайи, таай деб чақиришади. Холавачча эса бошқа қипчоқлардан фарқли, бўла эмас, тайзеоғлу деб номланган. Бундан кўринадики, қавм-қариндошликни ифодаловчи сўзлар жиддий ўзгаришга учраган.
Қумиқ тилини туркологлар қараим, қарачайли, балқар, қиримчақ ҳамда мамлук қипчоқ, арман қипчоқ тиллари билан қўшиб половец-қипчоқ гуруҳига киритишган. Аммо бу қанчалик тўғри, ҳали яна вақт кўрсатади. Сўнгги йиллардаги тадқиқотларда қумиқ тилини қарачайли, балқар, мамлук қипчоқ, арман қипчоқ тиллари билан қўшиб қипчоқ тилларини алоҳида кавказ гуруҳига ажратиш ҳам кўзга ташланмоқда[28]. Бугунги ўғуз тилига чиғатой адабий тили ва ўғуз диалектидан жуда кўплаб сўзлар ўзлашган. Бироқ фольклор тили бундан мустасно...
Қумиқларнинг сони 600 000 экани ҳақидаги маълумот аниқ факт эмас. Чунки Россия Кавказ урушлари, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари даврида ўн минглаб қумиқ оилалари Туркия, Арабистон, Марказий Осиё ва Сибирга кўчиб кетгани ёки қатағон қилингани ҳақида маълумотлар сақланганки, бу бизга уларнинг сони янада кўпроқ эканини тахмин қилиш имконини беради. Умуман олганда, қумиқлар мозийда бошқа миллатлардан ментал хусусиятларига кўра фарқ қиладиган, ўз маданиятини шакллантира олган ўзига хос миллат, туркий қавмнинг бир бўлагидир.
Анвар БЎРОНОВ
[2] Лингва франка (итал. lingua franca “франклар тили”) – кишилар ўртасидаги мулоқот учун тизимли равишда ишлатиладиган (ўз она тилидан бошқа) тил ёки диалект. Араблар ва турклар бу тилни “Лисан ал-ифранг” деб аташган.
[3] Толстой Л.Н. Словарь горских слов к повести “Хаджи-Мурат”. Полн.собр.соч. – М: 1950.
[4] Мугумова А. Л. К проблеме ориентального лексического влияния на язык русской художественной литературы 20–30-х годов XIX в.: На материале произведений М. Ю. Лермонтова. // диссертация.
[5] Mehmet Gunes. Evliya Celebi ve Hasim Efendi’nin Cerkezistan notlari. Istanbul. 1971. 174 s.
[6] Смирнов К. Ф. Археологические исследованияв Дагестане в 1948–1950 гг. // Кратк. сообщ. ИМК XIV, 1952,с. 95-96
[7] «Путешествие по Кавказу и Грузии, предпринятое в 1807 и 1808 годах по поручению Императорской академии наук Санкт-Петербурга, содержащее полное описание Кавказских стран и ее жителей. Юлиуса Клапрота». Том 2. Галле и Берлин, 1814 г.
[8] Вамбери Г. «Тюркоязычные народы», Лейпциг, 1885).
[9] Г.С.Фёдоров-Гусейнов. История происхождения кумыков. – Махачкала: Дагестанское книжное издательство, 1996. – С. 18.
[10] Аласов Имамаддин Фарман Оглы. Исторические традиции российско-азербайджанских отношений и их влияние на судьбы двух государств // Евразийский Союз Ученых. – 2018. – Вып. 8-7 (53). – С. 9–14.
[11] Н. А. Баскаков. Введение в изучение тюркских языков. Высш. школа,, 1969 – С.255
[12] Кошғарий М. Девону луғотит-турк. III жилд. – Тошкент: Фан, 1967. – 351-б.
[13] Услар П. К. Этнография Кавказа. Языкознание. 4. Лакский язык. Тифлис, 1890, с. 2
[14] С.Ш.Гаджиева. Материальная культура кумыков XIX – XX вв. – Махачкала: Дагестанское книжное издательство Министерства культуры ДАССР. 1960 – С. 27-28.
[15] Қўйсув (қумиқча Къой сув – “қўй сув ичадиган дарё”) дарёсининг Сувлоқ номи ҳам бор.
[16] В.П.Алексеев. География человеческих рас // Избранное в 5 т. Т. 2. Антропогеография. – М.: «Наука», 2007. – С. 188.
[17] https://history.wikireading.ru/24873
[18] С.Ш.Гаджиева. Материальная культура кумыков XIX-XX вв. – Махачкала: Дагестанское книжное издательство Министерства культуры ДАССР. 1960. – С. 27-28.
[19] Қашқадарё шевасида таржима қилинди. Маъноси: Ерни биз ҳайдар эдик, ўроқни биз ўрардик, лекин буғдой ун келса, доим қуруқ қолардик.
[20] Асрулар сезе гелген асил сёз. Къумукъ адабиятны антологиясы – Махачкала: ГАУ “Дагестанское книжное издательство”, 2013. 592 с.
[21] Қумиқ тилида ёз – бу баҳор.
[22] Барча мақоллар Н.Э. Гаджиахмедовнинг “Кумыкско-русский словарь пословиц и поговорок” номли китобидан олинди.
[23] Гаджиахмедов Н.Э. Кумыкско-русский словарь пословиц и поговорок. – Махачкала: 2015. – 350 с.
[24] Микульский Д. В. Арабский Геродот / Отв. редактор Л. Ю. Сергиенко. – М.: Алетейа, 1998. – 229 с.
[25] Большаков О. Г. Путешествие Абу Хамида ал-Гарнати в Восточную и Центральную Европу (1131–1153 гг.) / О.Г.Большаков, А. Л. Монгайт. – М.: Главная редакция восточной литературы издательства «Наука», 1971. – 134 с.
[26] Аджиев М. Кумык из рода Половецкого, или Открытие самого себя. Вокруг света. № 2, 1991; Мурад Аджи, Европа, тюрки, Великая Степь. М.: АСТ , 2007 г.
Источник: https://historylib.org/historybooks/Murad-Adzhi-_Evropa--tyurki--Velikaya-Step/
[27] Чтение в Императорском обществе истории, древности российских при московском университете. 1861. Москва. Книга четвёртая. С. – 115
[28] Сравнительно-историческая грамматика тюркских языков. Региональные реконструкции/Отв. ред. Э. Р. Тенишев. – М. Наука. 2002. – 767 с. стр. 732, 736-737.
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ