Ўзбекистондаги энг йирик онлайн кутубхона “Ziyouz.com” 20 ёшда


Сақлаш
01:46 / 11.04.2024 505 0

“Ziyouz.com” онлайн-кутубхона лойиҳаси 9 апрель куни 20 ёшга тўлди.

 

Кутубхона ўзида илмий-оммабоп, маърифий ҳамда тарихий мақолалар, шеърий ва насрий асарларни, ҳикоя ва қиссаларни жамлаган бўлиб, лойиҳа бир неча бор халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган.

 

Хусусан, 2011 йилда АҚШдаги “Ватандош” газетасининг “Фойдали сайт” рукнида Ziyouz.com сайти ҳақида мақола чоп этилган. 2012 йилда ВВС радиосининг ўзбек хизмати сайтида лойиҳа фаолияти ҳақида радио-суҳбат ўтказилиб, унинг асосида “Нега кутубхоналаримиз бозорларимиздай гавжум эмас?” сарлавҳаси остида интервью чоп этилган.

 

Кутубхона сайтида келтирилишича, порталга нафақат Ўзбекистондан, балки Россия, АҚШ, Қирғизистон, Корея, Қозоғистон, Туркия, Тожикистон, БАА ва Швеция каби мамлакатлардан ҳам минглаб фойдаланувчилар ташриф буюради.

 

Қуйида онлайн-кутубхонанинг 20 йиллиги муносабати билан лойиҳа муаллифи ижтимоий тармоқларда ёзиб қолдирган ҳикояси билан бўлишамиз.

 

“Бугун ҳаётимдаги энг яхши лойиҳалардан бири Ziyouz.com дунё юзини кўрганига 20 йил бўлди. Кечагидек ёдимда, бундан ропа-роса 20 йил аввал, 2004 йил 9 апрель куни сахар пайти дўстим Отабек Нуриддинов хонадонида Ziyouz.com порталининг илк саҳифаларини интернетга юклаган эдик. Сайтни html дастурлаш тилида ўзим ёзган ва ўша замон услубида оддий дизайн қилган эдим. Илк 20 та мақолани ўша пайтдаги интернет тезлиги (31 кбит/с) билан уни жойлашга 1 соатча кетганди (қулоқларим остида Dialup овози жарангламоқда). Ярим йил ичида сайтдаги мақолалар сони 300 тага етган.

 

У пайтларда компьютерим ҳам йўқ эди. Компьютери, айниқса ноутбуки бўлиш катта обрў саналарди. Таҳририятдаги компьютерда материалларни тайёрлаб, дискетага (атиги 1,44 Мб маълумот сиғарди) кўчириб, интернет кафега борар ва ўша ерда бутунжаҳон тўрига жойлар эдим. У пайтлар ҳали ADSL ҳам йўқ, 31 кбит/с тезликка эга Dialup интернет кафедаги 6 та компьютерга бўлинарди. Интернет нархи ҳам жуда қиммат: соати 5000 сўм эди. Ўзим эса 12000 сўм стипендия олардим.

 

2005 йили грант асосида журналистикадан малака ошириш учун Польшада бўлдим. Энг яхши қатнашган иштирокчи сифатида ноутбук совға қилишди. Жуда хурсанд бўлдим. Бу Wi-Fi адаптер уланган илк ноутбуклардан бири эди. Навоий кўчага (ўша пайтлар электроника товарлари ярмаркаси шу кўчада бўларди) нимадир олиш учун борганимда ўша ноутбукни кўрсатдим, сотувчилар 2800$ га баҳолашди. Ўша пайтлари бу пулга яна озгина қўшилса, квартира берарди. Сотмадим.

 

Шу йили прописка муддати (университетдан 4 йилга прописка қилиб берарди) тугагани учун газетадаги ишимдан айрилдим. Магистратурага кирдим. Ярим йилча ишсиз қолдим. Шунда ноутбук иш берди. Шу орқали озроқ тирикчилик қилиб, ҳам сайтни юритиб турдим.

 

Кейин телефони бор ижара-квартирага кўчиб ўтдим. Уйдан интернетга уланиб, сайт ишларини бажара бошладим. Dialup тизимида телефон орқали провайдерга уланиб, интернетга кирилган пайт телефон линияси банд бўлар ва телефон учун ҳам компания ҳақ оларди. Кейин Callback хизмати чиқди. Унда интернет провайдери сизга қўнғироқ қилиб, интернетга улаб берарди.

 

Аввал-бошда бу ишимга яқинларим, айрим устозлар ҳам қарши бўлди. Уларга интернетнинг афзалликлари ва имкониятларини тушунтиришга ҳаракат қилдим. “Умид билан суқилган таёқ бир кун берар меваю япроқ” деганлари тўғри экан, бир-икки йилда сайт анча кўзга кўриниб қолди, илк ҳосил бера бошлади. Портал, айниқса, чет элдаги миллатдошларимиз учун айни муддао бўлган эди. Шунингдек, ўзбек тилини тадқиқ этаётган олимлар ҳам сайтга тез-тез мурожаат қиладиган бўлди. Бу орада хориж давлатлари адабий ва илмий нашрлари билан алоқаларни йўлга қўйдим.

 

Ziyouz.com кутубхонасидаги баъзи китобларни киритишга 1 кунлаб вақт кетган. Интернет тезлиги бу пайтда 56 кбит/с га етган, 20-30 Mb китобни юклаш учун кечқурун upload га қўяр, кечаси телефон узилиб қолмаса, сахаргача юклаш тугарди. Агар техник носозлик (телефон кўп узилиб қоларди) бўлса, яна қайта юклашга тўғри келарди.

 

2005 йилда сайтда форум (ушбу форум ўзбек тилидаги илк форумлардан бири эди) ишлай бошлади. «Янгиликлар», «Ислом», «Иқтисод», «Сиёсат», «Маърифат», «Ажойиботлар» бўлимларида 1000 га яқин мақола жамланди. 2006 йил, 25 январь куни «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган «Айб фақат ёшлардами?» мақоласида сайтимиз ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Ушбу мақола порталимиз ҳақида расмий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган илк хабар эди.

 

Дастлаб ruweb.net’дан олинган хостинг 50 Мб ҳажмда эди. Ойига 1000 Мб трафик бериларди. Бу трафик эса ойнинг 10-15 кунида тугаб қолар, қолган кунлари сайт ишламай турарди. Китоблар бошқа бепул серверга жойланарди. Кейинчалик хостингни бир неча марта ўзгартирдим… Сайтни ясаш, дизайн қилиш, жойлаш, кичик техник муаммоларни ҳал қилишни ўзим ўрганиб бажарардим. Бу борада Шуҳрат Деҳқонов катта кўмак бериб турди. Сўнгги йилларда Шавкат Ҳомиджонов беминнат ёрдам бермоқда. Уларга алоҳида раҳмат айтаман.

 

Бир неча ўн материалдан иборат мўъжаз сайтни росмана порталга айлантириш осон кечмаган, албатта. Мен иш бошлаган даврда интернетда ўзбек тилидаги материаллар жуда кам эди. Шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида даставвал кўпроқ матнли материалларни жамлашга ҳаракат қилдим. Оз сондаги тайёр файлларни газета, журнал ва нашриёт таҳририятларидан олардим. Аста-секин муаллифларнинг ўзлари ҳам тайёр матнларни тақдим эта бошлади. Лекин асосий бисотни ўзим электронлаштириб, жойлашимга тўғри келди.

 

Интернет аҳлига, аввало, энг зарурий маълумотларни тақдим этиш керак деб ўйлаганман. Уларни электрон форматга келтириш катта вақт ва ресурс талаб қиларди. Китобларни топиб, уни саҳифама-саҳифа сканердан ўтказиш; файлларни йиғиб, яхлит PDF форматга ўтказиш; PDF файлдан матн форматга ўгириш; матнни қайта ўқиб, хатоларини тузатиб чиқиш; сканер қилингандаги доғларни тозалаш ва текислаш; муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун шифрлаш; сайтга жойлаш учун охирги версияни ҳозирлаш; ниҳоят, файлни серверга жойлаш ва электрон кутубхонада эълон қилиш... Жараён анча узун ва машаққатли бўлса-да, менга олам-олам завқ берарди. Қолаверса, бу мен учун бир дорилфунун каби эди: ҳар бир матнни тайёрлаш жараёнида уни синчковлик билан ўқиб, билимимни оширар, дунёқарашимни кенгайтирар эдим.

 

Газет-журналларнинг таҳририят берган йиллар бўйича жамланмаларини уйга олиб бориб, муқовани бузиб, ичидан нашрни олар ва сканердан ўтказар эдим. Йиллик архив тугагандан сўнг журналларни жамлаб, тикиб, яна қайта муқовалаб, таҳририятга қайтарардим. "Ёшлик"нинг марҳум бош муҳаррири Собир Ўнар топилмаган сонларни азза-базза уйидан олиб келгани ёдимда. Мен бисот кемтик бўлиб қолмасин дея таҳририят архивида сақланиб қолмаган сонларни қисталанг қиламан, раҳматли Собир ака қидира-қидира безор бўлдими, ахийри уйидаги китоб жавонларини ҳам ихтиёримга бериб қўйган эди.

 

Бундай муносабат-музокаралар бошқа адабий журнал ва нашрлар билан ҳам бўлган. Таҳририятлар, машҳур олим, шоиру ёзувчиларнинг шахсий кутубхоналари аро кезиш, уларнинг маънавий бисотига ошно бўлиш ва энг нодир китобларни ўқирманларга тақдим этиш менга илҳом ва куч берарди. Кутубхонадаги қоғоз ҳидидан кўнглим ёришиб, чарчоқларим чиқиб кетарди. Бироз чанг тортган китобларни қўлга олиш, аср ошган битикларни ўқиш қанчалик мароқли эканини ашаддий китобхонлар яхши билади.

 

Агар инсон бир ишни сидқидилдан, севиб қилса, ўша юмуш унинг ҳаёти мазмунига айланади. Мен учун ҳам Ziyouz.com аллақачон ҳаётимнинг ажралмас қисми бўлиб қолган. Портал материалларидан фойдаланиб номзодлик, докторлик диссертациялари ёқланаётгани, хорижда ўзбек адабиёти тадқиқ ва таржима қилинаётгани ҳақидаги хабарлар доим хурсанд қилади. Портал ҳақида ҳам бир нечта магистрлик ишлари ёқланди.

 

Яқинда Англияда докторлик ишини ёқлаётган бир ватандошимиз билан суҳбатлашдим. “Сизга катта раҳмат. Четда юриб, сайтингиздаги электрон китоблардан 500 дан зиёдини ўқидим”, деди. Шукрки, бунақа эътирофларни тез-тез эшитиб тураман. Мотивация дегани шу бўлса керак. Ziyouz.com халқимизнинг зиёли бўлмоғига озгина бўлса-да ҳиссам қўшаётганидан бахтлиман”.

 

Аввалроқ “Oyina.uz” порталида Ziyouz.com лойиҳаси асосчиси билан “Ўзбек тили билан боғлиқ барча манба ва хизматларни қамраган яхлит онлайн порталимиз йўқ – интернетнинг ўзбек сегменти “динозавр”ларидан бири Давронбек Тожиалиев” сарлавҳаси остида суҳбат чоп этилганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10328
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//