«Кийимларингизни парвариш қилинг», «Апельсин оламига шўнғинг» – Рекламалардаги тил ва тасвир масаласига қачон енг шимарамиз?


Сақлаш
19:48 / 08.04.2024 456 0

Бугун деярли барча телеканалларимиз, сўз устасининг таъбири билан айтганда, «Мазза қилиб реклама кўриб ўтирганимизда орада кино қўйворади». Бундан ўн йиллар аввал айтилган ушбу киноя ҳамон долзарблигини йўқотмаган. Камига рекламаларда сифат, мазмун борган сари ноёб нарсага айланиб боряпти. Бундай қадриятларимиз ва тегишли қонунчиликка зид ҳаракатлар акс этган рекламалар борган сари кўпайиб, телеканалларимизда бемалол берилаётгани бирпас тўхтаб, ўйлаб кўришимизга арзийди.

 

***

Кунда ўнлаб, балки юзлаб маротаба эфирга узатиладиган ичимлик рекламасида «Fanta – такрорланмас таъми ва ранги билан апельсин оламига шўнғинг…» дейилади. Ундаги «апельсин оламига шўнғинг» деган жумланинг бегоналигини биринчи марта эшитгандаёқ пайқаса бўлади. Апельсин – мева, унга нисбатан «олами» деган жумлани ишлатиш қанчалар тўғри? Бу сўз инсоният, ҳайвонот, наботот олами дея қўлланилганда, тугал маъно касб этиши мумкин. Аммо унинг ўзбек тилшунослигида истеъмол қилинадиган маҳсулотга нисбатан қўлланилишига дуч келмаганмиз. Ишлатилганда ҳам бироз ажабтовур ҳол юзага келади: олма олами, анжир олами, беҳи олами... Ғализ, шундай эмасми? Боз устига ушбу рекламадаги тасвирлар ҳам ғайритабиий.

 

 

Ичимликни ичаётган қиз гўёки мўъжизавий ҳолатга дуч келгандек ўз ҳаяжонини бошқаролмай парвоз қилади, киши ҳаёти учун хавф туғдирувчи ҳаракатларни амалга оширади. Гарчи, рекламада «Ушбу саҳна уюштирилган, илтимос такрорламанг» деган ёзув бўлсада, қоидага биноан, майда ҳарфларда ёзилгани учун телетомошабин эътиборидан четда қолиши мумкин.

 

 

Ёки каналларда энг кўп «айланаётган» яна бир маҳсулот – «Styx» сақичининг рекламасида «Мусаффо нафас, Styx олгин бас, зўр-зўр танлов, Styx чайнай қол», деган узундан-узун қофияли гапни эшитиш мумкин. Шу ўринда сўз устасининг бир гапи ёдга тушади: «Қофия келганда мазмун йўл беради-да». 

 

 

Қовурилган картошка рекламасидаги «Кино Layʼs билан тотлироқ» деган жумла ҳам ўринсиз қўлланган. Илк дафъа эшитган кишида «Мазмунли кино», «қизиқарли фильм», «зерикарли картина» бўлиши мумкин, аммо «тотли кино» қандай бўларкан, деган савол туғилади.

 

 

Бошқа рекламаларда ҳам бундай ғализ ибораларни кўплаб учратамиз. «Форсил экспресс – оғриқсиз дунёга сизнинг экспресингиз», «Асл Фарход – мукаммал бўлиш учун яратилган», «Уролесан – циститдан тезкор план», «Perwoll билан кийимларингизни парвариш қилинг», «Gliss шампуни – хуш кўрганингизни қайта тикланг» кабилар шулар жумласидан. Айрим эълонлардаги яққол кўриниб турувчи имло хатоларни қандай ўтказиб юбориш мумкинлигига тушунмайди киши. Масалан, турар-жой мажмуаси рекламасида «Бахтли ҳаёт – калити!» деган ёзувни кўрамиз. Аслида жумлани «Бахтли ҳаёт калити» тарзида қўллаш тўғри бўлади.

 

Баъзан тил хусусиятлари ҳисобга олинмасдан, сўзма-сўз қилинган таржималар кутилган маънони англатмайди. Масалан, дори-дармонлар рекламасида «Йўталдан (юракдан, аллергиядан…) самарали восита» қабилидаги гап қурилишлари тез-тез қулоққа чалинади. Рус тилидан тўғридан-тўғри, мантиққа эътибор қаратилмасдан таржима қилинган бундай рекламалардаги «йўталдан...» сўзи рус тилида «от кашля» бирикмаси ифодалайдиган «йўтални тузатишда ёрдам беради» деган маънони англатмайди. Аммо буни на реклама эгаси, на уни эфирга бераётган канал муҳаррири ўйлаб ҳам кўрмайди афтидан.

 

Жуда кўп теледастурларда бўлгани каби, баъзи рекламаларда эфирга узатилаётган тасвирлар халқимизда асрлар давомида асраб-авайлаб келинаётган одоб, ибо, ҳаё каби хислатларга нисбатан очиқ-ойдин ҳужумга ўхшайди. Ваҳоланки, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига кўра, миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш таъқиқланган. Биргина мисол келтираман, эркакларнинг жисмоний кучини ошириш ва аёлларнинг тезда ҳомиладор бўлишига кўмаклашувчи дорилар, шунингдек, нозик хилқат вакиллари учун турли гигиеник маҳсулотларининг рекламалари оила аъзолари билан дастурхон атрофида ўтирган келин ва қизларни қай аҳволга солишини тасаввур қилинг…

 

Ҳаммада бирдай «Испанча уят»ни уйғотган реклама – ҳомиладорликни режалаштиришда ёрдам берувчи дори эълонида фарзандсизликдан сиқилаётган ёш эр-хотиннинг уйига ўзбекона зар чопонларни кийиб олган катта ёшли бир гала эркак карнай-сурнайлар билан бостириб келади ва дори рекламасини бошлаб юборади! Тасаввур қиляпсизми, эр-хотиннинг ички, интим мавзусига кап-катта ёшли амакилар бесўроқ аралашяпти уялмасдан! Жуда ачинарли ва ўзбек халқини ерга урадиган реклама аслида бу. Аммо негадир биз бунгаям бефарқ бўлдик, балки бу каби ҳолатларга қулоғимизни ўргатиб қўйишганиданми?..

 

Аммо, берилаётган рекламалар орасида мазмун-моҳияти, шакли жиҳатидан пухта ва аниқ қилиб ишланганлари ҳам талайгина. Масалан, эълонлардаги «Барчанинг ўз Рамазон ҳикоялари бор. Биз уларнинг бир қисми бўлишдан хурсандмиз…», «Эзгу амалларга болаликдан илҳомлантиринг...» сингари самимий ва тўғри тузилган жумлалар брендга нисбатан ҳурмат ва яқинликни пайдо қилади кишида.

 

Хуллас, айтса гап кўп, мисоллар талай… Юқоридагилардан хулоса қилиб, бир нечта таклифларни ўртага ташламоқчимиз:

 

Ҳар бир реклама Маданият вазирлиги, Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси масъул мутасаддилардан иборат Жамоатчилик гуруҳи кўригидан кейин эфирга узатилиши мақсадга мувофиқ, бизнингча.

 

Шунингдек, инсон соғлиғига салбий таъсир этувчи маҳсулотлар рекламасини камайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши зарур.

 

Биз рекламалар қонунда кўрсатилмаган баъзи бир чекловлар асосида тайёрланиб эфирга узатилсин, деган фикрдан йироқмиз. Фақат рекламаларда қўлланилаётган иборалар ва тасвирлар қонунда ёзиб қўйилганидек, одоб-ахлоқ меъёрларига мос, мантиқан тўғри, ўзбек адабий тили меъёрларига амал қилинган ҳолда эфирга тақдим этилиши тарафдоримиз. Умид қиламизки, ушбу масалани тегишли мутасаддилар ва телеканаллар жиддий ўрганиб чиқишади.

 

Дилфуза МАҲКАМОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17365
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//