Майли, дунё аҳли сизга тушунмай боқсин, атрофингизда ловуллаб гулханлар ёнсин – бироқ чекинманг!


Сақлаш
13:32 / 12.11.2021 1200 0

Шундай бир замон бўлдики, исроилликлар ўзларини Бобил қафасларида кўрдилар. Бобилнинг Навуходоносор деган подшоси бор эди. Сиз у ҳақда “Дониёл китоби”да кўп ва хўб ўқигансиз. У ҳақдаги ривоят авлодлар оша онгимиз қатларида тошга ўйилган битик янглиғ қолажак. Навуходоносор қудратли ҳукмдор эди. Бир куни у фармон бердики, олтиндан бир сурат ишлансин, менинг қаламравимдаги барча халқлар ўша суратга топинсин. Библияни ўқиганлар билади, Навуходоносор қозилар, ҳокимлар ва миршаббошиларни ҳузурига чорлайди. Барчаси олтин суратга топингач, олампаноҳ уларга дейди: “Ҳар бир фуқаро олтин суратга сиғинишини амр этаман”. Шу ерда уч йигит ҳам ҳозир эди: бирининг исми – Шадрах, яна бириники – Мешах, учинчисиники – Абеднего. Улар шундай жавоб бердилар – буни Муқаддас китобдан ўқиб бераман: “О Навуходоносор, сенга берадиган жавобимиз тайин. Бизнинг Худомиз ловуллаб ёнаётган гулхандан ҳам саломат олиб чиқишга қодир. У бизни сенинг чангалингдан ҳам халос этажак, эй ҳукмдор! Башарти, У шундай қилмаса ҳам, билиб қўй, эй ҳукмдор, биз барибир на сен айтган худоларга, на олтин суратингга сиғинамиз”.

 

Шу ерда бир жиҳатга диққат қилишингизни истардим: ўша йигитлар “фуқаровий бўйсунмаслик”ни намойиш этдилар. Фуқаровий бўйсунмаслик ҳукумат, давлат, ҳатто маҳкаманинг виждонингиз адолатсиз деб топган амру фармонларига итоат этмасликдир. Фуқаровий бўйсунмаслик – виждонга итоатдир. Бошқача айтганда, фуқаровий бўйсунмаслик – юксакроқ қонунга итоатдир. Шундай вақтлар бўлади, боахлоқ киши виждони адолатсиз деб топган қонунга бўйсунмайди. Шу тонг сизларга дейманки, биродарларим, ҳар бир авлоддан “Мен олий қонунга итоатдаман”, деб баралла айта олган шахслар етишиб чиққани учун ҳам тарих буюк даврлар гувоҳи бўлди. Ўша зотлар “Мен фоний подшоҳга эмас, боқий Подшоҳга итоатдаман”, дер эдилар. Фуқаровий бўйсунмасликни намойиш этишимиз шарт бўлган айни шу дамда бизни танқид қилаётганлар бу тупроқда – Америкада Британия империяси зулмидан озод бўлиш учун миллатимиз айнан фуқаровий буйсунмасликни кўрсатиб қўйганини эсламайдилар ҳам. Фуқаровий бўйсунмасликни “Бостон чойхўрлари”дан ҳам яхшироқ намойиш қила олган яна ким бор? Шуни унутмангки, Ҳитлер Германияда нима қилган бўлса, бари қонунга мувофиқ эди. Ҳитлер яҳудийларнинг бошига қандай кунларни солган бўлса, барига қонун рухсат берган эди. Унинг Германиясида яҳудийга кўмак бериш, унинг оғирини енгил қилиш қонунга, айнан Ҳитлернинг ўзи қабул қилган қонунга зид эди. Очиғи, агар мен ҳозирги тутумим билан Ҳитлер Германиясида яшаганимда эди, қонунни очиқ-ошкора бузар, фуқаровий бўйсунмасликни амалда кўрсатар эдим.

 

Шундай вақтлар бўладики, инсон ўйлаб топган қонун Борлиқнинг ахлоқ қонунидан четга чиқади. Шундай вақтлар бўладики, инсоний қонунлар барҳаёт илоҳий қонунларга терс келиб қолади. Башарти, шундай бўлса, уни бузишга бурчлисиз, мен ҳам бажонидил шундай йўл тутаман. Бу борада менга хайрихоҳлар йўқ эмас. Шадрах, Мешах ва Абеднего елкадош менга! Исо ва Суқрот ҳам менинг маслакдошимдир! Бўйсунишни истамаган барча илк христианлар ҳамроҳларимдир!

 

Иккинчи яна бир муҳим жиҳати – бу кишилар Худога, унинг қудратига заррача шубҳа қилмаганлар. Улар бошларига не савдо тушмасин, Худо қутқаришга қодир эканига инонганлар. Ахир улар ҳукмдорга айтмадиларми, “Биз сиғинадиган Худо бизни халос этишга қодирдир”, деб? Улар бунга бешак, бегумон инонганлар. Улар Худога инонишарди, улар Худонинг барҳақлигини ҳис этишарди, улар Худонинг холиқлигини билишарди.

 

Ижозатингиз-ла сизга етказмоқчи бўлган фикримнинг асосий жиҳатига ўтсам. Ҳозир айтганларимнинг барини унутсангиз-да, мана шунисини ёдда сақлаб қолсангиз: “Бизнинг Худомиз ловуллаб ёнаётган гулхандан ҳам саломат олиб чиқишга қодир. Аммо аксинча бўлса ҳам, У бизни халос этмаса ҳам, биз барибир сенинг суратингга сиғинмаймиз”. “Аксинча бўлса ҳам” – нима демоқчилигимни пайқадингизми? Бу зотлар айтмоқдаки, “Иймонимиз шу қадар кучли, шу қадар мустаҳкам, шу қадар мўътабарки, бирор куч бизни ундан юз ўгиртира олмас. Бизнинг Худомиз бизни халос эта олур. Аммо аксинча бўлса...”. Бу шуни англатадики, кишининг иймони “Аммо аксинча бўлса” дея айта билишида синовдан ўтади. Кўряпсизми, “шартли” ва “шартсиз” иймон бор. Доимий, яшовчан, кучли иймон айнан шартсиз иймондир. “Шарт” иймони айтади: “Агар ҳаммаси яхши кетса; агар ҳаёт умидбахш, фаровон, бахтга тўла бўлса; агар мен қамалмасам; агар бошимга азоб-уқубат, машаққатлар тушмаса; аъмолим учун маломатларга қолмасам; агар шуларнинг бирортаси бўлмаса, у ҳолда Худога иймоним бутун, зеро, мен учун бари хайрли бўлади”. Ана шу – “шарт” иймонидир. Сиз кўплаб шундай иймон эгаларини биласиз. Ёқуб бир гал шундай иккиланишга тушиб қолган эди. Унинг иймони шартга асосланган эди. У айтади: “Агар Худо мен билан бўлса, сафаримни бехатар қилса, менга ейишга нон, кийишга либос берса, ота уйимга хотиржам қайта олсам, шунда У менинг Худойимдир” (“Ибтидо”). Бу “шарт” иймонининг айни ўзидир. Ёқуб у маҳал ҳали диннинг моҳиятига етиб бормаган эди.

 

“Шартсиз” иймонга келсак, у дейдики, “Гарчи ҳаммаси хато кетса ҳам; гарчи ёвузлик муваққат ғалаба қилса ҳам; гарчи хасталик устун келса ҳам, барибир, эътиқодимда собитман, бардавомман; гарчи денгиз кўтарилиб, тошқин турса ҳам, тоғлар ларзага келса ҳам, барибир Яратган биз билан, Ёқубнинг Худоси бизга паноҳгоҳ” (“Пластирь”). Кекса Айюб ана шундай иймон соҳиби эди, “шартсиз” иймон эгаси эди. Унга нимаики берилган бўлса, барчаси қайтиб олинди, ҳатто хотини “Энди қиладиган ягона ишинг – Худони лаънатламоқ ва ўлмоқдир. Худо сенга адолат қилмади, сен бошиданоқ унга бой бўлиб қолсамгина, мол-давлатимдан мосуво этилмасамгина, сенга сиғинаман дейишинг керак эди. Уни лаънатла ва омонатингни топшир, Айюб, у сенга адолатсизлик қилди”, деди. Аммо Айюбнинг жавоби бундай бўлди: “Азизам, мени кечиргин-у, лекин иймоним сен ўйлаганчалик суст эмас. У мени ўлдирса ҳам, барибир унга ишонаман. Менинг иймоним – беғараздир”. Ана шудир ҳаётнинг, диннинг моҳияти. Масала фақатгина сизнинг қандай иймон эгаси эканингизда.

 

Сиз биласиз бунинг нима эканини, дин савдолашиладиган матоҳ эмас. Жуда кўп одамлар Худо билан савдолашади. “Агар мени хасталикдан халос этсанг, агар бахтимни тўкис қилсанг, менга азоб-уқубатни яқин йўлатмасанг, умидсизликдан фориғ этсанг, шунда мен мамнун бўламан, сенга даромадимнинг ўндан бир улушини бағишлайман, черковга бораман, сенга бўлган иймонимда собитман”. Аммо чинакам дин савдолашиладиган матоҳ эмас, у олди-берди муносабати ҳам эмас. Биласизки, қаерда савдолашув бўлса, ўша жойни покиза туйғулар тарк этади. Дўстлик, севги, никоҳ ҳақида ўйлаб кўринг. Булар шартга эмас, шартсизликка асосланади. Бу олий туйғулар устида савдолашилмайди, улар шартларни тан олмайди.

 

Ниҳоят, хулосага ҳам яқинлашяпман. Бу тонг, биродарлар, сизга етказмоқчи бўлганим шуки, ҳаёт йўлингизда ўзингиз учун шундай қадрли, шундай асл, қиймати боқий бир эътиқодни кашф этингки, ундан зинҳор воз кеча олмай қолинг. Шундай тутум, шундай буюк иймонни кашф этингки, у сизнинг борлиғингизга айлансин, ундан айрила олманг. “Мен танийдиган, топинадиган Худо менга кўмак беради, агар аксинча бўлса ҳам, барибир мен ўз йўлимда давом этаман, ундан асло чекинмайман”, деб айта олинг. Бу нима дегани? Бу шуни англатадики, тўғри йўлда юринг, аммо бу дўзахдан сақланиш учун бўлмасин. Агар сиз анъанавий илоҳиёт “дўзах” деб атайдиган жойдан сақланиш учунгина тўғрилик қилсангиз, бу – асл тўғрилик эмас. Агар анъанавий илоҳиётчилар “жаннат” деб атаган жой илинжида тўғрилик қилсангиз, бу ҳам чин тўғрилик эмас. Агар сиз азобдан қочиш, бахтга эришиш, лаззат учун тўғрилик қилсангиз, бу тўғрилик эмас. Тўғриликни айнан тўғрилик бўлгани учун қилинг. “Барибир” деб айта олинг. Севгингиз мустаҳкам бўлсин, зеро, севишнинг ўзи севимлидир. Адолатли бўлинг, зеро, адолат тўғриликдир. Самимий бўлинг, зеро, самимиятнинг ўзи тўғриликдир. Сизга демоқчи бўлганларимнинг индаллоси – шу.

 

Ва ниҳоят, тўғрилик сизнинг жон томирингизга айлансинки, унинг учун керак бўлса, ўлимга-да тик боқинг. Шу тонг сизларга айтаманки, унинг учун жонингизни-да фидо қилишга тайёр бўлган қадрли, бебаҳо эътиқодни ҳали топмаган бўлсангиз, демак, чинакам ҳаётни яшамабсиз. Сиз ҳам, эҳтимол, мендек 38 ёшдадирсиз, тасаввур қилинг, шундай аҳволга тушдингизки, ўзингизнинг буюк маслагингиз, муаззам мақсадингиз учун сабот-ла туриб беришингиз керак бўлди. Аммо сиз ортга тисарилдингиз. Чунки қўрқдингиз, узоқроқ яшашни истадингиз; ишингиздан айрилишдан, танқид ўқига нишон бўлишдан, омма назаридан қолишдан, кимдир пичоқлаб ўлдиришидан, кимдир ўқ узишидан, кимдир уйингизга ўт қўйишидан қўрқдингиз. Шу боис ўз қадриятингиз учун сабот-ла туриб беришни истамадингиз. Дуруст, эҳтимол узоқ яшаб, 90 га кирарсиз, аммо билиб қўйинг, сиз 38 ёшдаёқ ўлгансиз! 90 га киргач, тўхтаган нафасингиз – 38 даги руҳий ўлимингизнинг зоҳири, холос. Тўғрилик учун курашдан чекингандаёқ ўлгансиз, ҳақиқат учун курашдан чекингандаёқ ўлгансиз, адолат учун курашдан чекингандаёқ ўлгансиз! Бугун мен ўша уч йигит учун Худога шукр дейман, улар илоҳий насибасини олди. Қизиб турган гулхан уларни эътиқодидан қайтара олмас. Улар “Ўтга ташланг бизни!” дедилар. Биласизки, Библияда ўшал мўъжиза ҳақида гапирилмоқда. Уларнинг иймони “шартсиз” иймон эди. Худо уларнинг абадий ҳамроҳи эди.

 

Гапим сўнгида яна бир бор такрорлайман: тўғриликни тўғрилик учун қилинг, бунинг эвазига шаксиз мукофот бор. Муқаддас китобда айтилади: ўша ловуллаб турган оташхона бамисли салқин хонага айлантирилди. Кимдир ичкарига қаради-ю, беихтиёр ҳайқирворди: “Бу ерга уч кишини қамаган эдик, тўртта бўлиб қолишибди!” Асло ёлғизман деб ўйламанг. Боринг ўша қамоқхонага, у ерда ёлғиз қолмайсиз. Тўғрилик томонда туринг, дунё сизни тушунмасин, маломат тошлари отсин, сиз асло ёлғиз эмассиз. Қаердадир ўқиган эдим: Худо ҳамроҳи бўлган одам – озчилик эмас. Худонинг ўзи ўша озчиликни кўпчиликка айлантириб қўяди. У билан бўлинг шу тонг, унга инонинг, нимаики тўғрилик бўлса, шуни қилинг, У дунё тургунча сизга ҳамроҳдир. Ҳа, мен чақмоқ нурларини кўрмоқдаман, момоқалдироқ гулдирашини эшитмоқдаман, руҳимни гуноҳга судровчи майллар забт этишга уринаётганини ҳис қилмоқдаман, бироқ, айни чоқда, Исонинг курашга чорловчи нидосини ҳам эшитяпман. У мени ҳеч қачон ёлғиз қолдирмасликка сўз берди. Ҳеч қачон! Ҳеч қачон! Бугун қаерга йўл олманг, биродарлар, ҳақиқат билан, адолат билан, яхшилик билан эканингизни дунёга билдиринг, абадий Ҳамроҳингизни танитинг. Майли, дунё аҳли сизга тушунмай боқсин, атрофингизда ловуллаб гулханлар ёнсин, майли, бироқ чекинманг. Нима бўлса бўлсин, бўйин эгманг, Худо ёвузлик “маъбуд”ларига бош эгмасликни амр этади.

 

Мартин Лютер КИНГ

 

Инглиз тилидан

Хуршид Йўлдошев таржимаси

 

“Тафаккур” журнали, 2018 йил 2-сон, “Башарти” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//