Таълим сифати паст, дарслар эса деярли бўлмаган ҳолатда тўлиқ давомат талаби қанчалик тўғри? — Ота-оналар фикри


Сақлаш
20:09 / 03.04.2024 509 0

Сўнгги вақтларда мактабларда юзага келаётган муаммолар, давомат ёмонлиги, буни яхшилаш учун қўлланилаётган чоралар ва уларнинг ўқувчиларга таъсири кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Рақамларга эътибор берсак, масала чиндан ҳам жиддий тус олган кўринади:

 

Жорий йилнинг 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев ўтган йили вояга етмаганлар ўртасида 3,5 минг жиноят содир этилганини таъкидлади. Демакки, бу жиноятлар мактаб ўқувчилари иштирокида бўлган. Мактаблардаги давомат эса 50 минг ўқувчининг дарсларга сурункали бормаганини кўрсатади.

 

Йиғилишда вазиятни яхшилашга қаратилган бир қанча вазифалар белгиланиб, масъуллар бириктирилди. Ижроси ҳам ўша кунларданоқ таъминлана бошлади: мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилди, ҳатто, ҳокимнинг “телефонсиз мактаб” ташаббусини қўллаган мактаблар ҳам бўлди. Хуллас, муаммонинг оқибатлари билан курашишга жиддий киришилди. Шундан кейин ўқувчиларнинг дарслардаги иштироки юқори кўрсатгичларга ҳам етди.

 

Лекин муаммонинг сабаблари-чи?

 

Тўғри, Ўзбекистонда бошқа ривожланган давлатларда йўқ имкон – 12 йиллик бепул таълим шароити мавжуд. Аммо минглаб ўқувчилар бу имкондан қисман ёки умуман фойдалана олмайди. Уларнинг маълум қисми имконияти чекланган ёки шароитсизлигидан таълим ололмаса, бошқалари назоратсиз кун тартиби туфайли дарс қолдиради. Яна учинчи гуруҳ салбий давомат сабабчилари ҳам бор – улар мавжуд имкониятлар талабга жавоб бермаганидан бошқа ердан билим излашга уринади.

 

ЮНИСЕФ халқаро бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, Европа ва Марказий Осиёдаги барча мамлакатларда 95% бола бошланғич таълимга қамраб олинган. Аммо бу рақамлар миллионлаб болаларнинг мактабга бормаслиги, таълим ололмаслиги ҳақидаги фактни яширади.

 

Хўш, болалар ўзи нима учун дарс қолдиради?

 

Болаликдаги тажрибадан келиб чиқадиган бўлсак, дарс қолдиришга фақат оғир ёки юқумли касал бўлишимиз сабаб бўларди. Бошқа вақтлардаги илтимослар-у ўқитувчи ва дарс устидан шикоятлар – шунчаки баҳона сифатида қабул қилинган.

 

Бугунги давр болалари эса бошқача: асоссиз танқидларга чидамайди, дарс бўлмаса, вақтини “ўғирланиши”га йўл қўймайди. Шу билан бирга, дарс вақтида безорилик, ва ҳатто, жиноятга қўл ураётганлари, бунинг оқибатида ўз тенг-қурлари ёки катта-кичикка жисмоний зарар етказаётганлари ҳам кўп учраб турибди. Яъни улар мажбуриятини унутиши мумкин, аммо ҳуқуқларини яхши билиб, талаб ҳам қилади. Бу эса табиийки, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги келишмовчиликларни келтириб чиқаради.

 

Бошланғич синфлардан кейинги ҳафсаласизлик

 

Кузатган бўлсангиз керак, болалар бошланғич синфда мактабга мамнуният билан қатнайди, устозини қадрлайди, вазифаларини қизиқиш билан бажаради. Юқори синфларга ўтганидан кейин эса барчаси ўзгаради: ўсмирлик давридаги қизиққонлик, асабийлик, тақиққа қизиқиш ва мажбуриятлардан қочиш истаги билан бирга, ижтимоий босим, юқори баҳо олишга мажбурлов ёки бошқалар билан таққослаш ҳолатлари бола руҳияти ва ҳаётида жиддий зиддиятларга сабаб бўлади. Кичик синфларда худди онасидек меҳрибон бир инсондан таълим олган бола, ўрта ва юқори синфларда турли фан ўқитувчиларининг феъли, дарс услуби ва талабларига мослашиши керак бўлади. Кўникиш жараёни мураккаб кечса, бола вазиятдан ўзини қутқариш учун имкон қадар атрофидагилардан, айниқса, мактабдан қочиш йўлларини қидира бошлайди. Шу тариқа, таълимдан узоқлашиш, дарс қолдириш одатлари шакллана бошлайди.

Ушбу даврни барча болалар бошдан ўтказади ва бу ҳолат дарс қолдиришга асос бўлолмайди. Аммо шундай омиллар борки, уларнинг ўқувчи ва унинг базавий таълим олишига таъсирини инкор этиб бўлмайди.

 

Ўқувчиларни таълимга тенг қамраб олишга халал берувчи асосий муаммолардан бири мактаблардаги ҳаддан зиёд юклама, ўринлар ва ресурс етишмовчилиги саналса, бошқаси – ўқувчилар эрта меҳнат фаолиятини бошлашидир. Дастлабки масала сиёсат даражасида муҳокама қилиниб, йиллар давомида ҳал этиб келинмоқда. Лекин мактаб ўқувчисининг пул топишга иштиёқи ҳалигача долзарб ижтимоий муаммолардан бўлиб турибди. Баъзи оилалар шароитига кўра болани меҳнатга жалб қилса, бошқа болалар ота-онасидан яширинча пул топишга киришиб кетади.

 

Қонунчилик эса 16 ёшгача бўлган болалар меҳнатини қоралайди. Агар 16 ёшга тўлган бола меҳнат фаолиятини бошлашни истаса, бу ота-онасининг розилик хати билан, ўқувчининг таълим-тарбиясига зиён етказмаган ҳолда амалга оширилиши керак.

 

Аммо амалиётда бироз бошқача: ўқувчи меҳнат ёшига етмасидан норасмий иш бошлайди, иш берувчи эса қонунчиликка зид равишда, нормадан кўпроқ иш ҳажми юклаб, бола меҳнатидан фойдаланади. Шу тариқа, бола даромадга қизиқиш ортидан ўқувчи эмас, ишчи позициясини маъқул кўра бошлайди ва таълимдан узоқлашиб боради.

 

Қўшимча дарслар

“Бола нега дарс қолдиради” деган саволга туб илдизи мактаб, ўқитувчи, ўқувчиларга, умуман, таълим тизимига бориб тақаладиган жавоблар ҳам бор. Масалан, ўқувчи дарсларнинг сифати ёки умуман ўтилмаслигидан норози бўлиб, қўшимча дарсларга қатнашни афзал кўради. Очиғи, уларни қоралашга асос, мактабга қайтаришга эса кучингиз етмайди. Ўқувчи мактабдан кейинги таълим йўлини давом эттириши учун етарли билимни ўзлаштириши, бунинг учун эса мактабдаги дарслар сифатли ва ўз вақтида бўлиши керак. Акс ҳолда, қўшимча дарсларни деб мактабдан қолаётган боланинг давоматини маломат қилиш – унинг таълим йўли ва келажагига тўсқинликдан бошқа нарса бўлолмайди.

 

Буллинг

 

Яна шундай ҳолатлар бор-ки, болани руҳан мактабдан узоқлаштиради. Масалан, бугунги кунда авж олган буллинг ҳолатлари. 13-15 ёшдаги 150 миллионга яқин бола, яъни дунё бўйлаб ўқувчи болаларнинг 50 фоизи мактаби ва унинг атрофида турли шаклдаги зўравонликка, жумладан, буллингга учрайди.

 

Буллинг – болага доимий равишда, қасддан зарар етказиш ҳолатидир. У ҳақорат, камситиш, таҳқирлаш, қўрқитиш ёки тажовузкорликнинг бошқа кўринишларида амалга оширилиши мумкин.

 

 

Буллинг аслида, ҳар ким билан юз бериши мумкин. Айниқса, кўнгли бўш ва ақлли болалар ундан кўпроқ азият чекадиган бу ҳолат нафақат мактабларда, балки ижтимоий тармоқларда ёки ёзишмаларда ҳам кузатилади. Оқибатларига тўхталадиган бўлсак, болада диққат бузилиши, узоқ вақт давом этадиган руҳий тушкунлик, ўзига бўлган ишончнинг пасайиши ва одамлардан қочиш ҳолатлари юзага келади.

 

Oyina.uz сўровномаси

 

Мактаблардаги инфратузилма, уларнинг ўқувчи саломатлигига ва дарслардаги иштирокига таъсири, ўқитувчиларнинг бола билан ишлаш методикаси ҳамда таълим сифати билан боғлиқ муаммолар ҳам етарлича. Лекин уларни фақат кузатувларгагина асосланиб санашнинг ўзи камлик қилади. Шу сабабдан, “Oyina.uz” Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги ота-оналар ўртасида анкета сўровномасини ўтказди.

 

Сўровномада қатнашган 79 нафар иштирокчининг 51 нафари Тошкент шаҳри ва вилоятида истиқомат қилишини ҳисобга олсак, қуйида саналадиган муаммолар ва маълумотларнинг асосий қисми шу ҳудудлардаги мактаблар билан боғлиқлиги маълум бўлади.

 

Мактаб инфратузилмаси, бола саломатлиги ва давомат

 

“Фарзандингиз қандай сабабларга кўра мактабга бормайди”, деган саволга 82,3 фоиз (65 нафар) ота-она “фақат касал бўлиб қолганида бормайди”, деган жавобни танлаган. 

 

Боланинг саломатлигига, албатта, биринчи навбатда ота-она масъул. Бироқ бунга қўшимча таъсир ўтказувчи (мактаблардаги) яна бир нечта омиллар ҳам бор:

 

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти олиб борган таҳлил натижаларига кўра, мактабларнинг 70 фоизи канализация тизимига уланмаган. Бу эса ҳожатхоналар мактаб биносидан ташқарида жойлашганини, зарурат учун ҳар қандай об-ҳаво шароитида ташқарига чиқиш мажбуриятини юклашини билдиради. Атмосферага чиқадиган зарарли моддалар ҳажми ошиб бориши эса ундан нафас олаётган аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказади. Шу ва бошқа оқибатлари билан, мактабларнинг 70 фоизи  санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлади.

 

Совуқ, шароитсиз синф хоналарда таълим самарадорлиги талабга жавоб берадими?

 

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистондаги мактабларнинг деярли 16 фоизи капитал таъмирга муҳтож, 4,6 фоизи эса яроқсиз ҳолатда. Ушбу ҳолат таълим самарадорлигига сўзсиз салбий таъсир кўрсатади. Лекин самарадорликдан ҳам аввал, бу шароитда боланинг дарслардаги иштироки ҳақида ўйлаш мантиқан тўғри бўлса керак. Мактаб масъулларига энг муҳими давомат бўлса, ота-она учун боланинг саломатлиги барчасидан устун туради, уларнинг аксарияти шароити йўқ, айниқса, иссиқлик таъминоти бўлмаган мактабга фарзандини юборгиси келмайди. Чунки уларда 3 кун совуқ синф хонасида дарс олиб, 7 кун уйда касал бўлиб ётган бола тажрибаси бор. Давоматга келадиган бўлсак, икки ҳолатда ҳам ўқувчи дарс қолдиради: бирида касал бўлиб, бошқасида эса касал бўлмаслик учун.

 

“Мактаб билими билан давлат институтларига кириш имкони бўлганда эди, ҳеч ким дарс қолдирмасди”, – дейди сўровнома иштирокчиларидан бири. Унга ҳамфикр бўлган 19 % иштирокчи фарзандлари мактабдан кўра қўшимча дарсларни устун кўришини билдиради.

Иштирокчиларнинг 13,9 фоизини фарзанди “борганим билан дарслар бўлмаяпти”, дея мактабдан ҳафсаласи пир бўлганлар, 7,6 фоизини фарзанди ўқувчилар билан келишолмай, буллингга учраган ва мактабга боргиси келмай қолганлар ташкил этади.

 

Ота-оналар сўровномадаги мавжуд вариантларни танлаш билан бирга, ўз фикри билан ҳам бўлишди.

 

 

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам “Бола нега дарс қолдиради?” деган саволга шахсий тажрибалари асосида жавоб қолдирган.

 

 

Иштирокчиларнинг бир нечтаси бунга ота-онанинг масъулиятсизлигини сабаб деб билса, бошқалар болада мактаб таълимидан қониқиш йўқлигини, ўқитувчилар болани дарсга қизиқтиролмаслигини асос сифатида келтиради.

 

 

Мактабларда аллақачонлардан буён олиб бориладиган давомат сиёсати аслида, таълим самарадорлигини ошириш, узвийлигини назорат қилиш орқали юқори самарадорликка эришиш бўлган бўлса, бугун фақатгина иштирок омили муҳим бўлиб қолган. Натижада, юқорида саналган сабаблар билан ўқувчилар асосий, базавий таълим олиш ҳуқуқидан етарлича фойдаланолмаяпти. Мактабга сарфланадиган бола ресурслари эса баъзан ижобий, баъзан эса салбий бандликка сарфланмоқда. Уларнинг доимий назоратидан кўра, болани мактабга ўз истаги билан қайтариш чораларини кўриш самаралироқ, бўлса керак.

 

Ўқувчиларнинг дарслардаги иштирокини максимал даражада таъминлаш учун аввало, таълим сифати ва доимийлиги тўлақонли таъминланиши зарур. Мактаб шароити ўқитувчи ва ўқувчига имкон қадар қулай, талабга жавоб берадиган даражада бўлиши керак. Шундан кейингина давоматни талаб қилиш, дарсда қатнашмаганлик учун чора кўриш асосли бўлади.

 

Муқаддас МУСАЕВА

"Oyina.uz"

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10327
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//