Идеали ҳуррият бўлган Шахс


Сақлаш
17:03 / 28.03.2024 205 0

Ёшлигимдан то бугунгача менинг идеалим Ҳуррият – Шахс эркинлиги.

Иброҳим Ҳаққул

 

Адабиёт – кўнгил меҳварига юзланиш ҳоли, руҳият гулшанининг ифоридан сармастлик шукуҳи. Унинг Завқ, Иштиёқ, Муҳаббат, Ҳайрат, Эътиқод каби некбин манзилларида сайр этмай туриб, тириклик моҳиятию ҳаёт матлабини билишга уриниш ҳам беҳуда бир ишдир. Адабиётнинг замирида ожизлик қиёфаси йўқ – қудрат бор, мағлубият нафаси сезилмайди – музаффарият мавжуд.  Яхшини ёмондан, Ҳақни ботилдан, Ростни ёлғондан фарқ қила олишни ўрганиш ва ўргатишда Адабиётчалик улуғ йўлбошчи, мураббий бошқа топилмайди: “Адабиёт бўлмаса, миллатнинг кўнгли ва руҳи ўлади, энг ёмони, ҳақиқат ҳисси сўнади. Ҳамма қорин учун ғимирлаб, майда муваффақиятлар билан овуниб юрадиган бир тўда, оломонга айланади” (И.Ҳаққул). Агар адабиётнинг қадриятларида миллатнинг шонли ўтмиши, дин ва маърифатга эҳтиёжмандлик бўлмаса, ижодкор уларнинг ҳаётбахш кучига таянмаса, бадиий жиҳатдан қанчалик мукаммал бўлмасин, ҳар қандай асар умрбоқийликка дахлдорликдан буткул йироқдир. Яъни, “Адабиёт диндан узоқлашса, шахс тарбиясида қўли калта бўлиб қолади” (И.Ҳаққул).

 

Сўз – ҳикмат, унинг таъсир қуввати ҳақиқат тафти ва ишқ қудратидадир. Йирик адабиётшунос, профессор Иброҳим Ҳаққулнинг ҳаёт, адабиёт ва абадият ҳақидаги теран мушоҳадалари, хулосаларини ўқиб, беихтиёр ана шундай кечинмалар хотирга келади. “Мушоҳада ёғдуси” номли учинчи китоб етук олимнинг адабий қарашлари, ҳаётий кузатишлари, инсон ва борлиқ, тириклик ва охират, замон ва замондош ҳақидаги ўй-фикрлари ифода топган мақола, суҳбат ҳамда оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларидан саралаб, сайлаб олинган. Мавзусига кўра улар ўндан ортиқ бўлимларга ажратилган. Уларда бир қатор ижтимоий, адабий, илмий, маърифий, ахлоқий масалалар; давр, замон ва замондош инсон табиатидаги муштарак ҳамда ўзига хос хусусиятлар олим, мураббий, файласуф ва комил шахс нуқтайи назаридан талқин қилинган. Устоз Иброҳим Ҳаққулнинг улуғвор шахсияти, қатъияту собитқадамлик билан ҳақиқат йўлида курашчи ўлароқ намоён бўладиган бир қадар кескир, бироз тўпори қиёфаси ҳам фикр салмоғи, тафаккур қудрати, сўзнинг шиддат ва жозибасида яққол эътиборга ташланади.

 

Аслида қалб кўзи уйғоқ, руҳияти тийраликлардан холи одам борки, мушоҳадага ён беради, ўтмиш, бугун ва келажак ҳақида, кўрган-кечирганлари хусусида унинг у ёки бу даражада ўз баҳоси бўлади. Бироқ муросасозлик, журъатсизлик, андиша ҳамиша ҳам уларни юзага чиқаришга, баралла овоз чиқариб баён этишга тўла-тўкис имкон беравермайди. “Мушоҳада ёғдуси”, энг аввало, шахснинг ўз-ўзига қарши исёни маҳсулидир. Унда турфа майдаликлардан, ўткинчи ғурур ва манманликдан, сохта шаън-шавкат ва обрўталабликдан, қиёфасизликдан қутилиб, борлиғида ҳуррият шамолининг эпкинини ҳис этишни истаган бус-бутун ШАХС қарашлари бор. Шу сабабли, унинг иқрори ҳам, инкори ҳам китобхонни чуқур мушоҳадага ундайди: “Инсон тафаккурини тўхтатиб бўлмаганидек, унинг тахайюл кучи, тасаввур имкониятларини ҳам чеклаш мумкин эмас. Шундоқ экан ёлғон, уйдирма ва алдовга ҳам доимо йўл очиқ. Бу имкондан кимдир кўпроқ, кимлардир камроқ фойдаланиши мумкин – аммо фойдаланади… Сохта илм, субутсиз оммавий адабиёт ва санъатнинг олди тўсилмас экан, оломончилик илдамлаб бораверади” (И.Ҳаққул).

 

Ҳақиқий талант – чинакам жасорат соҳиби. Унинг фитратида етакчилик, бошқаларни ўз ортидан эргаштира олиш қобилияти бўй кўрсатиб туради. Руҳониятидаги ҳақиқатпарастликка ошиқлик чин маънода уни халқ ва миллат дарди билан яшашга, адолат ва ростгўйлик яловини баланд кўтаришга руҳлантираверади. Китобдаги кўплаб талқинлар ҳикмат даражасига юксалганки, уларни ўқиб истеъдоднинг кучи, илҳом завқига шунчаки қойил қолмаслик ҳам, диққат қаратмаслик ҳам мумкин эмас. Масалан: “Қалби қайғу ва аламга бегона ижодкор ёғсиз, пиликсиз чироққа ўхшайдики, унинг сийратидан ҳеч вақт бир нур ёки изтироб ёлқини балқиб чиқмайди” (И.Ҳаққул). Дард – иродани Ҳаққа боғлайдиган нажиб туйғу. Дард илҳомга қанот бағишлайди, кўнгилга ҳарорат, руҳга ёрқинлик бахш этади. Аммо уни кундалик турмушнинг майда-чуйда ғам-ташвишлари, ўткинчи ҳою ҳаваслари билан сийқалаштирмаслик, ижод жараёнидаги юксак мавқейини заррача пасайтирмаслик лозим. Халқ, Миллат, Ватан тақдири, Адабиёт ва Шахсиятга дахлдор эзгу орзу-умидлар замирида ижодкорнинг тенгсиз санъаткорлигигина эмас, Садоқат, Жасорат, Фидойилик сингари чин инсоний фазилатлари ҳам тажассум топади. Устоз Иброҳим Ҳаққул ҳикматлари, шак-шубҳасиз, ана шуларни онгу шууримизга сингдиради, англатади.

 

Бугун бошқа соҳалар қатори маънавий жиҳатдан ҳам янгиланиб бораётган жамиятимизда китобхонликка ҳар қачонгидан-да кўпроқ эътибор берилаётгани аён. Мутолаа шукуҳини ўзида тарбия қила олган авлоднинг эртанги кунга қарашлари бошқача бўлади, уларнинг табиатида ёвузликка, адолатсизликка, ожизликка сира ҳам ўрин қолмайди. Китобга муҳаббат – адабиётга, адабиётга ошнолик эса эзгулик ва бунёдкорликка йўл очаверади. Аммо устоз адабиётшуноснинг бу борада ҳам ўз иқрори бор: “Китобхонлик маданиятига эришиш жуда қийин. Мен 70 ёшда ҳам шу илмни тўлиқ эгалладим, деёлмайман. Биз “Меҳробдан чаён”даги Раънонинг китобхонлик даражасига ҳали етиб борганимиз йўқ” (И.Ҳаққул).

 

Китобнинг “Тасаввуф ва шеърият”, “Навоий ва навоийшунослик”, “Ахлоқ ва комиллик”, “Илм ва олимлик саодати”, “Бухоро хаёли” деб номланган қисмларида ҳам жонкуяр олимнинг қатъият тўла овози жаранглаб турибди.     

 

Умуман, профессор Иброҳим Ҳаққул тафаккури уммонидан дур каби териб, саралаб олинган “Мушоҳада ёғдуси” содда ва равон услуби, теран ва таъсирчан мулоҳазалари, ҳаётий ва ҳаққоний хулосалари билан китобхонни бефарқ қолдирмаслигига аминмиз.

 

         Мақсуд АСАДОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

 

 

“Мушоҳада ёғдуси” 3-китобидан намуналар:

 

Адабиёт бўлмаса, миллатнинг кўнгли ва руҳи ўлади, энг ёмони ҳақиқат ҳисси сўнади. Ҳамма қорин учун ғимирлаб, майда муваффақиятлар билан овуниб юрадиган бир тўда, оломонга айланади.

 

***

Адабиётнинг вазифаси бошқа санъат турларига нисбатан анча мураккаб. Адабиёт миллатни янгидан уйғотиши, халқ қўрқувини ҳайдаб, унга куч бериши лозим.

 

***

Маълумки, ҳар бир халқ ёки миллатнинг ўзлиги, ўзига хос миллий, маънавий, ахлоқий фазилат ва хусусиятлари унинг тилида аксини топади. Тили тараққий этган элнинг руҳи, тафаккури, умумий савияси ҳам, албатта, юксалади ва гуркираб ривож топади. Тилшунос бўлиш ўз халқининг тарихи, эътиқодий қарашлари, фикрий куч-қуввати ва дил оламини билишдан айри бир қисмат эмас.

 

***

Дунёдаги ҳеч бир халқнинг адабиёти ўз-ўзидан, яъни ўзга бир халқнинг адабиётидан ажралган ҳолда ривожланмаган ва ривожланмайди ҳам. Шунинг учун дунё бадиий тафаккури тарихига назар ташланса, бир миллатнинг адабиёти у ёки бу зайлда иккинчисига таъсир ўтказиб, маълум бир шаклларда ўзаро алоқада бўлганлиги анча осон англашилади.

 

***

Адабиётни – тарих, тарихни адабиёт хизматига сафарбар айлаб, минг-минглаб одамларнинг қалби ва руҳига таъсир ўтказадиган асар яратиш ҳазилакам лаёқат эмас. Бунинг учун ақл ва идрок замоннинг ҳар турли ижтимоий, сиёсий, мафкуравий хас-хашакларидан тозаланиб, “Менинг ҳам руҳимда аждодлар оҳи, менинг ҳам қонимда қилич занги бор”, дейдиган ҳолатга юксалиш лозим. Ана шунда мозийда ўтган буюкларни тирилтириш учун ўзига хос ботиний қувват, соҳир бир нафас зарурлиги равшанлашади. Ана шунда номлар, жойлар, одамлар ўзгаргани билан тарих такрорланаверишига шубҳа қолмайди.

 

***

Улкан ижодкор эртадир, кечдир ҳеч кимдан хафа бўлмаслик, шон-шуҳрат ва манфаат пойгаларида қатнашмаслик, қўлдан келганни беғараз, тамасиз бажариш керак, деган қарорга келади. Ана шунда у бировдан марҳамат кутмаганидек,  турфа-турфа қабиҳлик ва риёкорликларга парво ҳам қилмайди. Бундай ҳолат ва холисликка эришганлар бор, бироқ жуда саноқли.

 

***

Адабиёт ҳақиқат ва тўғрилик учун курашни бутун изтироблари, азоблари билан, фақат муваффақияти эмас, мағлубияти билан ҳам кўрсатиб бера олиши керак. Замонавий адабиёт янги одамни тарбиялайман деса, мана шу мезонларга амал қилиши шарт. Бугун адабиёт ичдан эврилишга маҳкум.

 

***

Адабиётнинг чорлайдиган манзили абадият. Адабиёт фанолик ва бақолик чегараси доирасида жуда теран фикрлайди.

 

***

Мартаба, мавқе, мукофот ёки унвон илинжида халқ, ватан, истиқлол мавзусида бири-биридан саёз, сўз ва ифодалари фарқланса-да, мазмунда бири иккинчисини такрорлайдиган шеър ёзиш кейинги пайтларда қандайдир урфга айланди. Шунинг учун бўлса керак, шоирлик билан тамагирлик, фидойилик билан олчоқлик ва маддоҳлик, янгилик билан қайтариқбозлик бошқа-бошқа нарса эканлигини айтувчилар сони ҳам кескин камайиб қолди.

 

***

Ҳар қандай қофиябознинг шеър дея кўкларга кўтарилган нарсалари ўзи ўлмасдан бурун ўлади. Шеърнинг узоқ яшаши ёки яшай олмаслиги фақат ва фақат шеърнинг ўзига боғлиқ. Туғилишида тама, ёлғон, риё, сунъийлик аралашмаган бўлса, шеърдаги ҳар бир сўз, ҳар бир ташбиҳ ва тимсол соф руҳий қувватга асосланса, ифодада атайинлик, сохта пафос сезилмаса – бундай шеър ўлмайди. Шеър шоир яшаган давр ва замоннинг ўзгарувчан ва ўткинчи ҳавосини эмас, у туғилиб вояга етган заминнинг нурдай тоза, ҳаётбахш нафасини акс эттирмоғи керак.

 

***

Шоирнинг шоирлигини кўрсатувчи шаффоф кўзгу – бу шеър. Шеърдан бошқа ҳеч нима шоирдан ёдгор қолмайди.

 

***

Ёлғончи, мадҳиябоз шоирлар оддий одамларни шунчалик бездиришганки, шеър – бу макр, ҳийла, хушомад ва каззоблик тимсоли, деган қарашлар ҳам пайдо бўлган.

 

***

Ҳақиқий санъаткор на омма диди ва савиясига мослаб асар ёзишни, на оломон дилини овлаб, шуҳрат қозонишни хаёлга келтиради – бошқаларга мақбулми, номақбулми – у кўнглида илдиз отган, руҳини мунаввар қилган маъно ва ҳақиқатларни ёзади.

 

***

Бир пайтлар мактаб дарслигида Абдураҳмон Жомийнинг “Жаҳонда китобдан яхши ёр бўлмас” сатри билан бошланадиган рубоийсини ўқиганмиз. Орадан қанча вақт, қанча замон ўтди, лекин мен юқоридаги мисрада айтилган фикрга бугун энди тўлиқ ишонаман. Ишонаман дейиш камлик қилар – китобдан беғараз, китобдан беминнат мусоҳиб топилмаслигига иқрорим ҳам бор.

 

***

 

“Бобурнома”ни варақлаш мен учун дунёдаги энг мароқли иш.

 

***

Яратилиш эътибори билан инсон гарчи ҳамма нарсадан кейинда бўлса-да, моҳият, салоҳият жиҳатидан баридан олдинда – юксакда туради. Зеро, инсон оламнинг руҳи, олам гўзалликларининг меҳвари.  Комиллик унинг матлаби ва энг олий шон-шараф даражаси эрур. Мавжуд бу оламда Аллоҳ комил инсон воситасида тажалли айлайди. Комиллик нури йўқолса, оламни зулмат қоплагай.

 

***

Мумтоз адабиётимизни ўқиб-ўрганиш зарур. Лекин Навоийни чуқур билиш ҳаммасидан муҳим. Чунки Навоийни англаш ҳаёт, адабиёт ҳамда инсониятнинг энг мураккаб, долзарб масала ва муаммоларини тушунишга кенг йўл очади. Шу маънода, Навоий шахси ва шеъриятига, хусусан, ёш авлод қизиқиши учун оз бўлса-да, ҳисса қўша олган бўлсак, ўзимизни мақсадга етган, деб ҳисоблаймиз.

 

***

Алишер Навоий ҳеч бир асарида – у хоҳ шеърий, хоҳ насрий, хоҳ илмий бўлсин – қайси миллат номидан гапираётганини ва қандай мақсадларни кўзда тутганлигини асло эсдан чиқармаган.

 

***

Навоий Шахсининг пойдевори, ҳеч шубҳасизки – Истеъдод, ҳаракат қуввати эса Эътиқод, Виждон, маслак ва маънавият жабҳаси: Ишқ, Ирфон, Ҳақиқат ва Ростликдир. Буларсиз улуғ шоир шахсидан сўз юритишни хаёлга ҳам келтирмаслик керак. Тўғрилик, шижоат, бутунлик ва фидойилик борлиғидан муқим жой эгалламаса, ҳеч қайси қалам соҳиби миллат тафаккури, хусусан, руҳониятига сезиларли таъсир ўтказолмайди. Мана шу учун ҳам Навоий илҳомни кашфдан, кашфни ижодий янгилик ва ўзига хосликдан асло ажратмаган.

 

***

Навоий адабиёт ва халқ масаласини жуда тўғри ҳал қилган. Яъни ҳақиқий ёзувчи ва шоир, албатта, давлатига хизмат қилиши, албатта, салтанат қудрати учун курашиши муҳим, лекин у доим халқ томонида бўлиши керак. Санъаткор шу йўлдан бошқасини танламаслиги шарт.

 

***

Навоийни ўрганиш учун у билан яшаш керак. Навоийни билиш учун бу дунёнинг ўтар-кетар ўйинларига аралашмаслик лозим. Навоийни англаш учун унинг ижодини амал, мансаб, манфаатга восита қилмаслик керак.

 

***

Ҳам навоийшунос бўлиб, ҳам катта ёлғонларга бош қўшиб, ҳам амалнинг орқасидан қувиб, ҳам аҳли дунё ғавғолари ичида ўзини кўрсатишга ҳаракат қилиш, юмшоқроқ айтганда, уят.

 

***

Навоийнинг хаёллари, режаларини қарасангиз, ўйлайсиз, бу одамда шахсий ҳаёт бўлганми, йўқми? Навоийда ижодкорга хос бўлган холислик, шахсиятпарастликдан кечиш, бу дунёдан узилиш бир илм даражасида бўлган. Шу боис мол-мулк ва бойликка шоирнинг муносабати бошқача. У халқ, миллат учун ўзини тўлиқ сафарбар қилган.

 

***

Навоий энг оғир пайтда ҳам тилга суянган. Шоир мана шу тил мавжуд экан, бу миллат ҳам бўлади, давлат ўлароқ ривожланади, деб ишонган.

 

***

Илм бу мушоҳада демакдир. Маълумоту далилларни қаторлаштириш билан бу иш битмайди.

 

***

…энг катта ва асосий илм манбаи – ҳаёт. Уни теран англаган ва мушоҳада эта олган шахс олимдир. Ўзининг нафси ва шахсини билишга уринган эса илми зоҳирнинг мағзини чақишга эришган маърифатчи эрур.

 

***

Ёшлик руҳи, ёшлик ғайрати ва ёшлик шавқини ёшлар илм-фанга олиб кирмаса, илм-фан камида ўзининг баҳоридан ажралади. Шунинг учун навқирон ва ўспирин тадқиқотчиларнинг дадиллиги, журъаткорлигини ҳамиша рағбатлантириш керак.

 

***

Ёшлар тарбияси – бу мактаб, илм-фан ва комилликка ғамхўрлик демак. Мактаб таълим-тарбия ва илм ўчоғига айлантирилмас экан, навқирон авлодга қараганда ёши улуғлар бундан кўпроқ зарар тортади.

 

***

Тириклик ва ўлим баробар давом этади. Қувонч ва фожеа бир-биридан ажралмайди. Биз шодлик деб турган нарса ичида ғам бош кўтараётган бўлиши мумкин. Биз дард деганимиз орасида шодлик қанот ёзаётган бўлиши эҳтимол. Буни зоҳирдан кўриб бўлмайди. Ҳолатни ботиндан англаганлар эса қадарни хотиржам қабул қилади.

 

***

Қўрқувнинг бешиги нафс. Нафсига қул бўлган одамнинг жасоратига асло ишонмаслик керак.

 

***

Жонзотлар орасида ёлғиз инсонгина ёлғонни – ҳақиқат, ҳақиқатни эса ёлғон, дея баён айлай олади.

 

***

Инсоният ҳурликни ўйлайди, у ҳақида кўп гапиради. Лекин асосан қуллик, мутеликда яшайди.

 

***

Мен бобомнинг номларидан фахрланиб юраман. Ҳаққул – Ҳақнинг қули. Йиллар ўтиб, шунга ақлим етганидан кейин Худо шу қулликдан бенасиб қилмаслигини хаёл қиладиган бўлдим. Билмадим, бунга қанчалик эришдим, эришмадим…

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси